Янгиликлар: Йигитлар уялтирилди, фақат 'катталарнинг боласи болами' ёки бизни алдашди - минтақада нима гап? Markaziy Osiyo Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Screenshot/asia-plus
- Author, Мустақил журналист
- Role, Тожикистон
Ҳозирда Тожикистонда баҳорги ҳарбий чақириқ мавсуми давом этмоқда. Лекин расмий маълумотларга кўра гарчи мавсумнинг биринчи ойи якунланаётган бўлса-да, ҳалигача белгиланган режа ҳатто яримламаган.
Алоқадор мавзулар
Гап нимада?
Тожикистон Шимолидаги Тожикистон Чегара қўшинлари ҳарбий қисмлардан бирининг "Ворух" биринчи чегара комендатураси бошлиғи, подполковник Нузхат Лазуриевга нисбатан жиноий иш қўзғалган. Бундан олдинроқ айнан мазкур ҳарбий қисмнинг беш нафар ҳарбий хизматчиси ҳибсга олинган эди. Бу чоралар ижтимоий тармоқда аскар йигитларни аёвсиз дўппослаш лаҳзалари акс эттирилган ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ғазабига сабаб бўлган видео тарқалишидан сўнг кўрилди.
Агар комендатура бошлиғига қўйилган модда бўйича унинг айби исботланса, саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Хизматдошларини дўппослашда қатнашган сержант Жонибек Қосимзода, оддий аскарлар Фахриддин Азимов, Аъзам Камолов, Маҳмадназар Нозимов ва Ҳожиакбар Сайфуллаевлар эса, 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси олишлари мумкин. Улар ҳарбий устав қоидаларини қўпол равишда бузиш, кичик сержант Меҳмонжон Мисиров, оддий аскарлар Бекзод Чориев, Замир Каримзода, Некрўз Амиров ва Алишер Мусаевларни савалаш, саломатликларига зарар келтиришда айбланишмоқда.
Видеотасвир ўрганилгач, жиноий иш қўзғалишига сабаб бўлган ҳодиса ўтган йил декабрь ойи ўрталарида юз бергани аниқланган. Лекин видеонинг нега орадан бир неча ой ўтиб ва айнан баҳорги ҳарбий чақириқ пайтида ижтимоий тармоқларга жойлангани сабаби очиқланмаган.
Видеода хизматга янги келган аскарларни аёвсиз уриш, тепиш лаҳзалари аниқ-таниқ кўрсатилган. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари мамлакат Ҳукуматидан ҳарбий қисмда зўравонлик содир этган ҳарбий хизматчиларни қаттиқ жазолашни талаб этишган.
Зўравонлик юз берган ҳарбий қисм кейинги йилларда тез-тез қуролли можаролар қайд этилган Тожикистон-Қирғизистон чегарасида жойлашган.
Собиқ Шўролар ҳукуматидан қолган мерос

Сурат манбаси, President.tj
Маҳаллий кузатувчиларнинг айтишларича, ҳарбий қисмларда халқ орасида "дедовшина" деб айтиладиган бундай ҳолатнинг биринчи марта юз бериши эмас.
"Аслида бу сўз Шўролар замонидан қолган. "Дедовшина" собиқ СССРдаги ҳарбий қисмларда одатий ҳолга айлаган эди. Энди у мустақиллик йўлига қадам қўйган Тожикистондаги ҳарбий қисмлар учун мерос бўлиб қолди. Гарчи "дедовшина" анъанага айланган бўлса-да, лекин кўпинча калтакланган ёш аскарлар зўравонлик ҳақида оғиз очишмайди. Улар яна калтакланишдан ё "чақимчи" номини олиб, оммавий масхараланишдан чўчишади. Лекин йил ўтиб, уларнинг ўзлари ҳам янги келган хизматдошларини савалашади. Фақат калтакланган аскар оғир жароҳат олса, ё вафот этган тақдирда, "дедовшина"га қўл урганлар жазоланади", деди исмини айтишни истамаган кузатувчи.
У шундай дея бир неча мисоллар келтиради.
"Хатлон вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилган йигирма ёшли Мирали Боқиев вафот этгандан сўнг уни дўппослаган сержант Сиддиқ Саъдуллаевни аскар ўлимида айбдор деб топишади. Хатлон гарнизони ҳарбий суди сержантни 13 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди", деди кузатувчи.
Айни бир пайтда Ҳукумат мулозимлари ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган аскарлар ўлимини кўпинча бахтсиз ҳодиса сабабли ё беморлиги боис деб, изоҳлашади. Тожикистон Бош прокуратураси ҳарбий қисмларда юз берган ҳар бир жиноят ўрганилиб, зарур чоралар кўрилишини иддао этади. Бош прокуратурага кўра, кейинги уч йил орасида ҳарбий қисмлардаги жиноятларни яширишга уринган 639 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
Ҳозирда Тожикистонда баҳорги ҳарбий чақириқ мавсуми давом этмоқда. Лекин расмий маълумотларга кўра гарчи мавсумнинг биринчи ойи якунланаётган бўлса-да, ҳалигача белгиланган режа ҳатто яримламаган.

Сурат манбаси, bbc.com/uzbek
Баҳорги чақириқ 1-апрелдан бошланди ва 31-майгача давом этади. 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган йигитлар ҳарбий хизматга чақирилади. Бу ёшдаги йигитларнинг сони 200 минг нафардан кўпроқ эканлиги айтилади. Маҳаллий кузатувчиларнинг айтишларича 7 минг нафарга яқин йигит хизматга борса, белгиланган режа бажарилади. Лекин кузги чақириқ мавсумида бу режа қийинчилик билан бажарилгани каби баҳорги чақириқ режасини тўлдириш ҳам қийин кечмоқда.
Ёшларни ҳарбий хизматга жалб этиш учун Ҳукумат турли имтиёзларни ваъда этмоқда. Масалан, ҳарбий хизматга кўнгилли равишда отланган йигит оиласига томорқа ери ажратилади, у хизмат қилар экан, оиласига моддий ёрдам кўрсатилади, олий ўқув юртларида ўқийдиган талабалар хизматга отланишса, улар қайтиб келиб, ўқишни давом эттиришса, тўлов ҳақидан озод этилади.
"Лекин кўпинча бу ваъдалар ваъдалигича қолади. Номига кимларгадир ер ажратишлари мумкин. Фақат ҳайдовчилик ҳуқуқини бериш ваъдаси амалга ошади. Чунки йигитлар ҳали хизматга бормасдан олдин ҳайдовчиликка бепул ўқитилади", деди кузатувчилардан бири.
"Менинг бир ўғлим ихтиёрий равишда хизмат қилиб келди. Бу йил иккинчи ўғлим ҳам хизматга кетди. Лекин бизга ваъда қилинган томорқани беришмади", деди Бобожон Ғафуров туманида яшашини айтган аёл.
Ҳарбий хизматга борган ҳамқишлоқ ёки маҳалладош йигитларнинг "дедовшина"га учрагани, айримларининг мажруҳ бўлиб қайтганини кўрган, эшитган ота-оналар ўғилларини турли йўллар билан армияга юбормаслик учун интилишмоқда. Кўпинча улар ўғилларини ҳали 18 ёшга етмасдан Россияга, у ерда ишлаётган акалари ё қариндошларининг олдига жўнатиб юборишади.

Сурат манбаси, ...
Айрим ота-оналар гарчи ўғилларининг ўқишга иштиёқ, уқувлари бўлмаса-да, олий ўқув юртларига жойлаб қўйиш учун уринардилар. Лекин олдинги йили кўп талабаларнинг хизматга олиб кетилгани боис бошқа йўлларни излашга тушишди.
"Менинг ўғлим университетда ўқирди. Шаҳарда план тўлмагач, прогулчи, дарсларга келмайди, деган баҳонада ўқишдан ҳайдаш ҳақида буйруқ чикаришди. Буйруқ чиқар-чиқмас, ўғлимни ҳарбийга олиб кетишди", деди Бохтар шаҳрида яшайдиган аёл.
Оммавий ахборот воситаларида ёзилишича, академик Бобожон Ғафуров номли Хўжанд давлат университетида ўқиган бир неча талаба йигит қўққисдан ўқишдан ҳайдалгани ҳақида буйруқ чиққан ва улар ҳарбий хизматга юборилган.
