Афғонистон: Воз кечилган ва унутилган аёллар

- Author, Маҳжўба Наврўзий
- Role, BBC Афғон хизмати, Кобул
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Афғонистон пойтахти Кобулнинг ғарбий қисмидаги баланд тепаликда, устига тиканли сим тортилган темир дарвоза ортида, маҳаллий аҳоли камдан-кам тилга оладиган ва ундан ҳам оз одам келадиган бир маскан бор.
Афғонистон Қизил Яримой жамиятига (АҚЯЖ) қарашли руҳий саломатлик марказининг аёллар бўлими мамлакатда аёлларнинг руҳий касалликларига ёрдам кўрсатувчи саноқли муассасалардан энг каттаси саналади.
Маҳаллий аҳоли бу жойни "Қалъа" деб атайди.
Би-би-си ушбу беморга тўла марказга эксклюзив кириш имкониятига эга бўлди. Бу ерда ходимлар деворлар ичида яшаётган 104 нафар аёлга қарашга қийналмоқда.
Улар орасида ўзини оилавий зўравонлик қурбони деб атаган Марям* ҳам бор.
Ёши тахминан 25 да, шу ерда тўққиз йилдан бери яшайди. Айтишича, аввал оиласи уни калтаклаган ва эътиборсиз қолдирган, кейин кўчада қолган.
"Акаларим қўшнининг уйига борсам ҳам, мени урарди", дейди у. Унинг айтишича, оиласи уни уйдан ёлғиз чиқаришни истамасди, чунки уларнинг эътиқодига кўра, қизлар назоратсиз кўчага чиқмаслиги керак эди.
Akalarim qo‘shnining uyiga borsam ham, meni urardi. Ota-onamning oldiga qaytaman deb o‘ylamayman. Kobulda kimgadir turmushga chiqishni istayman.
Натижада, акалари уни уйдан ҳайдади, болалигидан кўчада яшашга мажбур бўлди. Шу ерда бир аёл уни топиб, руҳий ҳолатидан хавотирга тушиб, марказга олиб келган.
Кечмиши оғир бўлса-да, Марямнинг табассуми доим ёрқин. У қўшиқ айтади, бинода кўнгилли равишда тозалаш ишларига ёрдам беришга рухсат этилган кам сонли беморлардан бири.
У бу ердан кетишга тайёр, истайди ҳам.
Аммо кета олмайди – борар жойи йўқ.

"Ота-онамнинг олдига қайтаман деб ўйламайман. Кобулда кимгадир турмушга чиқишни истайман. Чунки уйга қайтсам ҳам, улар мени яна ташлаб қўяди", дейди Марям.
Оиласига қайта олмагани учун у муассасада қамалиб қолган.
Афғонистонда қатъий Толибон қоидалари ва чуқур ўрнашган патриархал анъаналар хотин-қизларнинг мустақил яшашини деярли имконсиз қилади. Аёллар саёҳат қилиш, ишга жойлашиш ёки кўп хизматлардан фойдаланиш учун ҳам қонуний ва ижтимоий жиҳатдан эркак қўриқчига муҳтож. Кўп иқтисодий имкониятлар улар учун ёпиқ.
Авлодлар давомидаги гендер тенгсизлиги, чекланган таълим ва иш имкониятлари кўп аёлларни иқтисодий жиҳатдан эркак боқувчиларга қарам қилиб қўйган ва натижада уларнинг тирикчилиги кўпинча эркак қариндошларига суяниш билан чекланган.
Ётоқхоналардан бирида 28 ёшли Ҳабиба краватида ўтирарди.
Айтишича, эри иккинчи марта уйланганидан сўнг уни уйидан ҳайдаб, марказга олиб келган.
Марям каби, унинг ҳам ҳозир борар жойи йўқ. У ҳам чиқишга тайёр, аммо эри қайтариб олмайди, бева онаси эса уни боқолмайди.
Унинг уч ўғли ҳозир амакиси билан яшайди. Улар аввал олдига келиб туришган, лекин бу йил Ҳабиба уларни кўрмади; телефондан фойдалана олмагани учун ҳатто боғланиш ҳам иложсиз.
"Мен фарзандларим билан қайта кўришгим келади", дейди у.

Бундай ҳикоялар марказда ноёб эмас. Биз билан бўлган суҳбатлар ҳам, беморлар билан мулоқотлар ҳам Толибон расмийлари назорати остида ўтди.
Баъзи беморлар бу ерда 35–40 йилдан бери яшайди, дейди марказ психотерапевти Салима Халиб.
"Ораларида оиласи бутунлай ташлаб қўйганлар ҳам бор. Ҳеч ким уларни кўрмайди, улар шу ерда яшаб, шу ерда вафот этади."
Йиллар давом этган уруш кўп афғонларнинг, айниқса, аёлларнинг руҳий соғлигида чуқур из қолдирган. Бу масала кўпинча нотўғри тушунилади ва иснод сифатида қабул қилинади.
Афғонистонда хотин-қизлар ҳуқуқлари ёмонлашиб бораётгани ҳақидаги сўнгги БМТ ҳисоботига жавобан, Толибон ҳукуматининг матбуот котиби ўринбосари Ҳамдулла Фитрат Би-би-сига ҳукумат аёлларга нисбатан зўравонликка йўл қўймаслигини ва "Афғонистонда хотин-қизлар ҳуқуқини таъминлаганини" айтди.
Бироқ, 2024 йилда эълон қилинган БМТ маълумотлари Толибоннинг хотин-қизлар ҳуқуқини чеклаши билан боғлиқ руҳий соғлиқ инқирози кучайиб бораётганини кўрсатади: сўровда қатнашган аёлларнинг 68% "ёмон" ёки "жуда ёмон" руҳий ҳолатда эканини билдирган.
Марказнинг ўзида ҳам, ташқарисида ҳам руҳий саломатлик хизматлари оғир аҳволда. Сўнгги тўрт йил ичида беморлар сони бир неча баробар ошган ва ҳозирда навбат рўйхати бор.
"Руҳий касалликлар, айниқса, депрессия, жамиятимизда жуда кенг тарқалган", дейди Кобулдаги АҚЯЖга қарашли яқин атрофдаги шифохона бош психиатри доктор Абдул Вали Утманзай.
Унинг айтишича, у ҳар куни турли вилоятлардан 50 нафаргача амбулатор беморларни қабул қилади, уларнинг аксарияти – аёллар:
"Улар қаттиқ иқтисодий босим остида. Кўпчилигининг боқувчи эркак қариндоши йўқ. Беморларимнинг 80 фоизи оилавий муаммолар билан келган ёш аёллар."
Толибон ҳукумати соғлиқни сақлаш хизматларини кўрсатишга қатъий эканлигини айтади. Бироқ аёлларнинг эркак ҳамроҳисиз ҳаракатланишига қўйилган чекловлар сабабли кўпчилик ёрдам ололмайди.

Натижада, Марям ва Ҳабиба каби аёллар бу ердан чиқиб кета олмайди – улар қанчалик кўп қолишса, шунчалик ёрдамга қаттиқ муҳтож бошқалар учун жой камаяди.
Бир оила 16 ёшли қизлари Зайнабни марказга жойлаштириш учун бир йилдан бери ҳаракат қилиб келарди, аммо уларга ўрин йўқлиги айтилган. Ҳозир у бу ердаги энг ёш беморлардан бири.
Шунга қадар у уйида сақланар, қочиб кетмаслиги учун оёқлари кишанлаб қўйиларди.
Зайнабнинг қандай руҳий касалликка чалингани аниқ эмас, аммо фикрларини ифода этишда қийналади.
Изтироблари очиқ кўриниб турган Феда Муҳаммаднинг айтишича, полиция яқинда уни уйидан милларча масофа узоқда топган.
Зайнаб бир неча кунга йўқолиб қолган – бу эса Афғонистонда айниқса хавфли, чунки аёлларга эркак ҳамроҳисиз уйдан узоққа чиқиш тақиқланган.
"Биз уни кишандан чиқарсак, девор оша қочиб кетади," дейди Феда Муҳаммад.
Зайнаб вақт-вақти билан йиғлаб юборарди, айниқса, онасининг йиғлаётганини кўрганда.
Феда Муҳаммаднинг айтишича, улар қизининг ҳолатини саккиз ёшидан сезишган, аммо 2022 йил апрелида мактабида содир бўлган бир нечта портлашдан сўнг у янада оғирлашган.
"Портлаш зарбаси уни деворга урди, – дейди у. – Биз яраланганларни олиб чиқишга, жасадларни йиғишга ёрдам бердик. Жуда даҳшатли эди."
Агар у учун жой топилмаганида нима бўлиши номаълум. Зайнабнинг отаси, унинг қайта-қайта қочиб кетиши ўзини шарманда қилаётганини айтиб, марказда қолиши ҳам унинг, ҳам оиласининг учун яхши, деб ҳисоблайди.
Ҳозир у – Марям ва Ҳабиба каби – "Қалъа"нинг ташлаб қўйилган аёлларидан бирига айланадими-йўқми, ҳали номаълум.
*Беморлар ва уларнинг оилалари исмлари ўзгартирилди.












