АҚШ ўлдирган Айман аз-Заваҳирий ким эди? Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Мисрлик, Ал-Азҳар бош имомининг набираси, профессорнинг ўғли, кўз жарроҳи, "Ислом жиҳоди" асосчиларидан бири, Усама бин Лодиннинг ўнг қўли... "Ал-Қоида"нинг олий раҳбари ким эди?
Алоқадор мавзулар:
Афғонистонда АҚШ дрони ҳужуми натижасида ҳалок бўлган Айман ал-Заваҳирий кўпинча "aл-Қоида"нинг асосий мафкурачиси сифатида кўрилади.
Мисрдаги "Ислом жиҳоди" ҳарбийлашган гуруҳини ташкил этишда ёрдам берган ва асли касби кўз жарроҳи бўлган Завaҳирий 2011 йил май ойида Усама бин Лодиннинг АҚШ кучлари томонидан ўлдирилиши ортидан "Ал-Қоида"га олий раҳбар бўлган эди.
Бунгача Заваҳирий бин Лодиннинг ўнг қўли ҳисобланган ва, баъзи экспертларга кўра, 2001 йил 11 сентябрда АҚШда содир этилган ҳужумларнинг "оператив мияси" бўлган.
Завfҳирий 2001 йилда АҚШ ҳукуматининг 22 та "Қаттиқ қидирилаётган террорчилар" рўйхатида Бин Лодиндан кейин иккинчи бўлиб, унинг бошига 25 миллион доллар мукофот қўйилган эди.
Ҳужумлардан бир неча йил ўтиб, бу гуруҳ бутун дунё бўйлаб мусулмонларни радикаллаштириш ва ёллашга уринганаётган бир вақтда Завaҳирий "aл-Қоида"нинг энг кўзга кўринган шахсига айланди, у 2007 йилда 16 та видео ва аудиоёзувда кўриниш берган, бу бин Лодин чиқишларидан тўрт марта кўп.
Унинг ўтган ҳафта охиридаги ҳужумда Кобулда ўлдирилиши АҚШнинг Завaҳирийни биринчи марта нишонга олиши эмасди.

Сурат манбаси, Reuters
2006 йилнинг январида у Покистоннинг Афғонистон билан чегараси яқинида АҚШ ракета зарбаси нишони бўлган.
Ҳужум "aл-Қоида"нинг тўрт нафар аъзосини ўлдирган, бироқ Завaҳирий омон қолган ва икки ҳафта ўтиб видеода пайдо бўлган ва АҚШ президенти Жорж Бушни огоҳлантириб, у ҳам, "дунёдаги бутун бошқа кучлар ҳам" уни ўлимга "бир сония ҳам яқинлаштира олмаслиги"ни айтган эди.
Ҳурматли оила
Завaҳирий 1951 йилнинг 19 июнида Мисрнинг Қоҳира шаҳрида ўрта синф табиб ва олимларнинг обрўли оиласида туғилган.
Унинг бобоси Робия аз-Завaҳирий Яқин Шарқдаги сунний исломий илм маркази ҳисобланган Ал-Азҳарнинг бош имоми, амакиларидан бири Араб Лигасининг биринчи бош котиби бўлган.
Завоҳирий мактабда сиёсий исломга аралашиб қолган ва 15 ёшида Мисрдаги энг қадимги ва энг йирик исломий ташкилот бўлган, тақиқланган "Мусулмон биродарлаир"га аъзоликда айбланиб ҳибсга олинган.
Бироқ, унинг сиёсий фаолияти унга Қоҳира университети тиббиёт мактабини 1974 йилда тамомлашига тўсқинлик қилмади ва тўрт йилдан сўнг жарроҳлик магистри даражасини олди.
1995 йилда вафот этган отаси Муҳаммад шу мактабда фармакология профессори эди.
Радикал ёшлар
Аввалига Завaҳирий Қоҳира чеккасида тиббий клиника қуриб, оилавий анъанани давом эттирди, бироқ тез орада Миср ҳукуматини ағдариб ташлашга чақирувчи радикал исломий гуруҳларга қўшилиб кетди.

Сурат манбаси, Reuters
1973 йилда Миср Исломий Жиҳоди ташкил этилганида, унга қўшилди.
1981 йилда Қоҳирада ҳарбий парад пайтида президент Анвар Садат ўлдирилганидан сўнг у гуруҳнинг юзлаб гумонланувчилари билан бирга ҳибсга олинган.
Садат Исроил билан тинчлик битимини имзолаши ва ўзининг юзлаб танқидчиларини ҳибсга олиши билан исломий фаолларни ғазаблантирди.
Оммавий суд жараёнида Завaҳирий судланувчиларнинг етакчиси сифатида майдонга чиқди ва судда "Биз динимизни қаттиқ тутган мусулмонмиз. Биз исломий давлат ва исломий жамият яратишга ҳаракат қилмоқдамиз".
У Садатнинг қотиллигида айбловдан оқланган бўлса-да, Завaҳирий ноқонуний қурол сақлашда айбдор деб топилиб, уч йиллик қамоқ жазосини ўтаган.
Бошқа исломчи маҳбусларга кўра, Завaҳирий Миср қамоқхонасида бўлганида расмийлар томонидан мунтазам равишда қийноққа солинган ва калтакланган, бу эса уни янада мутаассиб ва зўравон экстремистга айлантиргани айтилади.
1985 йилда озодликка чиққач, Завaҳирий Саудия Арабистонига жўнаб кетди.
Орадан кўп ўтмай, у Покистоннинг Пешовар шаҳрига, сўнгра қўшни Афғонистонга йўл олди ва у ерда Cовет истилоси даврида мамлакатда шифокор бўлиб ишлаган вақтида "Миср Ислом жиҳоди" гуруҳини тузди.
Завaҳирий 1993 йилда қайта тиклангандан кейин Миср Исломий Жиҳодига раҳбарлик қилган ва гуруҳнинг Миср ҳукумати вазирларига, жумладан, Бош вазир Атиф Сидқийга ҳужумлари ортида турган асосий шахс эди.
Гуруҳнинг 1990-йиллар ўрталарида ҳукуматни ағдариб, мамлакатда исломий давлат барпо этишга қаратилган кампанияси 1200 дан ортиқ мисрликнинг ўлимига сабаб бўлган.
1997 йилда АҚШ Давлат департаменти уни ўша йили Луксорда хорижлик сайёҳлар қирғини ортида турган "Исломий жиҳод" гуруҳи "Фатҳ авангардлари"нинг етакчиси деб эълон қилди.
Икки йил ўтгач, у Миср ҳарбий суди томонидан гуруҳнинг кўплаб ҳужумларида иштирок этгани учун сиртдан ўлимга ҳукм қилинди.
Ғарбдаги нишонлар

Сурат манбаси, AFP
Завaҳирий 1990-йилларда бошпана ва молия манбаларини излаб дунё бўйлаб саёҳат қилгани ишонилади.
Совет қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилганидан кейинги йилларда у Болгария, Дания ва Швейцарияда яшаб, вақти-вақти билан Болқон, Австрия, Яман, Ироқ, Эрон ва Филиппинга сафар қилиш учун қалбаки паспортдан фойдаланган деб ишонилади.
1996 йил декабрь ойида у Чеченистонда амалдаги визасиз қўлга олиниб, олти ойни Россия ҳибсхонасида ўтказган.
Завaҳирий томонидан ёзилган хабарга кўра, Россия расмийлари унинг компьютерида топилган арабча матнларни таржима қила олмаган ва у ўз шахсини сир сақлашга муваффақ бўлган.
Тахминларга кўра, 1997 йилда Завaҳирий Усaма бин Лодин яшаётган Афғонистоннинг Жалолобод шаҳрига кўчиб ўтган.
Бир йил ўтиб, Миср Исломий Жиҳоди яҳудийлар ва салибчиларга қарши Бутунжаҳон Исломий Жиҳод Жабҳасини тузиш учун яна беш радикал исломий ярим ҳарбийлашган гуруҳларга, жумладан бин Лодиннинг "ал-Қоида"сига қўшилди.
Жабҳанинг биринчи декларациясида АҚШ тинч фуқароларини ўлдиришга рухсат берувчи фатво битилган. Олти ой ўтгач, бир вақтнинг ўзида иккита ҳужум АҚШнинг Кения ва Танзаниядаги элчихоналарини вайрон қилди, 223 киши ҳалок бўлди.
Завaҳирийнинг сунъий йўлдош телефон суҳбатлари фитна ортида бин Лодин ва "ал-Қоида" турганига далил бўлганди.
Ҳужумлардан икки ҳафта ўтгач, АҚШ Афғонистондаги гуруҳнинг ўқув лагерларини бомбардимон қилди.
Эртаси куни Завaҳирий покистонлик журналистга қўнғироқ қилиб, шундай деди: "Америкага айтингки, унинг портлашлари, таҳдидлари ва босқинчилик ҳаракатлари бизни қўрқитмайди. Уруш энди бошланди".
Бин Лодин ўлимидан кейинги йилларда АҚШ ҳаво ҳужумлари Завaҳирийнинг бир қанча ўринбосарларини ўлдириб, унинг глобал миқёсда мувофиқлаштириш қобилиятини заифлаштирди.
Сўнгги йилларда эса, Завaҳирий олис ва маргинал шахсга айланди, фақат вақти-вақти билан хабарлар тарқатарди.
Қўшма Штатлар унинг ўлимини ғалаба деб эълон қилди, айниқса, ўтган йили Афғонистондан тартибсиз равишда олиб чиқиб кетилганидан кейин, бироқ Завaҳирийнинг таъсири "Исломий давлат" каби янги гуруҳлар ва ҳаракатлар кучайгандан кейин камайди.
"Ал-Қоида"нинг янги етакчиси пайдо бўлиши шубҳасиз, лекин унинг таъсири аввалги раҳбардан камроқ бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















