Ким Чен Ин: Шимолий Корея раҳбари уруш бошламоқчими? Koreya Dunyo Yangiliklar

Shimoliy Koreya lideri

Сурат манбаси, KCNA

Сурат тагсўзи, Ким Чен Иннинг янги оҳангини эътибордан четда қолдирмаслик керак, дейди экспертлар
    • Author, Фрэнсис Мао
    • Role, BBC News

Бомбадек хабар ташланди. Нима бўлди?

Алоқадор мавзулар:

Шимолий Корея бўйича мутахассислар одатда жуда эҳтиёткор, ҳаммани ваҳимага солишдан ўзларини тийишади. Мана энди эса ораларидан чиққан иккитасининг ўртага ташлаган хабаридан ўзларига келолмай ўтиришибди.

Ўтган ҳафта икки таниқли таҳлилчи "мохов давлат"нинг раҳбари урушга тайёрлана бошлаганини айтиб, таъбир жоиз, бомбадек хабар ташладилар.

Ким Чан Ин Жанубий Корея билан бирлашишдек тамал мақсадидан воз кечганини, аксинча, у Жануб ва Шимолни бир-бири билан уришаётган икки мустақил давлат сифатида кўришини айтишди.

Собиқ CИА таҳлилчиси Роберт Л Карлин ва Шимолда бир неча марта бўлган ядровий олим Зигфилд С Ҳекер, "Ким Чен Ин, 1950 йилда бобоси қилганидек, стратегик қарор қабул қилиб, уруш бошламоқчи-ʼ дейишади мақолаларида.

Бундай баёнот Вашингтон ва Сеулда хавотир уйғотса, Шимолий Корея кузатувчилари доирасида катта мунозараларга сабаб бўлди.

Шундай бўлса-да, кўпчилик таҳлилчилар уруш назариясига қўшилмайди. Би-би-си Осиё, Европа ва Шимолий Америка бўйлаб етти мутахассис билан суҳбатлашди. Улардан ҳеч қайсиси бу фикрга қўшилмади.

Бутун сиёсий тизимни фалокатли тўқнашувда йўқотишни кўз остига олиш Шимолий кореяликларга хос хислат эмас. Улар ўзларининг шафқатсиз ва макиавеллчи сиёсий қарашлари билан намоён бўлишган, дейди Голландиядаги Инқироз Марказининг Корея кузатувчиси Кристофер Грин.

У ва бошқалар Шимол одатда Ғарб давлатларини музокара даврасига жалб қилиш учун ҳам "ҳунар кўрсатади"- мамлакат ичида сиёсий босим ҳам мавжуд.

Кўпчилик уруш назариясига ишонмаса-да, кичик кўламдаги тўқнашувлар юзага келишидан хавотирда бўлганлар бор.

Бунга нима сабаб бўлди?

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг яқин кузатувчилари унинг ядровий таҳдидларига ўрганиб қолган, бироқ баъзилар Пхеняндан келган сўнгги хабарлар бошқача тусга эга эканини айтишмоқда.

Shimoliy Koreya lideri

Сурат манбаси, KCNA

Сурат тагсўзи, Ким 15 январда бўлиб ўтган Олий халқ ассамблеяси сессиясида янги йўлни белгилаб олди

"Корея ярим оролида уруш хавфи аллақачон туғилиб бўлган", деган янги йил оқшомидаги хабардан олти кун ўтиб, унинг ҳарбийлари чегарани артиллериядан ўққа тута бошлади.

Шунингдек, Шимолий Корея январь бошидан бери қаттиқ ёқилғи билан ишлайдиган янги ракета ва ядровий қурол олиб юриши мумкин бўлган сувости ҳужумчи дронларини синовдан ўтказганлигини ҳам даъво қилди.

Бу ҳаракатлар БМТ санкцияларини инкор қилган ҳолда икки йил давомида деярли ҳар ой ракета учириш ва қурол ишлаб чиқаришнинг натижаси сифатида кўрилмоқда.

Унинг ўтган ҳафта бирлашиш мақсадидан расман воз кечгани ҳақидаги баёнотидан ҳамма тажанг бўлди.

Борган сари хомхаёлга айланаётган бўлса-да, Жануб билан қайтадан бирлашиш давлатнинг ташкил топганидан бери мафкурасининг асосий тамали бўлиб келган.

"Бу муҳим воқеа тизимнинг мафкуравий тамалларидан бирини тубдан ўзгартиради", дейди Сеулдаги Кукмин Университети тадқиқотчиси Питер Уорд.

Ким Чен Ин энди бу мафкуравий меросни том маънода йўқ қилади. Дипломатик каналлар ва черагалараро радио эфирларни бекор қилишни, Пхеньян чеккасидаги Бирлашиш аркасини бузиб ташлашни эълон қилди.

