Собиқ Исроил жосуслик расмийси: Бош вазир Ҳамаснинг молиявий манбасини узиш имкониятини қўлдан бой берган

- Author, Жон Вейр
- Role, Би-би-си Панорама кўрсатуви
Исроил разведкасининг собиқ юқори мартабали зобитига кўра, Исроил Бош вазирида Ҳамасни пулсиз қолдириш имконияти бўлган, аммо у бу имкониятни бой берган.
Уди Леви Би-би-си "Панорама»га Бинямин Нетаняхуга Ҳамаснинг молиявий манбасини нишонга олишни маслаҳат берганини айтди.
Алоқадор мавзулар:
Унинг фикрича, шундай қилинганда Ҳамаснинг ҳарбий қудрати ошишига тўсқинлик қилинарди, бироқ жосуслик маълумотлари эътиборсиз қолдирилган.
Исроил Бош вазири идораси бу иддаоларга жавоб бермади.
Ҳамас жангарилари ўтган йилнинг 7 октябрида Исроил жанубига бостириб кириб, 1200 га яқин одамни ўлдирган ва 250 дан ортиқ одамни гаровга олган эди. Бир юз ўттиз нафар гаровга олинганлар бедарак йўқолган.
Ғазонинг Ҳамас томонидан бошқариладиган Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроилнинг ҳарбий қарши жавоби оқибатида 29 минг фаластинлик ўлган.
2016 йилгача Исроил жосуслик агентлиги Моссадда иқтисодий уруш бўлимига раҳбарлик қилган жаноб Левининг айтишича, у Нетаняхуга Ҳамасни "фақат молиявий воситалар ёрдамида" тор-мор этиш имконияти борлигини кўп марта айтган.
Унинг айтишича, Нетаняху бу таклифга ҳеч қачон жавоб бермаган.
Нетаняхунинг Ҳамаснинг молиявий масалалари билан шуғулланишни истамагани ва 7 октябрдаги ҳужум ўртасида боғлиқлик борлигига ишонасизми, деган саволга жаноб Леви аниқ жавоб берди.

"Ҳа, албатта, - дейди у. - Биз Ғазога келаётган катта пулнинг ўтказилиши олдини олишимиз учун жуда яхши имконият бор эди" ва "Ҳамас 7 октябрдаги каби ҳужумни амалга ошира олмаган бўларди".
Собиқ разведка раҳбари айтишича, Ҳамасга Ғазо сектори остида юзлаб километр туннеллар қуриш ва 30 мингга яқин армияга тўлаш учун "миллионлаб эмас, балки миллиардлаб доллар" керак бўлади.
Леви 2014 йилда Нетаняхуга билдирган бир молиявий манба Ҳамас томонидан назорат қилинган ва Туркиядан бошқарилган кўп миллион долларлик инвестиция портфелидир.
Левининг айтишича, Нетаняху маълумотларга жавоб бермаган.
Исроилни йўқ қилишга интилаётган Ҳамас шунчаки ҳарбий куч эмас. Бу Ғазо секторидан ташқарида ҳам молиявий ёрдамга эга сиёсий ҳаракатдир.
"Биз асосий ҳомийлар сифатида Қатар ва Эрон ҳақида гаплашдик, - дейди жаноб Леви, Нетаняху билан суҳбатлари ҳақида. - Туркия қайсидир маънода янада муҳимроқ эди, чунки у Ҳамаснинг молиявий инфратузилмаси бошқариладиган муҳим марказдир".

«Панорама" 2020 йилда олинган ҳужжатларни ўрганмоқда, уларда Ҳамас инвестиция портфели ҳажми кўринган. Бу 2018 йил бошида тугайдиган саккиз ойлик муддат манзараси эди. Исроил разведкаси Ҳамас ўз пулларининг бир қисмини қандай топаётганини кўрсатганини даъво қилмоқда.
Портфелга Саудия Арабистони, Жазоир, Судан, Миср, Форс кўрфази мамлакатлари ва Туркия каби Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги 40 га яқин компаниялар киради.
Инвестициялар қаторида йўл қурилиши, фармацевтика ва тиббий асбоб-ускуналардан тортиб туризм, тоғ-кон саноати, олтин қазиб олиш ва ҳашаматли кўчмас мулк лойиҳалари ҳам бор.
2022 йилдан бери ҳужжатларда санаб ўтилган олтита компания АҚШ Молия вазирлиги томонидан тўғридан-тўғри ёки билвосита Ҳамасга тегишли ёки назорати остида эканлиги аниқланган. АҚШ уларга нисбатан санкциялар қўллади.

Портфелда санаб ўтилган ҳар бир компания номи ёнида Ҳамас бошқарадиган ҳар бир холдингнинг қиймати кўрсатилган, уларнинг умумий қиймати 422 573 890 АҚШ долларидир.
Уларнинг катта қисми кўчмас мулк билан боғлиқлиги айтилади.
Ўз қийматини сақлаб қолган ва ижарадан даромад олиш потенциалига эга кўчмас мулк инвестициялари Ҳамас каби ташкилот учун "идеал йўлдир", дейди Том Китинг, Қироллик Бирлашган Хизматлар Институтидаги (ҚБХИ) Молиявий жиноятлар ва хавфсизликни ўрганиш маркази асосчиси.
АҚШ санкцияларига учраган компаниялардан бири Туркиянинг кўчмас мулк фирмаси Trend GYO ҳисобланади. Ҳужжатлар кўрсатишича, 2018 йилги ҳужжатда у бир неча марта Anda Turk деб аталган, бу унинг Trend бўлгуна қадар эски савдо номи бўлган ва Истанбул фонд биржасида рўйхатга олинган.
Trend'нинг собиқ раиси Ҳамид Абдулла ал-Аҳмар Ҳамаснинг 7 октябрдаги ҳужумларини олқишлади. У 2022 йилда ўз лавозимини тарк этган, аммо Trend'нинг бош компанияси раҳбари бўлиб қолмоқда.
2024 йил январь ойида Истанбулдаги конференцияда нутқ сўзлаганида, у шундай деди: "Ақсо операцияси севимли Фаластин ишғолдан озод бўлмагунча давом этади."
Бундан ташқари, у конференция иштирокчиларини "сионизмни ирқчи ва террористик ҳаракат сифатида жиноийлаштиришга" чақирди.
«Панорама» жаноб ал-Аҳмарга хат ёзди, аммо жавоб олмади.

Сурат манбаси, Getty Images
Trend АҚШ Молия вазирлигининг компания ва Ҳамас ўртасидаги алоқалар ҳақидаги айбловларини "адолатсиз ва асоссиз" деб айтди.
Туркия расмийлари Trend'ни ўрганиб чиқиб, "мамлакатимиз молия тизими суиистеъмол қилинмаган" ва Туркия халқаро молиявий қоидаларга амал қилган деб айтди.
Бироқ, Ҳамаснинг бошқа кўплаб узоқ муддатли молиявий манбалари бор.
Энг муҳим маблағ йиғувчилардан бири ҳозирда Ҳамаснинг Ғазо секторидаги сиёсий қаноти раҳбари Яҳё Синвар эди. Исроилга кўра, у Исроил қамоқхонасида ўтирганида Ҳамас учун маблағ йиғишни бошлаган. 1988 йилда Синвар фаластинликларни ўлдирганлик учун қамоққа ташланган ва Исроил учун жосусликда гумон қилинган.
Исроилнинг собиқ хавфсизлик ходими Мича Кубининг айтишича, у Синварни 150 соатдан ортиқ сўроқ қилган. Унинг айтишича, Синвар қамоқдан махфий хабарлар юбориш орқали Эрон билан алоқа ўрнатишга муваффақ бўлган экан.
2007 йилда Ҳамас ҳокимиятни қўлга киритганидан бир йил ўтиб, Исроил ва унинг қўшниси Миср Ғазо сектори блокадасини кучайтирди. Жаноб Қубининг айтишича, Синварнинг Эрон билан алоқалари унга блокада асоратини юмшатишга ёрдам берган.
"У алоқани бошлаш учун Эронга хабарчилар юборган. У улардан қурол юборишларини сўраган. Улар [Ҳамасга] керак бўлганда ёрдам беришга келишиб олишган.
Бу бошланиши эди."
Собиқ Моссад зобити Уди Левининг айтишича, Ҳамас учун пул ҳам Кўрфаз давлати Қатардан баъзан очиқ, баъзан яширин тарзда келган.

Исроил бу маблағнинг бир қисми нақд пул билан етказилганини тан олди. Улар Ҳамас ҳукуматидаги амалдорларнинг маошларини тўлаш ва Ғазо аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун ажратилган.
"Қатарликларнинг махсус элчиси бор эди, у ҳар ой шахсий самолётда Рафаҳга чамадон билан келади, Ғазога киради, уни Ҳамасга топширади ва қайтади, тамом", дейди жаноб Леви.
У «Панорама»га айтдики, "бу пулнинг катта қисми Ҳамаснинг ҳарбий қанотини қўллаб-қувватлаш"га кетган.
БМТ агентликлари, Европа Иттифоқи, Ғарбий Соҳилдаги Фаластин маъмурияти ва кўплаб хайрия ташкилотлари томонидан миллиардлаб ёрдам кўрсатилди. Ҳамма нарса инсонпарварлик мақсадлари учун мўлжалланган эди.
Қироллик Бирлашган Хизматлар Институтидан Том Китинг бу пул Ҳамаснинг ҳарбий қанотини субсидиялагани эҳтимоли бўлганини "тўғри баҳо" деб атайди. "[Ҳамас] бу пулларни туннель қуриш ёки армиясини қуроллантириш каби бошқа ишларга ишлатиши мумкин эди", дейди у.
Ҳамаснинг ҳарбий мақсадлари учун қанча донор пул ажратган бўлиши мумкинлигини билиш иложи йўқ.
Гуруҳ ёрдам пулини бошқа мақсадга йўналтирганини рад этади ва ҳарбий қанотининг ўз даромад манбалари борлигини айтади.

Сурат манбаси, Getty Images
Исроил Бош вазири Фаластин давлати тузилишига қарши эканлигини ва бу стратегик мақсад унинг Ҳамасни молиялаштириш борасидаги позицияси билан қандай боғлиқлигини аниқ айтди.
2019 йилда Нетаняху ҳукмрон Ликуд партияси аъзоларига шундай деган эди: "Ким Фаластин давлати тузилишига тўсқинлик қилмоқчи бўлса, Ҳамасни қўллаб-қувватлаши ва Ҳамасга пул ўтказиши керак... Бу Ғазо секторидаги фаластинликларни Ғарбий Соҳилдаги фаластинликлардан изоляция қилиш стратегиямизнинг бир қисмидир".
Ҳамасни Ғарбий Соҳилдаги рақиби Фатҳга самарали рақобатчи бўлиш учун етарлича кучли ушлаб туриш "якуний келишув бўйича музокаралар олиб борадиган бирлашган Фаластин раҳбарияти" бўлиши имкониятини йўққа чиқаради, дейди Фаластин-Исроил масалалари бўйича Вашингтондаги Яқин Шарқ институти таҳлил марказидадан Холид Элгинди.
Яқинда Нетаняху Ҳамасни кучайтириш истаги бўлганини рад этди ва фақат инсонпарварлик инқирози олдини олиш учун Қатар пулларини Ғазога киритганини айтди.
У ҳозир Ҳамасни йўқ қилишга ваъда бермоқда. Унинг айтишича, Ғазо секторида "терроризмни молиялаштирувчи элемент" бўлмайди.
Аммо Ғазонинг кўп қисмини вайрон қилиш ва кўплаб фаластинликни ўлдириш билан Исроил акс натижага эришаётган бўлиши мумкин.
"Эрон, эҳтимол, Ҳамасни қуроллантириш ва молиявий қўллаб-қувватлашда давом этади, - дейди жаноб Элгинди. - Аммо бундан ҳам асосийси, Ҳамас каби гуруҳ қуроллар, ресурслар ва бошқа имкониятларни қўлга киритишга имкон бўлса, улар бундан фойдаланади.
Чунки бунинг сабаблари йўқолмаган."
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














