Куннинг саволи: Россия нефти ва газисиз дунё қандай яшайди? Rossiya Ukraina Dunyo Yangiliklar

Газ ва нефть қувурлари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Президент Путиннинг "уруш машинаси"га қарши янги санкциялар Россиядан нефть сотиб олишни 90 фоизга қисқартириши мумкин
    • Author, Жейк Ҳортон, Даниэле Палумбо ва Тим Боулер
    • Role, BBC Reality Check

Европа Иттифоқи Россия нефтининг денгиз орқали барча импортини тақиқлашга келишди. Алал-оқибат бир қарорга келди. Европа Иттифоқи буни "Путиннинг ҳарбий машинасини ўчиришга қаратилган муҳим қарор", деб атади. Аммо буёғи нима бўлади? Россия нефти ва газисиз дунё қандай яшайди?

Таҳлил:

Алоқадор мавзулар:

Президент Путиннинг "уруш машинаси"га қарши янги санкциялар Россиядан нефть сотиб олишни 90 фоизга қисқартириши мумкин.

АҚШ ва Буюк Британия ҳам Россиядан қазиб олинадиган ёқилғиларни тақиқлашини эълон қилди.

Европа Иттифоқи санкциялари қанчалик жиддий?

Gas metering station at Berehove in Ukraine

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Россия гази Шарқий ва Марказий Европа бўйлаб қувурлар орқали ўтади

Россия Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан импорт қилинадиган нефтнинг тўртдан бир қисмини таъминлайди.

Бу кунига тахминан 2,2 миллион баррель хом нефть ва 1,2 миллион баррель нефть маҳсулотларидир.

АҚШнинг Карнеги жамғармаси таҳлил марказига кўра, бу Россияга кунига 1 миллиард доллардан (800 миллион фунт стерлинг) кўпроқ даромад келтиради.

Европа Иттифоқи жорий йил охиригача Россия нефтини денгиз орқали олиб киришни тақиқлашни режалаштирмоқда.

Бу Европа Иттифоқининг Россиядан нефть импортини учдан иккига қисқартиради.

Европа Иттифоқи "вақтинчалик чора" сифатида қувур орқали кунига 800 000 барел нефть импортига рухсат беришда давом этади.

Бунинг сабаби, Венгрия ва Словакия каби давлатлар шунга боғлиқлигидир.

Бироқ Россия нефтини қувур орқали ҳам импорт қилувчи Германия ва Польша бу йил охиригача буни тўхтатишини айтмоқда.

Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйеннинг айтишича, бундан кейин Россия Европа Иттифоқи мамлакатларига илгари сотган нефтнинг фақат "10 ёки 11 фоизини" экспорт қилади.

Европа Иттифоқи чора-тадбирларига қўшимча равишда, АҚШ Россиядан нефть, газ ва кўмир импортини бутунлай тақиқлашини эълон қилди. Британия йил охиригача Россия нефтини импорт қилишни тўхтатиши керак.

Нефть санкциялари Россияга қандай таъсир қилиши мумкин?

Қурувчилар

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, "Шимолий оқим-2" энди тўхтатилди - бу Германияга газ экспортини икки баравар оширган бўларди

Европа Иттифоқи ўз санкцияларини "Путиннинг ҳарбий машинасини ўчиришга қаратилган муҳим қарор", деб атади.

Энергия нархининг кескин кўтарилиши туфайли Россия ўтган йил давомида Европага нефть ва газ экспортидан 400 миллиард евро (430 миллиард доллар, 341 миллиард фунт стерлинг) олди.

Европа Иттифоқи Россия бу даромадларнинг катта қисмини йўқотишига умид қилмоқда.

Бироқ санкцияларнинг тўлиқ кучга кириши учун бир неча ой керак бўлади, шунда ҳам Россия ўз нефтини дунёнинг бошқа давлатларига сотиши мумкин бўлади.

Аргус Медиа энергия маълумотлари фирмаси бош иқтисодчиси Дэвид Файф айтишича, "Осиё давлатлари Россиядан кунига бир миллион баррель кўпроқ хом нефть сотиб олишлари мумкин".

"Ҳозиргача эълон қилинган барча санкциялар натижасида Россия нефть даромадларининг учдан бирдан кўпроғини йўқотиши мумкин, аммо ҳаммаси эмас".

Европа нефтсиз қоладими?

Man filling a car with petrol at UK station, February 2022

Сурат манбаси, Getty Images

Кўпгина Европа давлатлари Россиядан импортга тақиқ қўйилгани сабабли нефть захиралари қисқаришига дуч келиши мумкин.

Литва ва Финляндия ўтган йилнинг ноябрь ойида нефтнинг 80 фоизини Россиядан олган.

Бироқ Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳар доим бошқа ишлаб чиқарувчилардан нефть сотиб олиши мумкин.

Устига-устак, жаҳон бозорларига кўпроқ нефть чиқмоқда.

Нефть импорт қилувчи мамлакатлар клуби бўлмиш Халқаро Энергия агентлиги ўз заҳираларидан 120 миллион баррель нефть чиқарди. АҚШ президенти Жо Байден Америка заҳираларидан нефтни кенг миқёсда чиқаришни буюрди.

"Саудия Арабистони каби давлатлар йил охирида жаҳон бозорига кўпроқ нефть етказиб беришни бошлаши мумкин ва АҚШдан етказиб бериш ҳажми ҳам ошиши мумкин", дейди Вашингтондаги Форс кўрфази араб институти ходими Кейт Дориан.

Европа Россия газига қанчалик қарам?

Россия Европа Иттифоқига импорт қилинадиган табиий газнинг 40 фоизини етказиб беради.

Россия ҳукумати газ берадиган кучдан Европа давлатларига таъсир ўтказиш учун фойдаланиб келади.

Президент Путин валюта курсини қўллаб-қувватлаш учун Европадаги "нодўст" давлатлардан газ учун рублда тўлашни талаб қилди.

Польша, Болгария ва Финландия буни қилишдан бош тортди, Россия эса газни етказиб беришни тўхтатди.

Европа Иттифоқи Россиянинг ҳаракатларини шантаж шакли деб билишини айтди.

Европа Иттифоқи Россия газини санкция қиладими?

Март ойида Европа Иттифоқи бир йил ичида Россиядан газ импортини учдан иккига қисқартиришга ваъда берган эди.

Бироқ импортни тўлиқ тақиқлаш каби бошқа чора-тадбирлар тўғрисида келишиб олиш қийин эди.

Европанинг энг йирик иқтисодиёти Германия газининг деярли ярмини Россиядан олади.

Европа Иттифоқи мамлакатлари Россиядан сотиб олиш ташқари бошқа газ манбаларини ҳам топа оладими, деган шубҳалар бор.

"Биз суюлтирилган газни танкерлар орқали жўнатадиган АҚШ ва Қатар каби етказиб берувчиларга мурожаат қилишимиз керак", дейди Кейт Дориан.

"Аммо Европада суюлтирилган газ терминаллари етарли эмас. Бу, айниқса, Германия учун муаммо бўлади. Уни тушириш учун қурилмалари йўқ".

Иссиқлик ва ёқилғи учун тўловларга нима бўлади?

Шамол турбиналари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Европа Иттифоқи қайта тикланадиган энергия, жумладан, шамол энергиясидан фойдаланишни сезиларли даражада оширишга умид қилмоқда

Россия энергетикасига қарши санкциялар кучга кириши билан истеъмолчилар электр энергияси ва ёқилғи учун тўловлар ошишига дуч келмоқда.

Россия газининг Европага экспорти чекланса, шундоғам юқори бўлган иситиш нархлари янада ошиши мумкин.

Буюк Британияда маиший электр энергияси учун тўловлар миқдори энергия нархларини чеклаш орқали назорат қилинади.

Бироқ чеклов миқдори оширилган апрель ойида тўловлар 700 фунт стерлингга ошиб, 2000 фунт стерлингга етди.

Бу кузда лимит яна оширилса, улар тахминан 3000 фунт стерлингга етиши кутилмоқда.

Буюк Британияда ҳам бензин ва дизель нархлари кўтарилди, ҳукумат автомобилчилар рекорд нархлар билан курашаётгани сабабли ёқилғи божини камайтиришини эълон қилди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek