Юлия Навалная: Россия Президенти Путин эримни нега ўлдирганининг аниқ сабабини биламан

Юлия Навалная Европа Кенгаши президенти Шарл Мишел билан учрашди.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Юлия Навалная Европа Кенгаши президенти Шарл Мишел билан учрашди.
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Россия турмасида вафот этгани айтилган мухолифат лидери Алексей Навалнийнинг беваси Брюсселда Европа вазирлари билан учрашар экан, ўз эрининг "озод Россия" учун курашини давом эттиришини айтди.

Шунингдек, Юлия Навалная мухолифат учун видео-мурожаат чоп этиб, ўз турмуш ўртоғининг ўлимида Президент Владимир Путинни айблади.

"Биз Путин уч кун аввал Алексейни нега ўлдиргани бўйича аниқ сабабни биламиз. Яқин орада сизга айтиб берамиз", - деди у.

Аввалроқ, Навалнийнинг онаси ва адвокатлари унинг жасади сақланаётгани ишонилган ўликхонага киришларига тўсиқ қўйилган.

Навалнийнинг воизи Кира Ярмиш Х да ёзар экан, адвокат ўликхонадан "итариб чиқарилган"и ва ходимлар жасад қаерда экани борасидаги саволларга жавоб беришдан бош тортаётганларини айтди.

BBC

"Улар алдашяпти, вақтдан ютишга уринишяпти ва буни яширишмаяпти ҳам", деб ёзади Ярмиш.

Қамоқхона раҳбарияти Навалний жума куни Арктикадаги турмада "тўсатдан ўлиш синдороми"га учраганини айтган, аммо унинг иттифоқчилари у Президент Путин буйруғи билан йўқ қилинганини айтишмоқда.

Кремл буни рад этган.

Юлия Навалная ўз эрининг тарафдорларини таслим бўлмасликка ва ўз атрофида бирлашишга чақирди.

16 февраль, жума

Aleksey Navalniy

Сурат манбаси, Getty Images

Шифокорлар Навальнийнинг ўлими сабабларини аниқлаши керак; Россия президенти Владимир Путинга Навальнийнинг ўлими ҳақида хабар берилди, демоқда Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков. Хабар тафсилотлари келишда давом этмоқда.

Россия: Навальний уйига эмас, қамоққа қайтди - BBC News O'zbek

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Ўлим хабари

Россия Федерал Жазони ижро этиш хизмати мухолифатчининг ўлими ҳақида хабар берди.

Бу ҳақда хизматнинг Ямало-Ненецк автоном округи бошқармаси сайтида маълум қилинди.

Хабарда айтилишича, "Алексей Навальний бугун, 16 февраль куни айланиб келгач, ўзини ёмон ҳис қилган ва бир зумда ҳушини йўқотган".

Баёнотда таъкидланишича, муассасанинг тиббиёт ходимлари зудлик билан етиб келишган ва "Тез ёрдам" ҳам чақирилган.

Iqtibos

"Барча зарур жонлантириш чоралари қилинди, бироқ улар ижобий натижа бермади. Тез тиббий ёрдам шифокорлари маҳкумнинг ўлимини тасдиқлашди. Ўлим сабаблари аниқланмоқда", - дейилади Жазони ижро этиш федерал хизмати баёнотида. Иқтибос Россиянинг "Интерфакс" ахборот агентлиги томонидан келтирилган.

"Алексей Навальний оиласининг қарорига кўра, мен умуман ҳеч нарсани шарҳламайман. Ҳозир аниқлик киритаяпмиз. Ҳимоячиси Алексей билан чоршанба куни кўришган. Ўшанда ҳаммаси яхши эди", - деб айтган унинг адвокати Леонид Соловьев "Новая газета"га.

Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш сиёсатчининг ўлими ҳақидаги маълумотни ҳалича тасдиқламаган.

Расман маълум қилинишича, ФСИН Навальний вафот этган колонияга ўз ҳайъатини юбормоқда.

Россия Телеграм-каналларининг хабар беришича, мамлакатнинг қатор шаҳарларида сиёсий қатағон қурбонлари ёдгорликлари пойига гуллар қўйила бошланган.

Шу соатларда дунёнинг қатор етакчи давлатлари лидерлари ҳам Алексей Навальний ўлими билан боғлиқ янгиликка ўз муносабатларини билдиришни бошлашган.

Жумладан, Германия канцлери Олаф Шольц Украина президенти Володимир Зеленский билан қўшма матбуот анжумани чоғида: "Навальний ўзининг Россияга қайтиш жасорати учун ўлими билан жавоб бергани"ни айтган.

Стив Розенберг, Би-би-си Россия муҳаррири

Aleksey Navalniy

Сурат манбаси, Getty Images

"У хавотирда эди. Унинг оиласи, ёрдамчилари хавотирда эдилар, айниқса, у мамлакатнинг Арктика ҳудудидаги қаттиқ тартибли ва кўздан панада жойлашган колониялардан бирига ўтказилгандан кейин. Хусусан, 2020 йили Сибирда "Новичок" марказий асаб тизимини фалажловчи модда билан заҳарланганини назарда тутсак, хавотирлар мавжуд эди".

"У ҳали кечагина қамоқхонадан видеолинк орқали чиққанди. Айтиш мумкинки, кўриниши ёмон эмасди, қувноқ эди, маҳкамада одамлар билан ҳазиллашганди. Хуллас, унинг ўлими ҳақидаги хабар мутлақо кутилмаган бўлди".

Алексей Навальний

Коррупцияга қарши кампаниялари билан танилган Алексей Навальний Президент Владимир Путин мухолифларининг энг ёрқин вакилларидан бири бўлган.

У Путин партиясини "фирибгар ва ўғрилар" уяси деб атаган, президентнинг тузумини "Россия қонини сўриб ётганлик"да айблаб, қурилаётган "феодал давлат"ни яксон қилишга ваъда бериб келган.

Алексей Навальний ҳаётлигида ҳукуматга қарши қатор намойишларга етакчилик қилган.

Аммо унинг энг катта - Путинга сайловда рақиблик қилиш орзуси амалга ошмаган.

У 2020 йил августида заҳарланганидан кейин кома ҳолатида Берлинга олиб кетилган, россиялик таниқли мухолифатчи "Новичок" кимёвий қуроли билан заҳарланганини Германия, Франция ва Швециядаги лабораториялар тасдиқлаган.

Россия раҳбарияти Навальнийни заҳарлаш ортида давлат турганини рад этишган.

Мухолифатчи заҳарланишидан беш ой ўтиб, Германиядан Россияга қайтган. Аммо аэропортнинг ўзидаёқ ҳибсга олинганди.

Мухолифатчининг ўлимига оид хабар у ўзининг жазо муддатини Арктика ҳудудида жойлашган Харп қишлоғидаги махсус тартибли колонияда ўтаётган пайтда олинган.

Ўтган йилнинг август ойида Москва шаҳар суди Навальнийни "экстремистик иш"да айбдор, деб топиб, 19 йилга озодликдан маҳрум қилган ва уни махсус режимли колонияга ўтказишга қарор қилган.

Владимир вилоятида эса, у қаттиқ тартибли колонияда сақланган.

Навальний бундан аввал шартли озодликдан маҳрум қилиш қоидаларини бузганлик, фирибгарлик ва судга ҳурматсизлик учун тўққиз йилга ҳукм қилинган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek