Янгиликлар: Рус жосуслари, Россия армиясидан кўра яхши ишлаяптими? Ukraina Rossiya Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, EPA
- Author, Франк Гарднер
- Role, Би-би-сининг хавфсизлик мухбири
Британиянинг етакчи мудофаа таҳлил марказига кўра, Россия хавфсизлик ва разведка хизматлари Украинада рус армиясидан яхшироқ ишламоқда.
Қироллик Бирлашган Хизматлар Институти(Royal United Services Institute (Rusi) ҳисоботида айтилишича, Россия разведка идоралари 2021 йил июнидаёқ Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўра бошлаганлар.
Институтга кўра, Федерал Хавфсизлик хизмати (ФСБ) тезда Украинанинг босиб олинган ҳудудлари аҳолисини назоратга олган.
Алоқадор мавзулар:
Ҳисобот манбалар, жумладан, қўлга туширилган ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда тузилган, дейди институт.
Украина разведка ходимлари, яширин эшитилган қўнғироқ суҳбатлари ва дала тадқиқотлари ҳам ҳисоботни тайёрлашга ёрдам берган.
Тадқиқотчиларнинг айтишича, ФСБ ҳибсга олиш ва сўроқ қилиш учун киевпараст одамларни аниқлаш мақсадида ҳукумат компьютерлари қаттиқ дискларини юклаб олишга муваффақ бўлган.
Институтга кўра, назорат ўрнатишга ёрдам бериш учун электрон уруш бўлинмалари босиб олинган ҳудудларни ташқи дунёдан узиб қўйиш учун жойлаштирилган.
Таҳлил марказига кўра, Россия ташқи разведка хизмати раҳбари Президент Владимир Путиндан тайёргарлик кўриш учун кўпроқ вақт кераклиги, босқинни ортга суришни сўраган, аммо унинг илтимоси рад этилган.

Сурат манбаси, Reuters
"2022 йил февралидан 2023 йил февралигача Россия-Украина уруши мобайнида Россиянинг ноанъанавий операцияларидан олинган дастлабки сабоқлар" деб номланган 39 саҳифалик ҳисобот Ғарб ҳукуматларини Россиянинг Украинадаги яширин операцияларидан огоҳлантиришга қаратилган.
Ҳисобот бош муаллифи Жек Уотлинг яқинда немис разведкасининг юқори мартабали бир амалдори Москвага ўта махфий маълумотларни берганликда айбланиб ҳибсга олинганига ишора қилади.
«Маълумки, Россия разведка хизматлари босқиндан олдин Украинада катта жосуслар тармоғини яратишга муваффақ бўлган ва босқиндан кейин ҳам улар рус қўшинларига маълумотлар келиб туришини таъминлаган", дейилади ҳисоботда.
Совет КГБсининг замонавий вориси бўлган ФСБ Мелитопол каби шаҳарларга қаратилган вақтинчалик тезкор гуруҳларни шакллантириш орқали буни уддалаган.
Россия қўшинлари олдинга силжиганида, ФСБ ходимлари маҳаллий бошқарув идораларидан Украина ҳукумати ҳужжатларини қўлга киритган, компьютерлардан қаттиқ дисклардаги маълумотларни юклаб, Украина давлатига хизмат қиладиганлар рўйхатини тузган.

Сурат манбаси, EPA
Кейин уйма-уй тинтувлар, ҳибсга олишлар ва ертўлалардаги сўроқлар бошланган. Қийноқлар кўпинча маълумот олиш учун эмас, балки аҳолини руҳан синдириш учун қилинган, дейди жаноб Уотлинг. Россия Украинада инсон ҳуқуқлари бузилгани ҳақидаги кўплаб айбловларни рад этиб келади.
Камида 800 нафар украиналик расмий ФСБга жалб қилинган, баъзилари ихтиёрий, баъзилари эса босим остида.
Шу билан бирга, Электрон уруш бўлинмалари Украина телевидениеси, радиоси ва интернетига киришни тўсиб қўйиш, босиб олинган ҳудудлар аҳолисини янада изоляция қилиш устида ишламоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, ФСБ ҳудудни бўйсундириш учун аҳолининг атиги 8 фоизини назорат қилиши керак, дейди жаноб Уотлинг.
Умумий манзара шундан иборатки, Россия разведка ва хавфсизлик идоралари Украинада кўплаб муваффақиятсизликларга учраган армиядан кўра яхшироқ ишлаган.
Бироқ, айғоқчиларнинг ҳам камчиликлари бор эди. Уларнинг "украинлар рус қўшинларини қучоқ очиб кутиб олади", "Киевдаги ҳукумат тезда қулайди", деб Президент Путинга берган босқиндан илгариги дастлабки ҳисоботи Москва учун даҳшатли хато бўлиб чиқди.
"Россия разведка идоралари, - дейилади ҳисоботда, - ўз саъй-ҳаракатлари тўғрисида аниқ маълумот берадиган даражада ҳалол эмас. Муваффақиятни бўрттириб кўрсатиш, заиф томонларини ҳокимият олдида яширишдек сурункали касаллари бордек".
Жек Уотлинг Россиянинг ташқи разведкаси генералини мисол келтиради. У 2018 йилда Солсберида "Новичок" асабни фалажловчи модда ёрдамида Сергей Скрипални ўлдиришга муваффақиятсиз ҳаракат қилгани ортидан фош бўлиб қолган эди.
Операция фош қилингани ва айбдор деб тахмин қилинган шахслар ошкор қилинганига қарамай, бу генерал ишдан бўшатилмаган. Аксинча, лавозими янада кўтарилди.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














