Толибон дарвозада жинсларни сараламоқда: оталар кирсин, оналар чиқсин Tolibon Dunyo Yangiliklar

Қизалоқ Кобулдаги аттракцион паркнинг чипта сотадиган дўкони олдида, November 9, 2022.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Кобулнинг кўнгилочар боғи фақат болалар ва эркаклар учун очиқ
    • Author, Йогита Лимайе
    • Role, BBC News, Кобул

Кобулдаги марказий истироҳат боғда болаларнинг шодликдан солаётган шовқинлари ҳавони тўлдиради.

Уларнинг оталари ҳам улар билан ёнма-ён ўтириб, учаяптилар ёки бир чеккада болаларини кузатиб, уларни суратга олмоқда. Хабарлар одатда нохуш бўладиган бу мамлакат учун ноёб лаҳзалардир бу.

Аммо ҳозир оналар ўз фарзандларининг бу қувончли хотираларига шерик бўлиш имкониятидан маҳрум. Аёлларнинг паркка кириши муросасиз ҳукмрон толиблар томонидан тақиқланди.

Алоқадор мавзулар:

Биз паркка борганимизда ўнлаб болалар ва оталар маза қилиб учишаётган эди.

Аёлларнинг пойтахтдаги сузиш ҳавзалари ва спорт залларига кириши ҳам яқинда тақиқланди.

Бу тақиқлар бутун мамлакат бўйлаб жорий қилиниши кутилмоқда.

Эркакларнинг аттракцион боғда маза қилишларига чеклов йўқ
Сурат тагсўзи, Эркакларнинг аттракцион боғда маза қилишларига чеклов йўқ

Толибон аёлларнинг эркини чеклашда давом этар экан, афғон хотин-қизлари эндигиси қандай чеклов бўларкин деб хавотирда яшамоқдалар.

Айримлар бу ўзгаришлар мамлакатнинг катта қисмига таъсир қилмаслигини айтади, чунки аксар одамлар учун оқшомлар бирор ерга бориш шундоғам уларнинг қурби етмайдиган ҳашамат саналади.

Афғон қизлари учун масала бу тақиқларнинг миқёси эмас, балки уларнинг нимани англатишидир. Бу тақиқлар Толибон ҳокимиятни эгаллагандан бери нимани ният қилганини ошкор қилиши мумкин.

"Ҳар куни янги бир чеклов билан тонг оттирамиз. Худдики янги бирини кутиб ўтиргандекмиз", дейди бир талаба қиз. У хавфсизлиги учун исмини ошкор этмаслигимизни сўрайди.

"Омадим бор экан, толиблар келмай мактабни тугатиб олдим. Аммо университетлар аёллар учун ёпилишидан хавотирдаман. Орзуларим барбод бўлади."

У яқинда университетга кириш имтиҳонларида қатнашди, у ўзи ўқимоқчи бўлган соҳа - журналистика аёллар учун ёпилганини билиб, ҳафсаласи пир бўлди. Бу ҳам толибларнинг чекловчи чораларидан яна бири бўлди.

"Бу қанчалик оғирлигини тасвирлай олмайман, баъзида ҳўнграб йиғлагинг келади, - дейди овозида умидсизлик сезилиб турган бир талаба қиз. - Ўзимни тушкун ҳис этдим."

Кобулдаги истироҳат боғига келган одамлар. 2022 йил 28 марти

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Баҳорда аёлларнинг истироҳат боғига киришларига ижозат бор эди

Афғонистонда аёллар эрки торайиб борар экан, айримлар толибларга қаршилик кўрсатишга уринмоқда.

Фаол Лайло Басим аёллар учун кутубхонага ҳамтаъсисчи бўлди. Бу кутубхонада кўплаб тиллардаги турли соҳаларга доир минглаб китоблар бор.

"Бу билан биз Толибонга аёллар жим турмаслигини кўрсатмоқчимиз. Иккинчи мақсадимиз, аёлларда китобхонлик маданиятини ошириш, айниқса, таълим олиш имкониятидан маҳрум қизларда", дейди у.

У мамлакатни бошқараётган эркакларга қарата овозини кўтаришга қасд қилган аёллардан бири, ўтган йилдан буён бир қанча норозилик намойишларида қатнашди.

"Биз ўлимдан ҳам, Толибон оилаларимизга таҳдид қилишидан ҳам қўрқмаймиз. Биз қўрқадиган нарса, жамиятдан ажралиб қолишдир."

У аёлларга қўйилаётган чекловлар ортиб боришини хавотирли ва қайғули дейди.

"Барча эркинликларимиз бой берилаётганидан хафаман. Ўзга юртларда одамлар Марсни ўрганмоқда, биз эса бу ерда оддий ҳуқуқлармиз учун курашиб ётибмиз", дейди у.

Лайло Басим
Сурат тагсўзи, Ўзига бўлган таҳдидларга қарамасдан, Лайло Басим Толибонга қарши овозини кўтаришга қасд қилган аёллардан бири

Бир неча ҳафта олдин аёллар ҳуқуқлари бўйича фаол Зарифа Ёқубий ва яна уч нафар аёл ҳибсга олинди. БМТ ва бошқа ташкилотларнинг уларни озод этишга чорловига қарамай, Толибондан садо чиқмаяпти.

Яқинда 12 киши, жумладан, уч аёл Афғонистондаги футбол майдонида минглаб томошабинлар кўз ўнгида дарраланди.

Толибоннинг ҳозирги бошқаруви ҳар бир қадамида борган сари 1990 йиллардаги режимга ўхшаб бормоқда.

"Толибоннинг ҳозирги сиёсати 20 йил аввалгиси билан бир хил. Биз уларга XXI асрда бу қабул қилинмаслигини айтишга уриняпмиз", дейди Лайло Басим.

Кутубхонадан унча узоқ бўлмаган жойда Толибоннинг ахлоқ полицияси - иллат ва фазилат вазирлиги идораси жойлашган. Бу ерга ҳам афғон аёллари қадамини босолмайди.

"Дарвоза олдига қути қўйганмиз, аёллар шикояти бўлса ташлаб кетади. Раҳбаримиз уларга ҳурмат юзасидан улар билан учрашиш учун дарвоза олдига боради", дейди Муҳаммад Акиф Муҳожир.

У аёлларнинг паркка қўйилмаслигини маъқуллаб, шариатга мувофиқ иш қилинганини айтади.

"15 ой давомида биз опа-сингилларимиз паркларга боришига имкон бердик. Биз аёлларга ҳижоб ўраши кераклигини айтдик, лекин баъзилари қулоқ солмади. Эркак ва аёллар учун паркка боришга алоҳида кунлар белгиланган эди. Аммо бунга ҳам амал қилишмади", дейди у.

Нега аёллар ҳуқуқлари учун норозилик намойишлари бостирилмоқда, деган саволга Муҳаммад Акиф Муҳожир шундай жавоб беради: "Ҳар бир давлатда ҳукумат буйруқларига қарши чиққан ҳар бир киши ҳибсга олинади. Баъзи мамлакатларда улар ҳатто ўлдирилади.

Биз ундай қилмаяпмиз. Лекин, табиийки, кимдир миллий манфаатларга қарши чиқса, овози ўчирилади".

Муҳаммад Акиф Муҳожир
Сурат тагсўзи, Толибон ахлоқ вазирлиги воизи чекловларни оқлади, шу вақтгача шариат қонунларига риоя этилмаганди, деди

Уларнинг сўзлари ва қилаётган ишлари Толибоннинг аёлларга ва сиёсатларини танқид қилган ҳар бир кишига нисбатан муносабати қаттиқлашганидан далолат беради. Бу улар ўтган йили ҳокимиятни эгаллаганларидан бери кўрсатишга уринаётган мўътадил имиджни шубҳа остига қўяди.

"Куни келиб бизга уйдан чиқманглар, деб айтишлари мумкин", дейди ёш талаба. Афғонистонда ҳамма нарса мумкин.

Халқаро ҳамжамиятдан ҳафсаласи пир бўлганлиги афғон аёлларида ҳам сезилади.

"Дунё биздан юз ўгирди, - дейди Лайло Басим. - Дунёдаги нуфузли одамлар Эрон аёлларини қўллаб-қувватлайди, аммо Афғонистон аёлларини эмас.

"Бошимизга тушаётган ишлар ҳатто матбуотнинг олд саҳифаларидаги янгиликларга ҳам кирмайди. Биз ўзимизни синган ва унутилган ҳис қиляпмиз."

.BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek