Балиқ шўрва, қисқичбақа салад, қуроллар? Россия ва Шимолий Корея орасидаги янгича дўстлик - Янгиликлар Yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Россияга сафарини чоршанба куни якунлаган Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ўз давлати "Путиннинг барча қарорлари"ни қўллаб-қувватлашини айтди.
Путин ҳам ўз ҳамкасбини илиқ кутиб олди ва Россия фазо марказига сафар уюштирди.
Сўнг икки соатлик юзма-юз музокаралар ортидан икковлон тушликка ўтирдилар. Тортиқ қилинган таомлар орасида ўрдак гўштли салад, қисқичбақали чучвара, балиқ шўрва, қўзиқоринли осётр балиғи, ва десертига малинали ширинлик бор эди.
Аммо, Би-би-сининг Москвадаги мухбири Стив Розенбергга кўра, икки давлатнинг алоқалари шу пайтгача Совет Иттифоқи давридагидек яқин бўлмаган.
Бу янгича дўстлик 2023 йилнинг янги геосиёсий воқеъликлари манзарасида пайдо бўляпти.
Иккала лидерда ўхшашликлар кўп.
Иккаласи ҳам бошқарувчи давлатлар халқаро қонунларни бузишда айбланган "қувғин" мамлакатлар қаторига киради, иккаласи ҳам халқаро санкциялар остида ва иккаласини ҳам АҚШ ёқтирмайди.
Лекин, икковининг ҳам бир-бирига муҳтожлиги бор: Россияга Шимолий Кореянинг қуроллари керак, Шимолий Корея эса Россия озиқ-овқатига муҳтож.
Россияга қурол сотиш эвазига Ким Путиндан рус илғор ҳарбий технологиялари сири билан ўртоқлашишни сўраши кутилганди. Чунки Ким ўз қурол дастурларини ривожлантиришни истайди.

Сурат манбаси, EPA
Москванинг қуроллари Пхенянникидан бир неча ўн йил олдинда экани ишонилади.
Ким илгарилашга муваффақ бўлмаётган соҳалардан бири - фазо дастури. У охирги олти ойда икки марта орбитага жосус сунъий йўлдошни қўйишга уринди, аммо уддасидан чиқмади.
Жосус сателлит Шимолий Кореяга ўз душманларини осмондан кузатишига имкон берган бўларди.
Ким бу каби сателлитларни ривожлантиришни охирги йилларда ўзининг энг асосий ҳарбий стратегияларидан бирига айлантирган.
Кремль ўзининг Пхенян билан алоқаларига БМТ санкциялари таъсир қилмаслигини айтган.
БМТ Шимолий Корея 2006 йилда ядровий синовни амалга оширганидан бери унга қарши ўнга яқин санкция резолюцияларни қабул қилган.
Агар Россия Шимолий Кореяга юқори даражали ҳарбий технологияларни берса ё сотса, бу халқаро санкциялар тизими бузилишини англатади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













