Ҳачико: Одамзодга одамийликни ўргатган кучук - Дунё, янгиликлар Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Николас Йонг
- Role, BBC News
Кинофильм афишасида хитойчада шундай жумла ёзилган: "Сени қанча керак бўлса шунча кутаман".
Бу фильм вафотидан кейин ҳам эгасини Япониядаги вокзалда кутишда давом этган садоқатли кучук Ҳачико ҳақидаги ҳаётий воқеа ҳақидадир.
Оппоқ рангли Акита Ину 100 йил олдин туғилган. У ҳақда ҳар бир нарсада - китоблардан тортиб, кинофильмлару "Футурама" илмий фантастик сериалларида ҳикоя қилинган. 1987 йили японлар олган фильм ва 2009 йилги Ричард Гир ўйнаган фильмдан кейин хитойликлар олган яна бир фильмнинг бозори анча чаққон бўлди.
Илгари ҳам садоқатли итлар ҳақида фильмлар олинган. Масалан, Шотландияда эгаси қабрини тарк этмаган ит - Бобби ҳақидаги фильм ҳам бор эди. Аммо уларнинг бирортаси Ҳачико каби глобал машҳурликка эришмаган.
Унинг бронзадан ясалган ҳайкали 10 йил эгасини кутган Токиодаги ўша Шибуя бекатига 1948 йили қўйилган. Ҳайкал 1934 йили қўйилган эди, аммо Иккинчи Жаҳон уруши вақтида уруш мақсадларида олиб, ишлатиб юборишган. Япон мактабларида болаларга Чукен Ҳачико - садоқатли Ҳачико ҳақида ҳикоялар сўзлаб берилади.
Ҳачико "сўзсиз итоати" бўлган "идеал япон фуқароси"ни ифода этади, дейди Ҳаваи университетидан Кристин Яно. "Эгасига содиқ, ишончли ва итоаткор, ўйлаб ўтирмай тушунувчи, катта бир режада ўз ўрнига эга инсонлар."
Ҳачико ҳикояси
Ҳачико 1923 йил ноябрида акиталарнинг асл ватани бўлмиш Акита префектурасининг Одатэ шаҳрида туғилган.
Акита зоти йирик япон ити бўлиб, мамлакатдаги энг қадимий ва кенг тарқалган зот саналади. У 1931 йили япон ҳукумати томонидан миллий рамзга айлантирилган. Уларни илгари тўнғиз ва бўғу овлашга ўргатишган.
"Акита кучуклари босиқ, самимий, ақлли, жасур ва эгасига садоқатлидир", дейди Ҳачико ҳақида болалар учун инглиз тили китоби муаллифи Эйитсу Сакураба. "Бошқа томондан, у жуда ўжар ва эгасидан бошқаларга ишонмайди."
Ҳачико туғилган йили қишлоқ хўжалиги бўйича профессор ва итларни севувчи Ҳидесабуро Уэно талабасидан акита зотли кучукбола топишга ёрдам сўрайди.

Сурат манбаси, Getty Images
Поезддаги узоқ сафардан сўнг бу кучукбола 1924 йил 15 январида Уэнонинг Шибуя туманидаги уйига етиб келади. Бу вақтда кучукбола ўлиб қолибди деб ўйлашган. Ҳачико биографи профессор Маюми Итонинг айтишича, Уэно ва унинг хотини Яэ кейинги олти ой давомида уни парваришлаб саломатлигини тиклашади.
Уэно унга Ҳачи (япончада саккиз дегани) деб исм қўяди. Уэнонинг талабалари ҳурмат билан унинг исмига ко қўшимчасини қўшиб айтишарди.
Узоқ кутиш
Уэно ҳафтада бир неча марта ишга поездда қатнаган. У Шибуя бекатигача учта ити, жумладан, Хачико ҳамроҳлигида борарди. Кейин бу уч ит унинг қайтишини кечгача кутарди.
1925 йил 21 майда ўша пайтда 53 ёшли Уэно миясига қон қуйилишидан вафот этди. Хачико у билан атиги 16 ой бирга яшаганди.
"Одамлар майит билан видолашиш маросимида қатнашаётганда, Хачи уйдаги Уэнонинг ҳидини сезиб, ичкари кирди. У тобутнинг тагига судралиб бориб ётди ва ўша ердан қўзғалмади", деб ёзади профессор Ито.
Хачико кейинги бир неча ойни Шибуядан ташқарида турли оилаларда ўтказди, лекин охир-оқибат, 1925 йилнинг ёзида у Уэнонинг боғбони Кикусабуро Кобаяшиникида бўлди.
Марҳум эгаси яшаган ҳудудга қайтгач, Хачико об-ҳаво қандай бўлишидан қатъи назар, поезд бекатига ҳар куни борадиган бўлди.
"Кечқурун Хачи касса олдида тўрт оёқда туриб, ҳар бир йўловчига худди кимнидир қидираётгандек қарарди", деб ёзади профессор Ито. Бекат ходимлари дастлаб унга бошоғриқдек қарашган. Якитори сотувчилари унинг устига сув қуйишди, болалар эса калтаклашди.
Бироқ 1932 йил октябрь ойида Япониянинг "Токио Асаҳи Шимбун" рўзномаси у ҳақида ёзганидан кейин Ҳачико бутун мамлакатга машҳур бўлди.
Бекатга одамлар ҳар куни Хачико учун овқат келтирадиган бўлишди, уни кўриш учун узоқ-яқиндан меҳмонлар келишарди. У ҳақида шеърлар, ҳайкулар ёзилди. Хабар қилинишича, 1934 йилда унинг ҳайкали учун маблағ йиғиш тадбирида 3000 киши қатнашган.
1935 йил 8 мартида Хачиконинг ўлими ҳақидаги хабар кўплаб газеталарнинг биринчи саҳифасида чиқди. Унинг дафн маросимида буддист роҳиблар у учун ибодат қилишди, унинг шаънига мақтовлар янгради. Кейинги кунларда унинг ҳайкали олдига минглаб одамлар ташриф буюрди.
Урушдан кейин қашшоқлашган Японияда Хачиконинг янги ҳайкали учун нақ 800 000 иен тўпланди, бу ўша пайтда катта пул эди, бугунги кунда бу маблағ 4 миллиард иенга (28 миллион долларга) тенг.
"Менимча, у доктор Уэнонинг қайтиб келмаслигини билган, лекин кутишда давом этган - Хачико бизга кимгадир ишониш муҳимлигини ўргатди", деб ёзди Такеши Окамото 1982 йилги мақоласида. Ўрта мактаб ўқувчиси бўлганида у ҳар куни бекатда Хачикони кўрарди.
Хачикони хотирлаш
Ҳар йили 8 апрель куни Шибуя бекати яқинида Хачикони хотирлаш маросими ўтказилади. Унинг ҳайкали кўпинча шарфлар, Санта шляпалари ва охиргисида тиббий ниқоб билан безатилади.
У Токиодаги Миллий табиат ва фан музейида ҳам намойиш этилган. Унинг ҳоки бир қисми Уэно ва Яе билан бирга Аояма қабристонига дафн этилган. Унинг ҳайкаллари Одатэда, Уэнонинг она шаҳри Ҳисайида, Токио университети ва 2009 йилги фильм саҳнаси олинган Род-Айленд университетида ҳам ўрнатилган.
Бу йил унинг 100 йиллигини нишонлаш учун Одатэда бир қатор тадбирлар режалаштирилган.
Дунёдаги энг содиқ ит бир асрдан кейин ҳам бу қадар эсланадими? Профессор Яно «ҳа» дейди, чунки у "Хачиконинг қаҳрамонлиги" ҳеч бир давр билан чегараланмаган, аксинча, у абадийдир, деб ҳисоблайди.
Жаноб Сакураба ҳам шу фикрда. "100 йилдан кейин ҳам бу сўзсиз, содоқатли севгига муносабат ўзгармайди ва Хачико абадий яшайди."
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














