Янгиликлар. Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев иш бошлади – умид кучайдими ёки хавотир? O‘zbekiston Saylov Yangiliklar

Сурат манбаси, Rasmiy
Шавкат Мирзиёев ўзининг ислоҳотлар аҳди ва ваъдасида қатъийми?
Бугун, 14 июль куни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг янги президенти сифатида иш бошлади.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида расман қасамёд келтирди.
Ўзбекистон президенти сифатида ўзининг кетма-кет учинчи ваколати ижросига киришди.
Шавкат Мирзиёев бугун қилган чиқиши чоғида, Ўзбекистон президенти лавозимига сайланишини инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, халқ манфаатини таъминлашга қаратилган сиёсатларининг яна бир юксак эътирофи сифатида қабул қилишини айтди.
Шу билан бирга, у елкасига қандай улуғвор масъулият олаётгани, Ватан мустақиллиги, 36 миллиондан зиёд халқ тинчлиги ва фаровонлиги учун шахсан жавобгар эканини "юрак юрагидан ҳис этиб турганлиги"ни ҳам таъкидлади.
Алоқадор мавзулар:
- Шавкат Мирзиёев қудратларга кескин кетди, нима учун "ўлишга тайёр" эканини ҳам айтди
- Ўзбекистон: Жамият эркинлашиши умидлари Мирзиёевга боғлиқ
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Сайлов 'бўлиб ўтди' - президент ким бўлади?
- Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев билан ким қандай беллашмоқчи?
- Мирзиёев ва халқ: Мулоқот муҳимми ё ислоҳот?
Янги сайлов ва янги президент

Сурат манбаси, .
Кечаётган ҳафтада Ўзбекистон муддатидан илгари президент сайловида овоз берган.
Бу галги сайловда ҳам мамлакатнинг амалдаги раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ғалаба қозонгани эълон қилинган.
Сайловни муддатидан илгари чақиришга Шавкат Мирзиёев қарор қилган.
Ўзбекистон президенти ўз қарори сабабини "объектив зарурат" билан изоҳлаган.
Шавкат Мирзиёев бу "бугунги мавжуд шароитда энг тўғри ва адолатли қарор бўлиши"ни айтган.
Халқ ўзларидан барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ўзгариш ва ислоҳотларни кутаётганини ҳам ўз қарорига сабаб бўлган энг муҳим омиллардан бири сифатида тилга олган.
Ўзбекистон президенти ўз олдиларига янада "улкан марралар қўяётганликлари"ни ҳам илова қилганди.

Сурат манбаси, .
Муддатидан илгари президент сайлови чақириш қарорини унга Ўзбекистоннинг шу йил апрель ойида референдум орқали янгиланган Конституцияси берган.
Янги таҳридаги Конституция, бундан ташқари, Ўзбекистон президенти ваколати муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтирган.
Янги тузатишлар ортидан, мамлакат амалдаги президентининг олдинги муддатлари нуллашган.
Янгиланган Конституция ғолиб номзодга етти йилдан икки марта президент этиб сайланиш ҳуқуқи ва имкониятини ҳам берган.
Муддатидан илгари президент сайловига йўл очган янги таҳрирдаги Конституция тўғридан-тўғри тадбиқ этилса, ишласа, янги ўзгаришлар Ўзбекистонни амалда "ҳуқуқий ва ижтимоий давлат"га айлантиради, деган умидлар бор.
Аммо Ўзбекистондаги сўнгги ўзгаришлар, ўз навбатида, четда мамлакат яна яккаҳокимликка юз тутади, деган хавотирларга ҳам замин яратмай қолмаган.
Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон

Сурат манбаси, Rasmiy
Шавкат Мирзиёев 31 йиллик мустақиллиги тарихида Ўзбекистонни бошқараётган иккинчи президенти бўлади.
У қудратга келиши ортидан Ўзбекистонда бошлаган ислоҳотлар халқаро миқёсда эътибор ва эътироф топган.
Ислом Каримовнинг чорак асрдан ортиқ давом этган ва "диктатура"га қиёс берилган бошқаруви ортидан Шавкат Мирзиёев ҳам мамлакат ичкариси ва ҳам ташқарисида қисқа вақтнинг ичида Ўзбекистонни дунёга очган лидер сифатида эътироф этилади.
Жадаллик билан амалга оширишга киришган ислоҳотларининг кўлами ва суръати билан Ўзбекистонни дунёда "Йил мамлакати"га айлантира олган сиёсатчи.
Шавкат Мирзиёев учинчи бор ғалаба қозонгани эълон қилинган сайлов, бошқа томондан, Россиянинг Украинага тажовузи ва расмий Кремлнинг империалистик амбициялари кучайиб бораётган, Марказий Осиё давлатларини ўзининг сиёсий ва иқтисодий орбитасига янада қаттиқроқ тортиш ҳаракатида бўлган бир вазиятда муддатидан илгари чақирилган.
Худди шу уруш боис, минтақада геосиёсий танглик янада кучайган, Россия ва Хитой баробарида Ғарб ҳам Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлигини ҳар томонлама кучайтириш, минтақани ўзининг "муҳим ҳамкори"га айлантириш ҳаракатига тушиб қолган, уларнинг мустақиллиги, суверенитети ва жўғрофий яхлитлигидан ошкора хавотирда бўлган бир шароитда ўтказилган.
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта ва геостратегик жиҳатдан муҳим давлати саналади. Афғонистонга ҳам чегарадош.
Ким нима дейди?

