Исроил устидаги Темир Гумбаз уни қандай ҳимоя қилади? Isroil Falastin dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Исроил ўз устидаги Темир Гумбаз уни ракеталардан ҳимоя қилаётганини айтмоқда. Хусусан, Исроилга отилган уч мингдан зиёд ракетанинг аксариси ҳаводаёқ йўқ қилинган. Темир Гумбаз нима ва у қандай қилиб бутунбошлик мамлакат осмонини қамраб, ҳужумларни қайтариши мумкин?
Исроил ва Ғазо ўртасидаги жанглар тинмаётир.
Зўравонликлар ўзининг ўнинчи кунига кириб бормоқда.
Оташкескин даъватларига қарамай, минтақа ҳануз нотинч, вазият танг, беқарорликлар давом этмоқда.
Исроил шу вақт оралиғида Ғазо Бўлгасидаги мингга яқин объектни ҳужумга тутган.
Улардан баъзиларига қайта, қайта зарба беришга ҳам улгурган.
Агар, Исроилнинг даъволарига ишонилса, ўзларига қарши жами 3 мингдан зиёд ракета отилган.
Аммо Ҳамас ва бўлгадаги бошқа қуролли гуруҳлар ракеталарининг кўпчилиги ҳаводаёқ йўқ қилинган.
Темир Гумбаз, деб номланувчи ракетадан мудофаа тизимлари ўзларини яхши ҳимоя қилган.
Амалда ўзининг 90 фоиз самарали эканини кўрсатган.
Ғазо Бўлгасида ўлганлар сони 200 дан ортган. Минглаб одам яраланган.
Исроил эса, шу пайтгача 12 кишисини бой берган.
Темир Гумбаз қандай ишлайди?

Темир Гумбаз Исроилни қамраб олувчи улкан ракетадан мудофаа тизимининг бир қисми бўлади.
Яхлит тизимнинг умумий қиймати бир неча миллиард долларга баҳоланади.
Учиб келаётган ракеталарни радар орқали аниқлайди ва қарши ҳужум билан уларни ҳаводаёқ йўқ қилади.
Тутиб қолувчи иккита ракетасини душманникига қарши йўналтиради, уларнинг аҳоли зич яшовчи мавзеъларга тушишига йўл қўймайди.
Мазкур тизим шундай технология асосида ишлаб чиқилганки, у нишонни аниқ олган ва ололмаган ракеталарни бир-биридан фарқлайди.
Фақат шаҳарларга йўналаётганини ўз вақтида уриб туширади, худди шу боис ҳам, камхарж тизим ҳисобланади.
Агар, Исроилнинг "The Times" нашри ҳисоб-китобларига таянилса, ҳар бир тутиб қолувчи ракетанинг қиймати $150 минг АҚШ долларигача боради.
Темир Гумбаз қандай яратилган?

Сурат манбаси, Getty Images
Темир Гумбазнинг яратилиш тарихи 2006 йилги можарога бориб тақалади.
Исроил ўшанда Ливан жанубида фаолият юритувчи "Ҳизболлаҳ" жангари гуруҳи билан уришган.
"Ҳизболлаҳ" Исроилни минглаб ракета билан ҳужумга тутган, ўнлаб исроилликни ўлдирган, улкан талафот етказган.
Орадан йил ўтиб, Исроил янги ракетадан мудофаа қалқони яратишларини маълум қилган.
Бу ишни давлатга қарашли Rafael Advanced Defense Systems ширкатига топширган.
АҚШ ҳам молиявий кўмак қилган, Исроилга $200 миллион доллар берган.
Бир неча йиллик тадқиқотлар ва ишланмалардан сўнг, янги тизим илк бор 2011 йилда Исроилнинг Беэр-Шева шаҳрида синаб кўрилган.
Темир Гумбазнинг заиф жойи қаерда?

Сурат манбаси, EPA/ ARXIV
Сўнгги можаро чоғида Ғазодан отилган ракеталар жами ўн икки исроилликни ўлдирган. Улардан икки нафари болалардир.
Исроилнинг ҳаво ҳужумлари эса, бўлгада 200 дан ошиқ инсоннинг умрига зомин бўлган.
Уларнинг ярмига яқини аёллар ва болалар экани айтилади.
Шундай экан, бу Темир Гумбаз Исроилни талафотли ҳужумлардан самарали ҳимоя қилаётганини кўрсатади.
Лекин тизим панд бериб қўядиган ҳолатлар ҳам йўқ эмас.
Би-би-сининг Халқаро алоқалар бўйича мухбири Жонатан Маркус бунга яқинда Ашкелонда юз берган ҳодисани мисол ўлароқ келтиради.
Унинг хабар беришича, сўнгги ҳужумлар чоғида, афтидан, техник носозлик туфайли шаҳарни ҳимоя қилиши лозим бўлган мосламанинг аккумулятори ўтириб қолган.
Айрим танқидчилари эса, келажакда ҳам бу тизимнинг 90 фоиз самара бера олишини шубҳа остига олишади.
Бир эмас, турфа душман қаршисида унинг анчайин ожиз қолиши эҳтимоли ҳақида сўз юритишади.
"The Jerusalem Post" истиғборат нашри Бош муҳаррири Йона Жереми Боб эса, "Ҳизболлаҳ"нинг бугунги имкониятларига назар ташлайди.
Унинг айтишича, мазкур гуруҳ қисқа вақтнинг ичида жуда кўп ракета ота олади.
Темир Гумбаз эса, уларнинг барчасини тута олмаслиги мумкин.
Сўнгги можаро гирдобида қолган исроилликлар жонларини асраб қолаётгани учун бу тизимдан миннатдорлар.
Аммо Тель-Авив университети сиёсатшуноси Йоав Фромерга кўра, Темир Гумбазига суяниб қолиш Исроилни мавжуд зиддиятга узоқ муддатли сиёсий ечим топиш ҳаракатларидан ортга қайтармоқда.
"Ажабланарлиси шундаки, Темир Гумбазнинг ажойиб ютуғи ташқи сиёсатдаги муваффақиятсизликларга сабаб бўлмоқда. Бу эса, биринчи навбатда, зўравонликларнинг кучайишига олиб келаётир", - деркан, сиёсатшунос, "Орадан шунча йил ўтса-да, ҳануз ўша зўравонликлар гирдобида" эканликларини таъкидлайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















