Хитой масжидларни ёпиб, бузиб ташлаяпти – HRW Янгиликлар Dunyo Yangiliklar

Photo of a Hui Muslim attending prayer in Yingchuan, Ningxia

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Пекин айрим масжидлар миноралари ва қуббаларини ўзгартириб, улар шаклини хитойча меъморчиликка ўзгартираяпти
    • Author, Келли Нг
    • Role, BBC News

Human Rights Watch (HRW) эълон қилган янги ҳисоботда айтилишича, Хитой масжидларни ёпаяпти, бузаяпти ёки улардан бирор бошқа мақсадда фойдаланаяпти.

HRW айтишича, бу каби чоралар Хитойнинг мамлакатда Исломни жиловлаш йўлидаги “тизимли тадбирлари”нинг бир қисмидир.

Алоқадор мавзулар:

Расман атеистик ҳисобланадиган, аммо диний эътиқодга рухсат берилиши айтилган Хитойда 20 миллионча мусулмон бор.

Кузатувчилар айтишича, Пекин кенгроқ назорат ўрнатишга уринар экан, институционал динларга қарши чоралар ортмоқда.

Би-би-си HRW ҳисоботи чиқишидан Хитой ташқи ишлар вазирлиги ва этник масалалар бўйича комиссиясига изоҳ сўраб мурожаат қилди.

"Хитой ҳукуматининг масжидларни ёпиши, бузиши ёки улардан бошқа мақсадда фойдаланиши мамлакатда Исломни жиловлаш йўлидаги тизимли тадбирларининг бир қисмидир", дейди HRW'нинг Хитой бўйича директори Майя Ван.

Ушбу ҳисобот мамлакат шимоли-ғарбидаги Шинжон Уйғуристонида уйғур мусулмонларга қарши инсон ҳуқуқлари тизимли бузилаётгани ҳақидаги далиллар ортиб бораётгани манзарасида эълон қилинди. Пекин бу айбловларни инкор қилиб келади.

Хитой мусулмонларининг аксарияти мамлакат шимоли-ғарбида, жумладан, Шинжон, Цинхай, Гансу ва Нинсяда яшайди.

Нинся мухтор вилоятидаги мусулмонлар кўп бўлган Ляоцяо қишлоғида олтита масжиддан учтасининг гумбаз ва миноралари олиб ташланган, дейди HRW. Қолганларининг асосий намозхоналари вайрон қилинган, дейилади ҳисоботда.

HRW томонидан олинган сунъий йўлдош тасвирлари Ляоцяо қишлоғидаги масжид гумбази 2018 йил октябридан 2020 йил январигача бўлган оралиқда Хитой услубидаги пагода билан алмаштирилганини кўрсатади.

Хитой мусулмонлари бўйича эксперт Ханна Тикернинг Би-би-сига айтишича, 2020 йилдан бери Нинсядаги 1300 га яқин масжидлар ёпилган ёки ўзгартирилган. Бу рақам минтақадаги умумий масжидлар сонининг учдан бир қисмини ташкил этади.

Хитой етакчиси Ши Жинпинг бошчилигида Коммунистик партия динни ўзининг сиёсий мафкураси ва Хитой маданияти билан уйғунлаштиришга ҳаракат қилмоқда.

HRW ҳисоботидан иқтибос

Сурат манбаси, .

2018 йилда Хитой Коммунистик партияси марказий қўмитаси масжидларни назорат қилишга чақирувчи ҳужжатни эълон қилди. У вилоятлар ҳукуматларини "кўпроқ бузиб, камроқ қуришга ва бундай иншоотларнинг умумий сонини камайтиришга ҳаракат қилишга" чақиради.

Ҳужжатга кўра, масжидларни қуриш, режалаштириш ва молиялаштириш "қатъий назоратга олиниши" керак.

Шинжондаги ёпилган масжид олдидан ўтаётган одамлар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Шинжондаги масжид фойдаланилмаяпти

Бундай репрессия Тибет ва Шинжонда энг узоқ ва энг шафқатсиз бўлган, бироқ бошқа ҳудудларга ҳам ёйилмоқда.

Хитойда иккита асосий мусулмон этник гуруҳ яшайди. Хуйлар 8-асрда Тан сулоласи даврида Хитойга келган мусулмонлар авлодидир. Иккинчи гуруҳ асосан Шинжонда яшайдиган уйғурлардир. Мустақил таҳлил маркази Австралия стратегик сиёсат институти ҳисоботига кўра, 2017 йилдан бери Шинжондаги масжидларнинг учдан икки қисми шикастланган ёки вайрон қилинган.

"Умуман олганда, Нинся хитойлаштириш сиёсатини амалга ошириш учун тажриба майдонига айланди, шунинг учун ҳам Нинсяда қайта қуриш ҳам бошқа провинцияларга қараганда эрта бошланганга ўхшайди", дейди Хуй мусулмонлари ҳақидаги ҳисоботнинг америкалик академик Дэвид Строуп билан ҳаммуаллифи доктор Тикер.

"Хитойлаштириш" Ши Жинпингнинг Хитой маданияти ва жамиятига мослаштириш учун диний эътиқодларни ўзгартиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини англатади.

Хитой ҳукумати таъкидлашича, масжидларни бирлаштириш кўпинча қишлоқ аҳолиси кўчиб ўтганда ёки бирлашганда бўлади, бу мусулмонлар зиммасига тушадиган иқтисодий юкларни камайтиришга ёрдам беради. Аммо баъзи Хуй мусулмонлари буни партияга садоқатни ошириш ҳаракатларининг бир қисми деб ҳисоблайди.

Баъзилар бу "хитойлаштириш" сиёсатига очиқ қарши чиқди, аммо уларнинг қаршилиги наф бераётгани йўқ. Йиллар давомида масжидларнинг ёпилиши ёки бузиб ташланиши юзасидан расмийларга билдирилган норозиликлардан сўнг кўпчилик қамоққа ташланган ёки ҳибсга олинган.

АҚШда истиқомат қилувчи Хуй фаолларидан бири Ма Жунинг айтишича, масжидлардан ташқи элементларни олиб ташлагач, маҳаллий ҳукуматлар диний ибодатлар учун зарур бўлган таҳорат хоналари ва мавъиза минбарлари кабиларни ҳам олиб ташлайди.

"Одамларнинг масжидга бориши камайганда масжидларни ёпиш учун баҳона пайдо бўлади", дейди у HRW ҳисоботида.

HRW томонидан кўриб чиқилган яна бир видеода жанубий Нинсядаги Люцяго масжиди гумбази ва минораси олиб ташлангач, таҳоратхонаси ҳам бузиб ташланганини кўриш мумкин.

Ши Жинпинг Хитой Коммунистик партияси Миллий конгрессида қилган маърузасидан кейин. 23 октябр, 2022 йил.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ши Жинпингнинг қаттиқ марказлаштирилган бошқаруви остида диний масалаларга аралашиш кучайган

Нинся билан чегарадош Гансу вилоятида расмийлар вақти-вақти билан масжидлар ёпилиши, қўшиб юборилиши ва ўзгаришлар ҳақида эълон қилади.

2018 йилда расмийлар 16 ёшгача бўлган вояга етмаганларга Хитойнинг "Кичик Макка" номи билан машҳур Линся шаҳрида диний ибодатларда қатнашиши ёки диний таълим олишини тақиқлади. Маҳаллий телевидениенинг 2019 йилги хабарида айтилишича, расмийлар "мафкуравий тарбия ва тарғибот бўйича машаққатли ишлар"дан сўнг бир нечта масжидни "иш майдони" ва "маданий марказлар"га айлантирган.

Доктор Тикернинг айтишича, «хитойлаштириш» кампанияларидан олдин Хуй мусулмонлари давлат томонидан кўп жиҳатдан қўллаб-қувватланган ва рағбатлантирилган.

"Хитойлаштириш сиёсати Хитойда мусулмон бўлиш имкониятини тубдан торайтирди ва ватанпарварлик ва диний маросимларнинг давлат қўлловидаги версиясини кучайтирди.

Бу давлатнинг чуқур исломофобик йўналишини акс эттиради, шунинг учун у мусулмонлардан ватанпарварликни ҳамма нарсадан устун қўйишни талаб қилмоқда ва "хорижий" таъсирнинг ҳар қандай белгисини таҳдид деб билмоқда", дейди у.

Бутун дунёдаги араб ва мусулмон етакчилари "Хитойни сўроққа тутиши ва ташвиш билдириши керак", дейди HRW'нинг Осиё бўйича директори Элейн Пирсон.

Ҳукумат кампанияси бошқа этник ва диний озчиликларга ҳам таъсир қилади.

Масалан, Пекин сўнгги ойларда расмий дипломатик ҳужжатлардаги "Тибет" сўзини минтақанинг хитойча номи "Сицзан" билан алмаштирди. Расмийлар, шунингдек, черковлардан хочларни олиб ташлашди, пасторларни ҳибсга олишди ва онлайн-дўконлардан инжилларни мусодара қилишди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002