Янгиликлар: Энди Учинчи Жаҳон уруши бўладими, Теҳронда қўрқув, Грузияда ‘Россия қонуни’га қарши намойиш ва бугун Тошкентдан Дубайга учса бўладими – йирик аэропортини сув босди Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Нима гап? Сўнгги тафсилотлар.
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар. Украина: Энди Путин ва Россиянинг жавоби ёмон бўладими?
- Янгиликлар: Россия ва Хитой Ўзбекистон, Марказий Осиё устидан тўқнашадими?
- Янгиликлар, Украина уруши: Қарши ҳужум бошландими?
- Янгиликлар: Қизил Майдондаги парадда ўтганлар Россия армияси шахсий таркиби эмасди
- Янгиликлар: Марказий Осиё раҳбарлари Россия босими остидами?
Украина Бош вазири хавотирда

Украина Бош вазири АҚШ Конгрессини ташқи ёрдам тўғрисидаги қонунни тезроқ қабул қилишга чақирди.
Денис Шмигелнинг Би-би-сига айтишича, акс ҳолда "Учинчи Жаҳон уруши бўлади".
Мазкур қонун лойиҳаси Украина учун $61 миллиард долларлик янги кўмак пакетини кўзда тутади.
Аммо мазкур ҳужжат АҚШ Конгрессида қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлган, ҳануз маъқулланмаган.
Украина Бош вазири анчайин эҳтиёткорлик билан унинг барибир қабул қилинишига умид билдирди.
Янги қонун лойиҳаси шу шанба куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида овозга қўйилади.
Мазкур таклиф Украина баробарида Исроил ва Ҳинд-Тинч уммони минтақасига ҳам кўмак беришни ўз ичига олади.
Украина Бош вазири Вашингтонда экан, кеча, чоршанба куни Би-би-сига интервью берди.
Денис Шмигель АҚШнинг навбатдаги ҳарбий кўмагини назарда тутаркан, бу пул ўзларига "эрта, бугун эмас, кеча лозим бўлгани"ни айтди.
"Агар биз ҳимоя қилмасак...Украина қулайди. Демак, глобал хавфсизлик тизими вайрон бўлади... ва бутун дунё янгисини топишига тўғри келади", - дея баён қилди Украина Бош вазири.
Унга кўра, "ёки яна кўплаб можаролар, бунга ўхшаш урушлар бўлади ва бу алал-оқибат Учинчи Жаҳон урушига олиб келиши мумкин".
Украина бунчалик хавотир билан ўзининг эҳтимолий мағлубияти оқибатлари ҳақида биринчи марта огоҳлантириши эмас.
Ўтган йили президент Володимир Зеленский агар уруш Россия ютса, кейин Польшага бостириб кириши ва Учинчи Жаҳон уруши бошланиши мумкинлигини айтган эди.
Аммо Кремль мулозимлари Ғарбнинг ваҳимаси эканига йўйиб, бу каби даъволарнинг устидан кулишганди.
Ўтган ой эса, "буткул бемаънилик" эканини айтиб, Россия Президенти Владимир Путин ҳам Россия куни келиб Шарқий Европага ҳужум қилади, деган гап-сўзларни йўққа чиқарганди.
Украина уруши ўзининг учинчи йилига қараб кетмоқда...
Исроил Эрон масаласини якка ўзи ҳал қилмоқчи, Теҳронда қўрқув

