‘Мен сотқин эмасманʼ — Киев руслар учун ишлашда айблаган украиналиклар нима дейди?

tatyana

Сурат манбаси, Lee Durant/BBC

Сурат тагсўзи, Татяна Потапенко ўзини қамоққа ташлашга лойиқ бирор иш қилмаган, деб ҳисоблайди.
Ўқилиш вақти: 6 дақ

"Мен бу ерда бўлишга умуман лойиқ эмасман" деган норозиликни қамоқдаги одамдан эшитишингиз табиий. Аммо Татяна Потапенко ўзининг Украина давлати айблагандек одам эмаслигига қатъий ишонади.

Беш йилга қамалиб, бир йилини ўтагач, у душман билан ҳамкорлик қилган коллаборатор сифатида қамалган 62 нафар маҳбус билан алоҳида изоляцияда сақланмоқда.

Қамоқхона Днепр дарёси яқинида, Татянанинг она шаҳри Лимандан тахминан 300 километр узоқликда жойлашган.

Донбасс фронти яқинида жойлашган Лиман олти ой давомида Россия ишғоли остида бўлган ва 2022 йилда озод қилинган.

Маҳбуслар уйига қўнғироқ қилиши мумкин бўлган пушти деворли хонада ўтирар эканмиз, Татяна 15 йилдан бери маҳаллада кўнгилли бўлиб, маҳаллий амалдорлар билан алоқада бўлганини, лекин руслар келганидан кейин бу вазифаларни бажариш қимматга тушганини тушунтиради.

Украина прокурорлари таъкидлашича, у босқинчилар билан расман ҳамкорлик қилган, жумладан, шу иши доирасида гуманитар ёрдам ҳам тарқатган.

"Қиш тугади, одамларда овқат йўқ эди, кимдир олдинга чиқиши керак эди, - дейди у. - Мен бу кексаларни ташлаб кетолмадим. Мен улар орасида ўсганман".

54 ёшли Татяна Москванинг 2022 йилги ҳужуми пайтида деярли тез ишлаб чиқилган қонунчилик асосида руслар билан ҳамкорлик қилганликда айбланган 2000 га яқин одамдан биридир.

Киев одамларни босқинчиларга хайрихоҳлик ва ҳамкорлик қилишдан сақлаши кераклигини билар эди.

Шундай қилиб, бир ҳафтадан кўпроқ вақт ўтгач, қонунчилар Жиноят кодексига душман билан ҳамкорликни жиноят деб ҳисоблайдиган тузатишни қабул қилишди, Россия Украинанинг Қрим яриморолини аннексия қилган 2014 йилдан бери бу борада келиша олишмаган эди.

Тўлиқ миқёсли босқиндан олдин, Татяна одатда қўшниларини ўтин каби материаллар билан таъминлаш учун маҳаллий амалдорлар билан алоқада бўлган.

Унинг айтишича, Россиянинг янги бошқарувчилари келгандан сўнг, дўсти уни жуда зарур дори-дармонларни етказиб бериш учун улар билан ишлашга кўндирган.

"Мен улар билан ихтиёрий равишда ҳамкорлик қилмаганман, - дейди у. - Мен ногиронлар керакли дори-дармонларни ололмаслигини тушунтирдим. Кимдир мени суратга олиб, интернетга жойлаштирди, Украина прокурорлари эса бундан фойдаланиб, душманга ишлаётганимни даъво қилишди".

Лиман озод этилганидан сўнг, судга унинг босқинчи ҳокимиятда расмий лавозимни эгаллаганлиги тўғрисида имзолаган ҳужжатлар кўрсатилди.

"Менинг жиноятим нима? Ўз халқим учун курашганимми? - деб сўрайди у. - Мен ҳеч қачон руслар учун ишламаганман. Мен тирик қолдим ва ҳозир қамоқдаман".

Киевдаги "Змина" инсон ҳуқуқлари маркази ҳуқуқшуноси Ониcия Синюкнинг айтишича, 2022 йилги "Коллаборация тўғрисида"ги қонун одамларнинг Россия армиясига ёрдам беришига йўл қўймаслик учун ишлаб чиқилган.

huquqshunos

"Бироқ, қонунчилик барча фаолиятни, жумладан, миллий хавфсизликка зарар келтирмайдиган фаолиятни ҳам қамраб олади", дейди у.

Душман билан ҳамкорлик билан боғлиқ жиноятлар Россия босқинининг ноқонунийлигини оддийгина инкор этиш ёки шахсан ёки интернет орқали қўллаб-қувватлашдан тортиб, босиб олувчи ҳокимият учун сиёсий ёки ҳарбий ролни бажаришгача қамраб олади.

Жазолар ҳам оғир - 15 йилгача қамоқ.

Синюк хоним ва унинг жамоаси шу кунгача бўлган 9000 га яқин душман билан ҳамкорлик ишларининг аксарият қисмини, жумладан, Татянанинг ишини ҳам таҳлил қилиб чиқди ва қонун жуда кенг маънода талқин қилиниши мумкинлигидан хавотирда эканликларини айтишди.

"Энди ишғол қилинган ҳудудларда ҳаётий хизматлар кўрсатувчи одамлар ҳам ушбу қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади", дейди Синюк хоним.

Унинг фикрича, қонунчилар икки йилдан ортиқ ишғол остида яшаш ва ишлаш реаллигини ҳисобга олишлари керак.

Биз Татянанинг она шаҳрига унинг заиф эри ва ногирон ўғлини кўриш учун борамиз.

Лиманга яқинлашар эканмиз, уруш излари яққол кўзга ташланади.

liman

Сурат манбаси, Lee Durant/BBC

Сурат тагсўзи, Лиманнинг катта қисми уруш давомида вайронага айланган.

Фуқаролик ҳаёти йўқолади ва ҳарбий яшил рангдаги транспорт воситалари аста-секин кўпаяди.

Электр линиялари қулаб тушган устунлардан осилиб туради ва асосий темир йўлни ҳам ўт босган.

Кунгабоқар далалари зарар кўрмаган бўлсада, шаҳар бузилган. У ҳаво ҳужумлари ва жангларда вайрон бўлган.

Руслар ҳозир деярли 10 километр масофага чекинишган.

Бизга айтилишича, отишма одатда соат 15:30 да бошланади ва ташрифимиз куни ҳам бундан мустасно эмас эди.

Татянанинг эри, 73 ёшли Владимир Андреев менга "чуқурда" эканлигини айтди - ферма қуламоқда, у ва унинг ўғли фақат қўшниларнинг ёрдами билан яшаяпти.

oila

Сурат манбаси, Lee Durant/BBC

Сурат тагсўзи, Татянанинг турмуш ўртоғи ва ўғли усиз қийналишаётгани ҳақида гапирадилар.

"Агар заиф бўлганимда, йиғлардим", дейди у.

У хотини нима учун у билан бирга эмаслигини тушунишга ҳаракат қилмоқда.

Татяна айбига иқрор бўлса, қисқароқ жазога тортилиши мумкин эди, лекин у рад этди.

"Мен ҳеч қачон давлатнинг душмани эканлигимни тан олмайман", дейди у.

Аммо давлатнинг душманлари бор эди ва уларнинг ҳаракатлари ҳалокатли оқибатларга олиб келди.

Ўтган кузда биз Украина шарқидаги Харков вилоятидаги озод қилинган Хроза қишлоғининг қонли тупроғи бўйлаб сайр қилдик.

Россия ракетаси украиналик аскарнинг дафн маросими бўлиб ўтаётган кафега келиб тушганди - қишлоқ Россия томонидан ишғол қилинган пайтда маросимни ўтказиш иложи бўлмаган.

Эллик тўққиз киши - қишлоқ аҳолисининг деярли тўртдан бири ҳалок бўлди.

Биз эшикларни тақиллатдик, лекин болалар уйда ёлғиз эди. Уларнинг ота-оналари қайтиб келишмаган.

Кейинроқ хавфсизлик хизмати икки маҳаллий турғун Володимир ва Дмитрий Мамон россияликларни огоҳлантиргани ҳақида хабар берди.

Ака-ука собиқ полициячилар бўлиб, гўёки босқинчи кучлар учун ишлай бошлаган.

Қишлоқ озод бўлгач, улар рус қўшинлари билан чегарадан ўтиб кетишди, лекин кекса қўшнилари билан алоқада бўлишган, қўшнилар ҳам соддалик қилиб уларга дафн маросими ҳақида хабар беришган.

