Россия. Янгиликлар: Ошкора намоз ўқиманг, қўй сўйманг, ўз она тилингизда пичирламанг, рус тилини билинг… - Москва яна нима қилмоқчи?

Москвада намоёз ўқиётган Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Сўнгги янгилик Россияда аксилмиграцион қонун-қоидалар кучайиб бораётган бир манзарада олинди.
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Россия ўзбекистонликлар учун ҳам энг йирик меҳнат бозори бўлади.

Агар, сўнгги эълон қилинган расмий рақамларга таянилса, бугунги кунда Россияда бир миллион нафар ўзбекистонлик меҳнат қилади.

Сўнгги янгилик Россияда аксилмиграцион қонун-қоидалар кучайиб бораётган бир манзарада олинди.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг ва аъзо бўлинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг ва аъзо бўлинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг ва аъзо бўлинг:

Янги таклиф

Россияда қор кураётган Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари
Сурат тагсўзи, Жорий пайтда айнан Россия меҳнатга лаёқатли аҳолиси малакасининг қанчалик замон талабларига мос экани бўладими ёки икки ўртада амалда бўлган қатъий виза тартиблари - турфа объектив ва субъектив омиллар боис, ўзининг ташқи меҳнат бозорларини ҳали тўлиғича турфалаштиришга улгурмаган мазкур мамлакатлар учун худди шуниси билан ҳам беқиёс ўрин тутади.

Бу гал "Новие люди" фракциясининг уч депутати янги таклиф билан чиқишди.

Улар мигрантлар учун имтиҳонга хотин-қизлар билан мулоқот қилиш қоидаларини киритишни таклиф этишди.

Депутатларга кўра, хорижий фуқаролар "ҳар қандай шаклдаги шилқимлик маъмурий ёки жиноий жавобгарликка олиб келиши"дан хабардор этилишлари керак.

Владислав Даванков, Ярослав Самилин ва Ксения Горячева бу хусусда Россия Фан ва Олий таълим вазирига мактуб йўллашган.

Улар ўз мактубларида мигрантлар учун имтиҳонни "Россияда хотин-қизлар билан муносабат меъёрлари" билан тўлдиришни таклиф қилишган.

Бу ҳақда хабар берган Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги ўз ихтиёрларида мактуб матни борлигини ҳам илова қилган.

Парламент аъзоларининг фикрича, бу ташаббуснинг амалга ошиши жанжалли вазиятларни камайтириш, жамоат жойларида хотин-қизлар ҳимояси ва хавфсизлигини яхшилаш ва аҳолининг давлатнинг миграция сиёсатига ишончини мустаҳкамлаш имконини беради.

Агар, улар Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларидан келтирган рақамларга таянилса, ўтган йили мамлакатда маъмурий тарзда чиқариб юбориш, депортация ва қайта қабул қилиш ҳолларига оид қарорлар сони 2023 йилдагиси билан қиёсланганда қарийб 94 мингтага ортган.

Депутатларнинг таъкидлашларича, бунга кўпроқ "хотин-қизларга нисбатан ҳақоратомўз ва ҳурматсиз муносабат, тегажоқлик ва шилқимлик илова жамоат тартибини бузиш ҳоллари" сабаб бўлган.

Муаллифлар фикрича, "депортация ва чиқариб юбориш амалиёти такомиллашганига қарамай, мигрантларда аёлларга нисбатан маданий ва ҳуқуқий меъёрлар тўғрисида бошланғич билимларни шакллантиришга қаратилган профилактика чораларини кўриш зарур".

Россия, йилларки, аксарият Марказий Осиё давлатлари учун энг йирик меҳнат бозори вазифасини бажариб келади.

Сўнгги рақамлар ва янгиликка минтақа давлатлари масъул идораларининг муносабати ҳозирча маълум эмас.

Аммо хабар Россия Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларини турли йўллар билан Украина урушига жалб қилиш ҳаракатида эканига оид хавотирлар кучайиб бораётган бир пайтга ҳам тўғри келган.

"Новие люди" фракцияси уч депутатининг таклифига Россия Фан ва Олий таълим вазирининг жавоби ҳам ҳалича кўзга ташланмайди.

Аммо бу Россияда мигрантларга қарама-қарши жинс вакилаларига қандай муносабатда бўлишларини ўргатишга қаратилган биринчи ҳаракат эмас.

Янги курслар

Москвадаги ўзбекистонлик мигрантлар Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримов ҳайкали ёнида.

Ўтган йил ёзида Россияда Марказий Осиёдан келаётган мигрантлар учун янги мослашув курслари ҳам ишлаб чиқилган.

Бу янгилик ҳам сўнггиси каби ўшанда Марказий Осиёда эътибор топган, етакчи минтақавий нашрларда сарлавҳаларга ҳам чиққан.

Марказий осиёлик мигрантлар учун мўлжалланган янги мослашув курси Россиянинг Миллатлар ишлари бўйича Федерал агентлиги томонидан яратилган.

70 дақиқалик маърузадан иборат курснинг мазмун-моҳияти билан ўшанда Россиянинг "Коммерсантъ" нашри танишишга муваффақ бўлган.

Хабар нашрнинг ўзида ҳам "Ҳуштак чалманг, бақирманг, қўй сўйманг" номли сарлавҳа остида чоп қилинган.

Унда 70 дақиқалик янги курс Марказий осиёлик мигрантларга Россия Федерациясининг миграция ва меҳнат қонунчилиги ҳақида "ҳамма керакли нарса"ни ўргатиши айтилган.

Янги курс давомида маърузачининг Марказий осиёлик мигрантларга, "қуролли кучларда шартнома бўйича хизмат қилиш орқали Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олиш" имкониятини эслатиб ўтиши ҳам тилга олинган.

Булар қаторида янги курс мигрантларни Россия ва унинг муайян минтақаларида ўзларини қандай тутишлари лозимлиги тўғрисидаги тавсияларни ҳам ўз ичига олиши маълум бўлган.

Янги курсда уларга "ўз ватанларида эмасликлари" эмасликлари эслатилган.

Шу боис ҳам, ўзларини "Россияда қабул қилинганидек тутишлари" маслаҳат берилган.

"Россияликлар кўп миллатли халқ экани, лекин ҳамманинг рус тилида гаплашиши"ни айтаркан, муаллифлар томонидан мигрантларнинг рус тилини билишлари муҳимлиги ҳам таъкидланган.

Тавсияларда мигрантларга яқинлари эмаслиги боис, бошқаларга "ака" ёки "опа", деб мурожаат қилмасликлари" таъкидланган.

"Ўткинчиларни ўз она тилларида муҳокама қилмасликлари ёки ўзгалар олдида ўз она тилларида пичирламасликлари" ҳам уқтирилган.

Худди шу янги курс доирасида ҳам уларга Россияда экан, қарама-қарши жинс вакилаларига қандай муносабатда бўлишларини ўргатиш ҳам кўзда тутилгани аён бўлган.

Маърузада Россиядаги аёлларнинг ёрқин ва очиқ кийиниши уларнинг танишиш ниятида эканликларига далолат қилмаслиги тушунтирилиб, "нотаниш хотин-қизларга тегинишлари, уларни чимчилашлари, қучоқлашлари, қўллар ёки кийимларини ушлашлари" ножоиз экани айтилган.

Улар акс ҳолда бундай хатти-ҳаракатлар "тегажоқлик", деб баҳоланиши билан ҳам огоҳлантирилганлар.

Ўзларига ёқиб қолган аёл ёки эркакнинг эътиборини жалб қилиш учун "овоз чиқармасликлари, бақирмасликлари, ҳуштак чалмасликлари ва уларга қўл кўтаришлари ҳам мумкин эмаслиги" уқтирилган.

Ошкора намоз ўқиманг, қўй сўйманг...

Москвадаги Ҳайит намози
AFP
Rossiyada biror bir dinga mansublikni oshkora ko‘rsatish, ya’ni, ko‘chada, jamoat joylarida namoz o‘qish, toat-ibodat qilish, shuningdek, qurbonlik keltirish nojoiz.
Rossiyada Markaziy osiyolik migrantlar uchun ishlab chiqilgan yangi moslashuv kursidan olingan.
Batafsil: bbc.com/uzbek da.

Маърузада Марказий осиёлик мигрантларга яна "Россия - дунёвий давлат" эканлигини ёддан чиқармасликлари ҳам тайинланган.

"Россияда бирор бир динга мансубликни ошкора кўрсатиш, яъни кўчада, жамоат жойларида намоз ўқиш, тоат-ибодат қилиш, шунингдек, қурбонлик келтиришнинг ножоиз" экани айтилган.

Марказий осиёлик мигрантларни, яна шунингдек, "экстремистик ва террористик ҳаракатларда иштирок этмаслик, "митинг ва намойишларга чиқмаслик" билан огоҳлантирилади, улар бунинг оқибатларидан ҳам бохабар этиш кўзда тутилган.

Янги курс доирасида Марказий осиёлик мигрантларга қисқача тарих сабоқлари берилиши ҳам англашилган.

