Россия ва Украина уруши: Италия бош вазири қандай пранкка чув тушди ва Европа урушдан чарчадими? - Янгиликлар

Сурат манбаси, VLADA LIBEROVA / LIBKOS VIA GETTY IMAGES
Россия 24 соат ичида Украинадаги 118 шаҳар ва қишлоқларни бомбалади ва бу жорий йилнинг бошқа кунларига қараганда энг катта ҳужум, деди Украина ички ишлар вазири Ихор Клименко.
Унинг айтишича, Украинанинг 27 вилоятидан 10таси ҳужумга учради, кўплаб одамлар ўлди ва яраланди.
Ҳужумга учраган жойларнинг аксари шарқ ва жанубдаги фронт чизиғи яқинида бўлган.
Россия ҳафталарки Донецк вилоятидаги стратегик муҳим Авдиивка шаҳрида ўз ҳарбий қудратини синаб келди.
"[Авдиивка] ер юзидан йўқ қилинмоқда. Ўтган куннинг ичида унга 40 мартадан кўп ракета ҳужумлари қилинди", - дейди маҳаллий раҳбар Виталий Барабаш. У икки киши ўлдирилганини билдирди.
Унга кўра, Россия ўз ҳужумининг учинчи тўлқинига тайёрланмоқда.
Шунингдек, Россия шимоли-шарқий Харкив вилоятидаги Кипянск шаҳрига ҳам ҳужумларини оширган ва Украина кучларининг Бахмут атрофидаги ишғол қилинган ерларни қайтариб олиш ҳаракатларини тўхтатишга уринган.
Россия фронт чизиғидан узоқда ҳам, хусусан жанубда Днипро дарёси бўйидаги Никопол шаҳридаги кўп қаватли турар жойлар, дўконлар ва дорихонага ҳужум қилган.

Кременчук шаҳрида эса Россия дрони ишдан чиққан нефтни қайта ишлаб чиқариш заводида ёнғинни келтириб чиқарган.
Марказий Полтава вилоятидаги бу заводни, маҳаллий расмийларга кўра, Россия бир неча марта нишонга олганди.
Кременчук нефтни қайта ишлаш заводи Украинадаги энг каттаси эди, лекин Россия бостириб келишидан кўп ўтмай ишдан чиққан.
Украина армияси жануб ва шарқда Россия ишғол қилган ерларни қайтариб олишда кўп илгарилай олмаган. Хавотирга кўра, Ғарб Украина урушидан чарчаган.
Президент Володимир Зеленский ўз қўшинлари илгарилай олмаётганини тан олган ва Киев иттифоқчиларини яна зарур бўлган илғор қуролларни етказиб беришга чақирган.
Чоршанба куни Украинанинг бош қўмондонларидан бири Валерий Залужний уруш муаллақ ҳолатга ўтаётганини айтган.
Экономист журналида ёзишича, бу ҳолат Москвага "ўз ҳарбий қудратини қайта тиклаш"га имкон беради.
Унга кўра, йирик йўқотишларга қарамай, Россия ҳали ҳам қурол, ракеталар ва ўқ дори бобида устун. У ҳам Украина иттифоқчиларини қирувчи учоқлар, дронлар, замонавий электроник уруш жиҳозлари ва миналарни аниқлаш технологияларини Украинага етказиб беришга чақирди.
Украинанинг энг яқин иттифоқчиларидан бўлган Италия Бош вазири Жиоржия Мелони икки россиялик пранкстерлар билан суҳбатда Украина урушидан чарчаш борлигини тан олган. (Бу пранкстерлар одатда Кремлга мухолифларни нишонга олишади.)
Африка давлатларидан бирининг лидери дея ўзларини таништирган Вован ва Лексус Мелонидан Европанинг Украина урушига муносабатини сўрашган.
"Ҳа, кўп чарчаш борлигини кўряпман. Тўғрисини айтсам, ҳамма томонидан. Ҳамма бу вазиятдан чиқиб кетишни англайдиган лаҳзага яқинлашганмиз. Украинанинг контр-ҳужуми улар кутганчалик яхши бўлмаётгандек. У бўляпти, лекин можаронинг тақдирини ўзгартирмайди", - деб айтган пранкстерларга алданган Италия бош вазири.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














