Янгиликлар: Исроил уруш кабинетида қизғин тортишув: Эронга жавоб қайтариладими? Isroil Eron Yangiliklar

tortishuv

Сурат манбаси, Isroil hukumati

Ўқилиш вақти: 8 дақ

Эроннинг мисли кўрилмаган зарбаси Исроил раҳбарияти ва жамоатчилигини энди нима қилиш керак деган масалада иккига бўлди.

Қуддусдаги Иброний университети ўтган сўнгги сўровномада исроилликларнинг 52% мамлакат ўт очишдан тийилиши керак, деб ҳисоблайди. Қолганлар бунга рози эмас.

Агар бу Исроилнинг минтақавий ва жаҳондаги кучли давлатлар билан иттифоқига путур етказса, янада кўпроқ 74% одам ҳужум қилинмаслик тарафдори.

Исроил уруш кабинетида ҳам тортишувлар авж олган.

Улар Исроил қандайдир жавоб бериши керак, деган фикрда якдил.

Аммо собиқ генераллар зудлик билан ўт очиш кераклигини таъкидлашмоқда. Бошқалар эса, аввало, асосий давлатларда Исроилнинг дастагини мустаҳкамлашни истайди.

Нишонлар борасида ҳам бўлинишлар бор. Эронга тўғридан-тўғри зарба беришдан тортиб, унинг минтақадаги прокси гуруҳларига зарба бериш фикрлари янграмоқда.

Бош вазир Нетаняҳу эса ўзининг тактикаларини қўллаётган кўринади.

Исроил ОАВнинг ёзишича, у дунё етакчиларининг телефон қўнғироқларига жавоб беришдан бош тортмоқда.

Албата, у жуда ҳам банд. Аммо у улар нима дейишини жуда ҳам яхши билади - "бундай қилманг".

Шунингдек, ўнг қарашдаги вазирларига, хусусан, уни "ақлдан озишга" чақирганларга дунё босимига ҳозирча қарши тураётгани ҳақида сигнал бермоқчи.

15 апрел тафсилотлари:

Исроил Эронга қачон жавоб беришини айтди, Эрон аллақачон енгилдими ёки мақсадига етди? Россия гапирди, Кремль нима истайди?

Qiruvchu uchoq

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Исроил маъмуриятининг юқори мартабали мулозими даъво қилишича, мамлакатининг муваффақиятли мудофааси аллақачон Эрон устидан ғалаба қилган.

Дунё Исроилнинг Эронга жавобини муҳокама қилмоқда.

Халқаро миқёсда урушни катталаштирмаслик даъватлари янграмоқда.

Исроил ўзининг жавобини айтди.

Сўнгги тафсилотлар.

Эрон ҳужуми 'спектакл'миди?

Эроннинг Исроилга жавоб зарбаси ҳам маҳаллий вақт билан тунги соатларга тўғри келганига қарамай, янгилик қисқа вақтнинг ўзида ўзбекзабон интернет сегментида "гап" бўлди:

Алоқадор мавзулар:

Исроил нима деди?

Yakshanba kungi yig'in

Сурат манбаси, ANADOLU

Исроилнинг беш аъзоли уруш кабинети кеча, якшанба куни йиғилди.

Аммо Эронга аниқ қачон ва қандай жавоб бериш масаласида бир тўхтамга кела олмади.

Бу ҳақда "Рейтер" ахборот агентлиги хабар берди.

Кабинет аъзоси, марказчи вазир Бенни Ганцнинг баён қилишича, мамлакати бу ишни вақти келганда қилади. Эрондан "ҳаққини олади".

АҚШ минтақада тангликни кучайтирмаслик учун Исроилнинг бирор бир қарши амалиётига қўшилмаслигини айтмоқда.

Исроил маъмуриятининг юқори мартабали мулозими даъво қилишича, мамлакатининг муваффақиятли мудофааси аллақачон Эрон устидан ғалаба қилган.