Тожикистон Маориф ва илм вазирлигидан билдиришларича эса, юқори курсларда таълим олаётган айрим талабаларнинг ўзлари яшаш жойларидаги ҳарбий комиссарликларга бориб, армияда хизмат қилиш истагини билдиришган.
Расмий маълумотларга кўра, 2022-йилда 2300 нафардан кўпроқ талаба йигит кўнгилли равишда ҳарбий хизматга отланган. Улар бунинг учун давлат имтиҳонларини муддатидан олдин топширишган ё диплом ҳимоя қилишган.
Лекин хизматга кетган айрим талабаларнинг айтишларича, бундай қилишни улардан ўқитувчилари сўрашган.
"Облава" борми-йўқми?
Йигитларнинг ҳарбий хизматга боришлари учун янги-янги усуллар қўлланмоқда. Масалан, Суғд вилоятидага Мастчоҳ тумани маркази - Бўстон шаҳарчасида хизматдан бўйин товлаётган йигитларни уялтириш учун улардан 160 таси исм-шарифи ёзилган рўйхат тузилган. Рўйхат одамлар гавжум жойларда, жумладан, бозор яқинида ва масжид эшикларига ёпиштирилган. Маҳаллий газетада ёзилишича рўйхатга киритилган йигитларнинг оталари давлат хизматчилари ё муаллимлар бўлишган.
Тожикистон қонунчилиги бўйича хизматдан бўйин товлаганлар жаримага тортилади ёки икки йилга озодликдан маҳрум этилади. Ўтган 2022 йилда ҳарбий хизмат ёшидаги 108 нафар йигит хизматдан қочганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда жорий баҳорги ҳарбий чақириқ арафасида мамлакат Бош прокурори Юсуф Раҳмон гапирган.
Ҳарбий хизматга боришдан бўйин товлагани учун Хатлон вилоятининг Фархор туманида яшайдиган 19 ёшли Маъруф Ғойибзода шартли равишда бир йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Суғд вилояти суди эса, 27 ёшли Самижон Турсуновни ҳарбий хизмат қилишни истамаганлиги учун олти ой муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилган. Самижон Турсунов Истаравшан шаҳрида яшаган,ҳарбий хизматга чақирилган, тиббий кўриқдан ўтган. Лекин чақирилув жойига келмаган.

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Оммавий ахборот воситаларида ёзилишича, ҳарбий хизмат режасини тўлдиришнинг асосий йўлларидан бири халқ орасида "облава" деб аталадиган усул бўлиб қолмоқда. Бунда кўча-кўйлар, бозорлар, дам олиш жойларида ёш йигитларни тутиб, хизматга жўнатилади. Лекин ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишларича, расмийлар қонунга хилоф бу усул мавжудлигини рад этишади.
"Менинг укамни бир марта кўчада ушлаб олиб кетишганди. Лекин инсофи бор духтурлар тиббий кўрикда унинг яссиоёқлигини билиб, уйимизга қайтариб юборишган. Укам кейин Россияга бориб ишлаб юрди. Бу йил қишлоққа қайтганида, яна кўчада ушлаб олиб кетишди. У яссиоёқлигини айтса ҳам қулоқ солишмади. Ҳозир хизмат қиляпти", деди Россияда ишлаётганини айтган 30 ёшдан айтган киши.
Кейинги пайтларда Россияда юрган ўғилларини қайтариш учун ота-оналарга ҳар хил тазйиқлар ўтказилмоқда. Бундан бир неча йил ота-оналар - бегона эркак-аёлларни бир хонага қамаб қўйишгани учун Деваштич тумани ҳарбий комиссарлиги масъулларига нисбатан чора кўрилганди.
Панжакент шаҳрида яшайдиган кишилардан бирининг айтишича агар ўғлинг қайтиб келмаса, сенга нисбатан қонуний чора кўрамиз, дейишган. У каби яна бошқа оталарни ўғиллари Россиядан қайтиб келишмагунча ҳарбий комиссарлик ё ички ишлар бўлимида мажбуран ушлаб туришган.
Аммо ҳарбий чақириққа масъуллар ота-оналар даъвосини рад этишади ва уларни ўғилларига "чақириқ хати"ни бериш учун даъват қилишганини айтишади.
Оддий аҳоли орасида "Нега қонун ҳаммага баравар эмас" деган гап юради. Одамлар нега уларнинг фарзандларини хизматга олиб кетишадию "катталарнинг болаларини олишмайди", деб даъво қилишади.
Ўтган йили Тожикистон Мудофаа вазири Шерали Мирзо мансабдор кишиларнинг ўғилларини ҳарбий хизматга жалб этиш ҳақида топшириқ берди.
Жорий йил баҳорги ҳарбий чақириқ бошланар экан, Исфара шаҳри Раиси Баҳоваддин Баҳодурзоданинг ўғли Аслиддин кўнгилли равишда хизматга жўнаб кетди.
Бу борада оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган хабарга турлича ёндашувлар бўлди. "Раиснинг ўғли ҳуқуқшуносликни битирган экан, у хизмат қилмаса, на прокуратура, на судда ишлаёлмайди", деганлар ҳам бўлди. Лекин айрим одамлар бошқача мулоҳаза юритишди: "Раис истаса, ўғлини бир ойлик хизматга юборса бўларди. Ана қанча мансабдорлар, пулдорлар шундай қилишяпти".
Ўғлини ҳарбий хизматга жўнатганлар орасида ҳарбий комиссар, прокурор, қишлоқ жамоатлари раислари бор.
Тожикистон Парламенти 2021-йил янги таҳрирда қабул қилган "Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат ҳақида" ги қонунда муқобил хизматга оид бўлим ҳам бор эди.
Тожикистонда ўтган йили - кузги чақириқда пуллик хизмат учун топширилган умумий маблағ деярли 27 миллион сомонийни ташкил этди.
2022-йил декабридан 2023-йил февралигача минг нафар йигит пул тўлаб, бир ой давомида тезкор хизматни ўташди. Уларнинг ҳар бири бу хизмат тури учун деярли 27 минг сомонийлик (деярли 2, 5 минг АҚШ доллари) маблағ тўлашди.
Лекин кузатувчиларнинг айтишларича, аҳолисининг деярли 23 фоизи камбағалликда кун кечираётгани расман тан олинган Тожикистонда кўпчилик бу маблағни тўлашга қодир эмас.
Таҳлилчиларнинг айтишларича, кўнгилли равишда ҳарбий хизматга бораётган йигитларнинг асосий кўпчилиги айнан шу тоифадаги оилаларга тўғри келади.
Айни шу таҳлилчиларга кўра, ҳозирда бундан етти-саккиз олдингига қараганда ҳарбий қисмлардаги шароит анча яхшиланган. "Лекин гарчи қўлимда исбот бўлса ҳам, мен ҳарбий қисмлардаги зўравонлик ҳолатлари, "дедовшина" натижасида ёш йигитларнинг мажруҳ бўлиб қолишлари, ҳатто вафот этаётганликлари, "облава", ҳарбий чақириқ режасини тўлдириш учун бу иш масъулларидан ташқари, мактаб директорлари, тадбиркорлар жалб этилаётгани, улардан ё "бола топиб берасан, ё шунча пул берасан", дейишлари ҳақида ошкора айта олмайман. Чунки мени туҳматчига чиқариб қўйишлари мумкин", деди таҳлилчилардан бири исм-шарифини келтирмасликни қатъий сўраган ҳолда.
Айни бир пайтда Тожикистон Мудофаа вазирлиги армия ва ҳарбий чақириқ жараёни борасида ишончсиз ва асоссиз мақола, хабарлар, жумладан, "облава" лаҳзаларини тасвирга олиб, эълон қилганлик учун жазо қўллашни таклиф этиб чиққан. Бундан асосий мақсад аҳоли орасида армияга ишончни сусайтирмаслик, мамлакатни ҳимоя қилиш қудратига зарар етказмасликдир.
Кузатувчиларга кўра, агар бу таклиф қабул қилиниб, қонун чиқарилса, айнан "Ворух"даги "дедовшина", зўравонлик каби ҳолатларни фош этган кишилар ҳам жазога тортилиш хавфи йўқ эмас.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














