Навальний: Марҳум қандай одам эди – ўзбекистонликлар Путиннинг ашаддий танқидчиси ўлимига қандай муносабат билдирмоқда?

Сурат манбаси, Getty Images
Бир вақтлар "у ерда Пушкинни билишмайди" деган сўзлари билан ўзбекистонликларга яхши танилган рус мухолифатчиси Алексей Навальнийнинг ўлими тўғрисидаги хабар Ўзбекистонда турлича қабул қилинган. Кимдир уни қаҳрамон деса, кимдир у миллатчи бўлганини таъкидламоқда.
Путиннинг ашаддий танқидчиси Алексей Навальний Ўзбекистонда, асосан, коррупцияга ботган рус амалдорларини фош этувчи суриштирувлари ортидан танилган эди.
Бироқ кўплар рус мухолифати етакчиси дейилган Навальнийни сиёсий машҳурликка эриша бошлаган йилларида Марказий Осиёдан келган меҳнат мигрантлари ҳақида айтганлари билан ҳам эслайди.
Эндиликда, мухолифатчи олис шимолдаги колонияда ноаниқ шароитда оламдан ўтар экан, ўзбек жамоатчилиги унинг ўлими ҳақидаги хабарни турлича қабул қилмоқда.
Навальний ўтган жума куни Шимолий Сибирдаги колонияда вафот этгани хабар қилинган.
Мухолифатчи ўлими сабаби ҳозиргача номаълум.
16 февраль кунги расмий хабарда эса у жазони ижро этиш колонияси бўйлаб "айланиб келгач, йиқилган ва бошқа ҳушига келмаган"и айтилади.
Навальнийнинг ўлими тўғрисидаги хабар дунё бўйлаб зудликда акс-садо берар экан, ўзбекистонликлар ҳам уни фаол муҳокама қила бошлаган.
Бироқ ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида хотирлаш ёки қайғу билдириш билан бирга мавзу устидан баҳслар ҳам кўп кузатилган.
Қаҳрамон
16 февралдан буён қолдирилган изоҳлар ва постларда кўплаб ўзбекистонликлар Навальнийни "ёвузликка қарши курашган шахс" ўлароқ билиши кўзга ташланади.
Facebook фойдаланувчи Бобур Баҳодиров у "эркин Россия учун курашган қаҳрамон" сифатида тарихда қолишини тахмин қилган.

"У ҳақида кўплаб китоблар ва кинолар ишланади, оила аъзолари ва дўстларидан уни хотирлаб, интервьюлар берадилар, лекин ҳозир эмас", ёзади у.
Тармоқ фаоли Отабек Умар эса Навальнийни "аждарга тик боқишдан қўрқмаган инсон" дея атаган.
"Алексей Навальний оддий биологик индивид эмас, балки кураш ва ҳақиқат тимсоли бўлишни танлади. У Исо пайғамбарнинг йўлидан бориб, қавми учун ўзини қурбон қилди", фикр билдирган фаол.
Навальнийга ихлоси бўлганини билдирган бошқа бир фаол Сардор Салим рус мухолифатчиси ўлими ортидан "эзгулик ёвузликни енгишига бўлган ишонч"га дарз кетгани ҳақида ёзган.
"…Навальний Владимир Путинни қачондир енгишига, бу эса автоматик тарзда Путинга вассал бўлмиш пост-совет ҳудудида ҳам жўяли ислоҳотлар ва фаровон ҳаёт бошлаб беришига умид қилаётган эдик. Навальнийнинг ўлими бу умидларни чил-парчин қилди", таассуф билдирган фаол.
16 февраль куни тарқалган хабарлар остига кўплаб ўзбекистонликлар "бу кеча йиғлаб чиқиши"ни ёзиб қолдирган.
Таниқли телебошловчи Дилдар Исламова мухолифатчининг ўлими тўғрисидаги илк хабарларга ишона олмаганини маълум қилган.
"Кеча раддия кўраман, деб ўйлагандим… лекин, йўқ… Мен ҳам бошқалар каби ҳайрон бўлгандим - нима учун у ортга қайтди? Нега? У нима учун ва негалигини билганди. У руҳлантирувчи тимсол. Ўлдириб, уни янада буюклаштирдингиз".
Тармоқ фойдаланувчиси Шариф Худойбердиев ҳам ўхшаш фикрни илгари сурган:
"Агар Навальный ўлмаган ва бу бир Ғарбни синаш учун ижтимоий синов бўлганида, жуда хурсанд бўлган бўлардим".
Сиёсий таҳлилчи Юрий Саруханиан Навальнийни "ўз принциплари учун ўзини қурбон қила оладиган даражадаги инсон" деб билиши ва у Путин ҳукумати қурбонига айланган, деб ҳисоблашини таъкидлаган.
"Норози одамларни қамоққа ташлайдиган ҳокимиятни эса кучли, деб ҳисоблаб бўлмайди. Бу ҳокимият жиноятчими - ҳа. Қўрқоқми - сўзсиз. Лекин кучли эмас. Сабаби кучли ва ўзига ишонган [ҳокимият] атрофини ахталанган матбуотдан ясалган қалқон билан ўрамасдан, ҳақиқат устидан монополия ўрнатиб олмасдан, ўзгача фикрлайдиганлар билан қўрқмай мулоқотга кириша олади", фикрини якунлаган таҳлилчи.
Фикр билдирган ўзбекистонликларнинг бир қисми Навальнийнинг ўлимини Путин режимининг "одамийлик чегараларини тан олмай қўйгани"дан дарак, деб ўйлаши ҳақида ёзган ва Кремлнинг қаҳрга тўлиб бораётгани Ўзбекистонга ҳам таъсир кўрсатишидан хавотир билдирган.
Шундай манзарада, Навальний Россияда ҳокимият тепасига келиб, мавжуд режимни ўзгартиришини умид қилган ўзбекистонликлар кўпчиликни ташкил этиши кўзга ташланган.
Шу билан бирга қатор фикр билдирувчилар Навальнийнинг коррупционерларни фош этган суриштирувларидан илҳом олгани, Ўзбекистонда ҳам "ана шундай қаҳрамон" майдонга чиқишини орзу қилгани ҳақида ёзган.
"Навальнийнинг қатл этилиши ўша Путин майдалиги назариясига яққол ва инкор қилинмайдиган далил бўлди. Тарих китобларида яшовчи одамни ўша китобларда қўрқоқ деб аташади, у ўлдирган рақибини эса мард дейишади. Бу таъриф адолатли бўлади деб ўйлайман. Чунки ҳақиқатдан Навальнийдек мард сиёсатчилар ҳар авлодда ҳам чиқавермайди", ёзган иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов.
Ксенофоб
Кўплаб ўзбекистонликлар Навальнийнинг кутилмаган ўлимидан ларзага келганини билдирган бир вақтда, унга "аза тутмаслик керак"лиги таъкидланган фикрлар ҳам етарлича қолдирилган.

Бу мазмунда изоҳ ёзган ўзбекистонликларнинг аксари Навальнийни "ксенофоб ва миллатчи" шахс ўлароқ билганини маълум қилган, у "марказий осиёликларга қарши айтган сўзлар"ни ёдга олган.
"Наҳотки, Навальнийни биз учун яхши деб ўйласаларинг. Навальний Путиндан 10 баробар баттар одам эди. Миллатчи ксенофоб. У биз ҳақимизда нималар деганини эшитиб туриб ҳам, шундай дейиш билмадим қайси ақлга сиғади", фикр билдирган X тармоғи фойдаланувчиси.
"Қилган иши Путин ҳақида гапириш бўлди, холос. Нимасига бунча сиқилади булар?" ҳайрон бўлган бошқа бир фойдаланувчи.
Айрим ўзбекистонликлар эса Навальнийни "империалист" бўлганликда айблаган.
Шунингдек, фикр билдирувчиларнинг бир қисми рус мухолифатчисига "аза тутишга вақт кетказмасдан, ичкаридаги муаммолар ҳақида бош қотириш"га чақирган.
Изоҳлар орасида Алексей Навальнийни нафақат "миллатчи", балки "мусулмонларга қарши шахс" ўлароқ билганини ёзган ўзбекистонликлар ҳам кўринган.
"У Москвада янги масжидлар қурилиши учун ер ажратилишига қарши чиққан. Москвада 3 миллион мусулмон яшаб турган пайтда 4 та масжид бутун шаҳардаги мусулмонларга етади, деб ҳисоблаган", дея унинг Ўзбекистонда хотирланишига қарши эканини ёзган Дониёр Мадатов номли фойдаланувчи.
Навальнийга қайғуриш Фаластинда оғир вазиятда қолаётган инсонларни "эсдан чиқартириб қўйиши"дан хавотир билдирилган изоҳлар ҳам кўзга ташланган.
Бироқ Навальнийга нисбатан салбий бўёқларда қолдирилган изоҳларнинг аксар қисмида фикр билдирувчи ўзбекистонликлар Путинни қўллашини очиқ кўрсатган.
"Мухолифатга ўрин йўқ Россияда. Бу Европага сотилиб, ҳақиқат учун кураш қаҳрамони қилиб ўзини кўрсатиб, туҳматлар ёғдириб, Россияни Европага қўш-қўллаб топширмоқчи эди. Яхши бўлибди", мухолифатчи ўлимидан хурсандлигини яширмаган Суннат Бек исмли Facebook фойдаланувчиси.
"Навальнийни биз ўлдирмадик"
Ижтимоий тармоқдаги ўзига хос баҳс давом этар экан, бефарқ бўлмаган ўзбекистонликлар пойтахт Тошкентнинг бир неча нуқталарида россиялик мухолифатчи хотирасига ҳурмат бажо келтирган.

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Журналист Никита Макаренко 17 февралга ўтар кечаси одамлар Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси биноси ташқариси ва "Шаҳидлар хотираси" хиёбонига гуллар олиб келаётгани ҳақида хабар қилган.
Кейинроқ, бундай рамзий хотира жойлари Тошкент телеминораси ости, Тарас Шевченко ҳайкали пойи ва Космонавтлар майдонида ҳам пайдо бўлган.
Бироқ тонг саҳарда олинган суратлардан "Шаҳидлар хотираси" хиёбони ва телеминора остидаги ёдгорлик белгилари номаълум шахслар томонидан олиб ташлангани маълум бўлган.
"Мана ўша жой. Фақат шамларнинг излари қолган. Ҳаммасини олиб ташлашибди", деган воқеа жойидан олинган видео муаллифи.
Gazeta.uz нашри 17 февраль кундузи куни ҳам ўнлаб Тошкент яшовчилари қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган ёдгорлик пойига гуллар қўйгани, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари гул қўйишга тўсқинлик қилмагани, аммо ёдгорлик ёнида турмасликни сўрагани ҳақида ёзган.
"Келганлардан яна бири гуллар билан бирга Навальнийнинг суратини олиб келган, бироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари "сиёсатни бу ерда бошламасликни" сўраб, уни ёдгорлик ёнида қолдиришга рухсат беришмаган. Эътирозларга жавобан Миллий гвардия вакили "уни биз ўлдирмаганмиз" деб таъкидлаб, йиғилганларга сиёсатчи учун уйида мотам тутишини таклиф қилди", дея хабар қилган ҳолатга гувоҳ бўлган Gazeta.uz мухбири.
Умуман олганда, Ўзбекистон каби авторитар саналадиган мамлакатларда сиёсий тизимга қарши турган инсонларни фаол муҳокама қилиш у қадар кузатилмасада, ҳам ўзбекистонликлар, ҳам маҳаллий матбуот таниқли рус мухолифатчисининг ўлими борасида нисбатан эркин гапира олгани кўзга ташланган.
Зиддиятли Навальний

Сурат манбаси, AFP
Алексей Навальнийнинг Марказий Осиёдаги имижи узоқ йиллар давомида турли омиллар сабаб мураккаб бўлиб келган.
Аксар ўзбекистонликлар марҳум мухолифатчига Россия давлат телевидениеси ёйган тасвир орқали қараган бўлса, яна кўплаб инсонлар, айниқса, меҳнат мигрантлари уни марказий осиёликлар ҳақида билдирган фикрлари орқали таниган.
Коррупцияга ботган амалдорларни фош этувчи фаол сифатида 2010 йилдан Россия сиёсий саҳнасида ўз ўрнини эгаллар бошлаган Навальний фаолиятининг илк даврида зиддиятли популист қарашлар етарлича кузатилган.
У ўнгчи рус миллатчилари маршларида иштирок этган, Марказий Осиё ва Кавказдан мигрантлар келишига қарши экани ҳақида очиқ гапирган, Қримнинг Россия томонидан аннексия қилинишини билвосита ёқлаб чиққан.
"Марказий осиёлик муҳожирлар ўзи билан наркотик олиб келади", деган Навальний 2012 йилда берган интервьюсида.
Шунингдек, айни интервьюда у "Тожикистон ва Ўзбекистондан келган ажойиб одамлар" учун виза режими жорий этилиши тарафдори эканини билдирган.
2013 йилда Москва мерлиги учун ўз номзодини илгари сурган Навальний сиёсий дастурининг асосий қисми мигрантларга қарши чора-тадбирлардан иборат экани ўша вақтда матбуот эътиборини тортган эди.
Шунингдек, ўзбекистонликлар Навальнийни унинг Пушкин ҳақида айтган сўзи ортидан яхшироқ таниган эди.
2017 йил ёзида "Дождь" телеканалида эфирга узатилган кўрсатувда журналист Ксения Собчак билан мулоқот қилган Алексей Навальний "Ўзбекистонда Пушкин ким эканини ҳеч ким билмаслиги"ни айтган эди.
Бунга жавобан ўнлаб ўзбекистонликлар флешмоб бошлаб, Пушкин шеърларини ўқиган, рус тили ва маданиятини билишини кўрсатган ҳамда Навальнийни мамлакатни яхши билмасликда танқидга тутганди.
Шунга қарамай, мигрантларга қарши риторикалар, миллатчилик кайфиятидаги чиқишлар марҳум сиёсатчи фаолиятининг асосий қисмини ташкил этмаган, бу мавзуларда у билан юз берган зиддиятли ҳолатлар бармоқ билан санарли.
Кузатувчилар 2016 йилдан Алексей Навальний ўз чиқишларида миллатчи кайфиятни кескин камайтирганини пайқай бошлашган.
Ўша вақтда, айрим таниқли журналистлар ва таҳлилчилар 2018 йил ўтадиган Россия президенти сайловига номзодини қўйган Навальний ўзининг либерал сиёсатчи ўлароқ имижини сақлаб қолиш учун ҳам миллатчи қарашлардан воз кеча бошлагани ёки уларни очиқ кўрсатмасликни афзал топганини тахмин қилган эди.
Кейинроқ мухолифатчи ўтмишда билдирган бир қанча зиддиятли фикрлари учун афсусда экани ҳақида гапирган, узр сўраган.
Жумладан, 2020 йилда берган интервьюсида "Ўзбекистонда Пушкинни билишмайди" деган сўзларини ёдга олиб, ўшанда "бемани ва ортиқча гап айтгани"ни тан олган.
"Ўзбекистон улкан мамлакат, ўнлаб миллион аҳолиси бор ва у ерда кўпчилик Пушкин кимлигини билади. Кимдир билмайди, лекин Россияда ҳам кимдир билмайди", деган марҳум.
Унинг ўлимидан сўнг ўзбекистонлик таниқли иқтисодчи Отабек Бакиров мухолифат фаоли пропаганда орқали меҳнат мигрантларига "бегоналаштирилган"и ва "биратўла олабўжи қилиб кўрсатилган"и ҳақида ёзган.
"Пропаганда уни Путиндан фарқи йўқ, миллатчи, доҳийликка даъвогар янги империячи ўлароқ тасвирларни ўзбекистонлик мияларга ҳам қуйишни уддалаган. Уни ўрганмаган, яхши билмаган мутлақ кўпчилик бунга ишонган. Ҳалиям ишонади. Афсуски, улар ҳозир ҳам жуда кўпчилик. Навальний ҳақида ўзбек тармоғидаги ҳар қандай ижобий фикр ҳатто дўстлар томонидан қораланади ва масхараланади. Ўзга бир ўлчовлар бўлганида биз Навальний билан келажакдаги Гўзал Россия (Прекрасная Россия будущего) ва Орзудаги Ўзбекистон ҳақида гаплашишимиз, баҳслашишимиз мумкин эди", фикр билдирган Бакиров.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.















