Янгиликлар: Президент қизи отаси ўрнида президент бўлиши тасдиқландими? Дунё

North Korean leader Kim Jong Un talks with his daughter Kim Ju Ae at a banquet to celebrate the 75th anniversary of the Korean People's Army the following day, in Pyongyang, North Korea February 7, 2023

Сурат манбаси, Reuters

    • Author, Жоэл Гуинто
    • Role, BBC News

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Инга ракета синовлари ва ҳарбий парадларда ҳамроҳлик қилаётган қизи унинг "энг эҳтимоли катта" давомчисидир, деди Жанубий Корея жосуслик идораси.

Миллий разведка хизмати Ким Жу Аэни жаноб Кимнинг вориси сифатида биринчи марта кўрсатаётгани йўқ.

Бироқ МРХга кўра, Пхенян ворис сифатида "барча имкониятлар"ни кўриб чиқмоқда.

Ким хоним 2022 йил охирида биринчи марта омма олдига чиққанидан бери энг эҳтимоли катта ворис сифатида кўринмоқда.

Алоқадор мавзулар:

"Ким Жу Аэнинг омма олдида чиқиши ва ҳурмат даражаси таҳлилига асосланиб, у ҳозирда энг эҳтимолий ворис бўлиб кўринмоқда", дейди МРХ.

"Аммо биз барча имкониятларни синчиклаб ўрганяпмиз, чунки Ким Чен Ин ҳали ёш, унинг соғлиғида жиддий муаммо йўқ ва кўп нарса ўзгариши мумкин".

Ким хоним Шимолий Корея етакчисининг иккинчи тўнғич фарзанди ва у тахминан 10 ёшда.

Жанубий Кореянинг бирлашиш бўйича вазири Ким Юн Хо ўтган ой матбуот анжуманида Кимнинг қизига худди шундай баҳо берган эди.

Iqtibos

"Ким Чен Иннинг қизига доимий эътибор қаратилаётгани Шимолий Кореянинг оғир ички шароитда унинг ворислик мақомини намойиш этишга шошаётгани далили сифатида қаралиши мумкин", дейди у.

Шимолий Корея кузатувчилари таъкидлашича, Ким хонимга энди «суюкли» эмас, балки «ҳурматли» деб қаралади, чунки у биринчи марта 2022 йил ноябрь ойида ўзининг оммавий дебюти пайтида шундай деб таништирилган.

Шимолий Кореяда энг обрўли одамлар исмига «Ҳурматли» қўшиб айтилади. Кимнинг мисолида қарасак, унинг ворислик мақоми аниқ бўлгандан кейингина "ҳурматли ўртоқ" деб мурожаат қилина бошлаган эди.

Шимолий Корея фуқароларига Кимлар оиласининг қони муқаддаслиги, яъни фақат улар мамлакатни бошқариши мумкинлиги айтилади. Жаноб Ким ҳокимият тожи тўртинчи авлодга ўтишини таъминлашни хоҳлайди.

Ким хоним отаси билан декабрь ойида Шимолий Кореянинг арсеналидаги энг илғор узоқ масофали ракета бўлган Хвасон-18 қитъалараро баллистик ракетасини учириш маросимида қатнашди.

Шимолий Корея ўтган ноябрь ойида икки муваффақиятсиз уринишдан сўнг ўзининг Маллигён-1 разведка сунъий йўлдошини орбитага олиб чиққанида ҳам у отасининг ёнида эди. Пхенян даъвосича Маллигён-1 Кимга Оқ уйни кўришга имкон беради.

Ким хоним 2022 йил охиридан биринчи марта омма олида кўрина бошлади

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ким хоним 2022 йил охиридан биринчи марта омма олида кўрина бошлади

Таҳлилчилар фикрича, Ким хонимни оммага эрта таништиришдан мақсад уни ворис сифатида кўрсатиб боришдир.

Бу, шунингдек, Ким учун ҳеч қачон аёл бошқармаган патриархал Шимолий Кореяда одамлар тушунчасини енгишнинг бир усули бўлиши мумкин.

Ким хонимнинг борлиги биринчи марта 2013 йилда, америкалик баскетбол юлдузи Деннис Родман Шимолий Кореяга сафар қилганидан кейин тилга олинган эди.

Родманнинг айтишича, у жаноб Кимнинг оиласи билан кўришган, денгиз бўйида дам олган ва "унинг боласини қўлида кўтарган".

Шимолий Корея етакчиси оиласи ҳақида сир сақлайди - ҳатто унинг рафиқаси Ри Сол Жу ҳам улар турмуш қургунга қадар сир тутилган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002