Анъанавий корейс либосидаги икки аёлнинг бир-бирига талпиниб турганини кўрсатадиган арка 2001 йилда отаси ва бобосининг қайта бирлашишга қаратилган саъй-ҳаракатларини ифодалаш учун қурилган.

Monument

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ким Чен Ин жанубдан ҳазар қилишини кўрсатиш учун бирлашиш рамзини йўқ қилишни режалаштираётганини айтди

Сешанба куни Планет Лабс томонидан эълон қилинган сунъий йўлдош суратлари, гарчи расман тасдиқланмаган бўлса-да, арка аллақачон вайрон қилинганини кўрсатмоқда.

1950 йилда уруш бошлаган Ким Ир Сен бир кун келиб Шимолий Кореянинг Жанубдаги қариндошлари билан яна бирлашиши ҳақидаги ғояни илгари сурган ҳам эди.

Аммо унинг набираси энди Жанубий кореяликларни балки, ҳарбий нишонга тутганлигини оқлаш учун, умуман бошқа миллат деб билишини айтди.

Чекланган ҳужумларми?

Iqtibos

Урушни башорат қилган таҳлилчилар — жаноб Карлин ва доктор Ҳеккер буларнинг барчасини Ким Чен Ин жангга киришишга қарор қилганидан далолат беришини айтти.

Аммо аксарият таҳлилчилар бу фикрга қўшилмайди. Катта Жорж Буш номидаги АҚШ-Хитой муносабатлари жамғармаси вакили Сеонг-Хён Ли мамлакат келаси ой чет эллик сайёҳлар учун қайта очилиши айтти. Унга кўра, агар жангга киришиш нияти бўлганида - ўз снарядларини Россияга сотмаган бўлар эди.

Уруш очишдан тўхтатиб турган сўнгги омил эса Жанубий Корея ва АҚШ армиясининг анча кучли эканлигидир.

Аксинча, у ва бошқа мутахассислар Жанубий Корея ҳудудига кичик ҳарбий ҳаракатларнинг бўлишидан огоҳлантиради.

Халқаро тинчлик учун Карнеги жамғармасидан таҳлилчи Анкит Панда: "Умуман олганда, мен Жанубий Кореяга қаратилган чекланган ҳужумлардан кўпроқ хавотирдаман ... бундай ҳужумлар Жанубий Корея ҳудуди ёки ҳарбий кучларини нишонга олади, лекин кўлами чекланган бўлади", дейди.

Бу ҳатто Корея ярим оролининг ғарбидаги баҳсли оролларни ўққа тутиш ёки босиб олишга уриниш шаклида ҳам бўлиши мумкин.

2010 йилда Шимол Ёнпхён оролига зарба бериб, жанубий кореялик тўрт аскарни ўлдириб, жанубни дарғазаб қилган эди.

Шунга ўхшаш провокация Жанубий Кореянинг сабрини синаб кўриш ва Шимолий Корея ҳужумига "бир неча баравар қаттиқроқ" жазо билан жавоб беришга ваъда берган қатъий қирғинчи президент Юн Сук Еолнинг "тугмаларини босиш" учун такрорланиши мумкин, дейди таҳлилчилар.

Шимолий Кореяга Сеулдан жавобан келадиган ҳужумнинг номутаносиблиги катта кўламдаги урушга сабаб бўлиши мумкин, деб айтади жаноб Панда.

Таъсир воситаси усуллари

Ким Чен Ин

Сурат манбаси, KCNA

Сурат тагсўзи, Таҳлилчилар фикрича, Шимолий Кореянинг Россия билан дўстлиги ва охирги йилларда Хитойдан давомли келаётган иқтисодий ёрдам ҳам унинг жасоратини ошириши мумкин

Бошқалар эса дунёни уруш қўрқуви билан ушлаб туриш Кимнинг бошқарув услубининг бир қисми деб қаралиши керак, дейишади.

"Шимолий Корея тарихига назар ташлайдиган бўлсак, у музокаралар олиб бормоқчи бўлганида бошқа давлатлар эътиборини жалб қилиш учун кўпинча провокациядан фойдаланган", — дейди Сеонг-Хён Ли.

Тизим иқтисодий санкциялардан азоб чекишда давом этмоқда. 2024 йил унинг душманлари -АҚШ да президентлик ва Жанубий Кореяда қонунчилик органларида сайловлар бўлиб ўтади.

"Бу Ким Чен Ин учун провокация қилиш учун яхши имкониятдир", деб тушунтиради доктор Ли.

Украина ва Ғазо билан боғланган президент Жо Байден бошчилигидаги АҚШ маъмурияти Шимолий Кореяга унчалик аҳамият бермади ва Пхеньян ҳам одатда республикачилар маъмурияти билан энг кўп алоқада бўлди.

Ким Чен Ин ва Дональд Трамп 2019 йилда, ядросизланиш бўйича музокаралар чигаллашишидан олдин, иккиси орасида машҳур дўстлик муносабатлари бор эди. Жанубий Корея билан алоқаларини сусайтириб, Шимол билан яна музокараларга очилишига умид қилган ҳолда, Шимолий Корея раҳбари АҚШнинг собиқ президентининг Оқ уйга қайтишини кутаётган бўлиши мумкин.