Сурат манбаси, EPA
Исроил Эрон масаласини якка ўзи ҳал қилмоқчи, Теҳронда қўрқув
Исроил Бош вазири Эроннинг ҳужумига қандай жавоб бериш масаласида қарорни "ўзлари беришлари"ни баён қилди.
Биньямин Нетаньяхунинг бу сўзлари унинг Британия Ташқи ишлар вазири билан кеча, чоршанба кунги учрашуви чоғида янгради.
Британия ҳукумати минтақага ўзининг вазирини юбориб, эҳтимолий тангликнинг олдини олишга ёрдам бермоқчи.
Исроил Бош вазирининг баён қилишича эса, ҳукумати "ўзларини ҳимоя қилиш учун нимаики лозим бўлса, ҳаммасини қилади".
Биньямин Нетаньяху Эроннинг Исроилга уюштирган шанба кунги мислсиз ҳужумига жавоб қайтаришларини давомий равишда таъкидлаб турибди.
Хабарларга кўра, Британия Ташқи ишлар вазири унга Исроилнинг ҳар қандай жавоби "оқилона" ва "чекланган" бўлиши лозимлигини айтган.
Эроннинг биринчи марта ўз тупроғидан Исроилга берган ҳаво зарбаларидан сўнг пойтахт Теҳронда вазият танг экани айтилмоқда.
Маълум бўлишича, уруш ва унинг мамлакатлари иқтисодига таъсиридан хавотирда бўлган анчагина эронлик Исломий Инқилоб Қўриқчилари Корпусининг "ўйламасдан қилган иши"га қарши кайфиятда.
Эрон ичкариси ва ташқарисидаги кўплаб фаоллар томонидан Би-би-сининг Форс хизматига йўлланган мактубда "уруш қўзғатилиши"ни ёқламасликлари айтилган.
Кўпчилик эронлик наздида сўнгги тўқнашув ўзларининг истак-хоҳишларини акслантирмайди ва Эрон ҳукуматининг ўзи томонидан уюштирилган.
Маълум бўлишича, пойтахт Теҳрон кўчаларида катта сондаги полиция ходимларининг ҳозирлиги ҳам бу фикрни таъкидлайди.
Улар гўёки хотин-қизларнинг Исломий либос тартиб-қоидаларига амал қилишларини назорат этиш учун сафрбар қилинган.
Аммо аксарият фикрича, бунча катта сондаги полиция ходимлари ҳар қандай эҳтимолий намойишларни бостириш учун ташланган.
Айрим масъуллар Исроил ва АҚШ Эрон хавфсизлик кучлари ва Исломий Инқилоб Қўриқчилари Корпусининг қўмондонлик марказларига зарба беришса, бу бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишларига туртки бериб юборишидан хавотирдалар.
Хабарларга кўра, уруш катталашиб кетади, деган қўрқувдан одамлар озиқ-овқат ва ёқилғи ғамлашга тушиб кетишган.
Имконли бўлган тасвирларда Теҳрондаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида навбатлар тизилиб кетгани ва супермаркетларнинг харидорларга тўлиб кетганини кўриш мумкин бўлган.
Исроилнинг Дамашқдаги Эрон консуллигига қилган ҳужумидан сўнг тарихий даражада арзонлаб кетган Эрон миллий пул бирлиги янада қадрсизланган.
Эронликлар қимматчилик кучайишидан хавотирда.
Грузияда яна намойиш

"Европага - ҳа! Россиянинг қонунига - йўқ!".
Бу сўзлар Грузиядаги сўнгги намойишларнинг бош шиорига айланди.
Бу галги намойишларга "Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида"ги қонун лойиҳаси сабаб бўлди.
Грузия мухолифатига кўра, янги ҳужжат "Чет эл агентлари" ҳақидаги Россия қонунчилигини такрорлайди.
Янги қонун лойиҳаси Грузия парламентида кеча, чоршанба куни биринчи ўқишдаёқ қабул қилинган.
Бу эса, норозилик акциясига аввалги кунлардагидан ҳам кўпроқ одам келишига сабаб бўлган.
Одатдагисидек, кенг кўламли намойишлар Тбилиси марказидаги Шота Реставели проспектида жойлашган парламент биноси ёнида бошланган.

"Россия қонунининг қабул қилинишига қарши муносиб норозиликнинг учинчи туни! Бир томонда Грузия халқи, иккинчи тарафда бизнинг Европа билан боғлиқ келажагимизга қарши овоз берган 83 депутат. Халқ ҳар доим ғалаба қозонади!", - деб ёзди Грузия Президенти Саломе Зурабишвли ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги акаунтида.
Парламент яқинидаги норозилик чиқиши чоршанба кеч тунга қадар давом этган.
Акциянинг учинчи кунида намойиш ташкилотчилари ҳукуматга ультиматум қўйишган, улар ўзлари "Россия қонуни", деб атаётган қонун лойиҳасини қайтариб олиш тўғрисида сиёсий баёнот бериш"ни талаб қилишган.
Ультиматум муддати тугагач, намойишчиларнинг бир қисми ташкилотчиларнинг даъвати билан Руставели проспектидан ҳукумат идораси биноси ёнига ўтишган, мамлакат Бош вазири билан учрашишни талаб қилишган.
Улар орасида мухолифат партиялари вакиллари ҳам бўлган, бу ерда вазият бир неча бор кескинлашган.
Ички ишлар вазирлиги икки шахс маъмурий ҳуқуқбузарлик учун қўлга олинганини маълум қилган. Бошқарма маълумотларига кўра, қўлга олинганларнинг бири ёнидан совуқ қурол топилган.
Мухолифат партияларидан бирининг лидери буни "провокация", деб атаган.
Бир кун аввал Ички ишлар вазирлиги парламент яқинидаги намойишчиларга қарши гармдорили газ ҳам ишлатган.
Вазирлик нега бу каби махсус восита қўллашгани сабабини намойишчиларнинг полицияга қарши тош ва шиша бутилкалар ирғитишгани билан изоҳлаган.
Воқеа жойидан олинган тасвирларда полициянинг намойишчиларга қарши куч қўллаётгани кўрилган. Махсус кучлар томонидан тан жароҳати етказилганлар орасида уч нафар журналистнинг ҳам борлиги айтилаётир.
Дубайга учса бўладими?

Сурат манбаси, Getty Images
Кучли жала ва шамоллар қатор Форс Кўрфази давлатларини ўз забтига олган, ҳалокатли сув тошқинларига сабаб бўлган, ўнлаб қурбонлар бор.
Сўнгги табиий офат дунёдаги энг гавжум иккитасидан биттаси саналувчи Дубай аэропорти фаолиятига жиддий таъсир қилган.
Дубай Халқаро аэропорти маъмурияти ҳам "ўта қийин вазият" қаршисида қолганликларини айтган.
Аэропортнинг айрим қисмлари сув остида қолгани боис, баъзи йўловчиларга келиб ўтирмасликларини ҳам маслаҳат берган.
Flight Aware нинг Гринвич вақти билан кеча кечқурун соат 21:00 да эълон қилган маъмулотларига кўра, Дубай Халқаро аэропортига келувчи ва кетувчи 290 га яқин парвоз бекор қилинган. 440 та парвоз кечиккан.
Ўтган йили 80 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатган ва дунёда Америка Қўшма Штатларининг Атлантасидан кейин иккинчи йириги бўлган мазкур аэропорт яна нормал иш фаолиятига қайтиши учун "бироз вақт керак бўлиши"ни айтмоқда.
Тошкент ва Дубай ўртасидаги парвозлар ҳам энг фаолларидан бири бўлади.
Икки давлат масъуллари ўртасида 2021 йилда эришилган келишувга мувофиқ, Дубай—Тошкент—Дубай йўналишида парвозлар частотаси ҳафтасига 5 тадан 6 та рейсга оширилган.
Ўзбекистон Ҳаво йўллари ширкати кеча, чоршанба куни йўловчиларга огоҳлик билан чиққан.
Ҳаво ширкати Дубай шаҳридаги Халқаро аэропортда қўниш йўлагининг сув босиши ва ҳаво кемаларининг ҳаракатланишига чекловлар туфайли қўниш имконияти бўлмагани боис, фақат 17 апрель куни HY333 рейси билан Тошкент-Дубай йўналиши бўйича учган йўловчи самолётининг Фужейра шаҳридаги Халқаро аэропортга қўнганлигини маълум қилган.
Фақат шу куни HY333/334 рейслари ўзгартирилган маршрут бўйича Фужейра-Дубай-Дубай-Тошкент йўналиши бўйича амалга оширилишини айтиб, парвоз вақтларини ҳам илова қилган.
Ҳаво ширкати ноқулайликлар учун узр сўраб, янгиликларини кузатиб боришни ҳам тавсия қилган.
ttps://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













