Янгиликлар. Россия: Путин мусулмонларни ўйладими? Rossiya O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Vladimir Putin

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Путин бу тўғридаги қонунни куни-кеча имзолаган, тегишли ҳужжатнинг ўзи эса, ҳуқуқий ахборот порталида жойлаштирилган

Россия президенти 'кутилмаганда' узоқ кутилган қонунга имзо чекди...

Россия дунёнинг ўзбекистонликлар энг кўп давлати бўлади.

Россиядаги мусулмонларнинг салмоқли қисмини эса, айнан Марказий осиёликлар ташкил этишади.

Путин нима қилмоқчи?

Алоқадор мавзулар:

Олинаётган хабарларга кўра, Россиянинг тўртта минтақасида Исломий банкинг пайдо бўлади.

Исломий молия ва банк тизими Бошқирдистон, Татаристон, Чеченистон ва Доғистонда тажриба тариқасида синаб кўрилади.

Путин бу тўғридаги қонунни куни-кеча имзолаган, тегишли ҳужжатнинг ўзи эса, ҳуқуқий ахборот порталида жойлаштирилган.

Ҳайит

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Россиядаги мусулмонларнинг салмоқли қисмини, йилларки, Марказий осиёлик мигрантлар ташкил этиб келишади. Уларнинг орасида катта кўпчилигини Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳисобига тўғри келади

Сўнгги янгилик аксар аҳолиси ортодокс насроний бўлган Россияда шу пайтгача кўрилмагани билан кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.

Ислом дини эса, Россияда иккинчи йирик дин саналади, мусулмонлар мамлакат аҳолисининг 10 фоиздан кўпроғини ташкил этади.

Россиядаги мусулмонларнинг сони турли манбаларда 10 миллиондан 25 миллионгача экани айтилади.

Россиядаги мусулмонларнинг салмоқли қисмини, йилларки, Марказий осиёлик мигрантлар ташкил этиб келишади.

Уларнинг орасида катта кўпчилиги Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳисобига тўғри келади.

Zarnigor Omonillayeva

Сурат манбаси, .

Россия президентининг нега айнан бугун бу каби қарорга келгани сабаби маълум эмас.

Хабар Россия Украинада олиб бораётган уруш, худди шу уруш боис ўзи Ғарбнинг устма-уст кескин иқтисодий ва молиявий санкциялар остида қолган бир пайтда олинган.

Исломий банкинг банк фаолиятини Ислом дини меъёрларига мувофиқ олиб боришни англатади.

Исломий банк тизимида фоиз учун пул берилмайди ва улар бўйича фоизли операциялар ҳам амалга оширилмайди.

Шариат томонидан тақиқланган айрим фаолият турлари (спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари, қурол-яроғ, ўқ-дори, чўчқа гўшти ишлаб чиқариш кабилар)га сармоя киритиш ҳам тақиқланади.

Исломий молия ва банк тизими асосий даромадини ўзи сармоялаган шахс ёки ширкат фойдасидан фоиз сифатида олади.

Исломий банкинг билан боғлиқ янги қонун лойиҳасини бундан аввал Россия Федерация Кенгаши ҳам маъқуллаган.

Давлат Думасининг Молия бозори бўйича қўмитаси раиси Анатолий Аксаковнинг айтишича, Исломий банкинг тўғрисидаги қонуннинг амалга оширилиши Россияга мусулмон давлатлар, жумладан, Туркия ва Эрон билан қўшма лойиҳалар доирасида $11-14 миллиард доллар жалб этишга имкон беради.

Украина уруши манзарасида айнан Туркия ва Эрон Россия ўзининг муносабатларини мустаҳкам сақлаб туриш ҳаракатида бўлган давлатлар экани кўрилади.

Россиянинг аксар аҳолиси мусулмон тўрт субъектида Исломий банкингни тажриба қилиб кўриш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Россия Давлат Думаси 2022 йилнинг декабрида биринчи ўқишдаёқ қабул қилган.

Россиядаги айрим нашрларнинг ёзишича, тажриба икки йил - 2023 йилнинг 1 сентябридан 2025 йилнинг худди шу санасига қадар давом этади.

Хабарларга кўра, Россия Банкининг реестрига киритилган юридик шахслар мазкур тажрибада иштирок эта олишади.

Буларнинг кредит, нокредит молия ташкилотлари, истеъмол кооперацияси, жамоат фонди, автоном нотижорат ташкилот, хўжалик ширкати ёки шериклик бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Маълум бўлишича, Россия Банки яна тажриба иштирокчисининг мижозларини унинг фаолияти тўғрисида хабардор қилиш тартибини ҳам белгилайди.

Хабарларга кўра, ҳукумат ва Россия Банки мақбул деб топса, кейин тажриба муддати узайтирилиши ва Исломий банкинг мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам қўлланилиши мумкин.

Аммо бу каби тўхтамга қай асосда келиниши тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.

Янгилик аллақачон Россиядаги Марказий осиёлик фаолларнинг ҳам эътиборидан четда қолмаган.

Жумладан, асли ўзбекистонлик юрист Зарнигор Омониллаева мазкур хабар билан ўртоқлашаркан, ўзининг постида Татаристон бу ишни 8 йилдан буён лоббилаштириб келаётганини таъкидлаб, "ҳали-бери рухсат беришмаса керак, деб ўйлагандим. Даб-дурустдан...масжидлардаги рейд ва негатив кайфият ҳам эсдан чиқиб кетди-ку бундай хабарлар билан...", дея ёзиб қолдирган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002