Янгиликлар: Эрон ҳужуми ‘спектакл’миди, Ўзбекистон хавотирда бўлган муаммо қанчалик кучаяди ёки Мирзиёев бежизга огоҳлантирмаганмиди? Isroil Eron Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Нима гап? Тошкентдан сўнгги тафсилотлар.
Алоқадор мавзулар:
Баёнот

Расмий Тошкент Яқин Шарқдаги воқеаларнинг сўнгги ривожини ҳам беэътибор қолдирмади.
Эроннинг Исроилга жавоб ҳужумидан кун ўтиб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий баёнот билан чиқди.
Вазирлик Ўзбекистон "Яқин Шарқдаги вазият - Эрон-Исроил можароси кескинлашувининг янги босқичидан чуқур хавотирда" эканлигини билдирди.
Расмий Тошкентнинг баён қилишича, "Мазкур минтақадаги кескинликнинг авж олиши янада жиддий оқибатларга ва кенг кўламли ҳарбий қарама-қаршиликларга олиб келиши мумкин".
Шундай деркан, Ўзбекистон томони ўзининг расмий баёнотида барча томонларни босиқлик, ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришдан тийилиш ва можарони энг қисқа фурсатларда сиёсий тартибга солиш учун мумкин бўлган барча чораларни кўришга чақирган.
Ўзбекистон энг йирик мусулмон постсовет давлати бўлади.
Ўзбекистон ва Яқин Шарқ

Яқин Шарқдаги вазият эса, шахсан президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистон томонининг диққат-эътиборидаги энг долзарб масалалардан бири экани ҳам кўрилади.
Ўзбекистон президенти Қўшилмаслик ҳаракати Мулоқот гуруҳининг Бокуда бўлиб ўтган сўнгги саммити чоғида ҳам Яқин Шарқдаги вазиятга алоҳида тўхталиб ўтган.
Шавкат Мирзиёев ўзининг чиқишида "Афғонистон баробарида Яқин Шарқ минтақасида ҳам узоқ вақтдан буён сақланиб қолаётган низонинг глобал ечими ҳанузгача топилгани йўқ"лигига барчанинг эътиборини тортганди.
Расмий Тошкент бугун дунёни жиддий хавотирга ташлаган воқеаларнинг ривожига туртки берган Эроннинг Дамашқдаги консулхонасига қилинган ва бир неча кишининг ўлимига олиб келган ҳаво ҳужумини ҳам кескин қоралаган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўшанда ҳам расмий баёнот билан чиққан.
Вазирлик "хорижий давлатларнинг дипломатик ва бошқа ваколатхоналарига ҳужум қилинишини мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолат", деб ҳисоблашларини баён қилган.
Буни "халқаро дипломатик ҳуқуқ асослари ва тамойилларини энг қўпол равишда бузилиши", деб кўришларини таъкидлаганди.
Исроил-Фаластин можароси атрофида Яқин Шарқда бўй кўрсатаётган воқеаларнинг ривожи катта сондаги ўзбекистонликларни ҳам бефарқ қолдирмай келаётган энг долзарб халқаро масала, муаммолардан бири экани кўрилади.
Мавзу ўзбекистонлик етакчи экспертларнинг ҳам хос таҳлил ва талқинларига сабаб бўлиб келади.
Акс-садолар

Сурат манбаси, Getty Images
Эроннинг Исроилга жавоб зарбаси ҳам маҳаллий вақт билан тунги соатларга тўғри келганига қарамай, янгилик қисқа вақтнинг ўзида ўзбекзабон интернет сегментида "гап" бўлган.
Эроннинг Исроилга берган ҳужуми ҳақидаги постлар ижтимоий тармоқларда улар томонидан энг кўп ёқтирилган ва шарҳланган.
Биргина Би-би-си Ўзбек хизматининг ижтимоий тармоқлардаги акаунтларида қолдирилган коментларнинг ўзи саноқли соатларнинг ўзида юздан ортган.
Аммо кўпчилик коментида Яқин Шарқдаги воқеаларнинг сўнгги ривожига ўзининг нуқтаи назаридан келиб чиқиб баҳо бериш, вазиятни таҳлил қилишга уринган, фикрлар баҳсу мунозараларга уланган.
Жумладан, Бахтиёр Мейлиев, "Эрон истаганида кучли баллистик ракеталар билан ҳужум қиларди. Бу ҳужум шунчаки оддийгина жавоб зарбалари эди. Эрон ҳақли эди зарба беришга ва бундан оддий йўл билан фойдаланди. Эрондаги баллистик ракеталарни Исроилнинг ҳаво ҳужумидан ҳимоя гумбази ҳам ушлаб қололмасди. Шу билан икки тараф ҳам тўхтайди, ҳеч қандай жавоб ҳужуми бўлмайди...", деб ёзган.
Ўзбекистонлик бошқа бир интернет фойдаланувчиси эса, "Эрон ўз репутациясини ҳимоя қилди, тўғри. Лекин бундай ҳимоя келажакда Эроннинг ўз ижтимоий ҳаётида катта ўзгаришларга олиб келиши эҳтимоли юқори", деган фикри билан бўлишган.
Яна бири эса, "Исроилга АҚШ ва Ғарбнинг ёрдами ошса керак энди? Бу ҳужумдан бирор фойда бўлдимикан,", - деган саволни қўйган.

Ижтимоий тармоқларда қолдирилган бошқа бир комент эса, "Эрон ҳужум қилиб нимани исботлади?", деган савол билан бошланиб, бунга, "Аксинча, Исроил барча дронларни уриб ташлади ва амалда ЦAХАЛнинг обрўси янада ошди. Исроилликлар онгида давлатга ишонч мустаҳкамланди. Фаластин қирғини фонида обрўсизланган ҳукумат мавқеини тиклаб олди. Норози кайфиятдаги мухолифларга ҳам Исроил ҳимояси билан жавоб берди", деган жавоб билан якунланган.
"Менимча, шу билан тугади, жавоб қайтармайди. Эрон ҳужумининг 99 фоизи қайтарилган бўлса, демак, Эрон ишлаб чиққан қуролларнинг фойдаси йўқ. Икки тараф учун ҳам бу катта иқтисодий йўқотиш бўлди, айниқса, Эрон учун", деган коментлар ҳам кўзга ташланган.
Яна бир коментда ёзилишича, "Эрон тайёр эмас, Эронни атайин тортишмоқда, Эрон буни истамаяпти".
Бошқасида эса, "Эрон ички муаммолар гирдобига тушиб қолиши мумкин. Бундан ташқи кучлар унумли фойдаланишга интилишади", - дейилган.
Яна бир интернет фойдаланувчиси фикрича, "На Эрон, на биронта Араб давлати урушга тайёр, Эронга ҳам ортиқча бош оғриқ керак эмас".
Бошқасига кўра эса, "Эрон қурол-яроғининг қанчалик кучга эга эканлигини Исроил билган ҳолда ҳужум қилган".
"Бу ерда уруш эмас, мушук-сичқон ўйини бўлаяпти".
Тулкин Киличев фикрича, "келишув музокараларини олиб борган маъқул".
"Урушнинг оқибатлари биз кутмаган ёмонликларга олиб келиши мумкин".
"У ерда қанчадан қанча ўзбеклар бор. Ишлаш учун кетганлар. Яқини бор инсонлар бор у ерда. Кўриб, қўрқиб кетдим", деган Насиба Абдуллаева.
Исроилдаги Ўзбекистон элчихонаси ҳали 12 апрель куни у ердаги ҳолат сабабли Исроилдаги ўз фуқароларини огоҳлантириб, эҳтиёткор бўлиш ва хавфсизлик чораларини кўришга чақирганди.
Эрон ҳужуми 'спектакл'миди?

Коментларда Эрон ҳужумининг "спектакль" бўлганига оид қарашларнинг ҳам оз эмаслиги эса, айрим маҳаллий таҳлилчиларнинг бунга ўз баҳоларини беришларига ҳам сабаб бўлган.
Жумладан, ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов кеча, якшанба куни ўзининг Facebook даги постида бунга ўзининг эътиборини қаратган.
Таҳлилчи, "Эроннинг Исроилга ҳужумини кўпчилик "спектакль" деб қабул қилибди. Катта, тўлақонли ва қақшатқич хужум билан қўрқитиш кампанияси ўртасида, катта масофа бор ва бу спектакль эмас.
Эроннинг мақсади - Исроилга катта талафот етказиш эмас эди. Мақсад - жиддийроқ жавоб қайтариш ва "урушдан қўрқмайман, урушга тайёрман, керак бўлса, ўзингни қўрқитаман", дейиш эди ва деди. Эрон ўз репутациясини ҳимоя қилиш учун жиддий иш қилди. Бу ҳужум, лекин қақшатқич эмас, инсоний талафотлар йўқ.
Лекин Эронда ракеталар ва дронлар кўп ва агар истаса, катта ва жиддий талофат етказа олади. Энди "тўп" Исроилнинг майдонида. Исроил ҳам бир томондан қўрқмаслигини кўрсатиши керак, иккинчи томондан катта урушга у ҳам тайёр эмас. Икки томон ҳам бир-бирини қўрқитишни истайди, лекин реал уруш қилиб, яраланишни ёки йиқилишни истамайди", - дея фикр билдирган.
Бугун, 15 апрель куни эса, пойтахт Тошкент "Марказий Осиё - Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" Стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирлигининг иккинчи учрашувига мезбонлик қилмоқда.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













