Толибон келиши ҳаётимни қандай ўзгартирди?

Сурат манбаси, EPA
Афғонистонда толибларнинг тўсатдан ҳокимият тепасига келиши бутун мамлакат бўйлаб ҳаётни ўзгартирди.
Яқинда мухбиримиз афғонлардан аввалги ва кейинги ҳаётларини тасвирлаб беришни сўраганида, берилган таъсирли жавоблар қанча одам тубдан ўзгарган вазиятга дуч келаётганини кўрсатди.
Би би си ўз ҳикояларини баҳам кўрмоқчи бўлган офис ходимларидан тортиб фаолларгача бўлган баъзи инсонлар билан суҳбатлашди.
Аҳмад: ҳаётим янада оғирлашди
Аҳмад 2019 йил сентябрь ойидан бери то Толибон ҳокимиятга келгунига қадар Афғонистондаги хусусий компанияда офис менежери бўлиб ишлаётган эди.
"Мен учун яхши вақт бўлди, чунки ишлаётган, университет ва мактабда ўқиган опа-сингилларимни қўллаб-қувватлаётган эдим, - деди у Би би сига. - Ўшанда маошим ҳам яхши эди, оиламни таъминлашга деярли етарли эди, чунки пул тўплар, уйга озиқ-овқат жўнатардим.
Ишда кўплаб дўстларим бор эди ва уларнинг барчаси ишдан айрилиб, бекор қолишди", дея қўшимча қилади у.
"Лекин ҳозир ҳаёт мен учун, айниқса, оилам учун қийинлашди, чунки бу ерда одамларга иш ҳам, оилалар учун даромад манбаи ҳам йўқ."
Аҳмад оилада ёлғиз ўғил ва тўнғичи. Ёши 60 дан ошган отаси кексалиги ва тиззасидаги муаммолар туфайли ишлай олмайди.
"Бу менинг масъулиятимни янада кучайтиради", деди у ва озиқ-овқат нархи ҳар куни ошиб бораётганини қўшимча қилиб.

Сурат манбаси, Ahmed
"Биз учун ҳар куни зерикарли бўлиб қолди."
Заҳро: Ҳаёт ўтмаяпти
Заҳро Толибон ҳокимиятни қўлга киритишидан бироз олдин университетда ўқиётган эди ва кейин ўқишни давом эттира олмай қолди.
"Ҳаётимдаги энг яхши дамлар тиббиёт талабаси бўлганимда эди, - деди у. - Олий ўқув юртига кириш имтиҳонларида орзу қилган баллимни олишга икки йил ҳаракат қилдим ва у шунга арзир эди. Ўзгариш мени хафа қилди, чунки кўп ҳаракат қилиб, қуруқ қўл билан қолдим.
Ҳаёт ўтмаяпти. Бу худди тирик қолиш ва ҳеч қандай мақсадсиз нафас олишга ўхшайди. Бу мен мактаб ўқувчиси бўлганимда, олий ўқув юртига кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўрганимда орзу қилган ҳаёт эмас эди.
Дўстларим билан ўқиш ёқарди, ўқишни жуда соғиндим", дейди у.
Заҳронинг айтишича, у ҳозир кўп вақтини уйда ўтказмоқда ва "ҳеч иккиланмасдан" ташқарига чиқиш имкониятини соғинмоқда.
"Мен инглизчамни яхшилаш ва китоблардан билимимни оширишга ҳаракат қиляпман, лекин афсуски, вазият тушкунликка солади.
"Балки бир кун ўқишга қайтармиз", дея қўшимча қилди у.
Сано: Умид қиламанки, бу ёмон туш
Сано Афғонистонда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган.
"Толибон келишидан олдин ҳам кўп ҳуқуқларимиздан маҳрум эдик, лекин бахтли эдик, чунки бизда бироз эркинлик бор эди, - деди у. - Биз ўқишимиз, ишлашимиз, дўстлар билан айланишимиз, бирга ўтиришимиз, баҳслашишимиз ва кулишимиз мумкин эди.
Биз ўз ҳуқуқларимиз учун биргаликда курашганимиздан хурсанд эдик... қонунларни ўзгартиришга ҳаракат қилдик, лекин тўсатдан ҳаммаси ўзгариб кетди ва биз ватанимизни тарк этдик".

Сурат манбаси, Sana
У ҳозирда Эронда яшаяпти, Германияга визаси бор, бироқ ҳали чиқмаган.
"Умид қиламанки, бу ёмон туш ва мен уйғониб, тез орада уйга қайтаман. Мен учун ватанимдан узоқда бўлиш жуда қийин", дейди у.
"Қилган барча меҳнатимиз маҳсулини йўқотиш мен учун қийин. Мен жисмонан тирикман, лекин оилам ва уйимни соғиндим. Халқимни, тилимни, қилган меҳнатимизни соғиндим.
Мен ҳижрат қилдим, лекин жоним жароҳатланган кўйи Афғонистонда қолди."
Саид: Ҳаммаси жуда тез барбод бўлди
Саид Афғонистондаги энг йирик оммавий ахборот воситаларидан бирида журналист ва бошловчи бўлиб ишлаган.
"Журналист сифатидаги касбий ҳаётимни ва ватандаги профессионал фаолиятим давомида қилган орзуларимни соғиндим. Ҳозир ўша лаҳзаларни эслаб, ўзимни тамом бўлгандек ҳис этяпман", дейди у.
Толибон Кобулни эгаллаб олган куни Саид ишлаётган эди ва тушга яқин ҳамма нарса ўзгариб кетди.
"Офисимиз деярли бўшаб қолди, барча аёл ходимлар офисни тарк этди ва техник ходимларимиз оддий одамларнинг кийимига ўтди."
Саид Қўшма Штатларда қочқин сифатида бошпана сўрамоқда. Унинг оиласи Афғонистонда қолган.
"20 йиллик тараққиёт ва қурбонликлар беҳуда кетди ва ҳамма нарса, шу жумладан, менинг умидларим ва орзуларим ҳам бир неча соат ичида пучга чиқди, - дейди у. - Ҳаммаси шу қадар тез йўқ бўлдики, мен ҳалигача ишона олмаяпман.
Яқинларимдан узоқда, бутунлай бошқача муҳитда яшаш, жароҳатларга дош бериш айтишгагина осон."
Сўзлаганларнинг шахсини ҳимоя қилиш учун барча исмлар ўзгартирилди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















