Янгиликлар: Бир кечада элликка яқин кўчки, ўлганлар оиласига $4000 долларча ёрдам, самолёт чиптасига пул қани ёки ишқилиб ҳамма уйига эсон-омон етволсин Tojikiston Dunyo Yangiliklar

Qor ko'chkisi

Сурат манбаси, courtesy

Сурат тагсўзи, "Бир кечада Бадахшонда элликтага яқин кўчки юз берибди. Йўлда мен санаган кўчкилар ҳам оз эмас. Уёғи Бадахшон, буёғи Душанбе-Хўжанд- Чаноқ йўлида бир ҳафтада 500 тага яқин қор ва тоғ кўчкиси тушибди…"
    • Author, Мустақил журналист
    • Role, Тожикистон

Ҳалокатли табиий офат одамларни шунча қўрқитиб қўйдими?

Алоқадор мавзулар:

Муҳим бир иш билан Душанбега боришим зарур. Лекин уч кундан буён йўлга чиқа олмаяпман. Айни уч кун илгари қор ва тош кўчкилари хавфи борлиги учун Душанбе-Хўжанд-Чаноқ йўли ҳаракат учун яна ёпилгани борасида эълон беришган эди. Лекин машиналар ҳаракати учун йўл очилгани ҳақида хабар чиққанича йўқ.

Ҳаво яхши. Каттиқ совуқлар ҳам, ёғингарчиликлар ҳам ўтиб кетди. Об-ҳаво маълумотларига кўра кейинги беш кун давомида на ёмғир, на қор ёғади, қисқаси ҳаво очиқ бўлади. Аллоҳга таваккал қилиб йўлга чиқишга қарор қилдим. Таниш таксичига қўнғироқ қилдим. У йўл очилгани, лекин ўзи Панжакентда эканлигини айтиб, Хўжандда бўлганимда албатта бирга кетган бўлардик, деди. "Аммо барибир эҳтиёт -шарт, яхшироқ машинага ўтиринг, баланд Жиплар бор-ку", деди…

Эрта тонгда Хўжанд автовокзалига етиб бориб, машинадан тушишим билан йигирма нафарга яқин киши атрофимни ўраб олишди. Бири қўйиб, иккинчиси "Душанбегами", деб сўрарди ва хизматини таклиф қиларди. Мен такси ҳайдовчиларига бир-бир разм соламан. Ниҳоят, ўрта ёшлардаги кишидан машинаси тамғасини сўраб олиб, у билан кетишга қарор қиламан.

Ҳаво очиқ, йўлда қор йўқ. Фақат Шаҳристон туннелига яқинлашаётганимизда қор кўринди. Арчазор тоғлар қорга бурканган. Йўл четида қор уюмлари. Туннелдан ўтилгач, йўл айланиб-айланиб пастга қараб кетади. Икки юз-уч юз метр юрмасимиздан қор кўчкиси тушганини кўрдим.

"Энг хавфли жойлардан бири. Ҳар йили кўчки тушади. Ҳеч ким унинг тагида қолмасин, Бу кўчки йўлдан ўтаётган енгил машинами, юк машинасими, жарликка суриб кетади", деди ҳайдовчи.

Кейинроқ ҳайдовчининг йўлда юравериб, кўзи пишиб кетганини билдим. У хавфли жойлар яқинлашганда иложи борича машинасини тезроқ ҳайдаб ўтгач, нега тезликни оширганини изоҳларди.

"Ана, қаранглар, йўл ишчилари машинага тош ортишяпти. Бу ерда тош кўчкиси тушган", дейди у.

Пастлаб борар эканмиз, қордан ном-нишон қолмади. Дастлабки чойхона учраши билан ҳамроҳларимиздан биттаси ҳайдовчига "шу ерда тамадди қилиб олсак", деди.

Машинадан тушишимиз билан иккита йигит югургилаб келишди. Мазали овқатлар борлигини айтишди. Икки киши овқатлангани кириб кетди. Ҳалиги ошхона хизматчиларидан бири ҳайдовчи ўтирган сўрига косада нимадир қўйиб кетди.

- Кофе. Айтайми, сизга хам олиб келишсин, - деди ҳайдовчи.

Мен раҳмат дер эканман, ҳайдовчига шу пайтгача косага кофе дамланганини кўрмаганимни айтишдан ўзимни тийдим.

Мен йўл четида туриб, атрофни кузатаман. Тўғридаги ошхона сўрилари бўм-бўш. Овқатлангани кирадиган одамлар йўқлигиданми, хизматчилар ҳам кўринмайди. Демак, йўл ёпилганда бу ошхона ҳам ёпилган.

Ниҳоят, овқатлангани кириб кетганлар чиқишади. Йўлда давом этамиз.

Qurutchi

Сурат манбаси, courtesy

Айний тумани марказига етганимизда, ҳамроҳларимдан бири машинани тўхтатишни илтимос қилади. У йўл четидаги дўкончага яқинлашади. "Олинглар, яхши қурут", дейди сотувчи қурут танлаётган йигитга. "Хайрият, йўл очилди, тўрт-беш кунгача ҳеч нарса сота олмадим", дейди сотувчи сўнг маъюсланиб қолиб.

Айний тумани марказидан ўтилгач, кўп ўтмай, йўл яна баландлашиб кетаверади. Пастда шарқираб оқаётган дарёни томоша қилиб кетар эканман, йўлнинг яхшилиги, қордан асар йўқлигидан хурсанд бўлиб кетаман.

Лекин орадан ярим соат ўтар-ўтмас, қор кўчкиси ҳақидаги ваҳимали хабарлар хаёлимдан кетмай қолади. Ҳали Анзоб туннелига анча бор эди. Лекин йўлнинг икки томонини қор деворлари ўраб олган. Негадир ҳамма жим. Ҳайдовчи ҳам изоҳ бермай қўйди.

Анзобдаги "Истиқлол" туннелигача ва ундан кейин қатор катта-кичик - 30 метрдан 3 километргача бўлган 20 тадан ортиқ туннел бор. Уларнинг ҳаммаси кўчки хатарини олиш учун қурилган.

Мен ўзимни чалғитиш учун бир пайтлар ҳали на "Истиқлол", на "Шаҳристон" туннели қурилгунча иккита баланд тоғли довон орқали қатнаганимни эслайман. Ўша пайтлари ойлаб Душанбе-Хўжанд, Душанбе-Панжакент йўллари ёпиқ бўларди. Эсимда, жиянларимдан бири тўй қилганда, тўрда нотаниш одамлар ўтиришганди. Панжакентлик бу одамлар қаттиқ совуққа қарамай Шаҳристон довони ошиб, машиналар қатнайдиган йўлгача пиёда келишган экан…

Каримов даврида Ўзбекистон ҳудуди орқали Тожикистон машиналари қатнови қийинлашгач. Тожикистон ҳукумати коммуникатсион боши беркликдан чиқиш йўлларини излай бошлади. Стратегик миллий мақсадлардан бири айнан шу боши беркликдан чиқиш эди.

Лойиҳалар ишлаб чиқилди Аввалига Эрон кўмаги билан Анзобда "Истиқлол" туннели қурилди. Кейинроқ Хитой "Шаҳристон" туннелини қурди. Айни шу Хитой мамлакати ширкати Душанбе-Хўжанд- Чаноқ йўлини бошдан-оёқ қайта қурди.

Тўсатдан машина тўхтаб хаёлимни бузади. "Узр пича кутамиз, ҳадемай ишчилар келиб, йўлни тозалаб беришади", дейди ҳайдовчи хижолат бўлиб.

Qor bosgan tunnel

Сурат манбаси, courtesy

Мен туннел томонга қараб қор кўчкиси босиб қолганини кўраман. Қор туннелнинг ичкарисига ҳам кириб кетган, йўлни тўсиб қўйганди.

"Хайрият, зарарсиз кўчибди. Беш кун илгари Майхўра томонда бир эмас, тўртта машина кўчки остида қолди. Биттаси Ўзбекистоннинг машинаси экан. Қутқарувчилар тез етиб келиб, ҳамма йўловчиларни, ҳайдовчиларни қутқариб олишибди. Фақат битта ҳамкасбим жон берибди. Ишқилиб, ҳамма бола-чақаси ё ота-онасининг олдига эсон-омон кириб борсин", дейди ҳайдовчи.

Мен бўлсам, айни шу биз бораётган йўлда қор кўчкиси бир инсоннинг ҳаётига зомин бўлган пайтда Тоғли Бадахшонда юз берган табиий офат қурбонларини эслайман. Ўшанда Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар ва фуқаро мудофааси қўмитаси матбуот котиби берган расмий маълумотни ўқир эканман, юрагим бир жизиллаб кетганди. Қор кўчкиси Хоруғнинг бундан бир неча йиллар олдин мен меҳмон бўлган уй жойлашган Шош-Хоруғ маҳалласида, Носир Хисрав кўчасида юз берганди. Кейинги маълумотларга кўра кўчки тагида қолган 16 киши ҳалок бўлган. Бадахшоннинг Ванж туманида ҳам икки киши ҳалок бўлан Аввал марҳумларнинг бири кўчки қурбони бўлган. Иккинчи киши эса, ҳамқишлоғининг жанозасига бораётганда қор кўчкиси тагида қолган.

Кўчки оқибатларини тугатиш шахсан Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон назорати остига олинган.

Телефонимни очиб Telegram да эълон қилинган хабарларни ўқийман. Бир хабарда Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода бошчилигидаги ҳукумат вакилларининг Хоруғда бўлиши, жабрланганларга ёрдам берилаётгани ҳақида ёзилган эди. Помирга Президент фондидан 18 тонналик ёрдам юборилган. Жумладан 12 ярим тонна ун, 2 ярим тонна шакар, шунингдек, гурунч, ёғ ва кийим-кечак, адёл юборилибди.

Кўчки остида қолиб ҳалок бўлган кишиларнинг оилаларига 40 минг сомоний (деярли 3900 АҚШ доллари)дан ва жабрланганларга 10 минг сомоний (900 АҚШ долларига яқин)дан ёрдам ажратилган.

Ҳозирда табиий офат етказган иқтисодий зарар ҳисобланмоқда. Ҳозирча, биргина энертика иншоотларига етказилган зарар 1, 7 миллион сомоний эканлиги аниқланган.

"Тожикнинг пешонаси қаттиқ экан, - ёнимдаги йигит хаёлимни бузади. - Мана қаранг, Россия-Украина урушида яна бир ҳамшаҳримиз ҳалок бўлибди". Хабарни ўқийман. 20 январь куни 46 ёшли Муҳаммаднаби Бачгонов урушда жон берибди. Худди шу куни у дунёга келган экан. Марҳум бундан 25 йил илгари тирикчилик важидан Россияга кетиб, кейинроқ тадбиркорлик билан шуғуллана бошлаган экан. Уни гиёҳванд модда савдосида айблаб, 12 йилга қамашган. Иркутскдаги турмадан уни урушга олиб кетишган. Урушга борсанг, турмадан озод этиласан, деб ваъда беришган. Қариндошлари Муҳаммаднабини мажбурлаб олиб кетишганини айтишган…

"Менимча, Муҳаммаднаби Россия бошлаган урушда ҳалок бўлган ўнинчи ё ўн биринчи тожикистонлик бўлса керак", дейди ёнимдаги йигит…

Ниҳоят, йўлнинг бир қисми тозаланди. Туннелга киришимизга рухсат беришди. Туннелдан чиққанимизда нарига тарафда турган турнақатор машиналарни кўрдик…

Qor bosgan yo'llar

Сурат манбаси, courtesy

Хайрият, "Истиқлол" туннелигача бошқа янги тушган кўчкини кўрмадик. Лекин "Истиқлол"дан ўтишимиз билан… Эни юз метрга етадиган, баландлиги бир қаватли уй томидан баланд қор деворлари оралаб боряпмиз. Йўлни очиш учун чап томондан тушган кўчкини қирққандай олишган ва йўлнинг ўнг томонига уйиб ташлашган…

Қор деворларининг кети кўринмайди. Хайрият, қачонлардир қурилган кичик туннеллар бор экан. Навбатдаги туннел кўринганда енгил нафас оламан. Худди менинг фикримни англагандайин 50 ёшлардаги ҳамроҳим туннел оғзидаги қор деворга ишора қилади:

"Қаранглар, яна кўчки. Бир-икки соат олдан тушган бўлса керак. Хайрият, йўлни тозалашибди. Шу тез-тез кўчки тушадиган жойларга мановиндай туннеллар қуришса бўлмасмикан?"

Ҳеч ким индамайди. Мен ҳам. Фақат хаёлимдан бир фикр ўтади: "Оддий бир таксичи қаердан қор кўчкиси, қаердан тош кўчкиси тушишини билиб олибди. Буни мутахассислар, пуллик йўл ҳисобидан фойда топаётганлар билишмасмикан?"

Варзоб дарёси бўйлаб пастлаб бораверамиз. "Ҳушёри"га етганда қордан асар ҳам қолмайди. Душанбеда эса, буткул баҳор ҳавоси. Кўча тўла бехавотир одамлар. Шукр қиламан. Лекин тезда ўйланиб қоламан. Ахир, ҳали Хўжандга қайтиш бор. Бир кечада Бадахшонда элликтага яқин кўчки юз берибди. Йўлда мен санаган кўчкилар ҳам оз эмас. Уёғи Бадахшон, буёғи Душанбе-Хўжанд- Чаноқ йўлида бир ҳафтада 500 тага яқин қор ва тоғ кўчкиси тушибди…

Нима бўлганда ҳам кетишим керак. Ё самолётга чипта олсамми? Авиаширкатдагилар ҳам оғир кунларда одамлар оғирини енгиллатиш ўрнига чипта нархини камида бир ярим баравар ошириб юборишган...

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek