Яна инқироз. Жаҳон иқтисодиёти ўта қисқа вақт ичида янги таназзулга юз тутмоқда - янгиликлар, дунё ва Ўзбекистон

inqiroz

Сурат манбаси, AFP

    • Author, Алексей Калмиков
    • Role, Би-би-си

Россиянинг Украинага ҳужуми шундоқ ҳам оғир аҳволга тушиб қолган жаҳон иқтисодиётини молиявий-иқтисодий инқироз ёқасига олиб келди. Яқинлашиб келаётган рецессия белгилари тез-тез учрамоқда. Иқтисодчилар ва амалдорлар бирин-кетин огоҳлантирмоқда: инқироздан қочиб бўлмайди, аммо ягона савол шу: бу қанчалик чуқур ва давомли бўлади?

Жаҳон иқтисодиёти даврийдирдир: кўтарилиш ортидан тушиш, сўнг янги рецессия бошлангунга қадар мувозанатлашиш. Иккинчи Жаҳон урушидан бери дунё бир қанча рецессияни бошдан кечирди, шу жумладан, 2020 йилги ковид пандемияси сабабли. Агар ҳозир яна бири рўй берса, унда жаҳон антирекорди ўрнатилади - илгари ўсиш қашшоқлик билан атиги бир неча йил ичида алмашмаган.

Асосий сабаб - Россиянинг Украинага бостириб киришидир. Бошқа сабаблар ҳам бор, лекин Владимир Путин Европада бошлаган урушдан олдин рецессия хавфи қўрқинчли эмасди. Энди бу муқаррар деб айтилмоқда.

Жаҳон иқтисодиётининг учта двигатели - АҚШ, Европа ва Хитой - ҳар бири ўзига хос сабабларга кўра ва барчаси бир вақтда - глобал муаммолар, аввало, ковид ва Россия тажовузкорлиги туфайли секинлашмоқда. Ушбу учлик жаҳондаги ишлаб чиқариш ва истеъмолининг учдан икки қисмини ташкил қилганлиги сабабли, сайёрамизнинг бошқа барча мамлакатлари аҳолисининг фаровонлиги бевосита уларнинг фаровонлигига боғлиқ.

"Евро ҳудуди Россиядан газ етказиб бериш қисқариши туфайли жиддий муаммога дуч келди. Хитой ковид карантини ва кўчмас мулк бозоридаги инқироздан азият чекмоқда. Қўшма Штатлар эса инфляция туфайли уй хўжаликлари даромадлари ва истеъмолининг пасайишига дуч келмоқда. Кредит ставкаларининг кўтарилиши инвестицияларни камайтиради", дейди Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Кристалина Георгиева.

"Буларнинг барчаси камбағал ва ривожланаётган мамлакатларга таъсир қилмоқда. Улар экспортга бўлган талаб қисқараётгани сабабли камроқ даромад олмоқда, озиқ-овқат ва энергия нархларининг кўтарилиши туфайли кўпроқ харажат қилмоқда", дейди у ХВФ ва Жаҳон Банкининг сўнгги йиллик йиғилишини очар экан.

Қандай қилиб инқироздан чиқиш керак?

Иқтисодчилар ва расмийлар рецессияни башорат қилишга уринмоқда. Улар аввалги глобал молиявий инқирозни қандай ўтказиб юборганларини ва у қандай тугаганини яхши эслашади.

2008 йилда кундузи момақалдироқ гумбурлади. АҚШ, Буюк Британия ва бошқа Ғарб давлатларида бир нечта йирик банклар бирдан қулади. Молиячилар ва таҳлилчиларнинг жуда оз қисмидан бошқаси бундай йирик инқирозни кутмаган эди.

Бу сафар бошқача.

angliyayadagi uylar

Сурат манбаси, AFP

"Аввалги барча инқирозлардан бирортасини ҳам башорат қила олмаган бўлардик. Лекин бу сафар инқироз ҳали ҳам юқори эҳтимоллик билан содир бўлишини башорат қилиш мумкин, деб ўйлайман", дейди дунёдаги машҳур банкирлардан бири Жейми Димон яқинда CNBC'га берган интервьюсида.

Муаммо қаердан келади? Балки кредит бозоридан, балки фонд бозоридан. "Балки бу мамлакат ёки умуман биз ҳали билмаган бирор нарса бўлиши мумкин", дейди АҚШнинг JPMorgan Chase банки раҳбари Димон.

Расмийлар аввалги инқирозни пул билан ўнглади. Кредит ставкалари нолга тушди, аммо барқарор ўсишга қайтишга муваффақ бўлинмади. Биринчи ўн йилликда дунёнинг энг йирик иқтисодиёти бўлган Қўшма Штатларнинг ялпи ички маҳсулоти 22% га ўсди, ундан олдинги 1990 йиллардаги ўсиш 43% бўлганди, 1961-69 йилларда ҳатто 54% га чиққан.

Ғарбда даромад ўсиши тўхтаб қолди, чунки ҳукумат банкларни қутқаришга сарфланган маблағни қоплаш учун ижтимоий харажатларни қисқартирди. Сиёсат ва бизнесда туб ўзгаришлар даври бошланди: Интернет иқтисодиёти, АҚШда Доналд Трамп, Буюк Британияда Брексит.

Ўшандан бери, яқинлашиб келаётган рецессия ҳақидаги огоҳлантиришлар изчил янгради. Биринчидан, 2018 йилда, Трамп бир вақтнинг ўзида бир нечта савдо урушларини бошлаганида. Кейин 2019 йилда, фонд бозорида рецессиянинг биринчи белгилари пайдо бўлганида.

Иқтисодчилар, амалдорлар ва ишбилармонлар ўсишнинг навбатдаги цикли тугаши ҳақида гапира бошладилар. Улар 2020 йил улар учун нима тайёрлаётганини ҳали билишмаган.

Янги йил байрамлари тугаши биланоқ, газеталарда узоқ мамлакатдаги эпидемия ҳақидаги хабарлар милтиллай бошлади ва Би-би-си Рус хизмати веб-сайтида "Сирли Хитой вируси: хавотирга сабаб борми?" сарлавҳаси остида эслатма пайдо бўлди. Бу ковиднинг дастлабки 50 та ҳолати ҳақидаги хабар эди.

Шу билан пандемия бошланди, дунё карантин учун ёпилди ва 2020 йилда иқтисодиёт яна таназзулга юз тутди. 3% га камайди, лекин кейинги йили 6% га ўсди.

"Энг ёмони олдинда"

Ёмонроғи энди келади. ХВФнинг фикрича, бу йил ўсиш тахминан ярмини ташкил этади ва келгуси йилда уруш, инфляция, Хитойдаги локдаун ва энергия инқирози туфайли ундан ҳам ахвол баттарлашади.

"Жорий йилдаги барча муаммолар глобал иқтисодиётнинг пандемиядан кейинги тузалмаган жароҳатларини очади. Бир сўз билан айтганда, энг ёмони олдинда", деб ёзди ХВФ иқтисодчилари сўнгги прогнозларида. Улар келгуси ярим йилда жаҳон иқтисодиётининг қарийб учдан бир қисмини эгаллайдиган рецессияни башорат қилишди.

Умуман олганда, улар ҳали ҳам бу тахминан 3% га ўсишига умид қилишмоқда, аммо улар дунёдаги ишбилармонлик фаоллиги, истеъмол, инвестициялар ва ишлаб чиқаришнинг сустроқ - 2% га ўсишини ёки ҳатто фақат 1% бўлиши эҳтимолини истисно қилишмаяпти.

"Аммо ижобий ўсиш бўлса ҳам, буларнинг барчаси рецессияга ўхшайди, чунки реал даромадлар пасаяди ва нархлар кўтарилади", деб огоҳлантирди Георгиева.

bolgariya

Сурат манбаси, Getty Images

Биринчи олти ой ичида иқтисодий таназзулга (икки чорак кетма-кет секинлашиш "техник рецессия" ҳисобланади) учрайдиган биринчи номзодлар Европададир.

Эски дунёнинг энг йирик иқтисодиёти ва асосий саноат қудрати Германия Путин бир ярим йилдан бери Европа Иттифоқига қарши олиб бораётган газ урушидан азият чекмоқда.

Буюк Британия ҳам ортда қолмаган. Биринчидан, дунёнинг бешинчи иқтисодиёти Европа Иттифоқидан ажралиш учун овоз бериб, энг йирик савдо шериги билан ягона бозорни тарк этди. Ва кейин у беш ҳафта ичида давлат қарзи қийматини пасайтиришга ва пенсия тизимини инқирозга юз тутишига сабабчи бўлган ҳукуматни ҳокимиятга келтирди. Агар Англия Банки инфляция сиёсатига зид равишда ўнлаб миллиард фунт стерлингни зудлик билан чоп қилмаганида эди, пенсия инқирози глобал молиявий инқирозга олиб келар эди.

Европа Иттифоқи, худди Британия каби, турғунликдан қутула олмайди, дея тан олади Европа комиссарлари.

"Биз синиш нуқтасига етдик, - дейди Европа Комиссиясининг бош иқтисодий директори Валдис Домбровскис бу ҳафта. - Иккинчи чоракда Евро ҳудудининг барча иқтисодлари ковиддан олдинги даражага тикланди. Бироқ, ўшандан бери барча ўсиш омиллари сезиларли даражада йўқолган."

"Россиянинг Украинага тажовузидан келиб чиққан нотинчлик биринчи ўринга чиқди. Ҳозир эса иқтисодий прогнозларимиз ёзга қараганда анча камтарроқ кўринади".

Америка ҳам узоқ ушлаб туролмайди, дейди банкир Димон. Унинг сўзларига кўра, бу давлатда энергия муаммолари камроқ, аммо Марказий Банкнинг инфляцияга қарши курашиш учун жорий қилган ярим асрда мисли кўрилмаган юқори ставкалари истеъмол ва инвестицияларни сусайтириши ва АҚШни "кейинги тўққиз ой ичида қандайдир турғунлик ҳолатида" қолдириши мумкин, дейди у.

Инқироз олдини олиш мумкинми?

Ҳар томондан яқинлашиб келаётган иқтисодий фалокат сигналлари келмоқда.

Протест

Сурат манбаси, AFP

Кўчмас мулк бозори нафақат Хитойда, балки Ғарбда - Швециядан Янги Зеландиягача иситмаламоқда. Сўнгги ўн йилликлардаги корпоратив ўсиш етакчилари - Американинг Amazon ва Meta каби интернет гигантлари таназзулни аввалдан сезиб, харажатларни қисқартирмоқда ва ходимларни оммавий ишдан бўшатмоқда.

АҚШ давлат қарз бозорида ликвидлик инқирози ва ҳатто 1980 йилларнинг бошидан бери кузатилмаган даромад инверсияси мавжуд. Икки йиллик облигациялар 10 йиллик облигациялардан кўра фойдалироқ бўлиб қолган, бу анъанавий равишда бир ярим йил ичида яқинлашиб келаётган рецессия белгиси ҳисобланади.

Инқироз олдини олиш мумкинми? Иқтисодчилар оптимист эмас бу борада.

1980 йиллардаги олдинги оммавий таназзулдан сўнг, интернетнинг пайдо бўлиши натижасида юзага келган технологик ва бизнес инқилоби глобаллашув манзарасида Хитой, Россия ва бошқа ривожланаётган мамлакатларнинг юксалишига олиб келди. Кейинчалик, айниқса, 2008 йил инқирозидан кейин пул-кредит рағбатлантируви асосий роль ўйнади.

