Янгиликлар. Тожикистонда офат: Қурбонлар сони ортмоқда, вазият шахсан президент назорати остида Tojikiston Dunyo Yangiliklar

Tojikiston

Сурат манбаси, RASMIY

Сурат тагсўзи, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон табиий офат натижасида ҳалок бўлган инсонларнинг қариндошлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган
    • Author, Мустақил журналист
    • Role, Тожикистон

Хабарларга кўра, бунақаси Тожикистонда камдан-кам кўрилади. Тафсилотлар келишда давом этмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Тоғли Бадахшон мухтор вилояти маркази Хоруғ шаҳрида 13 киши қор кўчкиси тагида қолиб, ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида 4 нафар аёл ва икки нафар ёш бола бор.

Бу ҳақда Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар ва фуқаро мудофааси қўмитаси матбуот котиби Умида Юсуфий хабар берди.

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон табиий офат натижасида ҳалок бўлган инсонларнинг қариндошлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган.

Шунингдек, у Тоғли Бадахшон мухтор вилояти Раиси Алишер Мирзонабот билан телефон орқали гаплашиб, қор кўчкиси оқибатларини тезда бартараф қилиш учун Ҳукуматнинг ҳар тарафлама ёрдам беришини айтган.

Мутахассисларга кўра, ҳудудининг 90 фоизидан ортиғини тоғ ташкил этадиган Тожикистонда қор кўчкилари тез-тез юз бериб туради. Аммо кўчки ҳодисалари одатда баланд тоғли йўлларда қайд қилинади. Аҳоли яшайдиган манзилларда, айниқса шаҳарларда қор кўчкиси ҳодисалари кам учрайди.

Кейинги кунларда Тожикистоннинг айниқса тоғли ҳудудларида қор ёғиши кучайганлиги боис қор кўчкиси хавфи ҳам ортган.

Хоруғда ёққан қор қалинлиги деярли бир метрга етган. Кеча қор қўчкиси шаҳардаги Носир Хисрав номли маҳалладаги уйларни босиб қолган.

Tojikiston

Сурат манбаси, RASMIY

Сурат тагсўзи, Кейинги кунларда Тожикистоннинг айниқса тоғли ҳудудларида қор ёғиши кучайганлиги боис қор кўчкиси хавфи ҳам ортган

Расмий маълумотларга қараганда, ҳалок бўлганлардан ташқари 12 киши жароҳатланган. Уларнинг кўпчилиги кўчки босган уйлар остидан қутқариб олинган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, маҳалладаги 4 та уй тўлиқ вайрон бўлган, 35 та уй ва 5 та хўжалик объекти қисман бузилган.

Кўчки келтирган моддий зарар ҳажми аниқланмоқда. Зарар кўрган уйларни кўчкидан тозалаш ишлари давом этмоқда.

Айни бир пайтда Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар ва фуқаро мудофааси қўмитасидан билдиришларича, вилоятнинг Ванж туманида ва Душанбе-Хўжанд-Чаноқ йўлида ҳам қор кўчкилари инсон ҳаётига зомин бўлган.

Аввалроқ Ванж туманининг Техарв қишлоғида 30 ёшли кишининг қор кўчкиси остида қолиб ҳалок бўлгани хабар қилинган эди. Унинг жанозаси куни яна қор кўчкиси тушган. Жанозага бораётган икки киши кўчки остида қолган. Улардан бирининг жасади кўчки остидан олинган. Иккинчисини қидириш ишлари давом этмоқда.

Бадахшоннинг Хоруғ-Роштқалъа йўлида эса, қор кўчкиси микроавтобусни суриб ташлаган. Машина Шоҳдара дарёси қирғоғига, 5 метр чуқурликдаги жарликка ағанаган.

Tojikistondagi qor ko'chkisi

Сурат манбаси, RASMIY

Фавқулодда ҳолатлар ва фуқаро мудофааси хизмати қутқарувчилари Оға Хон агентлиги кўнгилли қутқарувчилар отряди билан жабрланганларни қутқариб олишган.

Микроавтобусда бораётган 10 нафар кишининг ҳаммаси тирик қолган. Лекин ҳаммаси жароҳатланган. Йўловчилар тезда беморхонага етказилган.

Душанбе-Хўжанд-Чаноқ йўлида эса, тўртта енгил машина қор кўчкиси остида қолган. Машина ҳайдовчиларидан бири ҳалок бўлган. Қолган ҳайдовчилар ва йўловчилар кўчки остидан чиқариб олинган ва уларга зарур ёрдам кўрсатилган.

Расмийларга қараганда, ҳозирда мамлакат Жануби ва Шимолини боғлайдиган ягона Душанбе-Хўжанд-Чаноқ йўли ёпилган, машиналар ҳаракати тўхтатилган.

Мутахассисларга кўра, қор кўчкилари кейинги кунларда қиш ҳавосининг бироз исиши туфайли юз бермоқда.

Tojikistonda qor

Сурат манбаси, RASMIY

Сурат тагсўзи, Табиий офат оқибатларини тугатиш ишларини Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ўз назорати остига олган

Мамлакат Фавқулодда ҳолатлар ва фуқаро мудофааси қўмитаси қор кўчкилари юз бериши хавфи боис аҳоли тоғли йўлларда юришдан тийилишга чақирилганини таъкидламоқда.

Қўмита бу хавф айниқса Тоғли Бадахшоннинг ғарбий туманларида, Ҳисор тизма тоғларида, Душанбе-Хоруғ, Душанбе-Лахш, Хоруғ- Мурғоб, Хоруғ- Ишкошим ва Душанбе-Хўжанд-Чаноқ йўлида камида 19 февралгача сақланиб қолиши борасида огоҳлантирмоқда.

Фақатгина Тоғли Бадахшон мухтор вилояти ҳудудида уч кун орасида ўттизга яқин қор кўчкиси юз берган.

Вилоятнинг Хоруғ шаҳри, Ванч, Рушон, Шуғнон ва Роштқалъа туманларидан 410 тадан ортиқ хўжалик хавфсиз жойларга кўчирилган.

Тоғли Бадахшонда Тожикистон Ҳукумати томонидан тузилган махсус комиссия табиий офатлар оқибатларини тезда бартарф қилиш ва жабрланганларга ёрдам бериш чораларини кўрмоқда. Жумладан, қор кўчкисидан зарар кўрган оилаларга озиқ-овқат, кийим-кечак, рўзғор учун жиҳоз ва нарсалар етказиб берилмоқда.

Табиий офат оқибатларини тугатиш ишларини Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ўз назорати остига олган.

Маҳаллий кузатувчиларнинг айтишларича, тожикистонлик қутқарувчилар айни бир пайтда Туркияда юз берган қаттиқ зилзила оқибатларини тугатишга ҳам қатнашишмоқда. Улар, жумладан 2 нафар инсонни вайроналар остидан қутқариб, ҳаётларини сақлаб қолишган.

"Бу йил Тожикистон аҳолиси қаттиқ қишни бошидан кечирди. Йигирма даражадан ортиқ совуқ Тоғли Бадахшонни ва баланд тоғли қишлоқларни истисно қилганда, мамлакатнинг бошқа ерларида бир неча ўн йиллардан буён бўлмаганди. Устига аввалига бекор қилинган электр қуввати беришни чеклаш орадан ўн кун ўтар-ўтмас қишлоқларда яна жорий қилинди. Ўтин-қўмир нархи қимматлашиб кетди. Энди ҳаво бироз илий бошлаганда мамлакатнинг турли ерларида юз бераётган қор кўчкилари устига-устак бўлди", - деди таҳлилчи Аҳмад Бобожон.

Унинг айтишича, мамлакат Ҳукумати қиш фаслига ҳам, табиий офатларга ҳам етарли даражада тайёргарлик кўриши зарур.

"Душанбе-Хўжанд йўлининг Анзоб қисмида қор ва тоғ кўчкиси олдини олувчи туннеллар қурилган. Менимча, бу каби туннеллар қурилиши кўпайтирилиши ва албатта мамлакатнинг барча баландтоғли йўлларида қурилиши зарур. Ва албатта фақат кўчки эмас, балки сув тошқиними, зилзилами, бошқа ҳар қандай офатлардан аҳолини огоҳлантириш ишларини кучайтириш шарт. Табиий офатлар тез-тез бериш хавфи мавжуд ҳудудлардан аҳолини кўчириш ҳам диққат марказида туриши керак. Бизда, эса офат юз бергандан кейин кўчиришлар бошланади", - деди маҳаллий таҳлилчи.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek