Иқлим ўзгариши учун 32 мамлакатни судга тортишмоқчи - Бу самара берадими? Янгиликлар, Дунё

Сурат манбаси, Claudia Duarte Agostinho
- Author, Селин Гирит
- Role, Би-би-си
"Ҳис қилаётганим нарса қўрқув," дейди Клаудия Дуарте Агостиньо 2017 йили Португалияда кузатилган иссиқ ҳаво ва бунинг натижасида 100 дан ортиқ одам ўлганини эслар экан. "Ўрмон ёнғинлари мени ҳақиқатда хавотирга солади, мени қандай келажак кутяпти ўзи?"
Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар, шунингдек, Британия, Норвегия, Россия, Швейцария ва Туркия каби 32 давлат ҳукуматига қарши олти ёш португалиялик судга даъво киритган. Улар орасида 24 ёшли Клаудия, унинг укаси 20 ёшли Мартим ва 11 ёшли синглиси Мариана ҳам бор.
Улар мамлакатларни иқлим ўзгаришига қарши етарлича курашмаётганликда ва Париж келишувининг глобал исишни 1,5°С гача чеклаш мақсадига эришиш учун иссиқхона газлари чиқиндиларини етарли даражада камайтирмаганликда айбламоқда.

Бу Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига (ИҲЕС) юборилган бу каби биринчи ишдир. Агар у муваффақиятли чиқса, у тегишли ҳукуматлар учун қонуний мажбурий оқибатларга олиб келиши мумкин. Иш бўйича биринчи суд мажлиси чоршанба куни бўлиб ўтади.
11 ёшдан 24 ёшгача бўлган олти нафар шикоятчи Португалияда 2017 йилдан бери ҳар йили содир бўлаётган ўрмон ёнғинлари глобал исишнинг бевосита натижаси эканлигини даъво қилмоқда.
Уларнинг таъкидлашича, асосий инсон ҳуқуқлари, жумладан, яшаш, шахсий дахлсизлик, оилавий ҳаёт ва камситишларга йўл қўймаслик ҳуқуқлари ҳукуматларнинг иқлим ўзгаришига қарши курашни истамаслиги туфайли поймол этилмоқда.
Уларнинг айтишича, улар аллақачон сезиларли таъсирни бошдан кечиришмоқда. Португалиядаги ўта иссиқ ҳарорат туфайли улар уйда вақт ўтказишга мажбур, ақлий ва жисмоний қобилиятлари чекланмоқда. Баъзилар атроф-муҳитдан хавотир, аллергия ва нафас йўллари муаммолари, жумладан, астма сабабли азият чекмоқда.
Ёш шикоятчиларнинг ҳеч бири молиявий товон пули талаб қилмаяпти.

Сурат манбаси, Global Legal Action Network
"Мен ифлосланмаган яшил дунёни хоҳлайман, соғлом бўлишни хоҳлайман, - дейди 11 ёшли Мариана. - Мен келажагим ҳақида жуда хавотирда бўлганим учун шу даъвога қўшилдим. Биз яшаётган жой келажагидан кўнгим тинч эмас".
Клаудиянинг айтишича, Мариана тепада вертолёт овозини эшитса чўчиб кетади, бу унга 2017 йилда 50 минг акр (202 квадрат километр) ўрмон ёнганда вертолётларда сув ташиган ўт ўчирувчиларни эслатади. Ўшанда ёнғиндан кўтарилган чанг ва кул уларнинг бир неча километр наридаги уйларига тушган эди.
"Менимча, Мариананинг бу даъвога қўшилгани, унинг ёшида шундай виждонийлик жуда ажойиб", дейди Клаудия.
"Аммо бошқа томондан одамни безовта қилади, нега у бу нарсалар ҳақида ўйлаши керак? У бу ёшда дўстлари билан ўйнаши, TikTok видеоларига рақс тушиши керак эмасмиди?»
Олтита ёш даъвогар адвокатлари судда 32 ҳукуматнинг амалдаги сиёсати дунёни аср охирига бориб 3С глобал исишига олиб келиши ҳақида баҳслашиши кутилмоқда.
"Бу ҳалокатли иссиқлик", дейди даъвогарларни қўллаб-қувватлаётган Global Legal Action Network директори Геарóид Ó Куинн.
"Ҳукуматлар шошилинч чора кўрмаса, бу ишга қўл урган ёш даъвогарлар соғлиғи ва турмушига путур етказадиган чидаб бўлмас иссиққа дучор бўлади. Биз ҳукуматлар буни тўхтатиш учун кўпроқ нарсани қилишлари мумкинлигини биламиз, лекин улар ҳаракат қилмаяпти", дейди у.

