Ҳамас қаердан ва қандай маблағ топади? Янгиликлар Dunyo Yangiliklar

Ҳамасни қўллаб қувватлаб ташкил қилинган намойиш

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳамаснинг қуролли қаноти бор, шунингдек, 2,3 миллион аҳоли яшайдиган Ғазони бошқаради

Ҳамаснинг молиявий таъминоти мураккаб ва туманли, унинг илдизлари Ғазо секторидан чиқиб, олисларга узанади.

АҚШ ва Европа Иттифоқи террорчи ташкилот сифатида кўрадиган Ҳамас халқаро банк тизимларидан узилган, ўн йиллача санкциялар остида бўлган ташкилот саналади.

Алоқадор мавзулар:

Шунга қарамай, унинг 7 октябр кунги Исроилга кутилмаган ҳужуми ва бунда минглаб ракеталар, дронлар ва юксак технологияли қурилмалардан фойдалангани унинг молиявий жиҳатдан қийналиб қолмаганини кўрсатади.

У қандай қилиб ўзини молиявий таъминламоқда?

Ҳамас 1987 йили ташкил топган исломий ҳаракат бўлиб, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий қаноти бор.

Унинг қуролли қаноти бўлмиш Изиддин ал-Қассам Бригадалари ўтмишда Исроилга қарши бир неча марта ҳужумлар, шу жумладан, худкушлик ҳужумлари уюштирган.

Айни пайтда, Ҳамас 2.3 миллион аҳоли яшайдиган ҳудудни бошқаради ва 50 000 атрофида хизматчилари бор.

Сиёсий ва ижтимоий ташкилот сифатида у солиқ тўплайди ва ҳаммаслак хорижий ҳукуматлар ва хайрия ташкилотларидан ёрдам олади. Аммо 7 октябрдаги ҳужумлар кўрсатдики, унда ҳарбий қуролларга ҳам етарлича имконият бор.

Бу исломий гуруҳнинг яна яширин халқаро инвестиция портфели ҳам бўлиб, халқаро санкцияларни четлаб ўтиш учун кўпинча криптовалюталардан фойдаланади.

Ғазодаги вайронагарчилик

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ғазодаги урушлар ва Исроил қамали ғазоликларни халқаро ёрдамларга қарам қилиб қўйган

Қатар

Дунёнинг энг бой давлатларидан бири бўлган Форс кўрфази мамлакати Қатар 2007 йилда Фаластиннинг Фатҳ гуруҳини Ғазодан қувиб солган Ҳамасни қўллаб-қувватлашда Туркияга қўшилган кам сонли ҳукуматлардан бири бўлган. Ўша йили Исроил Ғазони қамал қилганида, Қатар фаластинликларни гуманитар ёрдам билан қўллаб-қувватлашга қарор қилди.

2012 йили Қатарнинг ўша пайтдаги амири бўлган Шайх Ҳамад бин Халифа ат-Таний Ҳамас бошқараётган Ғазога ташриф буюрган биринчи давлат раҳбари бўлди ва охир-оқибат Исроил розилик берган миллионлаб доллар ёрдам ваъда қилган эди.

Қатар Суриядаги фуқаролар уруши туфайли Дамашқдаги тарихий штаб-квартирасини тарк этишга мажбур бўлган Ҳамасга ёрдам таклиф қилди - 2012 йилдан буён Ҳамас етакчиларига Доҳада яшашга рухсат берди.

Ташкилот раҳбари саналган Исмоил Ҳания ҳам, ундан олдинги раҳбар Холид Машъал ҳам, 2021 йил ёзида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгунга қадар Толибон етакчилари ҳам Қатар пойтахтида яшарди.

Шу тариқа Қатар Ғарб давлатлари террорчи деб ҳисоблайдиган гуруҳлар билан музокараларда асосий иштирокчи ва ўртакашга айланди.

Ҳамас ва Исроил ўртасидаги воситачиликни Миср қилиб келарди, ҳозир бу ролни биринчи навбатда Қатар ўйнамоқда. Буни ҳозир Ҳамас гаровга олган исроилликларни озод қилиш бўйича музокараларда кўряпмиз.

АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг йирик ҳарбий ҳозирлигига мезбон бўлган Қатар Исроилнинг Ғазо секторини қамали таъсирини юмшатиш учун йиллар давомида фаластинликларга миллиардлаб доллар гуманитар ёрдам юборди. Доҳанинг таъкидлашича, пуллар Ҳамас эмас, фаластинликлар учундир.

Бу ёрдам қанча экани номаълум, бироқ таҳлилчилар 2014 йилдан буён 1 миллиард доллардан 2,6 миллиард долларгача бўлганини тахмин қилмоқда. Бу пуллар Исроил билан турли урушлардан кейин Ғазо бўлгасини қайта тиклашга ёрдам берарди.

2016 йилда Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад ат-Таний ўз мамлакати "Ғазо секторидаги биродарлар азобини ва Исроилнинг адолатсиз қамали сабабли улар дуч келаётган жиддий молиявий қийинчиликларни енгиллаштириш" учун 113 миллион Қатар реали (тахминан 30 миллион АҚШ доллари) ажратишини маълум қилган эди.

Ойма-ой бериб турилган пул 50 мингга яқин Ғазо расмийлари маошларининг бир қисмини тўлашга, секторнинг электр тармоғини қувватлантириш учун ёқилғи сотиб олишга ва ҳар ой 100 доллардан энг камбағал оилаларга ёрдам беришга имкон берарди.

Маблағлар АҚШ ва Исроил билан келишилган ҳолда ўтказиларди, дейди Қатардаги Шимоли-ғарбий университетнинг Яқин Шарқ тадқиқотлар профессори Холид ал-Ҳруб Би-би-сига.

Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад ат-Таний ва Исмоил Ҳания Ғазода. 2012 йил

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 2012 йили Ғазога ташриф буюрган Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад ат-Таний Исмоил Ҳания раҳбарлигидаги Ҳамасга кучли дастак изҳор этган

Шайх Ҳамад бин Халифа ат-Танийнинг 2012 йилда Ғазога ташрифи унинг Исмоил Ҳания бошчилигидаги Ҳамасни астойдил қўллаб-қувватлашини кўрсатди.

"Фаластин ҳудудларига, жумладан, Ғазога оқиб келаётган долларлар, эҳтимол, дунёдаги энг кўп кузатилган доллардир, чунки АҚШ разведка идоралари ҳам, исроилликлар, иорданияликлар ва мисрликлар ҳам пулнинг бир қисми банклари орқали ўтаётгани сабабли бу миқдорларни диққат билан кузатади", дейди фаластинлик таҳлилчи, Ҳамас ҳақида бир қанча асарлар муаллифи.

Пул Доҳадан Исроилга оқиб келади. Сўнг банкнотларни Ғазога портфелларда Қатар элчилари сектор шимолидаги Эрез ўтиш жойи орқали олиб ўтади. Олинган пуллар почта бўлимлари ва супермаркетлар орқали бевосита мансабдор шахслар ва кам таъминланган оилаларга тарқатиларди.

Баъзи таҳлилчилар фикрича, бу халқаро ёрдамнинг бир қисми Ҳамаснинг қуролли қанотига ўтади.

Ҳамас буни доим инкор этиб келган. Ал-Ҳруб бунга далил йўқлигини айтади:

"Ҳамаснинг асосий иқтисодий муаммоси партияни ёки унинг қуролли қанотини молиялашда эмас, бу энг осони. Энг қийини Ғазо секторида жабр чекаётган миллионлаб фаластинликларни қўллаб-қувватлашдир ва Ҳамас бу босимни ҳис қилиб туради".

Қатар пули ва халқаро ёрдам, дейди фаластинлик таҳлилчи, "аввалдан муаммонинг илдизини эмас, балки симптомларни енгиллатувчи восита сифатида кўрилган".

Ғазодаги асосий гуманитар ёрдам ташкилоти БМТнинг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинлар бўйича агентлигидир (UNRWA). Агентликнинг ўзи ҳам мустақил органга йиллик ҳисобот беради.

"Пудратчилар, таъминотчилар ва ходимларга барча тўловлар террорчиликни молиялаштиришга қарши кураш қоидаларига бўйсунувчи банк муассасаси орқали амалга оширилади", деб тушунтирди агентлик сўзчиси.

Ҳамас раҳбари Исмоил Ҳания шу йил 5 ноябрида Эрон Олий руҳоний раҳбари Оятуллоҳ Али Ҳаманаий билан кўришди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳамас раҳбари Исмоил Ҳания шу йил 5 ноябрида Эрон Олий руҳоний раҳбари Оятуллоҳ Али Ҳаманаий билан кўришди

Эрон

Ҳамас Эрон бошчилигидаги, Сурия ва Ливаннинг Ҳизбуллоҳ исломий гуруҳи ва бошқаларни ўз ичига олган "Қаршилик ўқи" деб номланган иттифоқ аъзоларидан биридир. Уларнинг асосий муштарак жиҳати - Исроил ва Америкага қарши кайфиятдир.

Исроил таъсирини тийиб туриш ва оятуллоҳ ҳукумати омон қолишини таъминлаш учун Теҳрон минтақада иттифоқчилар тармоғини қурди ва уларга "молиявий, тренинг ёки қурол-яроғ билан" ёрдам беради, деб ёзади Чатам Ҳауснинг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка дастури директори Санам Вакил таҳлил маркази томонидан яқинда чоп этилган мақоласида.

Булар орасида Ҳамас ва бошқа Фаластин қаршилик гуруҳлари ҳам бор, уларни Эрон 1990-йиллардан буён қўллаб-қувватламоқда, дейди Вакил.

АҚШ Давлат департаментига кўра, бу қўллаб-қувватлаш доирасида Ҳамас, Исломий жиҳод ва Фаластинни озод қилиш халқ фронти ҳар йили 100 миллион доллар олади.

Ҳамас ва Эрон Суриядаги фуқаролар уруши пайтида келиша олмаган эди. Ҳамас Башар ал-Ассадни қўллаб-қувватлашдан бош тортган эди. "Эроннинг молиявий ёрдами ҳеч қачон тўхтамаган, улар сиёсий фаолият учун маблағнинг бир қисмини қисқартирган бўлиши мумкин, аммо қуролли гуруҳни молиялаш давом этган", дейди Метью Левитт, Вашингтон Яқин Шарқ сиёсати институти таҳлилчиси.

Ал-Ҳрубнинг айтишича, "Ҳамас Эрондан йилига қанча маблағ олаётгани номаълум, аммо пул олиши аниқ".

Ҳамас етакчиси Исмоил Ҳаниянинг ўзи 2022 йилда Ал-Жазира телеканалига берган интервьюсида Эрон унинг асосий донори эканлигини ва ракета тизимларини ривожлантиришга 70 миллион доллар ҳисса қўшганини тан олди.

Яқинда, Ҳамаснинг Исроилга ҳужуми эртасига Россиянинг Russia Today телеканалига берган интервьюсида Ҳамаснинг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Али Барака Эрон донорлар орасида "муҳим ва биринчи" эканини, пул ҳам, қуроллар ҳам беришини айтди.

Би-би-си Эрон Ташқи ишлар вазирлигидан бу масала юзасидан жавоб ололмади.

Солиқлар

Ғазодаги тамаки дўкони

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ғазодаги кўплаб товарлар, хусусан, тамакига кўп солиқ солинган, кўп солиқни эса маҳаллий ғазоликлар хуш кўрмайдилар

Ғазо секторининг бошқарув органи сифатида Ҳамас ҳар ой қанча тўплаши номаълум бўлса ҳам, импорт (жумладан, туннеллар орқали Мисрдан олиб кириладиганлар) ва бошқа тижорий фаолиятлар учун солиқ йиғади.

Бу рақам Ғазо Молия вазирлигининг 2016 йилда Би-би-сининг Ғазодаги мухбири Рушдий Абуалуфга билдирган 15 миллион доллардан тортиб, Метью Левитт каби таҳлилчилар келтирган 300-450 миллион долларгача бўлиши мумкин.

Бир нарса аниқ: БМТ маълумотига кўра, Ғазо сектори ишсизлик даражаси 45% ва урушдан олдин 80% аҳолиси гуманитар ёрдамга муҳтож бўлганига қарамай, улар анча юқори солиққа тортилади.

"Ғазо ва Ғарбий Соҳил даромад даражаси фарқли бўлса ҳам, бир хил бюрократик шаклда бошқарилади", дейди ал-Ҳруб. Шимоли-ғарбий университет профессори маълумотларига кўра, Ҳамас йиллар давомида "қамал зарарини қоплаш учун" қўйган бошқа солиқлар, масалан, сигареталар, жинсилар, транспорт воситалари ёки баъзи озиқ-овқатлар импорти ёки зарур бўлмаган озиқ-овқатларга қўшилган йиғимлар бор.

Левиттнинг айтишича, "Ҳамма нарсани солиққа тортсангиз, бу товламачилик, мафия амалиётига айланади".

Солиқлар ва тарифлар ошиши аҳоли ўртасида тартибсизлик келтириб чиқарарди, ҳатто импортчилар орасида ҳам баъзи норозиликларни уйғотарди, бу эса Ҳамас томонидан бостирилди.

Сармоя портфели

АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) маълумотига кўра, Ҳамаснинг 500 миллион долларга тенг активга эга халқаро инвестиция идораси мавжуд.

OFAC маълумотларига кўра, ушбу тармоқ Судан, Туркия, Саудия Арабистони, Жазоир ва Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатлардаги компанияларни ўз ичига олади. Шура Кенгаши ва Ҳамас Ижроия қўмитаси, унинг юқори раҳбарлари, ушбу инвестициялар портфелини назорат қилади.

Қуролланган Ҳамас жангчилари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроил ва АҚШ ишонишича, Ҳамаснинг сармоя портфелидан гуруҳнинг қуролли қаноти молиялаштирилади

Исроил ва АҚШ фикрича, Ҳамаснинг инвестицион портфели унинг қуролли қанотини молиялаштиради

Ўтган йили OFAC "Ҳамас маблағларини яшириш ва ювиш учун фойдаланилган" воситачилар ва компаниялар рўйхатини эълон қилди.

Вашингтон Ҳамасни террорчи ташкилот деб билади ва улар билан бизнес қилган ҳар қандай одамни жазолайди.

АҚШ келтирган компаниялар орасида Судан кон холдинг компанияси, Турк кўчмас мулк компанияси ва Саудия қурилиш компанияси бор.

Ўтган ой OFAC, шунингдек, Ҳамаснинг Теҳрондаги вакили ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси аъзоларини ўз ичига олган санкцияларнинг иккинчи босқичини эълон қилди.

Криптовалюталар ва хайриялар

Ҳамас Фаластин ҳудудлари, араб давлатлари ва минтақа ташқарисидаги тарафдорларидан хайрия пуллари олади, дейди ал-Ҳруб.

Бу хайр-эҳсонлар, кўпинча "закот" талабига мувофиқ Ҳамасни молиялаштиришга ёрдам беради.

Ҳаракатнинг турли филиаллари бор, шунинг учун у ушбу норасмий молиялаштириш манбалари орқали пул сўраганда, Ҳамас пул қуролли қанотини молиялаштиришга кетишини айтмайди, "балки мактаблар, касалхоналар ёки сиёсий кампаниялар учун деб пул сўрайди», дейди ал-Ҳруб, "Ҳамас: сиёсий фикр ва амалиёт" ва "Ҳамас: янги бошланувчилар учун қўлланма" китоби муаллифи.

Унинг эслашича, Иккинчи интифададан сўнг, АҚШ террорчилар деб ҳисоблаган гуруҳларни молиялаштиришни тўхтатиш учун Террорга қарши уруш кампаниясини бошлаганида, "Ҳамас жума намозидан кейин бир кун ичида 1,5 дан 2 миллион АҚШ долларигача пул тўплашга муваффақ бўлди".

Ҳамас хайрия ташкилотлари орқали пул йиғмоқчи бўлганида, "улар Ҳамасни молиялаштирамиз демайди, ўрнига қонга беланган бола суратини қўйишади, - дейди Метью Левитт, - пулнинг катта қисми охир-оқибат ҳарбий мақсадлар учун ишлатилиб кетади."

2019 йилдан бери ушбу хайрияларнинг бир қисми криптовалюталар орқали келган.

"Ҳамас биринчилардан бўлиб криптовалюталардан фойдаланган ёки ҳеч бўлмаганда криптовалютада хайрия сўраган", дейди TRM Labs компаниясининг сиёсат ва ҳукумат ишлари бўйича глобал раҳбари Ари Редборд. Унинг айтишича, гуруҳ бошда Биткойн ишлатган, аммо 2022 йилдан Трон криптовалютани қўшган.

Шиша қути ичидаги тилла тақинчоқлар олдида турган ғазолик бола. 2006 йил

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Шунингдек, Ҳамас ўзини ўзи фаластинликлар хайриялари билан ҳам молиялайди. Ушбу суратда 2006 йили Ғазода хайрия тўпланаётгани пайти акс этган

Криптовалюталар катта миқдордаги пулни оддий пул ўтказмаларига қараганда тезроқ ўтказиш имконини беради, бу эса технологияни "қонуний ва ноқонуний актёрлар учун жуда жозибадор қилади", дейди Редборд.

Бироқ, бу технологияни тобора мураккаб йўллар билан кузатиш мумкин, бу эса Исроил ва Қўшма Штатлар каби ҳукуматларга Ҳамасга криптовалюта хайрияларини самарали кузатиш имконини беради.

TRM Labs маълумотларига кўра, 2020 йилда АҚШ Адлия вазирлиги Telegram ва веб-сайтларда маблағ тўплаган Ҳамас билан боғлиқ 150 та криптовалюта манзилларини мусодара қилган.

"Исроил ҳукумати сўнгги йилларда юзлаб бошқа манзилларни ҳам мусодара қилди, шу пайтгача Ҳамас 2023 йил апрелида криптовалюталарда маблағ йиғишни тўхтатишини эълон қилди, чунки донорлар нишонга олинаётганди", дейди Редборд.

Донорлар одатда зўравонлик пайтларида энг кўп маблағ тўпласа ҳам, TRM Labs 7 октябрдан бери маблағ йиғишда кескин ўсишни кўрмади - бор-йўғи 20 000 доллар.

"Криптовалюталар терроризмни молиялаштириш жумбоғининг жуда кичик қисмидир", дейди Ари Редборд.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.