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистондаги муддатидан илгари чақирилган президент сайлови ва Шавкат Мирзиёевнинг ундаги ғалабаси кечаётган ҳафтада ижтимоий тармоқларда энг кўп эътибор топган мавзулардан бирига айланган.
Ҳар бир пост ўнлаб, гоҳида эса, юзлаб марта шарҳланган.
Билдирилаётган фикрлар ҳам турфа хиллиги билан ҳам кишининг эътиборини ўзига тортган.
Би-би-си Ўзбек хизматининг ижтимоий тармоқлардаги акаунтларида эса, Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонгани эълон қилинган постларнинг энг кўп ёқтирилган ва улашилганлари экани ҳам кўрилган.
Акс-садолар

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek
Layloabidova "Мирзиёев кўпгина соҳаларда ислоҳотлар қилаяпти", деркан, бу ислоҳотларни унинг ўзи давом эттиргани маъқул, деб ҳисоблаши ва шунинг учун ҳам сайловда унга овоз берганлигини ёзган.
furqat.qobilov, "сайловдан кейин халқимиз кутган ўзгаришлар, янгиланишлар ва соҳаларни ривожланиши янада изчил олиб борилади", дея умид қилаётганини айтган.
ergashsamo, "Шахсан мен таълим соҳасида чуқурроқ ислоҳотлар қилишни истар эдим, чунки таълимдаги муаммоларни ҳал қила олсак, бошқа соҳадаги муаммоларга ечим топилади", деган.
shuxrat2527 фикрича, "Ҳаммаси яхши бўлади, Худо хаҳласа".
malaklar_dunyosi га кўра, "Ўзбекистонда Мирзиёев катта ўзгаришлар бошлайди".
lo.laboymatova ёзишича, "Келажакка умид қилган, ишонган одамнинг бари шу инсонга овоз берган".
sirojbekoff, "Оддий халқ учун нарх-навони тушириб, ойликларни кўтарсин", деган бўлса, ruslansaparov880, "больницаларда дори-дармон арзон ва тез даволаса, операция текин бўлса", - деб комент қолдирган.
zubaidakaiumova фикрича, "Иш муаммоси йўқ, иш бор, лекин ойлик кам, ҳамма нарса қиммат".
@muratnazarov5586, "Нима кутамиз, халқ учун, оддий халқ учун яхши бўлсин", деб ёзган.
umrzoq_9699 эса, "Газ, сув, свет, оқава сув берсин, халқига эътибор беришни сўраймиз", деган.
Яна биттасида, "растаможкани очсин, янги қурилаётган уйларнинг нархини ҳамёнбоп қилсин, иш жойлари яратсин, ойликларни кўтариб, нарх-навони туширсин, мол-мулк, ер солиғини, олий таълим контракт тўловларини туширсин, бошланишига шу ишлардан бошласин, агар, халқни ростдан ҳам ўйласа", дейилган.
Бунинг ортидан қолдирилганида эса, "Юрт равнақи йўлида қиладиган ишларингизнинг ривожини берсин", деб қолинган.
"Чет элларда ишлаётган мусофирларни оиласи бағрига қайтариш" сўралган коментларнинг ҳам кўп экани кўрилган.
@obidnematov1297, "қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш ва ижрони қатъий таъминлаш" кабиларни санаб ўтган.
Кўплаб коментларда ёзилишича, "Коррупция йўқолишини хоҳлашади".
@zohidxasanov7983 эса, "Ўзгаришлар кутиб қоламиз, туман ва вилоят ҳокимлари ҳаммасини олиб, янгилардан, ёшлардан қўйиш керак", - деган.
Ўзбекистонлик яна бир интернет фойдаланувчиси "президент бозор иқтисодиётига ўтишнинг энг катта шартларини бажармоқда. Бу давлат ривожи учун керак", деб ёзган.
Бошқаси эса, "Президентлик осон ишмас", эканини айтиб, Мирзиёевга "куч-қувват" тилаган.
Бошқа бир коментда, "Халқимизнинг ишончида бўлинг доимо", дейилган.
ali-nazar610, "Мирзиёев ислоҳотлари давом этади", деган фикрда.
@umardavletov6056 га кўра, "вазият Президентнинг қайта сайланишини талаб қилган. Бошлаб қўйган ишларини самарали охирига етказиб қўйиши керак".
Унинг ёзишича, "бошланган ишлар охиригача етказилиши керак. Шунда натижа сиз кутгандек бўлади".
olimbekov_anvarjon, "Президентнинг барча ишларини Аллоҳ қўлласин", дея тилак билдирган.
@AlibekMalikov-el1mm фикрича, "Мирзиёев жамиятда реал ўзгариш қилишга кучи етадиган номзод".

Сурат манбаси, Rasmiy
Президент Шавкат Мирзиёевнинг бугун қилган чиқишида ваъда қилишича:
- Ўзбекистонда барча сиёсий ҳуқуқлар қаторида виждон ва эътиқод эркинлиги кафолатлари сўзсиз таъминланади.
- Демократия ва очиқлик сиёсати изчил давом эттирилади.
- Конструктив мухолифат фаолияти, сўз ва матбуот эркинлиги, фуқароларнинг ахборот олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқлари кафолатланади.
"Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг қайси ўлкаси ёки минтақасида бўлмасин, қонунларимиз ҳимоясида бўлади. Чет элдаги ватандошларимиз билан алоқаларни янада мустаҳкамлаймиз", дея баён қилган Ўзбекистоннинг янги етти йиллик ваколати ижросига киришган президенти.
Ўзбекистон минтақанинг энг катта сондаги фуқароси четда меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади, меҳнат миграцияси мамлакат иқтисодида муҳим ўрин тутади, йилларки, мамлакатда ижтимоий портлашларнинг олдини олишда энг муҳим ҳимоя камари вазифасини бажариб келади.
Миграция ва мигрантлар Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастуридан ўрин олган энг муҳим масалалардан бири.
11 июль куни, ўзи ғолиб чиққан сайловдан кейин қилган илк чиқишида эса, Шавкат Мирзиёев "бор билим, тажрибаси, куч-ғайратини меҳнаткаш, мард ва олийжаноб халқнинг ўзига билдирган юксак ишончини оқлаш учун сафарбар этиш, бу йўлда, керак бўлса, жонини фидо қилишга ҳам тайёр" эканлигини баён қилганди.
Шавкат Мирзиёевнинг номзодлик ваъдаси:

Сурат манбаси, Rasmiy
Шавкат Миромонович Мирзиёев. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси номзоди:
Шавкат Мирзиёев бешта стратегик мақсаддан иборат сайловолди дастурини тақдим этган. Биринчи мақсад - ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратиш. Янги Ўзбекистоннинг асосий устуни - билим, таълим ва тарбия бўлади. Тиббиёт соҳасида бошланган "катта" ислоҳотлар давом эттирилади. Соғлиқни сақлаш тизими тўлиқ рақамлаштирилади ва тиббий суғурта тизими жорий қилинади. 2030 йилга қадар тиббиётга бюджетдан ажратиладиган йиллик маблағ ҳажми 2 карра ошириб, 6 миллиард долларга етказилади. Ижтимоий хизматлар соҳаси буткул қайта кўриб чиқилади. Ҳар бир оила ўз уй-жойига эга бўлиши учун шароит яратиш - устувор вазифа бўлади. Иккинчи мақсад - одамларни ҳаётдан рози қилиш учун барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш. Энг аввало, илғор технологияларга асосланган саноат ривожлантирилади. Экспортбоп маҳсулотлар кўпайтирилади. "Яшил иқтисодиёт"га ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтирилади. Учинчи мақсад - сув ресурсларини тежаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш. 2030 йилга қадар экин майдонларини тўлиқ сув тежайдиган технологияларга ўтказиш учун далаларга сув етказадиган объектлар фермер ва кластерлар бошқарувига берилади. Сув етказиш тизимига Туркия, Испания, Хитой каби давлатлар тажрибаси кенг жорий қилинади. Тўртинчи мақсад - қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш. Ўзбекистонда инсон ва бизнеснинг ҳимоячиси фақат қонун ва суд бўлади. Очиқлик сиёсати изчил давом эттирилади, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, фуқароларнинг ахборот олиш, фойдаланиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқлари қатъий кафолатланади. Бешинчи мақсад - Янги Ўзбекистон хавфсиз ва тинчликсевар давлат. Очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш давом эттирилади. Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари фақат ва фақат халқ ва давлат миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда олиб борилади. Ўзбекистоннинг мустақиллиги ва хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлигини сўзсиз таъминлаш - бирламчи ва муқаддас бурчлари бўлади. Ўзбекистон Армияси 2030 йилга қадар энг замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан таъминланади. Ҳарбий-жанговар қудрат ва юксак маънавий салоҳият Ўзбекистон Қуролли Кучларининг икки буюк таянчига айланиши зарурлиги таъкидланади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Сурат манбаси, .