Энди бу ўсиш манбалари тугади, глобаллашув ва рағбатлантириш бутунлай ортга қайтди. Шу билан бирга, кўплаб таркибий муаммолар бу вақт ичида ҳал этилмади ва аҳвол фақат ёмонлашди. Улардан асосийси қариган аҳоли, меҳнат самарадорлиги камайиши ва иқлим ўзгариши оқибатларидир.

Кейинги технологик инқилобгина жаҳон иқтисодиётини бу аҳволдан қутқаради, дейди Oxford Economics тадқиқот маркази иқтисодчиси Адам Слейтер. Марказ ноябрь ойида ўз прогнозини янгилаб, жорий ва кейинги чоракларда жаҳон иқтисодида рецессия бўлишини башорат қилган.

Айни пайтда, Интернет иқтисодиётига ўхшаш келажакка янги сакраш кутилмаяпти, рецессиянинг олдини олиш учун мавжуд учта муаммони ҳал қилиш керак: нархлар кўтарилиши, Хитойдаги локдаун ва Европадаги энергия инқирози.

Энг оддийси - Хитойнинг очилиши. Бунинг учун фақат Коммунистик партиянинг қарори керак. Бироқ, Хитой иқтисодиётининг тикланиши энергияга бўлган талабни дарҳол оширади, бу биринчи муаммо бўлмиш инфляцияни янада кучайтиради. Боз устига, ковиднинг яна бош кўтариши ўлимлар кўпайиши ва ундан ҳам катта карантинларга сабаб бўлиши мумкин.

Xitoy

Сурат манбаси, Reuters

Ошиб бораётган энергия инқирози ва инфляция аҳолининг реал даромадларини пасайтириб, ипотека, давлат қарзи ва бизнес кредитлари учун ставкани оширади. Келгуси бир-икки йил ичида бу икки муаммони фақат талабни қатъий йўқ қилиш орқали ҳал қилиш мумкин, аммо бунинг ўзи ҳам дунё қочишга уринаётган рецессия ва инқироз демакдир.

Талабни бостирмасдан инфляция муаммосини ҳал қилишнинг ягона йўли таклифни оширишдир. Буни катта ставкалар, ишчи кучи тақчиллиги, глобаллашув ва халқаро савдодаги узилишлар ва Путин сабабли юзага келган Украинадаги уруш ва энергия инқирози шароитида амалга ошириш осон эмас.

Энергетика инқирозидан чиқиш учун эса Ғарб Россияни энергия таъминотчиси сифатида алмаштириб, янги таъминотчини топишига тўғри келади.

Бир-икки йил ичида буни қилиш мумкин эмас. Янги конлар ва инфратузилмага инвестициялар камайиб бормоқда ва агар ҳозир сармоя киритишни бошласангиз ҳам, даромад фақат ўнлаб йиллар ичида келади. Энергетика соҳасидаги «яшил» инқилоб учун ҳам кўп нарса керак: нодир металлар ва қуёш панеллари, шамол тегирмонларини ишлаб чиқариш қувватларидан тортиб арзон кредитлар ва энергия сақлашнинг илғор технологиялари.

Ва агар сиз Россияни алмаштирмасангиз, балки ундан яна бир хил ҳажмларда нефть ва газ сотиб олсангиз, бу Ғарб учун мақбул шартларда урушни тугатишни талаб қилади.

Буларнинг барчаси ачинарли, деб тан олди ХВФ раҳбари. Дунё ўзгарди - узоқ вақтга, аммо яхши томонга эмас.

"Биз жаҳон иқтисодиётида туб ўзгаришларни бошдан кечирмоқдамиз, - дейди Кристалина Георгиева. - Биз қонунчилик доирасидаги халқаро ҳамкорлик, паст ставкалар ва паст инфляция дунёсида яшаб келдик".

"Ҳозир эса дунё янада мўрт бўлиб қолди. Мавҳумлик, ўзгарувчанлик, геосиёсий қарама-қаршилик, табиий офатлар кучаймоқда. Бу дунёда ҳар қандай мамлакат инқирозга осонроқ ва тез-тез дуч келиш хавфи бор".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek