Сохта Путин ва ҳақиқий Путиннинг мухлислари Rossiya Putin Ukraina

Putin playing with two dogs in the snow

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Путинни қўллаб-қувватловчилар унинг итлар билан қорда ўйнаётгани суратини бўлашишни ёқтирадилар
    • Author, Жек Гудмэн ва Ольга Робинсон
    • Role, BBC News

Россиянинг Украинага бостириб кириши дунёнинг кўплаб мамлакатларида кескин қораланди ва қораланмоқда, бироқ "Facebook"даги нияти тушунарсиз одамларнинг гуруҳлари Путиннинг имиджини яхшиламоқчилар.

Миллионлаб одамлар президент Владимир Путинни табассумли, меҳрибон ва тинчликсевар сифатида тасвирловчи постларни кўрди.

Уларни тарқатганлар Путиннинг супер мухлислари бўлиб, биз уларнинг нима қилаётгани ва қаердан келганини кузатяпмиз.

Three screenshots from pro-Putin groups. One shows him feeding a baby deer, one surrounded by young girls in traditional costume and a third in military uniform.

Сурат манбаси, Facebook

Сурат тагсўзи, Россия раҳбари мақталган минглаб постлар Фейсбукдаги путинпарастларнинг гуруҳларида пайдо бўлди

Катта рақамлар

Би-би-си ушбу йирик путинпараст гуруҳларни Стратегик мулоқот институти (СМИ) тадқиқотчилари ёрдамида текширди.

СМИ экспертлари "Владимир Путин - Эркин дунё етакчиси" қабилидаги номлар қўйилган 10 та путинпараст гуруҳни аниқлади. Гуруҳларнинг 650 000 дан ортиқ аъзолари бор. Контентда бир нечта тилларда, жумладан, инглиз, рус, форс, араб ва кхмер тилларида ёзилган, Россия раҳбарини кўкка кўтарувчи фотосуратлар ва хабарлар мавжуд.

Улар нафақат кенг тарқалган, балки жуда фаол ҳам. Ўтган ой давомида тадқиқотчилар 3,6 миллиондан ортиқ реакция билдирилган 16 500 та постни ҳисобладилар.

Бу гуруҳларнинг умумий мақсади Путинни халқаро қўллаб-қувватланган ва Ғарбга қарши қаҳрамон сифатида тарғиб қилишга ўхшайди.

Тасвирларда кўпинча Россия етакчисининг "ишонч билан юргани, камерага тикилиб қараб кучукчаларини ушлаб тургани, қўшинларга салом бергани ва турли ёввойи ҳайвонлар, жумладан, айиқ ва шерларни миниб кетаётгани" акс этган.

24 февралдаги босқин бошланганидан бери бу гуруҳларга 100 000 дан ортиқ янги аъзолар қўшилган.

12 screenshots of the same photograph of Putin that were posted by the same user

Сурат манбаси, Facebook

Сурат тагсўзи, Постларнинг кўпчилиги "супермухлис" администраторлар томонидан қайта-қайта бир неча гуруҳларда тарқатилди

Контентнинг аксарият қисмини таъминлайдиган одамларнинг тафсилотларини ўрганиб чиқсак, гуруҳ администраторлари сифатида кўрсатилган кўплаб мухлислар бир хил ном остида ўхшаш аккаунтларга эга эканлиги маълум бўлади. Тадқиқотчилар интернетда камида 100 та шундай аккаунтни топдилар.

Ушбу аккаунтлар одатда бир-бирига эргашади ва баъзида бир-бирларига юракча босади. Ва улар ўзларини Россия Федерацияси ёки Россия разведка агентликлари деб кўрсатган бошқа путинпарастлар билан биргаликда бу гуруҳларни бошқаради.

СМИ маълумотларига кўра, дубликат аккаунтларни яратиш Facebook қоидаларини бузиш бўлиши мумкин.

Етакчи тадқиқотчи Мустафо Аяд бу ишни «астротурфинг» деб атайди, бу кўп аккаунтли онлайн операция бўлиб, четдан кузатган одамга бирор ким ёки нимадир кенгроқ оммавий қўллаб-қувватловга эгадек кўринади.

СМИ ҳисоботига кўра, ушбу амалиёт "босқин даврида Путин ва Кремль кенг қўллаб-қувватланаётгандек таассурот беради ва ўз мақсадига эришиш учун... сохта аккаунтларга таянади".

Фаол фойдаланувчилар

Гуруҳнинг баъзи админларини синчиклаб кузатсангиз ғалати нарсалар чиқади. Сурияда эканини айтган Марин исмли киши президентни қўллаб-қувватлаш учун уч хил аккаунтдан фойдаланади. Унинг араб тилидаги учта аккаунти ҳар куни бир вақтда пост қўяди.

Бошқа модератор, камбоджалик Виктория кхмер тилида сўзлашувчи гуруҳда контентни тарғиб қилади. 4 февралдан бери унинг постларига 34 000 дан ортиқ реакция бўлган ва 4 000 дан ортиқ марта улашилган.

Марин ва Виктория баъзи аккаунтлар ўртасида каттароқ мувофиқлаштириш схемасининг бир қисми сифатида кхмер тилидаги Facebook саҳифасини бошқаради.

Постлар турли гуруҳларда улашилади. Мисол учун, Болгарияда жойлашгани кўрсатилган бошқа аккаунт Путиннинг худди шу суратини бир неча дақиқа оралатиб 12 марта жойлаштирди.

Vladimir Putin feeding a baby moose

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Владимир Путиннинг жониворларга ғамхўрлиги акс этган фото суратларни мухлислари тез-тез бўлашиб турадилар

Фикр билдириш учун ушбу аккаунтларнинг барчаси ортидаги одамлар билан боғланишга ҳаракат қилдик, аммо натижа бўлмади.

Аммо ушбу гуруҳларнинг бир нечтасида бўлган, Facebook'даги исми охирида «Путин» сўзи бор Кениядаги Раж исмли бир киши қўнғироғимизга жавоб берди. Қисқа суҳбатда у президентни "буюк раҳбар" деб атади, бироқ урушни муҳокама қилишни истамаслигини айтди. Биз унга Россияга қизиқиши ҳақида қўшимча саволларни электрон почта орқали юбордик, лекин у жавоб бермади.

Арманистонлик Хасмикнинг айтишича, у журналист ва ҳозирда олтита путинпараст гуруҳни бошқаришда ёрдам беради. Биз уни бу ерга ким таклиф қилганини сўрадик. У бизга бу аллақачон гуруҳларни бошқарган одамлар эканлигини айтди ва бу иши учун пул олмаслигини ҳам қўшимча қилди.

Россияга алоқаси борми?

Аккаунтлар ортида турган одамларнинг мотивларини тушуниш қийин. Россия ҳукумати билан алоқаси ошкора кўринмайди ва бошқа таниқли рус дезинформацион кампанияларидан фарқли ўлароқ, бу тармоқдагилар ниятларини яширмайдилар.

Аммо биз тармоқнинг Россия расмийлари ёки Россия ичидаги путинпараст унсурлар билан қандайдир алоқаси борлигини инкор эта олмаймиз.

Бутун дунё бўйлаб кўп одамлар Путин ва унинг Ғарбга қарши қарашларига маҳлиё бўлган.

Биз Facebook билан боғландик, улар сохта аккаунт сиёсати борлигини ва ҳисоботдаги маълумотлар ва ўзларининг текширувлари асосида бир қатор аккаунтларни тўхтатиб қўйганини айтишди.

"Биз Украинадаги инқироз ҳақида дезинформация тарқалиши олдини олиш учун қатъий чоралар кўришда давом этмоқдамиз", деди Meta компанияси вакили.

Сохта Путинлар

Тадқиқотларимиз давомида биз яна бир қизиқ ҳодисага дуч келдик - Владимир Путиннинг номидаги аккаунтлар.

Screenshot of Putin impersonation Facebook page

Сурат манбаси, Facebook

Сурат тагсўзи, Путин номидаги Фейсбукдаги бир неча саҳифалардан биттасининг муштарийлари роса кўп эди. Мета бу саҳифани ёпди.

Путин ижтимоий тармоқлардан фойдаланмайдиган кам сонли дунё етакчиларидан бири ва унинг номи билан Facebook'да расмий аккаунт йўқ. Унинг ҳатто смартфони ҳам йўқлиги машҳур.

Унинг вакилининг сўзларига кўра, Путинга ижтимоий тармоқлар шунчаки "керак эмас", чунки улар "унга бирор янги нарса бермайди".

Аммо баъзилар унинг интернетда йўқлиги туфайли қолган бўшлиқни тўлдиради. Юқорида кўрсатилган Facebook саҳифаси февраль ойи охирида босқиндан кўп ўтмай, сохта бўлгани учун ўчирилгунга қадар уч миллиондан ортиқ обуначига эга эди.

Унинг обуначиларининг катта қисми - 700 000 дан ортиқ - саҳифада Россияда ишлаб чиқарилган Ковид вакциналари ҳақида постлар қўйилганда қўшилди.

Яқинда саҳифада Кремлнинг уруш ҳақидаги нуқтаи назарини кенгайтирувчи постлар пайдо бўлди ва кўплаб фойдаланувчилар уларда Россия президентининг ҳақиқий сўзлари ёзилганига ишонган.

Босқиндан кўп ўтмай, саҳифадаги хабарда «операция»нинг мақсади "тинчликни сақлаш ... фақат қўшни давлатни қуролсизлантиришга қаратилган"лиги айтилган. Ушбу пост 200 000 дан ортиқ марта баҳам кўрилган ва лайк босилган.

Бундан ташқари, саҳифадаги Путин ҳақида қўйилган постларда тэг қилинганлар орасида дубликат аккаунтлар ҳам бўлганини тадқиқотчилар аниқлаган. Бошқача айтганда, у Путиннинг супер мухлислари билан алоқада бўлган.

Бу аккаунт ортида ким турганини билмаймиз. Саҳифанинг шаффофлик бўлимига кўра, уни бошқарадиган одамлар Россия ва Латвияда жойлашган.

Мухлис саҳифалар Кремлни халқаро миқёсда қўллаб-қувватлаш учун қулай замин, дейди Атлантика Кенгаши таҳлил марказининг бир қисми бўлган «Digital Forensic Research Lab» (DFRLab) тадқиқотчиси Ника Алексеева.

"Улар хорижий мамлакатларда "Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиёти" деб аталмиш амалиётни ижтимоий қўллаб-қувватлашга ёрдам бериши мумкин, агар уларни йирик ижтимоий медиа платформалари ўчириб қўймаса", дейди у.

DFRLab ўзини Путин сифатида кўрсатувчи аккаунт бир қанча мамлакатлар, жумладан Жазоир, Ливия, Миср, Яман, Марокаш, Ливан ва Тунисдаги фойдаланувчиларга мўлжалланган рекламалар учун пул тўлаганини аниқлади. Саҳифанинг миллиондан ортиқ обуначиси бор эди, аммо у ўшандан кейин ўчирилган.

Путиннинг араб тилида чоп этилган яна бир машҳур саҳифасини Сурия етакчиси Башар ал-Ассаднинг ашаддий мухлиси бўлган шахс бошқарар эди. Яқинда ғойиб бўлгунга қадар у деярли бир миллион издошни тўплади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek