Шайтонпарастлар кимлар? Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Ребекка Силс
- Role, BBC News, Бостон
Бу эҳтимол шайтонпарастларнинг (сатанистлар) дунёдаги энг йирик йиғилиши бўлса ажаб эмас - Бостон марказидаги Marriott меҳмонхонасида уларнинг катта тадбири бошланиш арафасида турибди.
Шамлар ёқилган хона шайтоний маросим ўтказиш учун шай, неон чироқлар билан ёзилган лавҳа эса сизни Кичик Қора Черковга чорлайди. Бир томонда баланд меҳроб жойлаштирилган, қаршингиздаги полга бешбурчак юлдуз тасвири туширилган.
Алоқадор мавзулар:
Бу ерда ўтказиладиган маросим "аксилчўқинтириш" дейилади. Бунда иштирокчилар болаликларида амалга оширилган диний ритуал - чўқинтиришдан воз кечадилар.
"Ҳеч қандай исмларсиз," дейди менга ўз маросимларини кузатишга рухсат берган шайтонпарастлардан бири.
Улар этаги полга тегадиган бошида ёпинчиғи бор либос ва қора ниқоб кийишган. Уларнинг қўлларига кейинчалик озодлик белгиси сифатида ечиб юбориладиган арқон боғланган. Насронийча чўқинтиришдан воз кечиш белгиси сифатида Библиянинг саҳифалари ситиб олинади.

Сурат манбаси, Reuters
Улар учун ана шу лаҳзалардаги ҳиссиёт кучли бўлиши аниқ.
"Гей бола бўлганим учун сен жирканчсан ва шунинг учун йўқ қилинишинг керак деб айтишганида фикрларим ўзгариб кетди. Шайтон маъбадини топиш фикрларимга мантиқ, ҳисларимга ҳамдардлик берди."
Шайтон маъбади АҚШда дин деб тан олинган бўлиб, Америка, Европа ва Австралияда ўз жамоалари ва руҳонийлари бор.
830 дан ортиқ одам апрелда ўтган "SatanCon" деб аталган йиғилишга чипта олди.
Аъзолар Луцифер ёки дўзахнинг борлигига аслида ишонмасликларини айтишади. Уларнинг айтишича, шайтон шунчаки мажоз, авторитетларни савол остига олиш, ўз ишончингни ақл ва илмга таянтириш рамзидир. Ана шу муштарак қадриятлар атрофида бирдамлик ҳисси шакллангани боис, у дин ҳисобланади, дейди улар.
Улар ўз маросимларида шайтоний рамзлардан фойдаланишади, масалан, тўй маросимлари ёки янги исм олаётганда. Бу рамзлар "Яшасин шайтон" деб бақираётганингизда қаршингизда турган оёғи осмондан қилиб қўйилган хоч бўлиши ҳам мумкин.
Аксар христианлар учун бу жиддий шаккокликдир.
Шайтон маъбади сўзчиси Декс Десярдин "аксар рамзларимиз моҳиятан шаккокона" дейди.
"Аксариятимиз тескари қилиб қўйилган хоч тақамиз. Очилиш маросимларида аёлларга ва ЛГБТга, оқ танли бўлмаганларга, дин сабабли руҳий жароҳат билан ўсганларга қарши зулм ифодаси сифатида Библиянинг варақларини йиртамиз. Аъзоларимиз орасида диний жароҳат билан улғайганлар талайгина."

Сурат манбаси, Reuters

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/Shutterstock
Шайтонпарастлар ҳар кимнинг эътиқод эркини ҳурмат қилишларини ва одамларнинг дилини оғритишни истамаслигарини айтишади.
Аммо кўплаб насронийлар лаънатга қолишдан огоҳлантирувчи белгилар кўтариб, меҳмонхона ташқарисида тўпланишди.
"Тавба қилинг ва Инжилга ишонинг", деб бақирарди бири. ЛГБТ байроғининг камалак рангларига «pride» сўзи ёзилган. "Шайтон барча "камалак" болалар устидан ҳукмронлик қилади", дейди бошқаси.
"Биз Худога бу куфрни асло қабул қилмаслигимизни ва биз католиклар шайтонпарастларга майдонни бериб қўймаслигимизни кўрсатишни истаймиз", дейди консерватив католик гуруҳидан бўлган намойишчи Майкл Шивлер.
Анжуман иштирокчилари меҳмонхона лоббисида намойишни четдан кузатиб туришарди. "Улар бизни марихуана чекволган мастурбаторлар деб аташади", дейди бир киши. "Уҳ, осмондаги бобонинг мендан жаҳли чиқяпти!" деб ҳазил қилади бошқаси.

Сурат манбаси, The Boston Globe via Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images
Хилбиллилар, шохлар ва шайтоний лаззатлар
Тадбир меҳмонхонанинг тўртинчи қаватида бўлади. Шайтонпарастлар уни андрогин готик либослар, серҳашам либослару, қўлда бўялган шохлар, шайтон татуировкаларию ҳар турли ясама мўйловлар билан тўлдирган.
Бу ердагиларнинг кўпчилиги ота-она бўлиш ёшига етган, баъзилари шундай ҳам. Камида битта болалар аравачасига кўзим тушди.
Турли тақдимотлар, масалан, "Хилбиллилар: Америка қишлоқларида учрайдиган шайтонпарастлик" деб номланган тақдимот, шунингдек, шайтонпарастлик, ўз-ўзидан завқланиш бўйича семинар режаланган.

Сиёсий фаоллик Шайтон маъбадининг асосий қисмидир. Улар дин ва давлатни ажратиш керак, деб ҳисоблайдилар ва ана шу фарқни ҳимоя қилиш учун АҚШда тез-тез судга мурожаат қиладилар. Уларнинг қарашлари аслида жиддий, лекин улар бу курашга сатира ва ғазабни ҳам қўшиб юборадилар.
Масалан, улар Оклахома штати Капитолийсига "Ўн аҳд" ёдгорлиги ўрнатилганда шу ерга 2.4 метр бўлган шайтоний ҳайкални ўрнатишни сўрашган эди. Конституциянинг Биринчи тузатишида барча динларга тенг муносабатда бўлиш таъкидланган. Хуллас судлашувлардан сўнг Ўн аҳд ҳам олиб ташланди.
Шайтон маъбади, шунингдек, ҳар ким ўз танасига эга бўлиши кераклигини таъкидлаб, аборт қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлайди.
Шу йил бошида улар Нью-Мексикода аборт таблеткаларини почта орқали етказиб берадиган онлайн клиника очишди.
Шунингдек, улар аборт маросимларини ўтказишни ҳам ишлаб чиқишди.
Ушбу маросимлар баъзи томонларнинг танқидига ҳам сабаб бўлди, жумладан, католикларнинг "National Catholic Register" газетаси шайтонпарастлар ўтказаётган маросимларни "диний маросимлар ва рамзлар пародиясидан бошқа нарса эмас" деб атади.
Аборт қилмоқчи бўлган кам таъминланганларга ёрдам берадиган «Yellowhammer» жамғармаси "долларларингизни бериш ва бошланғич ташкилотларга ишониш ўнлаб йиллар давомида" абортни қўллаб-қувватлашнинг энг яхши усули бўлишини айтади.
Тарафдорлар билан тўла залда Шайтон маъбади раҳбарлари ўз ишлари ҳақида гапириб беришди. Муваффақиятлар гапирилганда қичқириқлар, қарсаклар янграйди.
Яна бир лойиҳа "Мактабдан ташқари шайтон клублари" бўлиб, шиори "Шайтон ёрдамида тарбиялаш"дир. Шайтон маъбади мактаблар таълимига динни олиб киришга қарши, ўқувчиларни динга даъват қилиш учун келадиган диний гуруҳларга қарши туришни истайдилар.
Шундай қилиб, қаердаки маҳаллий аҳоли илм фан, ҳунар ва танқидий фикрлашга йўналтирувчи "Мактабдан ташқари шайтон клуб"ини очишни сўраб мурожаат қилса, улар уни ташкил қилишга ёрдам беришади.
Қаршилар эса бу болаларни қўрқитишини айтса, Шайтон маъбади бу клубларда иблисга дахлдор ҳеч нарса бўлмаслигини таъкидлайди. Уларда шундай болалар қўшиғи бор, унда сакраб эчки чиқади ва қўшиқ бошланади: "Шайтон ёвуз йигит эмас, у ўрганинг, сўранг дейди. Завқланинг, мустақил бўлинг дейди, айтганча, барибир дўзах йўқ-ку!"
'Шайтон сизни севади!'
Ўнлаб рассомлар ва ишлаб чиқарувчилар шайтондан илҳомланган ўйинчоқларини сотувга қўйган. Ҳаммасидан бор - "Шайтон сизни севади" деб ёзилган қалпоқлардан тортиб, эчкибош шайтоний символ бўлмиш Бафомет шаклида тўқилган ўйинчоқларгача.
Шайтон маъбади ўз футболкаларини ҳам сотмоқда. Гуруҳ аъзолик учун бадал ундирмайди, асосан хайрия ва сотувлардан келган маблағларга таянади.
Яқинда нашр қилинган болалар учун китоб "Хайрли тун, Бафомет" ўтган-кетганлар эътиборини тортади.

Шайтон маъбадининг ахлоқ тамойиллари еттита - ҳамдард бўл, ўз танангни назорат қил, ўзгалар эркини ҳурмат қил, ҳатто ҳақорат қилиш ҳуқуқини ҳам тан ол.
Буни болалар учун китобда шундай ифодалашган: "Ўзгалар ҳуқуқини ҳурмат қил, ҳатто сен билан келиша олмаса ҳам. Гаплари сени хафа қилса, қўй уларни, оғринма."
Калифорниядан бу тадбирга келган Арасели Рожас бу тамойилларни ўзаро боғлиқ ва амалда қўллаш қулай дейди.

"Мен доим ўзимни шайтонпараст бўлганман деб ўйлайман. Фақат буни ўзим билмаганман."
Унинг айтишича, у Шайтон маъбади ҳақида биринчи марта 2020 йилда TikTok орқали билган. "Ўша пайтда биринчи марта кўришим эди. Аввалига мен ҳам кўпчилик каби бироз қўрқдим. Улар болаларни қурбонлик қилишмасмикан, деб ҳам хавотирга тушдим! Сўнг бу маданият ва саҳнага қизиқиб қолдим ва йиғилишларга қўшила бошладим ... ва охир-оқибат тушундимки, хато ўйлаган эканман, булар шунчаки рамзлар экан, улар аслида жуда яхши одамлар."
Дўконларда мен суҳбатлашган одамлар Шайтон маъбади ҳақида дастлаб маъбад тамойиллари ва фаолияти ҳақида Пенни Лейн 2019 йилда суратга олган "Яшасин Шайтон?" ҳужжатли фильмидан ўрганганини айтишди.
Маъбаднинг таъкидлашича, аъзолар сони 2019 йилдаги 10 000 дан бугунги кунга келиб 700 000 дан ошган.
Бостонда йиғилганлар орасида маҳаллий ҳукумат амалдорлари, тиббиёт мутахассислари, муҳандислар, рассомлар, молия арбоблари, ижтимоий хизматчилар, терапевт ва цирк ижрочилари ҳам бор эди. Кўпчилик ЛГБТ жамиятига алоқадор. Кўпчилик насронийлар билан ёки ҳеч бўлмаганда шайтонпараст бўлмаганлар билан турмуш қурган.
Аъзолар сиёсий жиҳатдан сўлга мойил, лекин аъзолар учун сиёсий имтиҳон йўқ ва Маъбад ҳеч қандай партия ёки номзодни қўллаб-қувватламайди.
Шайтон маъбади асосчиларидан бири Люсьен Гривз қора кийимда тансоқчилар билан келади. Қўлида термос кўтариб олган. "Инглизча чой. Уни инглиз буюмлари сотиладиган дўкондан олдим". Бехосдан "баракасини берсин!" десам, жилмайди.
Гривз (тахаллус) ўн йил олдин дўсти Малколм Жарри (у ҳам, тахаллус) билан ушбу ҳаракатга асос солган. Улар диний эркинликка содиқ эдилар ва насронийликнинг давлат қонунларига суқилиб киришига қарши эдилар.

У медианинг, айниқса АҚШда, Шайтон маъбадини ўзини дин деб кўрсатувчи ҳазилкашлар сифатида тасвирланишига қатъий эътироз билдиради.
"Одамлар биз айтаётганларни борича қабул қилишга иккиланишади, лекин мен айтаётганларимиз самимий ва боримизча кўриняпмиз деб ҳисоблайман."
Агар чиндан ҳам троллга ўхшаб қолмасликни истасангиз, аборт клиникангизни абортга қарши ҳукм чиқарган Олий суд судьяси номи билан "Самуэл Алитонинг Шайтоний аборт клиникаси" деб номлармидингиз? Камига бу ёзувни футболкаларда ҳам чиқарармидингиз?

"Биз бу ерда нимадир самимий бўлиши учун у юмордан ҳоли ва жиддий бўлиши керак деган фикрдан келиб чиқиб иш қилмадик", дейди Гривз.
"Мен бу ҳақда шундай ўйлагандим: телетиббиёт клиникасини очишимиздан жиддийроқ нарса йўқ. Мен шунчаки ҳазил туйғусини йўқотганимизни кўришни хоҳламайман."
Гривз Американинг энг машҳур шайтонпарасти сифатида ўзига нисбатан хавфларни енгиш учун ҳаёт тарзини ўзгартиришга мажбур бўлди.
"Мен сўнгги тўрт йил ичида кўчиб юрдим ва ҳатто одамларим ҳам йўқ, чунки яна кўчиб юрмоқчи эмасман."
Баъзи Шайтон маъбади аъзолари ўзларига нисбатан хавфлар борлигини айтиб, ўз аъзоликларини очиқ тан олмайдилар. Ошкора аъзолар ишидан айрилган, болаларини олиб қўйишган, машиналари остидан сохта бомбалар чиққан.
Маъбаднинг диний репродуктив ҳуқуқлар учун кампанияси вакили Чалис Блайт очилиш маросимида Библияни йиртгани тасвирлари интернетда тарқалганидан сўнг, интернетда ўзига нисбатан таҳдидлар бўлганини айтади.
Бу таҳдид биринчиси эмас. 2016 йилда оила аъзоларидан бири унинг маълумотларини интернетга чиқарворгач, бир қуролланган одам унинг уйида пайдо бўлди.
У "бу ерга аниқ мақсад билан келдим - бу қуролда ўша қанжиқнинг исми ёзилган" деди. Уни кейин қамашди.
"Исмимни расман ўзгартирибгина буни қилишим мумкин эди."

Сурат манбаси, AFP via Getty
Унинг ҳолатида шундай қилмаса ҳам бўлмасди. "Агар менинг душманларим мени ҳуқуқларимдан маҳрум қилмоқчи бўлган ақлдан озган евангелистлар бўлса, мен бундай душманларим билан фахрланаман."
30 ёшлардаги Тифон Никс исмни ўзгартирган кўплаб аъзоларидан бири - улар буни «сатоним» деб аташади. У яқинда атеизмдан шайтонпарастликка ўтганини айтди.
"Шайтонпарастлик мен ишонадиган ҳамма нарсани англатади, - дейди у. - Жумладан, тана автономияси, раҳм-шафқат, ҳурмат, илм. Шайтон эса жамиятдан қувғин қилинганларни, ўзгача фикрда бўлганларни ифодалайди.
"Бирорта ҳам дўстларимни насроний доиралар қабул қилганини кўрмаганман. Шайтоннинг жозибаси шундаки, у ҳаммани қабул қила олади ва у мен ўхшашни истайдиган хилқатдир.
"Тўғри, бу билан у ҳақиқатда мавжуд демоқчимасман, бунга ишонмайман".
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













