Қиролича-консорт Камилла ким?

Camilla, Duchess of Cornwall

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Сара Кемпбэлл
    • Role, Қироллик мухбири

Камилла қирол Чарльзнинг ҳаёти севгиси, унинг ёшликдаги сирдоши ва 17 йиллик рафиқаси. Мана, энди у Қиролича консорти бўлди.

Жамоатчилик асосий миллий ва халқаро тадбирлар ва байрамларда Камиллани эрининг ёнида кўришга ўрганиб қолган, бироқ у тан олганидек, бу осон эмас эди.

Камилла Паркер Боулз каби омматан танқид қилинган аёллар кам. У Уэлс маликаси Диана билан тўхтовсиз қиёсланлаганда, асрнинг энг шов шувли ажралишидаги "ўзга аёл" эди.

4 яшар Камилла ва 3 яшар синглиси Аннабел 1952 йилдаги тўйда

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Камилла Паркер Боулз(чапда), синглиси Аннабел билан 1952 йилдаги тўйда

Чарльзни танлаб, у ҳаётини тубдан ўзгартирди. Кўп йиллар давомида у матбуот томонидан таъқиб қилинди, унинг характери ва ташқи кўриниши тинимсиз ҳужумга учради. Аммо у бўронни енгиб ўтди ва аста-секин қирол оиласининг энг кекса аёл аъзоси сифатида мавқеини мустаҳкамлади.

Айтишларича, шаҳзода Чарльз 20 ёшида учрашганида бир зумда севиб қолган аёл учун бу жуда катта саёҳат эди.

Қиролича Елизавета II уни қабул қила олиши учун вақт керак бўлди, аммо кейинги йилларда у Камиллани сўзсиз қўллаб-қувватлади. Янги қиролича ҳеч қачон жамоатчилик томонидан тўлиқ қабул қилинмаслиги мумкин, лекин унинг ўзи шу йил бошида Vogue журналига берган интервьюсида айтганидек, "Мен бундай нарсалардан юқорига кўтариламан, ундан ўтаман. Яшаш керак".

1947 йил 17 июлда туғилган Камилла Розмари Шанднинг тахт меросхўрига турмушга чиқиши хаёлига ҳам келмаганди. Унинг оиласи юқори синф, бадавлат ва яхши алоқаларга эга эди, лекин қироллик оиласига мансуб эмас эди.

У дўстона, меҳрибон муҳитда, укаси ва синглиси билан оиланинг Сассексдаги сўлим мулкида ўйнаб улғайган. Унинг отаси, истеъфодаги армия офицери Брюс Шанд унга уйқу олдидан ҳикоялар ўқиб беришни яхши кўрарди ва онаси Розалинд болаларни мактабга, тадбирларга ва пляжга олиб борарди. Бу ота онаси дунё бўйлаб саёҳатга кетганда узоқ вақт уларсиз қолган Чарльзникидан жуда бошқача болалик эди.

Швейцариядаги мактаб Камиллани Лондон жамиятидаги дебютант ҳаётига тайёрлади. У машҳур эди ва 60 йилларнинг ўрталарида Эндрю Паркер Боулз исмли кавалерия офицери билан алоқада бўлиб турар эди.

Эндрю Паркер Боулз ва Камилла тўйлари куни

Сурат манбаси, Frank Barratt / Getty Images

Сурат тагсўзи, Бир неча йиллик осон кечмаган муносабатлардан кейин Камилла 1973 йили Эндрю Паркер Боулзга турмушга чиқди

1970 йиллар бошларида у ёш шаҳзода Чарльз билан танишди. Шаҳзоданинг таржимаи ҳолини ёзган Жонатан Димблбининг сўзларига кўра, "у меҳрибон, камтарин қиз эди ва Чарльз биринчи севгининг бутун кучи билан дарҳол унга кўнгил қўйди".

Аммо вақт тўғри келмади. Чарльз ҳали 20 ёшда эди ва денгиз флотида карьера қилиш билан машғул эди. 1972 йил охирида у чет элга саккиз ойлик хизмат сафарига жўнади. Ва Чарльз йўқлигида, Эндрю Камиллага турмуш қуришни таклиф қилди ва у рози бўлди. Нега Чарльзнинг сўрашини кутмади? Дўстлари у ўзини ҳеч қачон қироллик оиласида кўролмаганини айтишади.

Аммо Чарльз ва Камилла бир-бирининг ҳаётининг бир қисми бўлишда давом этишди. Улар бир хил ижтимоий доираларда юрарди, Чарлз ва Эндрю бирга поло ўйнашарди ва эр-хотин Чарльздан биринчи фарзанди Томга чўқинтирган ота бўлишини сўрашди. Чарльз ва Камилланинг поло мусобақасидаги фотосуратларидан улар ўртасидаги яқинликни сезиш мумкин.

Чарльз ва Камилла поло ўйинига келган томошабинларнинг автомобиллари ёнида

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Чарльз чапда ва Камилла илк бор 1972 йили фото суратларга тушиб қолган

1981 йилнинг ёзида Чарльз ёш хоним Диана Спенсер билан учрашди ва унга турмуш қуришни таклиф қилди. Шунга қарамай, Камилла унинг ҳаётининг бир қисми эди. "Диана: Унинг ҳақиқий ҳикояси" асарида муаллиф Эндрю Мортоннинг ёзишича, Диана ўзининг тўйи бўлишидан икки кун олдин Чарльз Камилла учун ясатган ва «Ф» ва «Г» ҳарфлари ўйиб ёзилган билагузукни кўриб қолади ва тўйни бутунлай тўхтатишига бир баҳя қолади. Бу ҳарфлар уларнинг бир бирини эркалаб чақирадиган исмлари - Фред ва Глэдиснинг бош ҳарфлари эди.

Диана Камилланинг эри билан муносабатлари билан курашганига шубҳа йўқ. Чарльзнинг таъкидлашича, уларнинг ишқий муносабатлари фақат унинг никоҳи "қайта тиклаб бўлмайдиган даражада бузилган" пайтда қайта бошланган. Аммо, Диана 1995 йилда берган ва ҳозир дискредитация бўлган «Panorama» интервьюсида таъкидлаганидек, "бу никоҳда биз уч киши эдик".

Ҳам Чарльзнинг, ҳам Камилланинг оиласи нотинч эди, баъзи матбуот сарлавҳалари жуда оғриқли бўларди, 1989 йилда яширинча ёзиб олинган ва тўрт йилдан кейин оммага эълон қилинган тунги қўнғироқ тафсилотлари баридан ошиб тушди. Чарльзнинг Камилланинг тампони бўлиш истагини билдиргани улар ўртасидаги интим алоқа қанчалик бўлганини кўрсатиб берди.

Камилла 1995 йилда ажрашди. Чарльз ва Диананинг никоҳи 1996 йилда расман тугади.

Камилланинг ҳатто ўз оиласи, айниқса, икки фарзанди Том ва Лаура билан ошкора адоват юзага келишига қарамай Чарльз билан бўлишни танлагани унинг ҳис-туйғулари кучлилигидан далолат беради.

Том Паркер Боулз папараццилар Уилтширдаги оилавий уйлари ташқарисидаги буталар орасига яшириниб ўтирган кунлар ҳақида гапирди. "Ҳеч ким бизнинг оиламиз ҳақида бизни хафа қилиши мумкин бўлган бошқа ҳеч нарса айтолмайди энди", деб ёзган эди у 2017 йилда The Times газетасида ва қўшимча қилади: "Менинг онам ўқўтмас."

Ўша кунлар ҳақида Камилла шундай дейди: "Ҳеч ким доимий кузатилишни ёқтирмайди. Аммо бунга кўникиб яшаш йўлини топишингиз керак."

1997 йилда Диананинг ўлимидан сўнг, танқидга жавоб бериш йўлини топиш янада қийинлашди. Омма олдида Чарльз ўғиллари Уилям ва Гаррига эътибор қаратди, Камилла эса кўринмасди. Аммо уларнинг муносабатлари давом этди.

Чарльз ва Камилла илк бор бирга 1999 йили омма ўнгида кўриндилар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Чарльз ва Камилла илк бор бирга 1999 йили омма ўнгида кўриндилар

Чарльзнинг позицияси аниқ эди - Камилла борасида муросага бормаслик. Шу боис, у Камиллани омма олдида оқлаш учун пухта режалаштирилган кампанияни бошлади. Ҳаммаси 1999 йилда улар Камилланинг синглисининг 50 ёшини нишонлган Ритз меҳмонхонасидан кеч чиқиб кетишидан бошланди. Олти йил ўтгач, улар Виндсор Гилдҳоллда кичик фуқаролик маросимида турмуш қуришди.

Эр-хотиннинг омма бу никоҳга салбий муносабатда бўлишидан қўрқишлари асоссиз бўлиб чиқди, чунки хайрихоҳлар уларни олқишлар билан қарши олди.

Аммо йиллар давомида у қиролича бўлиши мумкинми ёки йўқлиги ҳақида баҳслар давом этди. Гарчи у қонуний равишда унвондан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлса да, расмий позицияга кўра, Чарльзнинг Диана билан никоҳи бузилишида уни айблаганларни тинчлантириш учун Камиллани малика консорт деб атаган маъқул эди.

Охир-оқибат, бу масала қиролича томонидан ҳал қилинди ва у 2022 йилда "вақти келганда, Камилла қиролича консорт сифатида танилишини чин дилдан хоҳлашини" айтди. Бу Камилла Чарльз ёнида ўз ўрнини эгаллаганининг тасдиғи эди. Ҳар қандай оммавий мунозаралар ҳам якунланди.

Агар қиролича дастлаб Камилладан эҳтиёткор бўлган бўлса, шаҳзода Уилям ва Ҳарри учун бундан ҳам кўпроқ бўлиши керак эди. Иккаласи ҳам ота-онасининг никоҳи бузилиши ва кейин Уилям 15 ва Гарри атиги 12 ёшда бўлганида оналарининг ўлимини кўтаришлари керак эди.

Чарльз ва Камилланинг тўйи кунидаги фото сурати

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Чарльз ва Камилланинг тўйи 2005 9 апрелда бўлди

2005 йилда, уларнинг тўйларидан бир неча ой ўтгач, 21 ёшли Ҳарри Камилла ҳақида отамни жуда бахтли қилган "ажойиб аёл" деб атади.

"Уилям ва мен уни жуда яхши кўрамиз ва у билан жуда яхши муносабатдамиз."

Ўшандан бери улар Камиллага бўлган ҳис-туйғулари ҳақида кўп гапирмади. Бироқ, оммавий тадбирларда Уилям, унинг рафиқаси Кетрин ва Камилла ўртасидаги мулоқот ва тана тили ҳеч бўлмаганда Кембриж герцоги ва герцогиняси билан муносабатларда илиқлик борлигини кўрсатади.

Камилла ўғли Том ва қизи Лаура билан

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Камилла ўғли Том ва қизи Лаура билан. Фарзандларининг отаси Эндрю Паркер Боулз
Камилла Қиролича Елизавета II, Шаҳзода Филип, Малика Кейт ва Шаҳзода Уилям билан

Сурат манбаси, Chris Jackson / Getty images

Сурат тагсўзи, Камилла 2015 йили малика Шарлоттани чўқинтиришдек қироллик оиласи тадбирларининг асосий иштирокчисига айланди

Ҳозир 75 ёшга кирган Камилла эри ва оиласини қўллаш билан банд. Унинг Виндзор билан муносабати матбуот сарлавҳаларига чиқиши мумкин, аммо эътибордан четда қолган Камилла ҳам беш фарзанднинг ғайратли бувиси. У Уилтширдаги уйларини сақлаб қолган, ўша ерга хотиржамлик олиш учун бориб туради.

Унинг жияни Бен Эллиотт «Vanity Fair» нашрига берган интервьюсида "Унинг жуда яқин ва қўллаб-қувватловчи оиласи ва яқин дўстлари бор, - дейди. - У эрини, болаларини ва невараларини яхши кўради."

Камилла ўзи қизиқадиган соҳаларда ҳам ўз изларини қолдирди:

- онаси ва бувиси азоб чеккан остеопороз ҳақида омманинг хабардорлигини ошириш

- оиладаги зўравонлик, зўрлаш ва жинсий таҳқирлаш каби қийин мавзуларга эътибор қаратиш

- Instagram'даги китоб клуби орқали отасидан мерос бўлиб қолган китобларга меҳрини етказишга интилади

Эҳтимол, у қироллик оиласига кеч ёшда қўшилгани учун, атрофидаги шовқиндан ҳижолат чекади.

Кларенс Хаусдаги хайрия зиёфатини ёритар эканман, мен герцогиня кенг зинапоянинг тепасида бурчакда ҳамма тайёр ёки йўқлигини текшираётганини кўрдим. Биз хурсанд бўлдик, у пастга тушди ва хайрия ташкилотининг ижрочи директорини ҳаяжон билан қучоқлаб ўпди.

Локдаун пайтида герцогиня невараларини "қаттиқ қучоқлай" олмаганидан қайғуси ҳақида гапирганди. Чекловлар юмшатилганда, у ўзининг аввалги одатларига қайтганидан хурсанд эди.

ҚиролЧарльз III

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Омма ўнгидаги жуда кўп тадбирларда Чальз ва Камилла кулиб, ҳазил-ҳузул қилишлари кузатилган

Унинг залда ўзини тутишига қараб, у одамлар ўзларини бемалол ҳис қилишлари учун қандай ҳаракат қилаётганини кўрдим. У қачонлардир нутқ сўзлаётганда асабийлашганини яширмасди, лекин йиллар ўтиши билан унинг ўзига ишончи орта борди.

Чарльз ва Камилла турмуш қурганига 17 йил бўлди. Омма учун уларнинг ўзаро муносабати аниқ. Муштарак нигоҳлар, қаҳқаҳа.

"Улар бир-бирларини севадилар ва ҳурмат қиладилар ва бир хил нарсалардан куладилар", дейди Эллиотт «Vanity Fair» нашрига.

Улар ҳашаматда яшайдилар, лекин энг кўп назорат остида, камига, босим шафқатсиз бўлиши мумкин.

Шаҳзода Чарльз тўйларининг 10 йиллиги арафасида CNN телеканалига "Ёнингизда кимдир бўлиши ҳар доим ёқимли, - деди. - У катта ёрдам бўлди ва ҳаётнинг қизиқарли томонларини кўради, Худога шукур."

"Баъзида бу худди кемалар тунни босиб ўтаётганга ўхшайди, - деди Камилла уларнинг биргаликдаги ҳаёти ҳақида, - лекин биз доимо бирга ўтириб, бир пиёла чой ичамиз ва кун ҳақида гаплашамиз. Вақтимиз бор."

Қирол ўз вазифасини ёлғиз бажаради, Чарлзнинг Камилладан воз кечишни истамаслиги, у ўзи қабул қилиб олаётган ролда унга керак бўладиган ҳамроҳ ягона одам эканлигини билиб тургани учун бўлиши мумкин.