Фаластинни ким қандай қилиб ҳозирги аҳволга солган? Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, AFP
- Author, Йоланде Кнелл
- Role, BBC News, Қуддус
Исроил ва Фаластин ўртасида Осло битими имзоланганига 30 йил тўлди. Ўша тинчлик келишувига кўра Фаластин маъмурияти (ФМ) тузилган эди. У то асосий масалаларни ҳал қилиш учун музокаралар ўтгунга қадар беш йил муддатга муваққат ҳукумат ўлароқ ташкил этилган эди. Бугун, тинчлик музокаралари барбод бўлганидан деярли ўн йил ўтиб, ФМ ҳамон сақланиб турибди, аммо ўз легитимлигини йўқотмоқда.
Ҳаёт қайнаган ресторанлари, гавжум савдо марказлари ва доимий янги қурилишларга бой Рамаллоҳ Фаластин маъмурияти (ФМ) синонимига айланган.
Алоқадор мавзулар:
1993 йилдан бери Осло битими деб номланувчи иккита келишувнинг биринчиси Оқ Уй майсазорида имзоланганидан бери, Ғарбий Соҳилга, Қуддус шимолидаги бу шаҳарга хорижий донорлардан пул оқиб кела бошлади. Унинг кўчалари ҳукумат идоралари билан тўла. Бу ер Фаластин давлатига қарашлилигини кўрсатувчи рамзларга ҳар ёқда кўзингиз тушади.
Лекин фаластинликлар бу қуруқ супра эканлигини яхши билишади. Уларнинг назарида, ФМ ўрнига пойтахти Шарқий Қуддусда жойлашган, Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторини бирлаштирган мустақил давлатни бошқарадиган сайланган ҳукумат келиши керак эди. Аммо бу ҳам орзулигича қолган.
Рамаллоҳдаги Манара майдонидан келган ўрта ёшли харидор Ум Набил: "Вазият ёмон ва баттарлашмоқда, - дейди менга. - Ҳаётимиз беқарор."

Сурат манбаси, Getty Images
Оммавий сўровлар Осло келишувларини дастлаб Фаластин жамоатчилигининг учдан икки қисми қўллаб-қувватлаганини кўрсатган бўлса ҳам, аммо у кўтаринкилик ўрнини ҳозир тушкунлик эгаллаган.
Фаластинлик фахрий социолог Халил Шикокий: "Фаластин раҳбарияти 30 йил олдин катта хатога йўл қўйганини ўйлаш жуда қийин", дейди.
"Икки давлат ечимига ишонч сўнгани ҳам одамларни янада тушкунликка солади."
Фаластинликлар учун ҳаёт реаллиги шафқатсиз ҳарбий ишғолдир. Улар Рамаллоҳдан қайси йўл орқали чиқишса ҳам, ҳар ерда Исроил назорат нуқталари, аскарлари ва аҳоли пунктларига дуч келишади.
1993 йилда Осло келишуви имзоланган пайтда Ғарбий Соҳилда, жумладан, Шарқий Қуддусда 110 мингдан сал кўпроқ яҳудий кўчманчи яшарди. Бугунги кунда бу кўрсаткич 700 мингдан ошади. Яҳудий аҳоли пунктлари халқаро қонунларга кўра ноқонуний ҳисобланади, бироқ Исроил буни тан олгиси йўқ.

Сурат манбаси, Getty Images
Исроилда Ғарбий Соҳилни аннексия қилиш тарафдори бўлган миллатчи диндор ва муросасиз вазирлар ҳукумати ўтирибди.
Айни пайтда, Фаластин президентининг Фатаҳ фракцияси ҳукмронлик қиладиган ФМ эса заиф ва Исроилни ишғолчи ҳаракатларини тўхтатишга мажбур қиладиган кучга ҳам, ташаббусга ҳам эга эмас. Бу бузуқ ва авторитар маъмурият бўлиб, кўпинча Исроил ишғоли воситаси сифатида кўрилади.
ФМ хавфсизлик кучлари исроилликларга ҳужум қилишни режалаштираётган фаластинликларни ҳибсга олиш учун Исроил армияси билан ҳамжиҳат ҳаракат қилаётганидан катта норозилик бор. Жамоатчилик фаоллари ФМнинг юқори мартабали амалдорлари ва уларнинг яқинларига Исроил саёҳат чекловларини енгиллаштираётгани, улар катта маош олишларини таъкидламоқда. Улар ўз мақомларидан ўз иттифоқчиларига имтиёзлар олиб бериш ва давлат шартномаларини қўлга киритишга ёрдам бериш учун фойдаланаётганига ишонишади.

Доктор Шикокий ўтказган сўровларга кўра, ҳозирда Фаластин аҳолисининг қарийб 60 фоизи ҳукуматни ортиқча юк деб ҳисоблайди. Олти ой олдин, бироз кўпроқ одам ҳатто унинг қулаши миллий манфаатларга хизмат қилишини айтди.
1967 йилги Яқин Шарқ урушида Исроил Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторини Иордания ва Мисрдан тортиб олгандан сўнг, унинг ҳарбий губернаторлари ушбу ҳудудларни бевосита бошқарган. Айни пайтда Шарқий Қуддус ишғол остида ва бу халқаро миқёсда тан олинмаган.
Осло битимлари натижасида Исроил томонидан Фаластин халқининг қонуний вакили сифатида тан олинган Фаластин Озод қилиш Ташкилоти (ФОТ) раҳбарлари хориждаги сургундан қайтишди. ФОТ террордан воз кечди ва Исроилнинг тинч яшаш ҳуқуқини тан олди.

Сурат манбаси, AFP
Ёсир Арофат бошчилигида янги ташкил этилган ФМ Ғазо ва Ғарбий Соҳилнинг айрим қисмларида соғлиқни сақлаш, таълим ва полиция каби асосий хизматларни ўз зиммасига ола бошлади. Ғарбий Соҳилнинг тахминан 60% Исроилнинг тўлиқ назорати остида қолди, аммо фаластинликлар вақт ўтиши билан ўз назоратларини кенгайтиришга умид қилишган эди.
Ушбу ижобий ўзгаришлар бутунлай тўхтагунча бир неча йил керак бўлди. 2000 йилда Кемп-Дэвид тинчлик музокаралари барбод бўлганидан сўнг, Исроил мухолифати етакчиси Қуддуснинг энг нозик муқаддас жойи - яҳудийлар Маъбад тоғи деб биладиган Ал-Ақсо мажмуасига бориб, Исроилнинг бу ердаги суверенитетини кўрсатмоқчи бўлганида фаластинликларнинг ғазаби кучайди.
Иккинчи Фаластин интифадаси вақтидаги зўравонликлар тинчлик жараёнини барбод қилди ва Исроилнинг муросасиз ўнгқанот сиёсий етакчилари мавқеини кучайтирди. Гарчи музокаралар кейинчалик АҚШ воситачилигида ўтказилган бўлса ҳам, натижа айтишга арзигулик бўлмади, охирги уриниш 2014 йилда муваффақиятсиз якунланди.
ФМнинг собиқ таълим вазири, ҳозирда Фатаҳ Марказий қўмитаси бош котиби ўринбосари Сабри Саидамни Рамаллоҳдаги шинам офисида учратдим. У маъмуриятнинг самарасиз эканлиги ҳақидаги фикрларни хато деб, унинг яратилишини "муҳим босқич" деб атайди. Унинг айтишича, ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаш икки давлат ечими имкониятларини сақлаб қолади.

Сурат манбаси, Getty Images
"Бу финал эмас, лекин у фаластинликлар сақлаб қолмоқчи бўлган ютуқни акс эттиради", дейди у, ФМ Фаластиннинг ўзлигини мустаҳкамлашга, институтларни қуришга, қонун ва тартибни мустаҳкамлашга ва ўн минглаб ижтимоий хизматчиларни қабул қилишга қандай ёрдам берганини тушунтириб.
Маблағ тақчиллиги боис ФМ ҳозирда ўз ходимларига маош тўлашга қийналаётган бир пайтда, доктор Саидам халқаро донорларни саъй-ҳаракатларни кучайтиришга чақириб, акс ҳолда тартибсизликлар хавфи ортишини эслатади.
ФМнинг қонунийлигига унинг автократия томон ўзгараётгани сабабли путур етмоқда. 2005 йилда президентлик сайловлари Маҳмуд Аббосни тўрт йиллик муддатга ҳокимиятга келтирди, аммо у ҳозир 87 ёшда, ФМ ва ФОТ раҳбари сифатида ҳамон лавозимда ўтирибди ва тобора парчаланиб бораётган тизимни назорат қиляпти.
2006 йилда бўлиб ўтган сўнгги парламент сайловларида Фатаҳнинг ашаддий рақиби, Исроилни йўқ қилишга интилаётган исломий Хамас партияси ғалаба қозонган эди. Дунё тан олиши мумкин бўлган ҳукуматни тузиш ҳаракатлари охир-оқибат муваффақиятсизликка учради ва Хамас 2007 йилда бир неча кунлик ҳалокатли жанглардан сўнг Ғазо сектори устидан тўлиқ назоратни қўлга олди. У ерда ҳукмронлик қилишда давом этмоқда ва таҳликали ички сиёсий тафовут сақланиб қолмоқда. Парламент эса амалда йўқ.
ФМни танқид қилиш - ҳатто ижтимоий тармоқларда ҳам - тобора хавфли бўлиб қолган бўлса ҳам. Гапира олаётганларнинг таъкидлашича, энди ФМ ўзини ва амалдорлари учун имтиёзларни сақлаб қолиш билан овора.
"Бу ўз тақдирини ўзи белгилаш ва ўз-ўзини бошқаришга қарама-қаршидир, - деб шикоят қилади Диана Бутту, Фаластин-Канадалик ҳуқуқшунос ва ФОТнинг собиқ расмийси. - У сиёсий жараёнга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган диктатура ва сайланмаганлар томонидан бошқариладиган ҳокимиятга айланди."
Бугунги кунда 35 ёшдан кичик фаластинликлар ҳали бирор марта ҳам парламен сайловларида қатнашмаганлар. Бутту хоним ва бошқалар янги сайлов ўтказиш ва Исроилни босиб олинган ҳудуддан сиқиб чиқариш учун халқаро ҳамжамиятни қатъий чоралар кўришга чақирмоқда. Бироқ хорижлик ўйинчилар дадил қадам ташлашни истамаяпти.

Рамаллоҳ марказида Осло битимидан қолган мерос кундалик ҳаётда акс этиб туради - ФМ хизматчилари офисларидан чиқиб, давлат мактаблари ўқувчилари уйларига шошадилар.
Аммо кексаю ёш хавотирда. ФМнинг кекса президенти ниҳоят сиёсий саҳнани вориссиз тарк этганда, ички низолар пайдо бўлишидан қўрқув, кундалик янгиликлар юзага келтирадиган стресс.
20 ёшлардаги бир аёл ўз қишлоғидаги икки ака-ука ўтган йил охирида исроиллик қўшинлар томонидан худди шу куни ўлдирилгани ҳақида гапиради. "Бу хабарни эшитган онани яшин ургандек бўлди", дейди у.
Дўкон эгаси Абу Солиҳ тўрт ўғлига шаҳарни тарк этишга рухсат бермайди. "Мен Исроил армияси ва яҳудий аҳоли билан учрашиб қолишдан қўрқаман", деб тушунтиради у. У ҳозир машинада бир соатлик масофада Наблусда яшовчи укасининг олдига боролмайди.
Сўнгги ойлар Ғарбий Соҳилда сўнгги йиллардаги энг қонли ой бўлди. Исроилнинг мунтазам ҳарбий рейдлари, фаластинлик жангарилар томонидан бир қатор отишмалар ва экстремист келгиндиларнинг зўравонликлари кучайган. Ғарбий Соҳилнинг баъзи ҳудудлари, айниқса, Наблус ва Жениннинг айрим қисмлари ФМ назоратидан чиқиб кетган.
ФМ раҳбарларига ишонч йўқолгани Исроилга қарши қуролли курашга содиқ Ҳамас ва Исломий Жиҳод жангариларининг қўлини баланд қилмоқда. Янги, маҳаллийлашган гуруҳлар пайдо бўлмоқда.
"Биз жуда чарчадик, - деб хўрсинади рамаллоҳлик ёш аёл. - Биз фақат бу можарога барҳам беришни хоҳлаймиз." Бироқ, муҳим келишувдан ўттиз йил ўтди, аммо бунинг охири кўринмаяпти.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