Сурат манбаси, Getty Images
2021 йилги Lancet тадқиқоти кўрсатишича, иқлим ўзгаришидан хавотир ва ҳукуматнинг иқлим ўзгаришига муносабатидан норозилик бутун дунё бўйлаб болалар ва ёшлар орасида кенг тарқалган ва уларнинг кундалик ҳаётига таъсир қилади.
Дунёнинг 10 мамлакатида 16-25 ёшдаги 10 000 нафар бола ва ёшлар ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, ҳукуматларнинг иқлим инқирозига жавоб бера олмаслиги стресснинг кучайишига сабаб бўлаётганини аниқлади.
Иш юзасидан берган жавобларида ҳукуматлар даъвогарлар иқлим ўзгариши ёки Португалиядаги ўрмон ёнғинлари натижасида тўғридан-тўғри зарар кўрганликларини етарлича исботламаганини таъкидламоқда.
Улар иқлим ўзгариши инсон ҳаёти ёки соғлиғига бевосита хавф туғдириши ҳақида ҳеч қандай далил йўқлигини таъкидлаб, иқлим сиёсати Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди юрисдикциясидан ташқарида эканлигини айтмоқда.
"Ўз келажаги ҳақида қайғураётган португалиялик олти нафар ёш даъвогар ҳукуматлар вакили бўлган 32 юридик жамоа, юзлаб адвокатлар билан тўқнаш келади", дейди Геарóид Ó Куинн.
Ишга учинчи томон сифатида аралашган Европа Кенгашининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дуня Миятовичнинг айтишича, иш давлатлар иқлим ва инсон ҳуқуқлари масалаларини қандай ҳал қилишини белгилаб бериши мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images
"Аслида, бу аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар, барчамиз учун уйғониш қўнғироғи бўлиб, биз ҳақиқатан ҳам ҳаракат қилаётганимиз ва бу шунчаки қоғоздаги сўзлар эмаслигини кўрсатиш учун имкониятдир. Бу шунчаки катакчани белгилаш ва у ёки бу қарор тарафдоримиз, дейиш эмас. Бу сиёсатимизни ўзгартириш масаласидир", дейди у Би-би-сига.
Европа суди қарори 32 ҳукуматни иссиқхона газлари эмиссиясини камайтириш ва қазиб олинадиган ёқилғидан воз кечиш орқали иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича ҳаракатларини жадаллаштиришга мажбур қилади.
Бу иқлим ўзгариши билан боғлиқ ишларда Европа судидан йўл-йўриқ сўрайдиган миллий судларга ҳам таъсир қилади. Тўққиз ойдан 18 ойгача вақт ичида қарор чиқарилиши кутилмоқда.
Клаудиянинг айтишича, у келажакда фарзанд кўриш керакми ёки йўқлиги ҳақида ўйлайди, улар яшайдиган дунёнинг тузук бўлишига шубҳа қилади. "Аммо бу ишда ғалаба қозониш умид борлигини англатади", дейди у.
"Бу одамлар ҳақиқатан ҳам бизни тинглаётганини ва улар ҳам биз каби хавотирда эканликларини ва ҳукуматлар бу борада бирор нарса қилиш учун ҳаракат қилишлари кераклигини англатади. Бу ҳамма учун кутилмаган бўлар эди." Ундан кейин кўп нарса бўлиши мумкин".
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