Унга кўра, "Исроил бундан кейин нима қилишини яхшилаб ўйлаб кўриши лозим".

"Асосий савол биргина исроилликларнинг жавоб бериш-бермасликлари эмас, нима қилишлари борасида ҳам қандай тўхтамга келишларида. Шу боис бир қарорга улар келишлари керак".

Эрон Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи генерал-майор Муҳаммад Бағирий аллақачон Исроилни огоҳлантирган.

Исроил қасд олгудек бўлса, Эроннинг жавоби якшанба кунги ҳужумлардан каттароқ бўлажаги билан таҳдид қилган.

Аммо, генералларининг бу сўзларига қарамасдан, эронлик мулозимлар зиддиятни оловлантириш ниятида эмасликларига ҳам ишора қилишган.

Ғарблик иттифоқчилари эса, Исроилни вазиятни янада кескинлаштирмасликка чақиришмоқда.

Исроилда ҳаёт якшанба кунининг ўзида одатий измига қайтгандек кўринган.

Ҳаво ҳудуди қайта очилган ва аэропортлар ҳам яна ишлай бошлаган.

Isroil harbiylari

Сурат манбаси, Getty Images

Таҳлилчилар нима дейди?

Фрэнк Гарднер,

Би-би-сининг Хавфсизлик масалалари бўйича мухбири

"Вазият сезиларли даражада ёмонлашиши мумкин.

Исроил Эроннинг якшанба тунги ҳужумига "жиддий жавоб" беришни ваъда қилган.

Аммо бу қандай шаклда бўлади?

Исроил Армияси ва ҳарбий вазирлари ҳозир худди шу нарсани муҳокама қилишмоқда.

Эҳтимолий нишонлар Эрон ўз ракеталарини учирган базалар бўлиши мумкин.

Iqtibos

Аммо Исроил янада чуқурроқ кетиши, бутун Эрон бўйлаб йирик ҳарбий базалар ва Исломий Инқилоб Қўриқчилари Корпусининг марказларига зарба бериши мумкин. Бу эса, инсоний ва моддий талафотларсиз кечмайди.

Шунда Эрон ҳам, сўзсиз, айтганини қилади.

Биз ҳозир ўта хавфли эскалация пиллапоясининг "ўрта поғонаси"да турибмиз.

Исроилнинг ваъда қилган жавоби қанчалик йирик ва кескин бўлишини Яқин Шарқ ҳукуматлари ҳам нафасларини ичларига ютганча кутишади".

Эрон нима дейди?

Eron

Сурат манбаси, Getty Images/illyustrativ

Эрон эса, кеча, якшанба куни Исроилга қарши амалиёти якунланганини эълон қилди.

"Ҳалол ваъда" амалиёти ўтган тундан бугун (якшанба - таҳр.) тонггача муваффақиятли якунланди ва барча мақсадларга эришилди", - дея баён қилди Эрон Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи.

Генерал-майор Муҳаммад Бағирийнинг айтишича, жавоб амалиётлари чоғида Исроилнинг "разведка маркази" ва яна бир ҳаво базаси нишонга олинган.

Унга кўра, Дамашқдаги консулликларига ҳужум қилган F-35 қирувчи самолётлари худди шу базадан учирилган.

"Ҳар икки марказ ҳам жиддий шикаст еди ва ишдан чиқди. Биз ушбу амалиётни якунланган, деб ҳисоблаймиз ва фикримизча, у тугади", - дея баён қилган Эрон Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи.

Эроннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги миссияси ҳам худди шу каби фикрни изҳор этган.

Миссияга кўра, Исроилга берилган ялпи зарбалардан сўнг Теҳрон "масала ёпилди", деган фикрга келган. Эрон БМТ Низомининг 51-моддасида кўрсатилган ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланиб бўлган.

Эрон ҳукуматининг баён қилишича, "Исроил янги хатога йўл қўймаслиги керак".

Исроил ва Америка томонига кўра эса, Эрон йўллаган 300 дан ортиқ дрон ва ракеталарнинг 99 фоизини уриб туширишган, улардан аксарияти ҳали Исроил ҳудудига етмай туриб, ҳавонинг ўзида йўқ қилинган.

Бирлашган Миллатлар Бош котиби "жар ёқасидан қайтишнинг вақти" эканини айтмоқда.

Унинг БМТ Хавфсизлик Кенгашига баён қилишича, Яқин Шарқдагилар ҳалокатли йирик можаро таҳдидига юз тутиб туришибди.

Кремль нима исташини айтди

Rossiya va Eron prezidentlari

Сурат манбаси, Getty Images

Яқин Шарқдги сўнгги вазият Россия президенти Путин матбуот котибининг душанбе кунги брифингида бош мавзулардан бири бўлди.

Бу ҳақда шу соатларда Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги хабар берди.

Дмитрий Песковнинг баён қилишича, "минтақадаги кескинликнинг кучайишидан ниҳоятда хавотирдалар ва барча давлатларни оғир-вазминликка чақиришади".

Путин матбуот котибининг баён қилишича, "вазиятнинг янада оловланиши ҳеч кимнинг фойдасига эмас".

Унга кўра, Кремль "барча келишмовчиликлар фақат сиёсий-дипломатик воситалар билан ҳал қилиниши"ни истайди.

Аммо Россия Президенти Владимир Путиннинг ўзи ҳозирча воқеаларнинг сўнгги ривожи борасида жим.

Лавров нима деди?

Sergey Lavrov

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Россия халқаро саҳнада Эроннинг энг яқин иттифоқчиларидан бири сифатида кўрилади.

Расмий Москванинг баён қилишича, иғвогарона амаллар кескинликни кучайтириши мумкин.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг кеча, якшанба куни маълум қилишича, Сергей Лавров эронлик ҳамкасби билан мулоқот қилган.

"Минтақадаги кескинликнинг янада кучайиши ва янги, хавфли провакацион ҳаракатлар Яқин Шарқда тангликнинг ортишига олиб келиши мумкинлиги қайд этилди", - дейилган вазирликнинг расмий хабарида.

"Бундай сценарийларнинг олдини олиш ва уларнинг асосий сабабларини бартараф этиш БМТ Хавфсизлик Кенгашининг устувор вазифаси бўлиши керак".

Россия халқаро саҳнада Эроннинг энг яқин иттифоқчиларидан бири сифатида кўрилади. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси.

Исроил Эроннинг ҳужумини қоралаши ва Эрон Исломий Инқилоб Қўриқчилари Корпусини "террорчи ташкилотлар" рўйхатига киритишини сўраб, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғинини чақиришни сўраган.

Йиғинни кеча, якшанба кунининг ўзида чақиришга қарор қилинганди.

14 апрель. Янгиланди: Эрон Исроил устига юзлаб ракета ва дронлар ёғдирди. Исроил нима қилмоқчи?

Эрон ҳужумлари

Сурат манбаси, Reuters

Якшанба, 14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроил устига ўнлаб қанотли ракета ва дронлардан ҳужум қилди.

Исроилнинг билдиришича, Эрон 300тадан кўпроқ худкуш дрон, қанотли ва баллистлик ракеталар отган.

Уларнинг аксариси уриб туширилгани айтилмоқда.

Президент Байден АҚШ Эрондан отилган "қарийб барча учувчисиз дрон ва ракеталарни яксон этишда Исроилга ёрдам берганини" билдирди.

Исроилга кўра, унинг ҳудудида фақат бир ҳарбий иншоот шикастланган ва бир қизалоқ жароҳатланган.

Ушбу мислсиз қасос зарбалари билан Эрон илк марта ўз тупроғидан туриб Исроилни нишонга олди.

Туни билан Исроил бўйлаб сирена овозлари янграган ва Қуддусда портлаш эшитилган. Исроилнинг ҳаво мудофаа тизими осмонда ракеталарни уриб, яксон этган.

Эрон Исроилга қарши ҳужумлар бошлагани ҳақидаги хабар ортидан Яқиш Шарқдаги кўплаб мамлакатлар ўз ҳаво ҳудудларини ёпишганди.

Исроил ҳарбийлари

Сурат манбаси, Getty Images

Исроил ҳарбийларининг Би-би-сига айтишича, одамларнинг мамлакат ичкарисида ҳаракатланиши бўйича киритилган айрим чекловлар ҳозир бекор қилинган.

Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант "АҚШ ва бошқа ҳамкорлар билан биргаликда Исроил ҳудудларини ҳимоя қилишганини" айтган.

Аммо Исроил тарафига кўра, бу ҳали жараён тугаганини англатмайди.

Эрон, ўз ўрнида, агар Исроил жавоб қайтарса, яна зарба бериш билан таҳдид қилди ва АҚШни аралашмаслик ҳақида огоҳлантирди.

Иордания

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Иордания Осмонида ҳам Эрон ракеталари уриб туширилган.

Эрон ҳужумлари ва дунё

Буюк Британия Эрон ҳужумларини қоралаган ва минтақага қўшимча Қироллик Ҳаво Кучлари қирувчи учоқлари юборилганини айтган.

Германия ҳам Эрон ҳужумларини кескин қоралаган ва Теҳронни минтақавий уруш бошлаб юбориши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Пекин "воқеаларнинг ҳозирги ривожланишидан ташвишда" эканини билдириб, бунга "аралашган тарафларни хотиржамлик ва тийилишга" чақирган.

Лекин Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида Эрон ҳужумларини қоралагани йўқ.

БМТ Бош котиби эса "на минтақа, на дунё яна битта урушга" бора олмаслигини айтган.

Антониу Гутерриш "бутун минтақа бўйлаб вайронагарчилик келтириб чиқаришга қодир хавфдан чуқур ташвишда" эканини урғулаган.

Эронда эса тун бўйи одамлар кўчаларга байрам қилгани чиқишгани ҳақида хабарлар бор.

Теҳронда юзлаб эронликлар Фаластин байроқларини кўтариб, мушаклар отиб, Эроннинг Исроилга қарши ҳужумларини нишонлашган.

Ўзбекистонликлар огоҳлантирилган

Исроилдаги Ўзбекистон элчихонаси ҳали 12 апрель куни у ердаги ҳолат сабабли Исроилдаги ўз фуқароларини огоҳлантириб, эҳтиёткор бўлиш ва хавфсизлик чораларини кўришга чақирганди.

Исроилда яшаб, ишлайдиган Ўзбекистон фуқаролари бор, аммо элчилик эслатма ва тавсиясида у ерда қанча ўзбекистонлик борлиги номаълум қолган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўтган 3 апрель куни расман Эроннинг Дамашқдаги консуллигига уюштирилган ҳаво ҳужумини кескин қоралаганди.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи юзасидан ҳалича расмий баёнот билан чиққани маълум эмас.

Эронда

Сурат манбаси, EPA

Эронда

Сурат манбаси, EPA

Хавфли палла бошландими?

Себастьян Ашер

Би-би-си Жаҳон Хизмати Яқин Шарқ бўйича таҳлилчиси:

Эроннинг Исроилга ҳужуми кутилганидан кўра кенг қамровли бўлди. Теҳрон Суриядаги ўз дипломатик ваколатхонасига ҳужумни ўз суверенитетига дахл қилиш дея, бунга жавоб беришини айтган ва шу боис Эроннинг жавоб амалиёти кутилганди.

Балки Исроил ҳам аслида худди шуни ният қилган, яъни ўз прокси-кучларига таяниб, Исроил ҳамда АҚШ манфаатларига таҳдид қилган Эронни очиқ майдонга чиқармоқчи бўлгандир.

Энди Эронга қарши қанчалик кучли жавоб зарбалари бериш навбати Исроилга келади.

Аммо Исроилдан фарқли тарзда, Эронда ўзини ҳаво ҳужумларидан ҳимоя қилувчи замонавий тизим йўқ.

Воқеаларнинг кейинги ривожланиши минтақани хавфли ва олдин кузатилмаган жойга бошлайди.

Шанба, 13 Апрель:

Эрон Исроилга қасос ҳужумларини қандай бошлаганди?

Ракета ҳужуми

Сурат манбаси, EPA

Эрон Исроилга дрон ҳужумлари бошлади, дея билдирди Исроил Мудофаа Кучлари.

Исроил ҳарбийларига кўра, Эрон отган дронлар етиб келиши учун бир неча соат вақт кетади

Исроилнинг 12-телеканалига кўра, бу Исроил вақти билан тахминан Якшанба ярим тундан кейин соат 02:00 атрофида бўлиши мумкин. (Гринвич вақти билан 00:00 ёки қоқ тун).

Исроил ва Эрон байроқлари

Сурат манбаси, Getty Images

Айни телеканалнинг билдиришича, юзга яқин Эрон дронлари ва қанотли ракеталари отилган, уларнинг айримлари Иордания ва Сурия ҳаво ҳудудларида уриб туширилган.

Шундан сўнг Исроил ҳарбийлари Эрон портловчи моддалар солинган юзтадан кўпроқ дрон учирганини айтишган, аммо қанотли ракеталар ҳақидаги хабарни ҳалича тасдиқлашгани йўқ.

Хабарларга кўра, Жо Байден таътилини тўхтатган ва Оқ Уйда воқеаларни кузатмоқда.

АҚШ президенти илгарироқ Эрон таҳдидлари ҳақида гапирганда, Исроилни қўллашини ва бу қарор қатъий эканини қайд этганди.

Эроннинг "Тасним" агентлиги Исломий Инқилоб Қўриқчилари Корпуси баёнотидан иқтибос келтирган.

Унга биноан, Исроил ҳудудлари бўйлаб зарбалар берилади ва бунда ҳам дронлар, ҳам ракеталар ишга солинади.

Ва бу Сурия пойтахти Дамашқдаги Эрон консуллигига қилинган ҳужумга жавоб сифатида амалга оширилаётгани билдирилган.

Дронлар

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Эрон бир неча хил арзон жанговор дронлар ишлаб чиқаради.

Сўнгги бир неча кун давомида Эрон Исроилга қарши қасос ҳужумларига тайёрланмоқда, деб кутилаётган эди.

Ўтган 1 апрель куни Суриядаги Эрон консуллигига қилинган ҳужумда Эроннинг юқори мартабали қўмондони ҳам ўлдирилганди.

Эрон айни ҳужум учун Исроилни айблаган. Исроил эса Теҳроннинг айбловларини на тан олган, на рад этган.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу эса ҳужумдан бироз олдинроқ ўз мамлакати мудофаа тизими ҳамда Исроил қуролли кучлари тайёр ҳолга келтирилганини билдирганди.

Бенямин Нетаняҳу

У "ким бизга зарар етказса, биз ҳам унга зарар етказамиз" деган тамойилни аниқ белгилаб олганини урғулаган.

"Биз ҳар қандай ҳолатга ҳам мудофаа, ҳам ҳужум нуқтаи назаридан тайёрмиз. Исроил давлати кучли. ИМК (Исроил Мудофаа кучлари) кучли. Жамоатчилик кучли".

У, шунингдек, АҚШнинг Исроил ёнида турганидан, Британия, Франция ва бошқа кўплаб давлатлар қўллаб-қувватлаётганидан миннатдор эканлигини ҳам таъкидлаган.

Бу шошилинч хабар ва воқеа тафсилотлари ҳали ривожланиши мумкин.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002