Ўшандан бери ака-укалар давлатга хиёнатда айбланган, бироқ Украинада қамалишлари даргумон.

Умуман олганда, бу Киевнинг душманлар билан ҳамкорликка қарши курашидир.

qishloq

Сурат манбаси, YAKIV LIASHENKO/EPA-EFE/REX

Сурат тагсўзи, Коллаборатор маълумоти асосида руслар Ҳроза қишлоғига зарба берган. Оқибатда, қишлоқдаги 59 инсон ҳалок бўлган.

Оғирроқ жиноятларни содир этганлар - ҳужумга ёрдам берганлар, ҳарбий маълумотларни сиздирганлар ёки босқинчи кучларни қонунийлаштириш учун сохта референдумлар уюштиришда қатнашганлар асосан сиртдан судланади.

Айби камроқлар эса кўпинча суд курсисида ўтирган бўлади.

Женева конвенциясига кўра, ишғол қилувчи Россия кучлари одамларга ўз ҳаётларини давом эттиришлари учун имкон беришлари керак.

Татяна Потапенконинг айтишича, у 2022 йил май ойида қўшинлар Лиманга кирганида шундай қилишга уринган.

Унинг иши Украина шарқида биз учраган бир нечта ишлардан биридир.

Улар орасида рус тили ўқув дастурини қабул қилгани учун қамоққа олинган мактаб директори ҳам бор.

Адвокатига кўра, у рус тилидаги материалларни қабул қилган, аммо улардан фойдаланмаган.

Харков вилоятида эса ишғол даврида ўйинларни ўтказишда давом этгани учун 12 йилга қамалиши мумкин бўлган спорт стадиони менежери ҳақида эшитдик.

Унинг адвокатининг айтишича, у маҳаллий жамоалар ўртасида фақат иккита ўртоқлик ўйини ташкил қилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) назарида бу турдаги айбловлар халқаро гуманитар ҳуқуқни бузади. Украинада 2022 йил февралида уруш бошланганидан 2023 йил охиригача ҳукм қилинганларнинг учдан бир қисми қонуний асосларсиз қамалган, дейди ташкилот.

"Босиб олинган ҳудудда жиноятлар содир этилган ва одамлар Украинага етказган зарари учун жавобгарликка тортилиши керак - лекин биз қонуннинг адолатсиз қўлланганига ҳам гувоҳ бўлдик", дейди БМТнинг мамлакатдаги Инсон ҳуқуқлари мониторинги миссияси раҳбари Даниел Белл.

Белл хоним таъкидлашича, қонун инсоннинг фаол ҳамкорлик қилаётгани ёки даромад олишга ҳаракат қилаётгани каби мотивларини ҳисобга олмайди, бунга қонуний рухсат берилган. Унинг айтишича, ҳамма қонундаги ноаниқ сўзлар сабабли жиноий жавобгарликка тортилади.

"Одамларнинг тазйиқ остида ҳаракат қилишлари ва омон қолиш учун бирор вазифани бажаришлари ҳақида сон-саноқсиз мисоллар бор", дейди у.

Татяна Лиманнинг она шаҳридан келган Дмитрий Герасименко билан айнан шундай бўлди.

2022 йил май ойида у артиллерия ва миномётлар ўқлари камайгандан кейин ертўладан чиқди. Жанг чизиғи Лимандан ўтган ва у Россия ишғоли остида эди.

elektrik

Сурат манбаси, Lee Durant/BBC

Сурат тагсўзи, Электрик Дмитрий Герасименко ишғол қилинган Лимандаги электр таъминотини қайта тиклашга ёрдам берган.

"Ўша вақтга келиб одамлар икки ой давомида электрсиз яшаган эди", деб эслайди у. Дмитрий шаҳарда 10 йил давомида электрчи бўлиб ишлаган.

Босқинчи ҳокимият кўнгиллиларни сўради ва у қўлини кўтарди.

"Одамлар омон қолишлари керак эди, - дейди у. - [Руслар] мен шу тарзда ишлашим мумкинлигини ёки умуман ишламаслигимни айтишди. Мен уларнинг ўлжасига айланишдан қўрқдим."

