Дунё: АҚШ нинг Ойда ядро бомбаси портлатиш режаси Amerika Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
1950-йиллар. СССР фаозони эгаллаш учун пойгада бир қадар олдинга ўтиб олган. АҚШ олимлари ғалати бир режа ҳақида ўйлай бошлади - советларни қўрқитиш учун Ойга ядро қуролларини жойлаштириш.
Астронавт Нейл Армстронгнинг 1969 йили Ой юзига қадам қўйиши тарихдаги энг эсда қоларли лаҳзалардан бири бўлди.
Армстронг қадам босган Ой юзи йирик кратерлар билан қопланса, ядровий бомбалашлар сабабли заҳарланса, нима бўлади?
Бир қарашда илмий мақола номи - "Ойга тадқиқот учун парвозларни ўрганиш, 1-том" жуда ҳиссиз ва бюрократик туюлади. Бу каби мақолаларни эътибордан четда қолдириш осон. Балки ана шу мақсад бўлгандир.
Алоқадор мавзулар:
Муқовага қарасангиз, сал бошқачароқ таассурот қолади. Ўртада атом, ядро бомбаси ва қўзиқорин кўринишидаги булут тасвирланган қалқон расми турибди. Бу Нью Мексикода, Киртланд Ҳаво кучлари базасида жойлашган Ҳарбий ҳаво кучлари махсус қуроллар маркази тамғасидир. Бу марказ ядро қуролларини ривожлантириш ва синовдан ўтказишда катта роль ўйнаган.
Пастда муаллиф исми: Л. Райфел ёки Леонард Райфел, Американинг етакчи ядро физикларидан бири. У дунёдаги биринчи ядро реактори ижодкори, "ядро қуроли меъмори" сифатида танилган Энрико Ферми билан бирга ишлаган.
А119 лойиҳаси номи билан танилган ўта махфий таклифга кўра, Ой юзасида водород бомбаси портлатилиши керак эди. Водород бомбаси 1945 йили Хиросимага ташланган атом бомбаларидан кўра чандон ҳалокатлироқ бўлиб, энг охирги ишлаб чиқилган ядро қуроли тури эди ўша вақтда. Ҳаво кучлари раҳбарлари лойиҳани амалга оширишнинг "тезкор йўли" ҳақида сўраганда, Райфел 1958 йил майидан 1959 йил январигача бир қанча ҳисоботларни тайёрлаган.

Сурат манбаси, Getty Images
Буни қарангки, бу даҳшатли саҳнани вужудга келтириш ишига бош қўшганлар орасида кейинчалик илм-фан оммалаштирувчиси сифатида танилган Карл Саган ҳам бор эди. Аслида бу лойиҳа 1990-йилларда, Саган бир нуфузли университетга топширган аризасида уни тилга олганидан сўнг ошкор бўлди.
У гарчи Ой ҳақидаги бошланғич илмий саволларнинг айримларига жавоб беришга ёрдам бериши мумкин эса-да, А119 лойиҳасидан кўзланган асосий мақсад кучни кўрсатиб қўйиш эди. Бомба Терминатор линиясида портлаши керак эди. Бу линия Ойнинг қоронғи ва ёруғ қисмлари туташган жойда бўлиб, портлашдан пайдо бўлган чақинни ҳамма, айниқса, Кремлдагидар оддий кўз билан ҳам кўришлари мумкин бўларди. Атмосфера бўлмагани учун у ерда қозиқорин булути бўлмасди.
Бу каби даҳшатли режа ишлаб чиқилиши сабабини биргина ишончли изоҳи бор - унга ундаган сабаб хавфсизлик ва умидсизлик эди.
1950-йилларда Американинг Совуқ урушда енгиши аниқ эмасди. Қўшма Штатларда сиёсатчилар ва омма Совет иттифоқи ядро қуроли соҳасида, хоссатан, уни ривожлантириш ва ядро бомбардимончилари ва ракеталари сони жиҳатдан олдинда деб ҳисобларди.
1952 йили АҚШ биринчи водород бомбасини портлатди. Уч йил ўтиб советлар ўз шундай қуролларини портлатиб Вашингтонни даҳшатга солди. 1957 йили улар яна илгарилади, дунёда биринчи марта сунъий йўлдош - Спутник I ни учириб, фазо пойгасида етакчига айланиб олишди.
Америкаликлар асабийлашаётганди, Спутник советларнинг бироз ўзгартирилган қитъалараро баллистик ракетасида учирилди, АҚШнинг "сунъий ой"ни учириш уриниши эса даҳшатли портлаш билан якун топди. Vanguard ракетасини қоплаган дўзаҳ алангаси видео тасвирларга тушди ва бутун дунёда намойиш қилинди. Ўшанда бир британ нашри шундай ёзганди: "VANGUARD ЭПЛАЙ ОЛМАДИ... катта муваффақиятсизлик албатта, айниқса, обрў ва тарғиботда..."

