Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний Москвада дафн этилди

Москвада Навальний билан видолашиш учун келган одамлар

Сурат манбаси, youtube.com/@NavalnyRu

Москва шаҳридаги Борисовский қабристонида Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний дафн этилди.

У билан видолашишга минглаб одамлар тўпландилар.

Дафн маросимига тўпланганлар орасида Екатеринбург шаҳрининг собиқ ҳокими Евгений Ройзман, Россия президентлигига ўз номзодини илгари сурган Борис Надеждин, АҚШ, Германия ва Франциянинг Россиядаги элчилари бор эди.

Алоқадор мавзулар:

Борисовский қабристонига яқин черковга Навальний жасади солинган тобут маҳаллий вақт билан соат 2 яримларда олиб келинди.

Православ насронийларининг одати бўйича дафн маросими ўтказилди.

Навальний сафдошларининг хабарига кўра, маросим жуда тез якунланган.

Черков ва қабристон атрофида хавфсизлик чоралари бир неча кун олдиндан кучайтирилгани кузатилди.

Мухолиф сиёсатчи тарафдорлари черков атрофида тасвирга олинган фото ва видеоларни бўлашиб туришди, ўша ҳудудда мобил алоқа, Интернет атайин узилгани ҳақида хабар беришди мухолифатчилар.

Навальний жасади солинган тобутни кўтариб бораётган дафн маросими хизматини кўрсатадиган ширкатнинг тўрт эркак ходими

Сурат манбаси, Getty Images

Кўпчилик черков ичига киритилмадилар.

Навальний жасади черковдан олиб чиқилганида одамларнинг "Навальний", "Россия озод бўлади", "Путинсиз Россия", "Биз сени унутмаймиз" деган шиорларни ҳайқирганлари эшитилди.

Полиция бир неча кишини ҳибсга олган.

Жасад солинган автомобил йўлига гуллар отишди.

Черковдан Борисовский қабристонигача масофа икки километр, пиёда юрганда 30 дақиқалик йўл.

Шу куни қабристон ташриф буюрувчилар учун ёпилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Қабристонда Алексей Навальний жасади дафн этилаётган вақт машҳур қўшиқчи Фрэнк Синатранинг My Way ва "Терминатор 2" бадиий фильми учун басталанган мусиқа ижро этилди.

Яқинларига кўра, Навальний "Терминатор 2" фильмини жуда яхши кўрган.

Черковда Навальний билан видолашиш маросими

Сурат манбаси, Navalny team Telegram

Бир неча минг одам Навальний билан видолашиш учун қабристонга келганлар, полиция уларга халақит қилмади.

Маҳаллий вақт билан соат 17 да қабристон иш вақти тугаганидан кейин полиция тўпланганларни сиқиб чиқаришни бошлаган.

Путиннинг ашаддий танқидчиси 47 ёшли Алексей Навальний Россиянинг узоқ шимолидаги Ямал-Ненец ҳудудида қамоқда сақланаётган эди.

16 февраль куни у жазо колониясида сайрга чиққан вақти тўсатдан йиқилиб вафот этгани хабар қилинди.

Унинг аёли Юлия Навальная ва сафдошлари Россия Президенти Путинни Навальнийни қийноқларшга солиш ва ўлдиришда айблайдилар.

Юлия Навальная эрининг ўрнига мухолифат етакчилигини давом эттирмоқчи эканини эълон қилди.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.