Британия: Бош вазир нима иш қилади ва қанча маош олади? Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Andrew Parsons/No 10 Downing Street
Лиз Трасс Британиянинг учинчи аёл бош вазири бўлди. Вазифасига киришган янги Бош вазир Украина Президенти Володимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди ва Британия Украинани қўллаб қувватлашда давом этишини билдирди. Зеленский Лиз Трассни Украинага таклиф қилган.
Би-би-си Британиянинг Бош вазир лавозимига назар ташлади,. Бош вазир қандай ваколатларга эга ва қанча маош олади?
Бош вазир нима қилади?
Бош вазир ҳукуматни бошқаради ва қиролича томонидан тайинланади. Одатда, у умумий сайловда ғалаба қозонган партиянинг раҳбари ҳам ҳисобланади.
Жаноб Жонсон сайловдан ташқари истеъфога чиққани сабабли, янги Бош вазирни Британия сайловчилари эмас, балки Консерватив партия аъзолари танлади.
Бош вазир ҳукуматнинг барча сиёсати ва қарорлари учун жавобгардир.
Алоқадор мавзулар:
Унинг вазифаларига вазирларни, яъни ҳукумат аъзоларини танлаш ҳам киради.
Энг юқори мартабали шахслар Вазирлар маҳкамаси (кабинет) вазирлари деб аталади ва улар Ғазначилик ва Ички ишлар вазирлиги каби ҳукумат идораларини назорат қилади.
Бош вазир исталган вақтда вазирларни лавозимга тайинлаши ва ундан озод қилиши мумкин. Шунингдек, улар давлат идораларини тугатиши ёки бутунлай янгиларини яратиши мумкин.
Канцлер билан бир қаторда Бош вазир солиқ ва харажатлар сиёсати учун жавобгардир.
Бош вазир ва унинг вазирлари ҳам парламент томонидан қўллаб-қувватланса, янги қонунлар киритишлари мумкин.

Бош вазир яна қандай ваколатларга эга?
Бош вазир давлат хизмати - ҳукумат қарорларини бажарувчи одамлар ва идоралар устидан умумий назоратга эга.
Улар Буюк Британиянинг мудофааси ва хавфсизлиги ҳақида ҳам қарорлар қабул қиладилар.
Масалан, улар Буюк Британия қуролли кучларини жангга юбориш ҳуқуқига эга. Бироқ яқинда имзоланган келишувга кўра, иложи бўлса, парламент ҳам бундай ҳаракатни маъқуллаши керак.
Бош вазир зиммасида ўғирлаб кетилган ёки номаълум самолётни уриб тушириш тўғрисида қарор қабул қилиш каби бир қатор махсус вазифалар ҳам бор.
Шунингдек, улар Буюк Британиянинг ядро қуролидан фойдаланишга рухсат беришлари мумкин.
Рицарлик унвонлари каби унвонлар учун номзодлар Бош вазир томонидан кўрсатилади. Улар, шунингдек, кимдир Лордлар палатасига аъзо бўлганида, пэрларни тавсия қилишлари мумкин.
Бош вазир одатда ҳар ҳафта қиролича билан учрашиб, унга давлат ишлари ҳақида маълумот беради. Бу учрашувлар бутунлай ёпиқ ва айтилган гаплар расман қайд этилмайди.
Бош вазирлар қанча маош олади ва қаерда яшайди?
Бош вазир 164 080 фунт стерлинг маош олиш ҳуқуқига эга: парламент аъзолиги учун 84 144 фунт стерлинг ва Бош вазир бўлгани учун яна 79 936 фунт стерлинг.
Бироқ, жаноб Жонсон Бош вазир маошига қўшимча 75,440 фунт стерлинг олган.
Бош вазир анъанага кўра Даунинг кўчаси 10-уйда яшайди ва ишлайди, у ерда 1735 йилдан бери Бош вазир идораси жойлашган.
Бироқ, сўнгги бош вазирлар, шу жумладан, жаноб Жонсон, яшаш майдони каттароқ бўлгани учун 11-рақамда яшади.
Бундан ташқари, Бош вазир Букингемширда Чекерс номли расмий резиденцияга эга.
Бош вазирлар қандай жавобгарликка тортилади?
Ваколатларига қарамай, Бош вазирлар ўзлари хоҳлаган қарорни қабул қила олмайдилар.
Улар парламентдаги вакилларнинг аксариятини ишонтириши керак. Чунки қонунлар вакилларнинг кўпчилиги овоз берган тақдирдагина қабул қилиниши мумкин.
Агар ҳукумат қайта-қайта овозларни бой берса, депутатлар "ишончсизлик вотуми"ни чақириши мумкин. Агар Бош вазир бундай овоз беришда ютқазса, умумхалқ сайлови ўтказилиши мумкин.
Агар Бош вазирнинг партияси умумий сайловда мағлуб бўлса ва Жамоатлар палатасининг ишончидан ҳам маҳрум бўлса, ғалаба қозонган партия етакчисига ҳокимиятни топшириш учун истеъфога чиқиши керак.
Умумий сайловлар бўладими?
Бош вазир истеъфога чиққач, умумий сайлов автоматик равишда ўтказилмайди.
Мисол учун, Тереза Мэй 2016 йилнинг июлида Дэвид Кемерондан лавозимни олганида, у зудлик билан сайловлар ўтказмасликка қарор қилди. Борис Жонсон 2019 йил июль ойида Бош вазир бўлди, аммо декабргача сайлов ўтказмади.
Агар Трасс хоним муддатидан олдин сайловлар ўтказмасликка қарор қилса, кейинги сайлов 2025 йил январигача ўтказилиши керак.
Лиз Трасс қандай танланди?
Жаноб Жонсон истеъфога чиқишини эълон қилганида, бу партиянинг 357 депутати ўртасида етакчилик учун курашни келтириб чиқарди.
Саккиз нафар консерватив депутат номзоди илгари сурилган. Аммо Консерватив депутатларнинг бир қатор яширин овоз беришлари бу рақамни иккига қисқартирди - Лиз Трасс ва собиқ канцлер Риши Сунак.
Сайлов ҳуқуқига эга 172 437 кишидан иборат аъзолар Трасс хонимни сайладилар. Натижа 6 сентябрь куни эълон қилинди ва Трасс хоним 81 326 та, Сунак эса 60 399 овоз овоз олди.

Сурат манбаси, Getty Images
Британия янги Бош вазири Лиз Трасс: Европанинг ёрқин тарафи ёки Темир флюгер
Лиз Трасс Британиянинг янги бош вазири бўлгани ҳақидаги хабарни Украина қувонч билан қарши олди. Лекин ҳамма ҳам хурсанд эмас.
47 ёшли Трасс хоним бунгача Британия Ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаб келган, Борис Жонсоннинг истеъфога чиқиши аниқ бўлганидан кейин номзодини Консерваторлар раҳбарлигига илгари сураркан, Украинага ёрдамни давом эттиришга ваъда берганди.
Украина Президенти Володимир Зеленский Трасс хоним билан ҳамкорликка умид қилаётганини айтди.
"Биз уни жуда яхши биламиз - у ҳар доим Европа сиёсатининг ёрқин тарафи бўлган. Ва мен халқларимизни ҳимоя қилиш ва Россиянинг бузғунчиликларига мос жавоб беришда биргаликда кўп иш қила олишимизга ишонаман", деди Президент Зеленский.
6 сентябрь куни Қиролича Елизавета II га бош вазирликдан кетгани хабарини берган Борис Жонсон Украинанинг энг кучли қўллаб-қувватловчиси бўлган, шахсан ўзи Украинага бориб, Президент Зеленский билан Киев кўчаларини кезганди.
Дунё лидерлари Лиз Трассни Британия янги бош вазири бўлгани билан табриклар йўлладилар.
Аммо Трасс хонимни хуш қаршиламаган хабарлар ҳам тарқлди.
Гап шундаки, оммавий ахборот воситаларида Лиз Трассни иккинчи "Темир Леди" деб аташ удум бўлган, унинг ўзига ҳам бу ном ёқади.
Қатъий сиёсати учун Маргарет Тетчер бош вазирлигида "Темир Леди" номини олганди.
Францияда Лиз Трассни "Темир Леди" эмас, "Темир флюгер" деб аташипти.

Сурат манбаси, Alex Walker
Бунга сабаб, Трасс хонимнинг Брекзит масаласида эгаллаган мавқеъи бўлган.
У Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқишига бағишланган 2016 йили референдумдан олдин Бош вазир Девид Кэмерон тарафида бўлган, яъни Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқишига қарши эди.
Референдумдан кейин эса Брекзит тарафдорига айланди.
Шу йил июлида бу борада сўралганида Трасс хоним "ҳалокатнинг айрим аломатлари рўй бермади" дея жавоб қайтарди.
Шу боис Францияда чоп этиладиган Les Echos газетаси Лиз Трассни "Темир флюгер" деб атади, сўнг бошқа шарҳловчилар ҳам француз рўзномасига эргашдилар.
Франция Президенти Эммануэл Макрон Лиз Трассга табрик йўллади, "Биз иттифоқчи ва дўстлар сифатида бирга ишлашга тайёрмиз", деб айтган.
Италияда нашр эталидаган Corriere della Sera газетаси Трасс хонимни Маргарет Тетчерга қиёслаган, фақат нутқи табиий эмас, "робот нутқи"га ўхшайди, деб ёзган.
Германия Канцлери Олаф Шольц, "ушбу қийин даврда Лондон ва Берлин шериклар ва дўстлар шаклида ҳамкорликни давом эттиради", деб ёзган Британия янги бош вазирига йўллаган табригида.
Европа Комиссияси Президенти Урсула вон дер Ляйен, Польша Президенти Матеуш Моравецки, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ва бошқа сиёсатчилар Лиз Трассни Британия Бош вазири лавозимини эгаллагани билан табрикладилар.
Кутилганидек, Россиянинг ушбу янгиликка муносабати салбий бўлди.
Давлат назоратидаги "Газпром" компанияси қўлидаги НТВ канали Лиз Трасс сайланишини Буюк Британия учун "фалокат" деб таърифлади.
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров собиқ ташқи ишлар вазири Лиз Трассни "муросани хоҳламайдиган" деб таърифлаган, унинг бу ёндашуви халқаро миқёсда Британияга ёрдам бермайди, деган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













