Россия: Навальний комада. Шифокорлар уни Германияга чиқармаяпти - Rossiya Видео

Сурат манбаси, Getty Images
Россиялик шифокорлар заҳарлангани тахмин қилинаётган етакчи мухолифат фаоли Алексей Навальнийнинг Омскдаги шифохонадан Германиядаги клиникага кўчирилишига рухсат берилмаслигини айтишган.
Навальнийни даволаётган бош шифокорнинг сўзларига кўра, унинг ҳолати бошқа жойга кўчирилишига изн бермайди.
Аммо мухолифат фаолининг матбуот котиби ушбу қарорни Алексей Навальний "ҳаётига тўғридан-тўғри таҳдид" деб атаган.
Германиялик фаоллар уни Берлинга олиб келиш учун самолёт юборганлар.
Алексей Навальний Россия Президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси ҳисобланади.
У пайшанба куни авиапарвоз вақтида ўзини ёмон ҳис қилган ва кейинроқ ҳушидан кетган.
Алексей Навальний қандай ҳушидан кетган? Видео:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Навальний жамоаси аэропорт емакхонасида унинг чойига заҳар қўшиб берилган, деб гумон қилмоқда.
Омск шаҳридаги 1-сонли шифохона бош ҳакими Александр Мураховский жума куни журналистларга Навальнийнинг ҳолати бироз яхшилангани, аммо ҳануз беқарорлигини маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, Навальний шифохонадан бошқа жойга олиниши учун масаланинг ҳуқуқий жиҳатлари ҳал қилиниши керак.
Аммо Навальнийнинг сафдошлари унинг Омск шифохонасида қолиши "фожиали оқибатларга олиб келиши мумкинлиги"ни айтишмоқда.
"Навальнийнинг кўчирилишига қўйилган тақиқ унинг ҳаётига шифокорлар ва расмийлар томонидан қилинаётган суиқасддир", деб ёзган Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш Твиттерда.
Санитар авиация хизмати қаерда?

Сурат манбаси, EPA
Берлинда жойлашган "Кино тинчлик учун жамғармаси" Алексей Навальнийни Германияга олиб келиш учун самолёт ҳозирлаганини айтган.
Ташкилотга кўра, россиялик фаолни муолажа қилиш учун Берлиндаги Charit клинакаси аллақачон тайёрлаб қўйилган.
Ташкилотчиларнинг айтишларича, самолёт зарур тиббий техника билан жиҳозланган ва унинг бортида кома ҳолатига тушган беморларни даволовчи шифокорлар бор.
Путиннинг ашаддий танқидчиси
Махсус самолёт Берлиндан жума куни етиб борган.
Аввалроқ Германия ва Франция раҳбарлари Ангела Меркел и Эммануэл Макрон Навальнийга ёрдам беришга тайёр эканликларини айтишган.
"У биздан барча ёрдам ва зарур тиббий муолажани олиши мумкин", деб айтган Канцлер Меркел.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Путиннинг матбуот котиби пайшанба куни Кремль, зарур бўлгани тақдирда, Навальнийни кўчиришга ёрдам беришини айтиб, унга "тезроқ соғайишини"ни тилаган.
Навальнийга нима бўлган?
Алексей Навальний Томскдан Москвага учаётган вақти ҳушидан кетган ва самолёт Сибир минтақасидаги Омск шаҳри аэропортига фавқулодда қўнган.
"Алексей заҳарланган", деб ёзган унинг матбуот котиби Кира Ярмиш.
Ижтимоий тармоқларда тарқаган видеода Навальний аэропортнинг учиш йўлаги бўйлаб замбилда тез ёрдам машинасига олиб чиқилаётганиин кўриш мумкин.
Бошқа бир видеода парвоз пайти оғриқ ичидаги Навальний кўринади. Павел Лебедев исмли йўловчи Навальнийнинг "оғриқдан додлагани"ни эшитганини айтади.
Яна бир суратда Навальний Томск аэропорти кафесида чой ичаётганини кўриш мумкин.
Кира Ярмишнинг сўзларига кўра, Навальний кома ҳолатида олиб келинган шифохонада вентиляторга уланган.
Унинг айтишича. шифохона дарҳол полиция ходимлари билан тўлган ва Навальнийнинг кийимлари мусодара қилинган.
Навальнийнинг рафиқаси Юлия Навальная аввалига шифохонага қўйилмаган. Ярмишнинг айтишича, рафиқасига бемор ўзини кўришларига розилик бермаганини айтишган.
Аммо кейинроқ Навальная эри ётган палатага қўйилган.
Шунингдек, шифокорлар аввалига беморнинг ҳолатига доир маълумотларни беришдан бош тортганликлари айтилади.
Ҳолати қандай?
Кира Ярмишнинг сўзларига кўра, Навальнийнинг оила-аъзолари хавфсизлик сабаблари туфайли уни Германиядаги клиникага кўчиришни истайдилар.
Жума куни бош шифокор Мураховский журналистларнинг Навальний заҳарланган ёки йўқлиги ҳақидаги саволларига жавоб беришдан бош тортган.
У бешта эҳтимолий ташхис мавжудлиги ва таҳлиллар натижаси икки кун ичида чиқишини айтган.
Интерфакс агентлигининг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, шифокорлар дастлабки ташхисни "номаълум психодислептик модда билан захарланиш" тарзида қўйишган.
Би-би-си бу маълумотни мустақил манбалардан тасдиқлаш имконига эга бўлгани йўқ.
"Эхо Москвы" радиоси билан суҳбатда Кира Ярмиш Навальний "қасддан заҳарлангани"га шубҳаси йўқлигини айтган.
ТАСС давлат хабар агентлиги эса полиция зобитининг "биз унинг ўзи кеча бирон нарса ичганини истисно қилмаймиз" деган сўзларига ўрин берган.
Навальнийнинг сўзчиси бу иддаони "мутлақ бемаъни" дея рад этган. Унинг сўзларига кўра, бир кун аввал Навальний дарёда чўмилган ва ҳушёр бўлган.
Алексей Навальний ким?
Навальний ҳокимиятнинг юқори доираларидаги коррупция ҳолатларини фош этиши билан ном чиқарган.
У Путиннинг иқтидордаги "Ягона Россия" партиясини "товламачилар ва ўғрилар" деб атаган ва бир неча марта қамоққа ташланган.
Шу йилнинг июнь ойида у Путиннинг тўрт муддатдан сўнг яна икки муддат президентликка сайланишига изн берадиган референдумни "давлат тўнтариши" ва "конституциянинг оёқ ости қилиниши" деб атаган.
2011 йилда Путиннинг "Ягона Россия" партияси ғалаба қозонган парламент сайловларида овозларнинг сохталаштирилишига қарши ўтказилган намойишлар ортидан Навальний 15 кунга қамалган.
2013 йилда у давлат мулкини ўзлаштириш айби билан қисқа муддатга қамоққа ташланган, аммо айбларни сиёсий, дея рад этган эди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 3
Навальний 2018 йилги президент сайловларида номзод сифатида қатнашишга ҳаракат қилган, бироқ судланганлиги важидан рўйхатга олинмаган.
У 2019 йилда рухсат этилмаган намойишларга чақиргани учун 30 кунлик қамоққа маҳкум этилган.
Ўтган йили Навальнийнинг "Коррупцияга қарши кураш жамғармаси" Россияда расман хорижий агент деб эълон қилинган.
Бу расмийларга ташкилот фаолиятини кўпроқ тафтиш қилиш имконини беради.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













