Янгиликлар: Хитойдан қочган уйғурнинг ҳибсхонада ўлиши дунёда баҳс қўзғамоқда Dunyo, Xitoy

Сурат манбаси, Courtesy Abdullah family
- Author, Жонатан Ҳед
- Role, BBC News
49 ёшли уйғур қочқин Таиландда вафот этгач, инсон ҳуқуқлари фаоллари 9 йилдан буён тутқунликда қолаётган 50 чоғли уйғурнинг тақдирига инсоний ечим топишга чақирмоқда.
Азиз Абдуллоҳ Банкокдаги Муҳожирлар ҳибсхонасида вафот этган.
У Шинжондан 2013 йили қочган ва ўшандан буён Таиландда тутқунликда қолаётган 350 нафардан ортиқ уйғурдан биридир.
Хитой Шинжонда уйғур мусулмонлари ва бошқа озчиликларга қарши жиноят содир этишда айбланмоқда, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ишонишича, сўнгги йилларда бир миллиондан ортиқ одам қамоқхоналарда сақланган. Уларни "қайта тарбиялаш лагерлари" деб атаётган Пекин бу каби айбловларни рад этиб келади.
Азиз Абдуллоҳ Шинжон жануби-ғарбий чеккасида фермерлик қилган, 2013 йил охирида ҳомиладор хотини, укаси ва етти фарзанди билан Таиландга қочган.
Муҳожирлар ҳибсхонасида маҳбуслар билан алоқада бўлган фаолларнинг айтишича, у уч ҳафтадан кўпроқ вақт давомида оғир касал бўлган, бироқ Таиланд расмийлари у ҳушидан кетгунича касалхонага юборишдан бош тортган.
"У йўталиб, қон қусарди - овқат ея олмади", дейди Австралиядаги Жаҳон Уйғур Конгресси Қочқинлар Маркази директори Пўлат Сайим.
"Ҳибсхона шифокори уни текшириб кўрди ва бу ҳақиқий касаллик эмаслигини, унинг аҳволи нормал эканлигини айтди".
Охир-оқибат у йиқилиб тушганидан кейин касалхонага ётқизишган, аммо кўп ўтмай вафот этгани эълон қилинган. Касалхона томонидан берилган ўлим гувоҳномасида ўлим сабаби сифатида ўпка инфекцияси кўрсатилган.

Сурат манбаси, CCTV
Фаолларнинг айтишича, у оиласи билан аввал Малайзияга, кейин эса Туркияга кетишга ҳаракат қилган, аммо Таиланд жанубида тутиб олинган.
Ўшанда уйғурларнинг аксарияти Хитойга қайтмаслик учун ўзларини туркман деб даъво қилган ва Туркия уларнинг бир қисмига фуқаролик берган. 2015 йил июль ойи бошида Таиланд ҳукумати улардан 173 нафарини, жумладан, Азиз Абдулланинг рафиқаси ва болаларини Туркияга олиб кетишга рухсат берди.
Бироқ Хитой бунга кескин эътироз билдирди ва Туркияни икки томонлама масалага аралашишда ва "ноқонуний иммиграцияни маъқуллашда" айблади.
Таиланд ҳукумати, шунингдек, Хитой элчихонаси ходимларига бошпана изловчилар билан кўришиш ва уларни текширишга рухсат берди. 2015 йилнинг 8 июлида, Таиланд БМТ Қочқинлар агентлиги ва бир қанча ҳукуматларнинг эътирозига қарамай, камида 109 уйғурни қўлларини кишанлаб, мажбуран Хитойга қайтарди.
Улар орасида Азиз Абдуллоҳнинг укаси ҳам бор эди.
Уларни Хитой давлат матбуоти одам контрабандаси билан шуғулланувчи жиноий тўдалар аъзолари деб таърифлаган, баъзилари эса терроризмга алоқадорликда айбланган. Эркаклар Хитойга келганидан кейин уларга нима бўлгани номаълум.
Таиланд ҳукумати ўз қарорини ҳимоя қилиб, хитойликлар барча уйғурларни ватанига қайтаришни сўрагани, бироқ фақат бир нечтасини қайтарганини айтди.
Олти ҳафта ўтгач, Бангкок марказидаги хитойлик меҳмонлар кўпроқ борадиган ибодатхонада кучли бомба портлади, 20 киши ҳалок бўлди ва яна кўп одамлар яраланди. Таиланд ҳукумати буни одам контрабандаси гуруҳлари ўртасидаги рақобат натижаси деб таъкидлади, аммо кейинроқ пайдо бўлган далиллар бу ишда уйғур жангариларининг қўли бўлиши мумкинлигини кўрсатди.
Икки уйғур айбланиб, ҳибсга олинган, гарчи улардан бири ўзининг айбсизлигини таъкидлаган бўлса ҳам, у Таиланд полицияси бомба тайёрлангани тахмин қилинган уйда қўлга олинган қочқинлардан бири бўлиши мумкин.
Уларнинг суд жараёни ҳибсга олинганидан кейин саккиз йилдан кўпроқ вақт давомида бир неча марта кечиктирилди; Таиланд расмийлари бу ишни тезроқ ҳал этишга шошилмаётганга ўхшайди ва бу икки эркак ҳамон қамоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Ўтган йилга қадар қолган 50 га яқин уйғур маҳбус Таиланднинг турли ҳудудларидаги ҳибсхоналарда сақланган, бироқ улардан уч нафари қочиб кетгач, уларнинг барчаси Бангкокдаги Муҳожирлар ҳибсхонасига ўтказилган.
Уларга ёрдам беришга ҳаракат қилаётган фаоллар ҳибсхонадаги шароит ёмон, дейди, уйғурлар ташқи дунё билан деярли алоқаси йўқ ва бир-бириларидан ҳам ажратиб қўйилган.
Уйғурлар ҳуқуқларини таъминлаш учун интилаётган "People's Empowerment Foundation" ходими Чалида Тачароенсук "Бу оддий Таиланд қамоқхоналаридан ҳам ёмонроқ", дейди.
"Жуда гавжум. Озиқ-овқат етишмайди, берилаётганлари ҳам носоғлом. Мусулмон маҳбуслар учун ҳалол таом йўқ. Ичимликлар ҳам ифлос - водопровод сувини ичишингиз керак. Тиббий ёрдам деярли йўқ. Агар улар касал бўлиб қолса, фақат оғриқ қолдирувчи ёки шунга ўхшаш дори берилади".
"Human Rights Watch" ташкилоти вакили Фил Робертсоннинг айтишича, "Бу ўлим Таиланд полициясининг уйғурларни қамаб, қаровсиз қолдириш ҳақидаги қарори натижасидир."
"Ҳеч ким тиббий ёрдам ва озиқ-овқат билан таъминланмаган, тор, антисанитария шароитидаги камераларда номаълум муддатга ҳибсга қолиш оқибатлари ҳақида ўйламаган."

Сурат манбаси, Getty Images
Би би си ҳибсхона вакилига қўнғироқ қилишга уринди, бироқ жавоб ололмади. Таиланд полицияси вакили ҳам изоҳ бермади.
БМТ қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг таъкидлашича, унга маҳбуслар билан учрашишга рухсат берилмаган. Таиланд Миллий Инсон Ҳуқуқлари Комиссияси ҳам бир неча ойдан бери ҳибсхонада уйғурлар билан кўришиш учун рухсат сўрайди.
Таиланд ҳукумати мамлакат ичидаги ўн минглаб қочқинлар ва бошпана изловчиларни текшириш ва даволашни яхшилаш учун БМТ билан ишлашга ваъда берди, аммо ҳибсхона ичидаги шароит айтарли яхшиланмади.
Фаолларнинг фикрича, агар Таиланд уларни озод қилишга рози бўлса, уйғурлар учинчи давлатларга кўчирилиши мумкин. Аммо яхши хабардор манбага кўра, ҳукумат Хитойни хафа қилишдан жуда қўрқади.
Охир-оқибат, Азиз Абдуллоҳнинг жасади Таиланд мусулмонлари жамоаси аъзоларига топширилди ва у Бангкок марказидаги Чао Прая дарёси яқинидаги қабристонга дафн қилинди.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