Дмитрий ва Татяна учун озодлик ҳавоси узоққа бормади. Украина шаҳар устидан назоратни қайта қўлга киритгач, мамлакат хавфсизлик хизмати СБУ ходимлари уларни сўроққа олиб кетди.

Россия босқинчиларига электр энергияси етказиб берганини тан олганидан сўнг, Дмитрий тезда шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди ва 12 йилга давлат электромонтёри бўлиб ишлаш тақиқланди.

Биз уни ҳозир механик бўлиб ишлаётган гараждан топдик. "Мени ракеталарни бошқаришда ёрдам бергандек ҳукм қилиш тўғри эмас", дейди у.

Унинг норозиликлари Татянанинг норозиликларини акс эттирди. "Чет эл қўшинлари сизнинг шаҳрингизга бостириб кирганда ўзингизни қандай ҳис қиласиз? - сўрайди у. - Албатта, қўрқув.

Бундай қўрқувни тушунса бўлади. БМТ Россия қўшинлари Украинани қўллаб-қувватлаётган одамларни таъқиб қилаётгани ва ҳатто қийноққа солаётгани ҳақида далиллар топди.

"Бизда одамларнинг украинапараст қарашлари учун ҳибсга олиниши, қийноққа солингани, ғойиб бўлган ҳолатлари кузатилди", дейди БМТ вакили Белл хоним.

2014 йилда Москва Қримга бостириб кирганидан бери украиналик қонунчилар назарида "руспараст" таърифи ўзгарди, бу сўз ҳозир оддийгина миллий алоқаларни яхшилашни рағбатлантиришдан, геноцид сифатида кўрилган Россия босқинини қўллаб-қувватлашгача қамраб олади.

Ўша йили Кремль қўллаб-қувватлаган кучлар Донеск ва Луганск вилоятларининг учдан бир қисмини ҳам эгаллаб олди.

Кўпинча кекса одамлар ишғол остида яшашга рози бўлади ёки яшашга мажбур бўлади. Баъзилар кетишга қуввати етмаслиги мумкин.

qamoqxona

Сурат манбаси, Lee Durant/BBC

Сурат тагсўзи, Бу қамоқхонада коллаборацияда айбланган 62 украиналик сақланмоқда.

Совет даврини соғинадиган ёки замонавий Россияга хайрихоҳ бўлганлар ҳам бор.

Аммо Украина бир кун келиб бирлашиши мумкинлигини ҳисобга олсак, ҳамкорлик ҳақидаги қонун жуда қаттиқми?

Лойиҳани ишлаб чиқишда ёрдам берган депутатлардан бирининг гапи оддий: "Сиз ё биз билан ёки бизга қаршисиз".

Андрей Осадчук парламентнинг ҳуқуқ-тартибот қўмитаси раҳбари ўринбосари. У қонунчилик Женева конвенциясини бузаётганига қўшилмайди, лекин уни такомиллаштириш зарурлигини тан олади.

"Оқибати ниҳоятда оғир, аммо бу оддий жиноят эмас. Биз ҳаёт ва ўлим ҳақида гапираяпмиз", дейди у.

Жаноб Осадчук фикрича, аслида халқаро ҳуқуқ Украинадаги урушга етиб бориши керак, аксинча эмас.

"Биз Украинани озод қилинган ҳудудларда қуришимиз керак, ташқи дунёдан кимнидир рози қилиш учун эмас", дейди у.

БМТнинг кузатувчилар миссияси баъзи яхшиланишлар бўлганини тан олди.

Яқинда Украина Бош прокурори душман билан ҳамкорлик ишларини текширишда халқаро гуманитар қонунларга риоя қилишни буюрди.

Украина парламенти ҳам сентябрь ойида қонунчиликка қўшимча тузатишлар киритишни режалаштирмоқда.

Таклиф этилаётган ўзгаришлардан бири баъзи одамларга қамоқ муддати ўрнига жарима солишдир.

Ҳозирча Киев агар Украина ниҳоят Россия таъсиридан халос бўлишни ўйласа, Татяна ва Дмитрий каби шахсларни жазолаш керак деб ҳисобламоқда.

Улар эса фақат руслар мамлакатга биринчи бостириб кирганида қочмаганидан афсус билдиришмоқда.

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002