БМТ текширувида Сурияда зарин гази ишга солингани аниқланган

БМТнинг кимёвий қуроллар бўйича бош назоратчиси Аке Селлстром БМТ Бош котиби Пан Ги Мунга Сурияда 21 август уюштирилган ҳужумга оид ўз текширувлари хулосасини тақдим этган.
Жаноб Селлстром тақдим этган ҳужжатда Сурия пойтахти Дамашқ четидаги Ғута бўлгасида ҳалокатли зарин нерв гази ишга солингани тасдиқлангани айтилади.
"Ғута ҳодисасини текшириш чоғи қўлга киритилган далилларга асосланиб Сурия Араб республикасида бораётган инқирозда томонлар... тинч фуқароларга, шу жумладан, болаларга қарши йирик миқдорда кимёвий қуролдан фойдаланган, деган тўхтамга келинди", дейилади ҳисоботда.
"Хусусан, биз йиққан атроф-муҳит, кимёвий ва тиббий намуналар зарин нерв гази солинган "ер-ер" ракеталаридан фойдаланилганини аниқ ва ишончли исботлайди", дейилади БМТ кимёвий назоратчилари ҳисоботида.
БМТ Хавфсизлик Кенгашида сўзлаган Бош котиб Пан Ги Мун Сурияда кимёвий қуролдан фойдаланилгани "уруш жинояти" ҳисобланишини айтган.
Мухбирларга кўра, Аке Селлстром ҳисоботи натижалари янгилик эмас.
Бир неча ҳафта олдин АҚШ Давлат котиби Жон Керри Дамашқ атрофида зарин газидан фойдаланиб кимёвий қурол ҳужуми содир этилганини айтган эди.
Мухбирларнинг ёзишича, БМТ назоратчиларининг ҳисоботида ушбу ҳужум учун ким жавобгарлиги ҳақида гап борадими-йўқми аниқ эмас.
Чунки жаноб Селлстром миссияси мандати чекланган ва назоратчилар фақат фактларни текшириш билан машғул бўлишлари лозим эди.
Аммо ўз исми-шарифи ошкор этилишини истамаган айрим Ғарб дипломатлари ахборотича, бу ҳужумда ишлатилган қурол Сурия ҳукуматининг масъуллигига ишора қилиши мумкин.
АҚШ ва бир неча Ғарб мамлакатлари кимёвий қуролни ишга солишда Сурия ҳукуматини айбладилар ва Сурияга қарши ҳужум масаласи муҳокама қилина бошлади.
Бироқ Россия ва Сурия ҳукумати 21 августдаги ҳужумда исёнчиларни айблайдилар.
АҚШ ва Россия ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг Женевадаги музокараларида Сурия ҳукумати қўли остидаги кимёвий қуроллар халқаро назорат остига олинишига келишдилар.
Октябр ойи ўртасида Сурия ҳукуматининг кимёвий қуролларни тақиқлаш конвенциясига қўшилиши хабар қилинди.