Бошқа мавзулар қаторида уларга собиқ "СССР бюджетидан ажратилган катта маблағлар Марказий Осиё республикаларининг муваффақиятли ривожланишлари"га имкон бергани эслатилган.

"19-асрда ерларининг Россия империяси таркибига кириши минтақа иқтисодиётининг ривожланишига яхши таъсир кўрсатгани" таъкидланган.

Ислом дини Россияда иккинчи йирик дин саналади.

Мусулмонлар мамлакат аҳолисининг 10 фоиздан кўпроғини ташкил этади.

Россиядаги мусулмонларнинг сони турли манбаларда 10 миллиондан 25 миллионгача экани айтилади.

Россиядаги мусулмонларнинг салмоқли қисмини, йилларки, Марказий осиёлик мигрантлар ташкил этиб келишади.

Уларнинг орасида катта кўпчилиги Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидир.

"Коммерсантъ" ўшанда янги курснинг тўрт бўлимдан иборатлиги ҳақида ёзган.

Улар "Миграция ва меҳнат қонунчилиги асослари", "Россияда оддий хулқ-атвор асослари", "Қонун ҳужжатларига риоя қилмаслик учун жавобгарлик", "Россия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар тарихи"ни ўз ичига олишини айтган.

Хабарларга кўра, янги курс аллақачон Россиянинг қатор минтақаларида синовдан ўтказилган.

"Муваффақиятли синовлар"дан сўнг, бошқарма дастурга аниқлик киритиб, уни мамлакатнинг барча ҳудудларига юборган.

Бироқ қонунчиликда ҳали мигрантларнинг ундан ўтишлари шарт эмаслиги ҳам айтилади.

Россияга ташқи меҳнат миграцияси, бошқа томондан, Марказий Осиё давлатларига ўзининг сиёсий ва геосиёсий босимини ўтказишида, йилларки, Кремль қўлидаги энг самарали таъсир воситаларидан бири бўлиб келган ва келади.

Сўнгги янгилик Украина уруши фонида ва масъулиятини Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққан Москванинг Крокусидаги қонли ҳужум ортидан Россия ўзининг Марказий осиёлик мигрантларга қарши сиёсатини шундоқ ҳам кучайтирган ва бу аллақачон минтақа давлатлари пойтахтларида жиддий хавотирларга сабаб бўлиб улгурган бир пайтда олинмоқда.

Айниқса, Крокусдаги ҳужум россиялик айрим сиёсатчиларнинг Марказий Осиё давлатлари билан амалдаги визасиз тартибни бекор қилиш чақириқларига ҳам сабаб бўлган.

Қарийб 40 миллион экани билан Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади.

Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси 60 фоизга яқинини меҳнатга лаёқатли ёшлар ташкил этиши айтилади.

Яна меҳнат муҳожирларининг ортга ялпи қайтарилишига оид қўрқувларни кучайтирган Россиядаги воқеаларнинг сўнгги йиллардаги ривожи манзарасида Ўзбекистон ўз фуқаролари учун ташқи меҳнат бозорларини турфалаштириш ҳаракатида экани кўрилади.

Пойтахт Тошкентдан шу кунларда олинган хабарларда айтилишича, биринчи ярим йилликда 86 мингдан ортиқ ўзбекистонлик 17 мамлакатда ишга жойлашган.

Ўзбекистон Марказий Банкининг сўнгги маълумотларига кўра, жорий йилнинг иккинчи чорагида меҳнат муҳожирлари томонидан мамлакатга жами 4,8 млрд. доллар миқдорида пул ўтказмалари амалга оширилган.

Пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,4 фоизга ўсган.

Хусусан, Болтиқ давлатлари, Европа ва бошқа минтақалардан ўтказмалар ҳажми ўсиш суръати қолган минтақаларга нисбатан юқорироқ сақланиб қолган.

Бунда, айниқса, Болтиқ давлатларидан пул ўтказмаларининг сезиларли ошиши кузатилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 65,6 фоизга ўсган.

Банк, ўз ўрнида, сўнгги чоракларда Ўзбекистонда реал иш ҳақининг ўсиши минтақадаги давлатлар билан солиштирганда нисбатан пастроқ шаклланаётганлиги ҳақида ҳам маълумот бериб ўтган.

Ташқи меҳнат миграцияси камбағаллик ва ишсизлик ҳозир ҳам нисбатан долзарб муаммолигича олаётган аксарият Марказий Осиё давлатлари ижтимоий барқарорлиги учун муҳим омил саналади.