Kim Jong Un and Vladimir Putin cheers

Сурат манбаси, Reuters

Таҳлилчилар фикрича, Шимолий Кореянинг Россия билан дўстлиги ва охирги йилларда Хитойдан давомли келаётган иқтисодий ёрдам ҳам унинг жасоратини ошириши мумкин. Айғоқчи сунъий йўлдошларини учириш бўйича узоқ муддатли мақсадга эришиш учун Россиядан техник ёрдам олди ва бу икки давлат ўтган йили бир неча марта юқори даражадаги учрашувлар, жумладан, лидерлар саммитини ўтказди.

Rossiyaga safar

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ким ўтган йилнинг ноябрь ойида Россиянинг етакчи космик объектига сафар қилган, шундан сўнг унинг режими ўзининг сунъий йўлдошини учиришга муваффақ бўлган

"Биз кузатиб турган ҳолатнинг аксари Шимолий Кореянинг ўз имконияти ва геосиёсий мавқейига ишончи асосан Россия, ундан сал камроқ эса Хитойнинг қўллаб-қувватлаши билан юзага келди" дейди жаноб Панда.

Ички мақсадлар

Бошқалар эса Ким Чен Иннинг хатти-ҳаракатлари тамоман ўз тизимини барқарорлаштиришга қаратилганини айтади.

Сеулдаги Эвҳа университети профессори Лейф-Эрик Эсли: "Бу тизимни сақлаб қолиш учун мафкуравий тузатиш бўлиб кўринади", дейди. "Шимолий кореяликлар жануб билан солиштирганда ўзларининг коммунистик мамлакатларидаги муваффақиятсизликларни англаб боришмоқда".

Унинг таъкидлашича, душман аниқлашга қаратилган сиёсат жаноб Кимнинг иқтисодий танглик даврида ракетага қилган харажатларини оқлаш учун мўлжалланган. Мамлакат бўйлаб очарчилик хабарларлари бор.

Шимолий Кореяликлар очликдан ўлаётган қўшнилари ҳақида хабар беришяпти.

Жаноб Уорднинг таъкидлашича, Жанубни Шимолга душман қилиб кўрсатиш шимолликларнинг Жанубдаги ҳаёт тарзига ҳавас билан қарамасликлари учун ҳам қўлланиладиган сиёсатдир.

Илгари, шимолликлар учун Жанубий Кореа аҳолиси ҳеч қандай шартларда қабул қилиб бўлмайдиган даражада бузуқ маданият ва маънавият таъсирида қолиб кетган, нажотни эса фақат Шимол билан бирлашишдан топадиган, ёвуз ҳукумат босими остида қолиб кетган инсонлар эди, дейди жаноб Уорд.

Қўшни мамлакат ва унинг маданияти ёвуз куч деб тамға олгач, унга эргашувчиларга тазйиқ кўрсатиш мутлақо тўғри ишдек кўриниб қолди, деб давом этади у.

Би-би-си ўтган ҳафта К-драмаларни томоша қилгани учун 12 йиллик оғир меҳнатга маҳкум этилган Шимолий кореялик икки ўсмир акс этган ноёб кадрларни эълон қилди.

Шимолий кореялик қочқинларга ёрдам кўрсатувчи "Либерти ин Нортҳ" нодавлат нотижорат ташкилотидан Сокеэл Парк шундай дейди: "У аслида борини йўқотиб, ҳеч нарса қўлга киритолмайдиган - унинг учун қимордек бўлган урушни хоҳламайди."

Бутун таҳдидлари унинг Жанубга нисбатан бўлган сиёсати мамлакат ичида мустаҳкамлаш учун хизмат қилишини кутяпти.

Шимолий Корея, АҚШ ва уларнинг тарафдорлари воқеаларнинг ёмон тус олишига тайёр туришлари маъқул бўлса-да, яна-да Шимолий Кореядаги ички сиёсий аҳволни ва геосиёсатни яхшилаб ўрганиб чиқишларида фойда бор, дейди таҳлилчилар.

Нима дейишимиздан қатъиназар, Шимол етакчисининг қандай режалар тузаётганлигини билишнинг энг тўғри йўли- у билан мулоқотга киришишдир, дейди Др Ли.

Халқаро ҳамжамият АҚШ нинг Ким Чен Ин билан мулоқот олиб боришини, таҳдидлардан қўрққанини билдирмайди дейишди. Бу аслида мақсадга эришишнинг бир йўли сифатида кўрилади, дейди у.

Агар керак бўлса, нотўғри хулосаларга ўрин бермаслик ва урушнинг олдини олиш учун душман тараф етакчиси билан мулоқотга киришиш ҳақида жиддий ўйлаб кўриши керак.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.