Британия: Чарльз III расман Қирол деб эълон қилинди - Видео, Dunyo, Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
96 ёшли Қиролича Елизавета II нинг вафотидан кейин унинг тўнғич ўғли Буюк Британия Қироли Чарльз III деб расман эълон қилинди.
Тарихий маросим Лондондаги Сент-Жеймс саройида 10 сентябрь куни бўлиб ўтди.
Тарихий удумлар бўйича бунгача валиаҳд шаҳзода деб аталиб келган тахт вориси тождор ўлимидан кейин автоматик тарзда ҳукмдорга айланади ва 8 сентябрь куни Қиролича Елизавета II ўлими ортидан Валиаҳд Шаҳзода Чарльз III 73 ёшида Буюк Британия Қироли бўлди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Сент-Жеймс саройидаги тадбир маросимий характерга эга.
Маросим Лондон вақти билан соат 10 да бошланди.

Маросимга Британиянинг жорий Бош вазири Лиз Трасс, собиқ бош вазирлар Жон Мейжор, Гордон Браун, Борис Жонсон, Дэвид Камерон, Тереза Мэй, Тони Блейр, мухолиф Лейбористлар партияси Кир Стармерлар таклиф этилган эди.
Буюк Британия Тахт ворислиги бўйича Кенгаш Чарльз III ни Британиянинг янги қироли деб эълон қилди.
Эълон ортидан Асосий Прокламация деб аталувчи ҳужжат имзоланди.
Бу ҳужжатга талаб қилинган тартибда - биринчи бўлиб Британия тахтининг кейинги вориси, Валиахд Шаҳзода Уилям, сўнг Малика-консорт Камилла, Британия Вакиллар Палатаси раҳбари, Лорд-Кенгаш раиси Пенни Мордаунт, Бош вазир Лиз Трасс ва Кентерберри архиепископи имзо қўйдилар.
Асосий Прокламацияни имзолаш маросимидан кейин тўпланганлар олдига Қирол Чарльз III чиқди ва қисқа нутқ сўзлади.

Ўз нутқида у марҳума онасига муҳаббат ва ҳурмат изҳор этди.
Сўнг қўлида Инжил билан қиролликка ва унинг таркиби бўлган ҳар бир ҳудудга - Англия, Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландияга қасамёд қилди.
Британия қиролининг қасамёди дунёдаги давлатлар раҳбарларининг қасамёдларидан фарқ қилади.
Британия қироли ўз онтида Шотландия Черковини Махфий кенгаш аъзолари олдида қўриқлашга ваъда беради, яна бир қасамёдни тож кийиш маросимида қилади.
Онт ортидан у ўз қасамёдини тасдиқловчи ҳужжатни имзолади.

Сурат манбаси, PA Media
Онт ҳужжатига гувоҳ сифатида Валиахд Шаҳзода Уилям, Малика-консорт Камилла, лорд-канцлер, Шотландия, Уэльс, Шимолий Ирландия ва қиролликнинг бошқа шахслари имзо қўйдилар.
Сўнг Сент-Жеймс саройи балконидан Чарльз III нинг расман Британия Қироли бўлгани ҳақидаги Асосий Прокламация ўқиб эшиттирилди.
"Худо Қиролни Ўзинг асра!" мадҳияси куйланди.
Мадҳия Қиролича Елизавета II тахтга ўтирган 1952 йилдан "Худо Қироличани Ўзинг асра!" деб ўзгартирилган эди, энди яна асрий матнига қайтди.
Замбараклардан мушаклар отилди.
Янги қирол фармонига кўра, Қиролича Елизавета II нинг дафн маросими 19 сентябрь кунига белгиланди, шу куни мамлакатда дам олиш куни деб эълон қилинди.















