Янгиликлар, Украина уруши: Яна тунги "Шаҳид" ва ракета ҳужумлари. Россия шаҳримизни сувга чўктиришни истади Dunyo Yangiliklar

A view shows a flooded area after in Kherson on 7 June

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Херсон

Украина расмийлари хабар қилишича, Россия яна тунда бутун республика ҳудудини "Шаҳид" дронлари ва ракеталар билан ҳужумга тутган. Херсонликлар Нова Каховка тўғони вайрон этилганидан кейинги вазиятни тасвирлайдилар.

Украина қуролли кучларига кўра, кечки соат 22 дан тонгги соат 4 гача Россия Украина ҳудудини 16 дрон, 6 та қанотли ракета билан ҳужумга тутган.

Бундан олдин Қора денгиздаги ҳарбий кемадан икки "Калибр" ракетаси отилган.

Нишонга ҳарбий объектлар ва ижтимоий инфоратузилма иншоотлари олинган.

Тревога огоҳлантиришлари Харкив, Ровен, Житомир, Волин ва Львов вилоятларида янграган.

Алоқадор мавзулар:

A rescue boat on a flooded street

Сурат манбаси, Reuters

Украина расмийлари Нова Каховка тўғонини Россия қўпорувчи гуруҳи портлатгани далилини қўлга киритганини хабар қилди.

ГЭС атрофида сув сатҳи қарийб 5 метр пасайган.

Бироқ Днипро дарёсининг қуйи қисмида ҳали катта ҳудуд сув остида қолмоқда.

Россия Херсонимизни сувга чўктирмоқчи бўлди, дейишади херсонликлар.

Нова Каховка тўғони портлатилганидан кейинги вазият

Сурат манбаси, Reuters

Каховка тўғонининг бузилиши шундоқ ҳам уруш сабабли оғир аҳволда яшаётган украинияликларга оғир зарба бўлди. Тошқин кўтарилиши билан ғазаб ва саросима кучайган.

Херсонда 6 июнь тонги Каховка тўғони бузилгани ҳақидаги янгилик билан бошланди. Шаҳар аҳолиси нима бўлганини билиш учун дўстларига қўнғироқ қила бошлади. Сув етиб борган ҳудудларда одамлар уйларини тезликда ташлаб кетарди.

Украина расмийларининг айтишича, мамлакат жанубидаги бу тўғонни руслар портлатиб юборган. Москва эса тўғон бузилишига Украина кучларининг снарядлари сабаб бўлганини айтган.

Тўғон бузилган заҳоти ён атрофдаги қишлоқ ва шаҳарчаларни сув боса бошлаган. 80 фоиздан ортиқ аҳоли пунктлари сув остида қолиш хавфи бор, дейди Украина расмийлари.

Херсон

A slipper is seen adrift in a flooded residential area of Nova Kakhovka

Сурат манбаси, Reuters

Херсонда яшовчи Людмиланинг Би би сига айтишича, у аввалига бу хабарга ишонмаган, шунчаки миш миш деб ўйлаган. Ўз уйини ташлаб кета бошлаган дўстлари қўнғироғидан сўнг, вазият жиддийлигини тушунган.

У Антонивский кўпригидан унча узоқ бўлмаган Херсон чеккасидаги Антонивка туманида яшайди. Антонивканинг катта қисми тепаликда жойлашган. Аммо айрим қисмлар пастлик бўлгани учун эрта тонгдан сув пайдо бўлган ва унинг сатҳи кўтарилиб бормоқда.

"Қолиш қўрқинчли," дейди Людмила.

Людмила турмуш ўртоғи билан бирга бир нечта халта юкларини олишдию қўшнилари ёрдамида Херсоннинг нисбатан хавфсизроқ жойларига кетди.

Людмила уйда товуқлари, кучуги ва мушугини қолдириб кетишга мажбур бўлгани, бошқа иложи бўлмаганини кўзида ёш билан гапирди. Унинг эри ногирон, уларда автомашина ҳам йўқ. Шу боис уйдан ўзлари кета олишмасди.

Павло бошқа бир херсонлик. Унинг айтишича, шаҳарда саросима бўлмаган, аммо эрталаб ҳар ким сув заҳирасини тўплай бошлаган.

У Херсоннинг бир нечта туманига борган ва айтишича, шаҳарда одатий ҳаёт асосан давом этяпти. Дўкон ва бозорлар очиқ.

Шаҳарнинг катта қисми Днепрнинг юқори ўнг қирғоғида (шимол ёки ғарбда) жойлашган. Дарёга туташган пасттекисликлар энг кўп зарар кўрди. Днепр ирмоқлари оралаб жойлашган қишлоқлар ҳам сув остида қолган.

Павлонинг айтишича, полиция Херсоннинг сув босган ҳудудларида патруль хизмати йўлга қўйган. Ташлаб кетилган уйлар талон-тарож қилиниши олдини олиш мақсадида машиналар текширилган.

Бу жойларда сув баъзи ҳудудларда 3,5 метргача кўтарилган, дейди у. Дарёга яқин жойлашган уйлар бутунлай сув остида қолган.

Одамлар бу ҳудудлардан, баъзилари ўзлари, баъзилари эса расмийлар ташкиллаштирган эвакуация автобусларида чиқиб кетган. Тўлиқ ёки қисман сув босган қишлоқлардан одамлар автобусда Херсонга, кейин Николаевга, у ердан Хмелницкий, Одесса, Кропивницкий ва Киевга олиб кетилади.

Руслар босиб олган чап қирғоқ (жануб ёки шарқ) томонни кўпроқ сув босган. Днепр бўйидаги дачаларда, баъзи жойларда сув деразадан юқорига кўтарилди. У ерда яқинлари ва танишлари бўлганларнинг айтишича, ишғолчи ҳукумат афтидан эвакуация қилмоқчи бўлган, аммо 7 июнь ҳолатига кўра ҳали ҳеч нарса қилинмаган.

A man approaching a dog on a flooded field

Сурат манбаси, Reuters

Павлонинг сўзларига кўра, одамлар асосан руслардан ғазабланмоқда, уларни сўкяпти.

"Одамлар уруш пайтида ҳамма нарсага ўрганиб бўлди, уларни қўрқитишнинг иложи йўқ ва бу фалокат уларнинг босқинчиларга нисбатан ғазабини кучайтиради холос", дейди у.

"Уларни [русларни] бизнинг юртимиздан ҳайдаб чиқариш керак. Бошқа йўл йўқ", дея қўшимча қилади у.

Худди шундай фикрни Би би си билан боғланган бошқа бир херсонликлар ҳам айтган.

Улар "Россия яна бир теракт уюштиргани", руслар эса "шаҳарни сувга чўктирмоқчи" экани ҳақида гапирди.

Янги Каховка

Flooding

Сурат манбаси, Roman Mrochko

Тўғон бузилишидан энг кўп Янги Каховка шаҳри жабр кўрди. Эрталаб ижтимоий тармоқларда сув босган кўчалар суратлари пайдо бўла бошлади. Россия босқинчи ҳукумати дастлаб бу воқеани рад этиб, аҳолини эвакуация қилишга ҳожат йўқлигини таъкидлади.

"Ҳеч қандай маълумот йўқ, одамлар нима бўлишини билишмайди, сув келяпти, аллақачон шаҳарнинг марказий хиёбонида", дейди журналист, илгари Янги Каховкада яшаган Сергей Батурин Би би сига.

Кейинчалик, шаҳар деярли бутунлай сув остида қолганида, ишғолчи маъмурият эвакуация бошланганини эълон қилди.

Ҳайвонлар

Сув тошқини нафақат одамларга, балки ҳайвонларга ҳам ўлим ва ҳалокат келтиради.

"Ҳайвонларни тошқиндан қутқариш учун вақт доим етишмайди", дейди уруш пайтида ҳайвонларни қутқараётган UAnimals ноҳукумат ташкилоти раҳбари Александр Тодорчук.

Ташкилотнинг бир қанча гуруҳлари Херсон ва вилоятнинг жабрланган ҳудудларида аллақачон иш бошлаган.

Тодорчукнинг айтишича, UAnimals қутқарувчилари ҳайвонларни бошпана ва кичик хусусий зоопарклардан, шунингдек, йўлда дуч келган ҳар қандай ҳайвонларни олиб кетишади.

Ташкилотнинг транспорт воситалари ҳам уй ҳайвонларини, ҳам ёввойи ҳайвонларни эвакуация қилиш учун жиҳозланган. Уруш пайтида UAnimals зоопарклардаги бутун жониворларни хавфсиз жойга кўчирди.

Компания, шунингдек, босиб олинган ҳудуддаги ҳайвонлар бошпаналари билан боғланишга ҳаракат қилмоқда.

Эвакуация

Сурат манбаси, Reuters

Эрталаб интернетда Янги Каховкадаги Казкова Диброва ҳайвонот боғидаги барча ҳайвонлар нобуд бўлганлиги ҳақида маълумот пайдо бўлди. Дастлаб, UAnimals буни тасдиқлай олмади, чунки ҳайвонот боғи раҳбарияти билан ҳалигача боғланиб бўлмаган.

Кейинроқ компания Facebook'даги саҳифасида ҳайвонот боғи бутунлай сув остида қолгани ва фақат оққушлар ва ўрдакларгина жон сақлаганини маълум қилди.

Тодорчукнинг айтишича, фалокат зонасида яна кўплаб ҳайвонлар нобуд бўлиши мумкин. Ҳамма ҳайвонлар ҳам суза олмайди ва баъзида одамлар уларнинг арқонини ечишга ёки қафасларидан чиқариб юборишга вақти бўлмайди.

"Бу улкан экологик жиноят, экотизимни бузиб, одамлар ва ҳайвонлар ҳаётига таҳдид соладиган экоцид", дея таъкидлади ташкилот раҳбари.

Россия тўғонни портлатганини инкор этиб, бузғунчиликда Украинани айбламоқда. Россия президенти Владимир Путин буни "ваҳшиёна ҳужум" деб атади.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002