Сурат манбаси, Getty Images
Бу орада АҚШ мактабларида машҳур "Duck and Cover" мультфильмини кўрсатишари. Унда тошбақа болаларга ядро ҳужуми бўлганда нима қилиш кераклигини ўргатарди.
Ўша йили АҚШ газеталари муҳим разведка манбасидан иқтибосан "Советлар 7 ноябрь Инқилоб юбилейида Ойда водород бомбасини портлатмоқчи" (The Daily Times) деб хабар тарқатди. Кейин советлар аллақачон ядро қуроли бўлган ракетани Ойга учиришни режалаштиришган бўлиши мумкин қабилидаги хабарлар пайдо бўлди.
Бошқа Совуқ уруш миш-мишлари каби бунинг ҳам асл манбасини топиш қийин.
Ғалати жиҳати, ана шу ваҳима советларни ҳам ўз режаларини ишлаб чиқишга ундаган бўлиши эҳтимол. Е4 код рақамли режа советларнинг америкаликлардан кўчириб олинган шундай режасидир. Бу режа ҳам кейинчалик бекор қилинган, чунки парвоз муваффақиятсиз чиқса, бомба совет тупроғида портлаши мумкин эди. Улар бу эҳтимолни "жуда ҳам исталмайдиган халқаро ҳалокат" деб таърифлашган эди.
Улар шунчаки Ойга қўнишнинг ўзини энг катта ютуқ бўлишини тушунишган бўлса керак.
Аммо А119 лойиҳаси иш берди.
2000 йилда Райфел бу ҳақда ниҳоят гапирди. У лойиҳа техник жиҳатдан имконли бўлгани, портлашни ҳам Ердан кузатиш мумкин бўлишини айтди.
Олимларнинг хавотирларига қарамай, Ойдаги тоза муҳитни расво қилиш АҚШ Ҳаво кучлари учун аҳамиятсиз нарса эди.
"А119 лойиҳаси Спутникка жавобан амалга оширилиши мумкин бўлган ғоялардан бири эди", дейди фан ва ядро технологияси тарихчиси Алекс Уеллерстейн. "Улар орасида Спутникни уриб тушириш ғояси ҳам бўлган. Улар бу чораларни "томоша" деб аташарди. Одамлар кўрганда хайратда қолишлари керак эди."
"Аммо охир оқибат улар ўз сунъий йўлдошларини учиришга қарор қилишди. Аммо бу орада ўша лойиҳа устида ҳам иш давом этарди. 1950-йиллар сўнгигача шу зайл кетди.
Бу ишлар ўша вақтда америкаликларнинг тафаккур тарзи қандай бўлганини кўрсатади. Улар рақобатда енгиш учун қандайдир таъсирли нарсани топиш илинжида эдилар. Менимча, бу ҳолатда улар бир бирларига жуда ўхшаш эди."
Коммунистларга қарши "жодугар ови" бу олимларни лойиҳа устида ишлашга мажбур қилганмиди, йўқми, бунисини у аниқ айтолмайди. "Бу ролга киришганларнинг деярли ҳаммаси ўз ихтиёри билан қўшилганди, - дейди у. - Улар бу ишларга эътироз билдирмасди. Агар қўрққанларида улар миллионта бошқа ишни ҳам қилиши мумкин эди. Совуқ уруш вақтида кўплаб олимлар шундай қилган ҳам. Улар физика жуда сиёсийлашиб кетганини айтишарди."

Сурат манбаси, Getty Images
Вьетнам урушигача кўп марта ўз-ўзларини тафтиш қилишган.
"А119 лойиҳаси менга Симпсонлардаги Лиза Нелсоннинг "Кит каллаклар" деворий суратини кўрганидаги ҳолатни эслатади, - дейди ташқи фазо масалалари бўйича халқаро муносабатлар эксперти Бледдин Бауэн. - Жуда соз, ниманидир ядро билан портлатмоқчимисан, деганди у."
"Булар жиддий тадқиқотлар эди, аммо улар фазогирлар ҳамжамиятини тарк этганларидан кейин арзирли маблағ олишолмади. Бу 50-йиллар охири, 60-йиллар бошларидаги космик маниянинг бир қисми эди, ҳеч ким космик аср қандай бўлишини аниқ билмас эди", дейди у.
"Агар шу каби Ой васвасаси яна такрорланса, у ўрнатилган халқаро ҳуқуқий тартибга зид келади..."
Халқаро консенсусга қарамай, бу каби режалар яна тузилиши мумкинми? "Мен баъзи жойлардан ва Пентагондан АҚШ космик кучлари миссиялари Ой муҳитини ўрганаётгани ҳақида миш-мишларни эшитдим", дейди Бауэн.
Баъзи фавқулодда ғоялар АҚШда илдиз ололмаслиги, улар Хитой каби бошқа мамлакатларда қўллаб-қувватланмайди дегани эмас. "Агар ҳозир Хитойда ушбу ғоялардан баъзиларини илгари суришни хоҳлайдиган гуруҳ чиқса, ҳайрон бўлмайман, чунки улар Ойни зўр жой деб ўйлашади ва камига ҳарбий улар", деб қўшимча қилади Бауэн.
А119 лойиҳасининг кўпгина тафсилотлари ҳали ҳам сир қолмоқда. Уларнинг кўплари йўқ қилинган кўринади.
Бундан олинадиган асосий дарс шуки, бюрократик оҳангдаги сарлавҳали мақолаларни кўрганда эътиборсиз қолдирмаган маъқул.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














