“Ал-Қоида”нинг Заваҳирийдан кейинги раҳбари Сайф ал-Адл ким? Аl-Qaeda Dunyo Yangiliklar

АҚШ Федерал Қидирув Бюроси 2001 йили қидирувга берган Сайфул-Адл фотосурати

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ Федерал Қидирув Бюроси 2001 йили қидирувга берган Сайфул-Адл фотосурати
    • Author, BBC Monitoring
    • Role, Таҳлилий гуруҳи

"Ал-Қоида" етакчиси Айман аз-Заваҳирийнинг Афғонистон пойтахти Кобулда АҚШ дрон ҳужуми оқибатида ҳалок бўлиши, табиийки, ҳозирда тақиқланган террорчилик ташкилоти раҳбари ким бўлиши мумкин, деган саволни пайдо қилди.

Асли мисрлик Сайф ул-Адл етакчи бўлиши эҳтимоли катта номзоддек кўринмоқда. У бир вақтлар Заваҳирийнинг ўринбосарлари этиб тайинланган беш нафар ал-Қоида фахрийлари орасида омон қолган ягона одам бўлиб, ҳозирда у Заваҳирийнинг ўрнини эгаллаши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Аммо муаммо бўлиши мумкин.

Сайф ул-Адл ҳозирда "Ал-Қоида" ашаддий душман деб биладиган Эронда чекловлар остида яшайди, деган фикр кенг тарқалган.

Жиҳод фахрийси

"Ал-Қоида" асосчиси ва Усома бин Лоденнинг ишончли одами ал-Адл сирли шахс ва ушбу ҳаракатнинг эътиборли фахрийсидир.

У, албатта, АҚШ расмийларини қизиқтиради: у ФҚБнинг энг кўп қидирилаётган террорчилар рўйхатида ва унинг қаерда эканлиги ҳақидаги маълумот учун 10 миллион доллар мукофот эълон қилинган.

У 1998 йил августида 220 дан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлган Танзания ва Кениядаги Америка элчихоналарида бир вақтнинг ўзида содир этилган портлашларда иштирок этганликда айбланмоқда.

Аммо у Нью-Йорк ва Вашингтондаги 11 сентябрь хуружларига ҳам қарши чиққани айтилади.

2021 йил февраль ойидаги мақолада, Вест Пойнт номи билан танилган АҚШ Ҳарбий академияси тадқиқотчилари ал-Адл ва "Ал-Қоида"нинг бошқа юқори мартабали шахслари Америка тупроғига кенг кўламли ҳужум уюштириш АҚШнинг кучли жавоб зарбасига сабаб бўлишидан қўрқишганини айтишди. Бунга АҚШнинг ўша пайтда "Ал-Қоида" жангчилари учун хавфсиз бошпана бўлган Афғонистонга бостириб кириш ҳам киради.

"Ал-Қоида" асосчиси Усома бин Лодин ва унинг ўринбосари Заваҳирийнинг 2001 йили олинган фотосурати

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сайфул-Адл "Ал-Қоида" асосчиси Усома бин Лодин ва унинг ўринбосари Заваҳирийга энг яқин одамлардан бўлган

Ал-Адл ўтмишда "хавфсизлик ва разведка", урушлар ва инқилоблар каби турли мавзуларда кўп ёзган.

Дастлабки йиллар

Потенциал етакчининг "Ал-Қоида"дан аввалги ҳаёти ҳақида маълумотлар анча кам. ФҚБ маълумотларига кўра, ал-Адл 1963 йил 11 апрелда ёки ундан уч йил олдин туғилган.

"Ал-Қоида"даги мавқеига қарамай, у асосан ўзини паст тутган ва гуруҳ ташвиқотига деярли аралашмаган.

Унинг ҳақиқий шахсига шубҳалар ҳам бор; унинг исми Сайф ал-Адл (арабчада адолат қиличи) аслида тахаллус бўлса керак.

Вест Пойнт тадқиқотчиларининг айтишича, ал-Адлни кўпинча Миср махсус кучларининг собиқ полковниги Муҳаммад Иброҳим Маккавий билан бир одам деб нотўғри ўйлашади.

У 1980 йилларда "Ал-Қоида" тузилаётган даврда бин Лодин билан бирга Афғонистонда Совет Иттифоқига қарши урушгани маълум.

Кейинчалик Ал-Адл Сомалига кўчиб ўтди ва у ерда АҚШнинг Сомалидаги фуқаролар урушига аралашувига қарши курашаётган жангариларни тайёрлашга ёрдам берди. Ушбу кампания Американинг иккита MH-60 Black Hawk вертолёти Могадишода ракета билан уриб туширилгани билан машҳур бўлди, кейинчалик бу 2001 йилда Голливуд блокбастери Black Hawk Down фильми сюжетига айланди.

Тахминларга кўра, ракеталардан бирини ал-Адл отрядидан бўлган тунислик отган.

Ал-Адл Афғонистонга 1990 йиллар ўрталарида толиблар мамлакатда ўз назоратини мустаҳкамлаётган бир пайтда қайтди. У 2001 йилда АҚШ босқинидан кўп ўтмай мамлакатни яна тарк этди ва хавфсиз уйлар тармоғи орқали "Ал-Қоида" ходимлари гуруҳини Эронга олиб келди. У Эрон ҳукумати томонидан 2003 йилда ҳибсга олингани ва 12 йилдан сўнг бир неча бошқа "Ал-Қоида" аъзолари билан бирга маҳбуслар алмашинуви орқали озод этилгани айтилади.

Ал-Адл узоқ муддат қамоқда ўтирганига қарамай, "Ал-Қоида"нинг қудратли шахси бўлиб қолди ва 2011 йилда Бин Лодин Покистонда АҚШ махсус кучлари томонидан ўлдирилганидан кейин Заваҳирийнинг етакчилик мавқеини мустаҳкамлашга ёрдам берди.

Бироқ, унинг ўзининг "тож кийиши" янада мураккаб бўлиши мумкин: терроризм бўйича америкалик эксперт Колин П. Кларкнинг таъкидлашича, ал-Адл ҳамон Эронда ва "ярим уй қамоғида" яшамоқда.

Бу унинг кўтарилишига хавф солиши мумкин.

Унинг шиа давлатида чекловлар остида яшаб туриб, глобал жиҳодчи гуруҳга самарали раҳбарлик қилишини нафақат деярли тасаввур қилиб бўлмайди, балки хавфсизлик масаласи ҳам бор.

"Ал-Қоида"нинг яна бир юқори мартабали аъзоси Абу Муҳаммад ал-Масрий 2020 йилда Теҳронда Исроилнинг яширин операцияси натижасида ўлдирилган.

Агар ал-Адл бўлмаса, ким?

"Ал-Қоида"нинг кўплаб юқори мартабали арбоблари ўтган йиллар давомида Заваҳирий каби тақдирга дучор бўлганини ҳисобга олсак, бошқа номзодлар рўйхати қисқа.

Эҳтимол, "Ал-Қоида" назоратни ўз қўлига олиш учун ўзининг Сомалидаги (Аш-Шабоб), Ямандаги (АҚАП) ёки Малидаги (ЖНИМ) минтақавий бўлинмалари раҳбарларидан бирига мурожаат қилиши мумкин.

Гарчи бу мисли кўрилмаган бўлса-да, Заваҳирий бошқаруви остидаги бемарказлашган ташкилот учун бу унчалик кутилмаган ҳол эмас.

2013 йилда АҚИМ раҳбари Носир ал-Вуҳайший Заваҳирийнинг ўринбосари этиб тайинлангани хабари кенг тарқалган эди. Бу минтақа етакчилари марказий етакчи роли учун курашаётганини англатиши мумкин, аммо ал-Вуҳайшийнинг ўзи эмас, чунки у 2015 йилда АҚШ дрон ҳужумида ҳалок бўлган эди.

Заваҳирийнинг ўрнига ким сайланса, АҚШ нишонига тушишидан қўрқиб, ўзини пастроқ тутиш каби қийинчиликларга дуч келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek