Жонсиз манекен юзи ҳам авратми? Толибон энди манекен "аёллар" бошини олдирмоқда - Афғонистон ва дунё. Видео Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Ҳиротдаги манекенлар

Сурат манбаси, Screenshot

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Толибон Ҳиротдаги дўконларда манекен "аёлларнинг" бош ва юзлари билан қизиқмоқда. Дўкондорларга манекенларнинг бошларини олиб ташлашни буюрмоқда. Айримлар эса, Афғонистонда миллионлаб одамлар очликка юз тутаётган пайтда Толибоннинг жонсиз манекенлар билан ўралашиб қолаётганидан норози.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Қизиқ:

Алоқадор мавзулар:

Қадим Ҳиротда бугун нималар бўлмоқда?

Яқинда дўконлардаги манекенларнинг бошлари олинаётгани ва ёпиб қўйилаётгани туширилган тасвирлар ижтимоиий тармоқларда тарқалди ва кенг баҳсларни келтириб чиқарди.

Толибон ҳукумати томонидан бу борада расмий буйруқ чиқарилганми ёки йўқлиги ҳозирча тасдиқланмаган.

Аммо Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларни йўқотиш вазирлигининг ғарбий Ҳирот вилоятидаги идораси раҳбари Азиз Раҳмон бундай кўрсатма чиқарилганлигини тасдиқлади.

Унинг айтишича, дўкондорларга дўконлари ичида бўлган манекенларнинг бошларини олиб ташлашлари лозимлиги айтилган.

Ҳиротдаги манекенлар

Сурат манбаси, Screenshot

Толибон вакили манекенлар таналарининг бошқа қисмлари билан ишлари йўқлигини таъкидлаган.

Аммо уларнинг яна ҳайкал шаклида ва кийимсиз бўлмаслиги шартлигини ҳам урғулаган.

Унинг айтишича, "бу амал мункарнинг олдини олади ва улар учун ҳам, миллат учун ҳам ва ўзлари учун ҳам хайрли иш"дир.

Айни вақтда бу кўрсатма бутун Афғонистон бўйлаб берилганми ёки биргина Ҳирот билан чекланганми-йўқлиги маълум эмас.

Акс-садолар

Башир Аҳмад толибларнинг янги кўрсатмаси сабаб, не машаққат билан сотиб олган манекенларининг бошини ўзи истамаган ҳолда олиб ташлашга мажбур бўлган дўкондорлардан бири.

"Амри маъруф ва наҳи мункар идорасининг кўрсатмаси асосида манекенларнинг бошларини чопиб ташлашга мажбур бўлдик. Ҳар бир манекенни 5 минг афғонийга олгандим. Дўконда манекен бўлмаса, кийим-кечакларни қандай қилиб намойиш қилмай, сота оламиз?", - дейди у.

Ҳиротдаги манекенлар

Сурат манбаси, Screenshot

Ҳар қандай янги ҳукумат қудратга келганидан сўнг ўз сиёсатини тадбиқ қилиши кутилган жараён.

Толиблар ҳам Афғонистонда қудратни эгаллаб олганларидан бери мутассил равишда ўз чора ва тадбирларини эълон қилиб келишмоқда.

Аммо мамлакатга қиш келиб, халқаро ташкилотлар огоҳлантиргани каби аҳолининг вазияти ўта оғирлашгани кузатилади.

Айниқса, қишлоқ ерларида одамлар ёқилғисиз, ўта совуқ шароитларда кун кечиришяпти.

Миллионлаб инсон ва ёш бола озиқ-овқат етишмаслигидан азоб чекишмоқда.

Мамлакатда худди шу каби зудлик билан эътибор қаратиш керак бўлган долзарб муаммолар манзарасида Толибон ҳукуматининг ҳижобу соқолни текшираётгани ёки манекенлар каби жузъий масалаларга назарини қаратаётгани таниқдларга тутилмоқда.

Афғонистондаги эҳтиёжманд одамлар

Сурат манбаси, Getty Images

"15 августда ҳокимиятни эгаллаши ортидан толиблар халққа Афғонистонга тинчлик ва осойишталикни келтиришни ваъда қилишганди. Аммо Афғонистон халқининг вазияти янада ёмонлашаяпти. Таассуфки, шунча эътирозларга қарамай, Толибон ҳукумати ҳозирга қадар буларнинг барчасини рад қилиб келаяпти. Кобулнинг кўчаларида ёки Афғонистоннинг узоқ бир қишлоғида инсонлар очликдан фарзандини сотаётганлигини тан олмаётир. Буларнинг ҳаммаси толиблар ҳеч қачон берган ваъдаларида турмаслиги ва Афғонистонда осойишталикни қарор топтира олмаслигини кўрсатади. Шунинг уучун ҳам биз, четдаги афғонлар ичкарида қолаётганларнинг тақдирлари, келажагидан хавотирдамиз. Мен толиблар берган ваъдаларини бажаришлари ва Афғонистонни бугунги вазиятдан олиб чиқишига умид қилиб қоламан", - дейди, жумладан, мустақил журналист Тимур Тўроний.

Толибон расмийлари мамлакат аҳолиси юз тутаётган муаммолар аввалги ҳукумат давридан бери мавжудиги ва вазиятнинг ёмонлашганига сабаб - халқаро ҳамжамият томонидан молиявий ёрдамларнинг тўхтатиб қўйилгани, дея айтишади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek