Британия: Чарльз қандай қирол бўлади? Dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Син Коҳлан
- Role, Би-би-си, Қироллик мухбири

Британия тарихида энг узоқ вақт тахт вориси бўлган Чарльз эндиликда қирол. 70 йил тахт вориси ўлароқ олган сабоқлари уни тахтни эгаллашга яхши тайёрланган энг кекса янги монархга айлантирган.
73 яшар қирол волидасининг бошқаруви давомида дунё етакчиларининг бутун бошли авлодлари, жумладан, 15 нафар Британия Бош вазирлари ва 14 нафар АҚШ президентларининг келиб-кетишига гувоҳ бўлган.
Қиролича Елизавета Иккинчининг ёрқин бошқарувидан сўнг биз қандай қиролни кутишимиз мумкин? Ва турли масалаларда гапириб келган шаҳзода монархнинг бетарафлик тамойилига қандай мослаша олади?
Қирол ўлароқ Чарльз ортиқ паспорт ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси ё-да кескин оммавий қарашларга эга бўлмайди. Монарх бўлиш ўзликни бир четга суриб қўйишни англатади.
Бу турли роллар, турли қоидалар, дейди конституциявий эксперт, профессор Вернон Богданор.
"Илк кунларданоқ унинг ҳаёт тарзи ўзгариши маълум эди. Омма ҳар нарсани гапираверадиган монархни хушламайди", сўзлайди профессор Богданор.
Қирол Чарльз бундан буёғига одамлар овозасига камроқ тушиши лозимлигини яхши билади.
"Унчалик ҳам аҳмоқ эмасман. Мен ҳукмдор бўлиш алоҳида масала эканини тушунаман. Қирол сифатида ҳозирги тарзимда кетишим ҳақидаги фикрлар - бу мутлақо бўлмагур гап", деган эди у 2018 йили Би-би-си билан интервьюда.
Янги шахс тахтга кўтарилганда, тангалардаги монарх сурати қарши томонга буриб қўйилади. Чарльзнинг қироллиги ҳам шу каби ўзгача бўлиши табиий.
Чарльз эндиликда бошқарадиган мамлакат унинг онаси мерос қилиб олгандан кўра анча фарқли ва профессор Богданорнинг тахмин қилишича, янги қиролнинг кўп маданиятли, кўп эътиқодли Британия билан юзлашишига тўғри келади.


Сурат манбаси, Getty Images

Профессор Богданор, шунингдек, янги қирол санъат, мусиқа, маданиятга янада кўпроқ ҳомийлик қилишидан умид билдиради.
Аммо қирол Чарльз билан унинг хайрия ташкилотида кўп йиллар бирга ишлаган Сер Ллойд Дорфман, эндиликда, собиқ шаҳзоданинг иқлим ўзгариши ва органик фермерлик каби масалалардаги ишларга бош қўшишдан тўлиқ чекинмаслигини тахмин қилади.
Бундан ташқари қирол аввалдан "маҳобати нозиклашган" монархияни афзал кўриши ҳақида гаплар юради.
Шунга қарамай, янги қиролликнинг асосий муждаси давомийлик ва барқарорликдир, дейди қироллик масалалари бўйича шарҳловчи Виктория Мерфй.
"Ҳеч қандай йирик ва жиддий ўзгаришларни кутманг. У жуда эҳтиёткор ҳаракат қилади", қўшимча қилади у.
"Биз қироличани умрбоқий деб ўйлашга ўрганиб қолганмиз, лекин қирол ҳар қандай сиёсатчидан кўра кўпроқ вақт омма эътиборида бўлган", дейди қироллик масалалари бўйича шарҳловчи Роберт Ҳардман.


Сурат манбаси, Getty Images

Тарихчи Сер Энтони Сельдон қирол Чарльз иқлим ўзгариши муаммосидан огоҳлантириш каби масалалар юзасидан ҳақ эканини исботлаб, ўз обрўсини мустаҳкамлаб олганига ишонади.
Жаноб Ҳардманнинг сўзлашича, 2021 йил Глазгода ўтган иқлим ўзгаришига бағишланган саммитда Чарльз АҚШ Президенти Жо Байден каби муҳим шахслар томонидан жиддий қабул қилинган.
"Бу шунчаки бекорчи гаплар эмасди. Икковлон бир четда ўтирар, Байден эса "Ҳаммаси сизнинг қўлингизда" дер эди", хотирлайди у.
Аммо янги монархни қандай характерда кўрамиз?
Яқиндан танийдиганлар унинг уятчан, камгап экани ҳақида сўзлайдилар.


Сурат манбаси, PA Media

"Жуда таъсирчан" - дейилади келтирилган тавсифлардан бирида.
Унда мактабда безорилар қўлига тушиб қолган, яккалаб қўйилган бола асоратлари сезилади.
"Тун бўйи менга шиппакларини отишади ёки ёстиқ билан уриб, хона бўйлаб қувлашади, кучлари борича мени уришади", дейилади унинг мактаб ётоқхонасидан уйга йўлланган мактубида.
Рафиқаси Камилла, эндиликда қиролича-консорт, уни шундай тасвирлайди: "Ўта бесабр. У кечанинг ўзидаёқ ишлар бажарилишини истайди. Ҳамма ишни шундай қилади".
Чарльзнинг 70 йиллик юбилейи муносабати билан телевидениега интервью берган Камилла унинг одамлар билган жиддий қиёфасидан ташқари қувноқ томони ҳам борлиги ҳақида гапирган.
"Уни жуда жиддий шахс ўлароқ кўрадилар. Ҳақиқатан ҳам шундай. Аммо одамлар унинг хушчақчақ кўриниши ҳам борлигини билишларини истар эдим. У тиззалаб олиб, болалар билан ўйнайди, уларга "Гарри Поттер"ни ўқиб беради, турли кулгили овозлар чиқаради".


Сурат манбаси, Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

Чарльз омма билан учрашувларда анча эркинлашиб, ўзининг устидан кулувчи ҳазилларни айтиб келиши билан танилган эди. Эҳтимол, энди монарх сифатида у ўзгарар.
Аммо ўзининг ёшига нисбатан қирол ҳануз анча тетик.
Чарльз билан бирга ишлаган Крис Поп янги қиролни ўта банд, ҳаракатчан, "қувватга лиқ тўла" дея тасвирлайди.
"У келажак авлод тақдиридан роса қайғуради. Ҳали бу масалада кўп ишларга қўл уришини ўзингиз кўрасиз", сўзлайди жаноб Поп.
Шаҳзода сифатида унинг хайрия амаллари анъанавий ҳунармандчиликни ҳимоя қилиш ва сақлаш, бир вақтнинг ўзида, инновация ва янги ўзгаришларни дастаклашдан иборат бўлиб келган.
"У доим анъаналар йўқолиб кетмаслигига жиддий қараган", қўшимча қилади жаноб Поп.
Шу сабабдан янги қиролнинг характери турли йўналишларга интилаётган - ўзгаришлар бўлишини хоҳлаган бир вақтда сақлаб қолишни истаётгандек кўриниши мумкин.


Сурат манбаси, Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

Онасидан унга бурч ҳисси ўтиши аниқ, аммо қирол Чарльз марҳум қироличадан диний эътиқод ва кучли юмор ҳиссини ҳам мерос қилиб олган.
Ҳитан Меҳта 2007 йилда унга хайрия компаниясини ташкиллашда кўмаклашган.
"У қалбан инсонпарвар. Одамлар унинг қанчалик ғамхўрлигини у қадар юқори баҳоламайди, деб ўйлайман. У набираларига қоладиган дунё ҳақида кўп гапиради. Дунё тақдиридан ташвишга тушади", дейди жаноб Меҳта.
"Жума куни кеч соат тўққиз эди шекилли. У менга қўнғироқ қилди: "Ҳозиргина Покистондаги тошқинлар ҳақида эшитдим. Нималар қиляпмиз ўзи?"
У муаммони эшитган заҳоти унга киришиб кетди. У жуда ғамхўр инсон", фикрини якунлайди жаноб Меҳта.
"Баъзида ярим тундан ўтгандагина овқатланиб, кейин иш столида қоғозлари орасида ухлаб қоладиган инсон у", дейди шаҳзода Ҳарри отаси ҳақида.


Сурат манбаси, PA Media

Чарльз Филип Артур Жорж Букингем Саройида 1948 йил 14 ноябрь куни дунёга келган.
Би-би-си унинг тавваллудини эълон қилганда, хабарда қиролича ўғил фарзанд кўрди эмас, балки у "шаҳзодани дунёга келтирди" дейилган эди.
Орадан тўрт йил ўтиб, у тахт ворисига айланган.
У 400 дан зиёд ташкилотларнинг ҳомийси ёки президенти бўлган ва 1976 йилда Қироллик денгиз кучларидан кетиш чоғида олган пуллари билан ўзининг энг муҳим хайрия ташкилоти - Prince's Trust'га асос солган.
Ташкилот мамлакатнинг турли қашшоқ бурчларидаги қарийб 900 минг нафар имконияти чекланган ёшларга ёрдам қўлини чўзган.
Унинг хайрия ташкилоти орқали "жамиятнинг энг оғир шароитлик қатламларига етиб бориш" режалари доим ҳам силлиқ кечмаган.
2004 йилдан бери ҳукуматнинг турли вазирларига юборган мактублари Чарльзнинг хайрия ишлари сиёсий аралашув ва воситачилик қилишда айбланишига сабаб бўлган.
Бу мактубларда ҳукуматнинг фермерлик, шаҳарсозлик, архитектура, таълим каби масалалардаги амаллари саволларга тутилган эди.


Сурат манбаси, Getty Images

Ҳукумат сиёсатига аралашув даъволари юзасидан Чарльз 2006 йилдаги бир интервьюда шундай деган эди: "Агар бу аралашув бўлса, мен ундан жуда фахрланаман".
"Агар бирор ишга қўл урмасанг, сендан ёзғирадилар. Агар одамларга ёрдам бериш учун нимадир қилишга интилсанг ҳам, устингдан шикоят қиладилар".
Собиқ меҳнат вазири Крис Маллин ўз хотираларида Чарльз билан мажлисда бирга бўлгани ва унинг қатъият-ла фикрлай олишидан ҳайратга тушгани ҳақида ёзади.
"У яна ўша нуқтага қайтиб келаверади - ёшлар, айниқса, норози, омадсиз ва, ҳатто, ғараз ниятли ёшларнинг дунёқарашини қандай кенгайтириш мумкин. Тан оламан - ҳайратдаман. Бу инсон, агар ўзи танлаганда, ҳаётини бекорчилик ва ўзига маҳлиё бўлишга совуриши мумкин эди".


Сурат манбаси, Chris Jackson / Clarence House

Омма қирол Чарльз бошқарувини қанчалик қўллаб-қувватлайди?
"Одамлар кайфиятини ҳисобга олмас экансиз, монархия яшаб қололмайди. Умуман, агар одамлар истамаса, монархия ҳам бўлмайди", деган эди Чарльз.
2021 йил декабрь ойида ўтказилган тадқиқотга кўра, унинг омма орасидаги машҳурлиги ўсиб бормоқда - одамларнинг учдан икки қисми унга нисбатан ижобий муносабатда.
Бироқ ижтимоий сўровномалар унинг обрўси онаси қиролича Елизавета II ёки ўғли Шаҳзода Уилямдан кўра пастроқ эканини кўрсатган. Шундай экан, ҳали омманинг сезиларли қисми қалбини эгаллашга тўғри келади.
Унинг машҳурлиги, айниқса, ёшлар орасида юқори эмас.
Виктория Мерфи бунинг сабаби 1997 йил август ойида автоҳалокатда вафот этган рафиқаси Диана билан муносабатига доир телекўрсатувлар ва фильмларга боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтади.
Бу шоуларда ҳақиқат ҳам, тўқима ҳикоялар ҳам аралашиб кетган, аммо улар одамлар қарашларига жиддий таъсир ўтказган.
Тахтга чиқиш вақти яқинлашар экан, омма муносабатини бошқа ўзанга буришга уринишлар кўзга ташланди, дейди Лондон университетидан профессор Полин Макларан.
Комик шоулардаги тасвирлар ортидан унинг қиёфаси аста-секин обрўли шахс, атроф-муҳит ҳақида жиддий гапларни айтадиган "донишманд" шаклига ўта бошлади, давом этади профессор Макларан.
Омманинг қизиқишлари эса доим ҳам юксак даражада бўлмаслиги мумкин. Қироллик оиласи бошлиғи ўлароқ у шаҳзода Ҳарри ва Меган ҳамда уларнинг оила билан муносабатига доир гап-сўзларга нисбатан бўлган "халқаро иштаҳа" билан курашишига тўғри келади.


Сурат манбаси, PA Media

Қирол Чарльз, бундан ташқари, жинсий зўравонлик қилганлиги даъво этилган укаси шаҳзода Эндрюнинг тақдирини ҳал этиш каби жиддий оилавий қарорлар олиш муаммоси билан ҳам юзлашади.
Буюк Британия ташқарисида эса Ҳамдўстлик давлатлари билан янада замонавийроқ муносабатлар ўрнатиш масаласи ҳам турибди.
Қирол Чарльз 14 та мамлакат, жумладан, Буюк Британиянинг давлат раҳбарига айланди. Бу мамлакатларнинг айримлари Ҳамдўстлик аъзолигича қолган ҳолда республикага айланиш истагини илгари суриши мумкин.
Қирол Чарльз эса бундай ўзгаришлар юзасидан очиқ мулоқотга тайёр эканини аллақачон билдириб бўлган.
Унинг қироллик йўли осон кечишини таъминлайдиган қарорлар аллақачон олиб бўлинган.
Волидаси Камилла малика эмас, қиролича-консорт унвонидан фойдаланиши лозимлигини тайинлаб кетган.
У кўп инсонлар истеъфога кетадиган бир ёшда дунёдаги энг юқори лавозимлардан бирини ўташга киришар экан, Камилла турмуш ўртоғига муҳим тиргак бўлади.
Бу онлар, ўзининг қўрқинчли маҳобати билан, уни бутун умри давомида кутмоқда эди.
Энди қирол Чарльзнинг даври бошланди.
















