Супермодел Халима: Афғон аёлларини қора рангга бўяманг! - дунё, янгиликлар

Би-би-сининг "100 аёл" мавсумида "Афғонистондан шошилинч мактублар" серияси доирасида собиқ супермодел Ҳалима Аден ва афғон муаллима Алия Казими бир-бирларига аёлларнинг қандай кийинишни танлаш ҳуқуқи ва Толибон ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг бу танлов не чоғли чеклангани ҳақида ёзишди.
Университет ўқитувчиси Алия Казими ўзини қора кийим кийишга "маҳкум"дек ҳис қилганини айтади.
У ягона эмас эди: #DoNotTouchMyClothes хештеги остидаги глобал онлайн кампанияга кўплаб афғон аёллари қўшилди. Улар ўзларининг Толибоннинг талаба қизлар учун янги қатъий дресс кодига норозилик билдириш учун анъанавий либосларда ранг-баранг суратларини баҳам кўришди.
Мода юлдузи ва собиқ супермодел Ҳалима Аден Толибон ҳокимиятни эгаллаши аёлларнинг танлаш ҳуқуқига қандай таъсир қилгани ҳақида Алиянинг ҳикоясини тинглайди.


Сурат манбаси, Aliya Kazimi
Алия Казимий 2020 йилда Бизнес бошқаруви бўйича диплом олди. Шу йил бошларигача у Кобулдаги турли университетларда дарс берган. Сўнг АҚШга кўчиб ўтишга мажбур бўлган.
Қадрли Ҳалима,
Турли рангларни кўрганда баҳри дилим очилади. Қора рангда кийинишга мажбур бўлишимни билгунимгача, қора ранг менга жуда ёқарди. Бир лаҳза тасаввур қилинг-а, сиз кийимингизнинг узунлиги ёки рангини танлаш ҳуқуқига эга эмассиз, ўзингизни қандай ҳис қилган бўлар эдингиз? Бундай пайтда ўзингизни эркин ҳис қилмайсиз.
Гап фақат либосларимизнинг узунлигида эмас, балки бу курашган ҳуқуқларимиз ва йиллар давомида бу йўлда берган қурбонликларимиз масаласидир.
Қандай кийимни танлаш ҳуқуқи асосий ҳуқуқдир. Мен ҳижобга қарши эмасман, мен ҳижобни яхши кўраман, лекин уни кийишга мажбурлашларига қаршиман, худди уни мажбурлаб ечиришга қарши бўлганим каби. Аёл бўлганим учун кимдир бундай шахсий танловга аралашиши менга чидаб бўлмасдек туюлади.
Бу ҳуқуқдан маҳрумлик Афғонистонда аёллар бошидан кечираётган воқеликнинг кичик бир қисми - улар таълим олиш, ишлаш ва бошқа фуқаролик ҳуқуқларидан ҳам маҳрум. Бу мактубни ёзар эканман, халқим учун юрагим эзилмоқда.
Болалигимда тинчлик қўшиқларини куйлаганимни эслайман. Толибон қулагани ва биз биринчи марта мактабга борганимизни эслайман: бу мен ва кўчадаги барча қизлар учун байрам куни эди. Уруш тугади, деб ўйлаган одамларнинг юзлари бахтдан порлаганини эслайман. Ўша куни биз ўзимизни энг бахтли қизлардек ҳис қилган эдик.

Сурат манбаси, Aliya Kazimy
Қоронғи кунлар қайтиб келади, деб ўйламаган эдим. Буни айтаётганим сабаби, Афғонистондаги қизларнинг ҳақиқий аҳволи ҳақида билишингизни истайман, улар чексиз курашдан сўнг ҳозир асирликда эканликларини тушунишингиз учун. Биз 20 йилдан бери ривожланиб келдик ва яна ортга қайтдик.
Бу ерда, Америка Қўшма Штатларида, ўзимнинг хавфсиз эканлигимни билсам ҳам, руҳим ҳамон азоб чекмоқда: Афғонистонда содир бўладиган ҳар бир портлаш ёки террорчилик ҳужуми ҳақида эшитсам, қанча одам ҳалок бўлган ёки яраланганини ўйлайман.
Мен ўсмирлигимдан Ҳарвардда ўқишни орзу қилардим ва ҳозир Қўшма Штатларда эканман, барча орзуларимни рўёбга чиқаришим ва яхши келажак қуришим мумкинлигини биламан. Бу ажойиб туйғу. Аммо юрагим Афғонистон, унинг халқи ва оилам деб уряпти.
Тинчлик, урушсиз дунё тилайман.


Сурат манбаси, Fadil Berisha
Мода юлдузи Ҳалима Аден ҳижоб кийган биринчи супермодел эди. У 2020 йилда моделликдан воз кечди, аммо мода саноатида ва ундан ташқарида ўз нуфузини сақлаб қолмоқда.
Қадрли Алия,
Сизга мактуб ёзар эканман, Афғонистоннинг барча қизлари ва аёллари учун бутун қалбим билан ташвиш чекяпман. Менинг оилам Сомалидаги фуқаролар урушидан қочган. Қочқин сифатида дуч келган муаммоларингиз менга ҳам бегона эмас. Мен ҳижоб ўраган биринчи модель сифатида танилганман ва мода подиумларини ва нашрларининг бош саҳифаларини безаганман. Аммо менинг ҳикоям дунёдаги энг катта қочқинлар лагерларидан бири бўлган Кениядаги Какума шаҳрида бошланди.
Мен мода саноатини тарк этдим, чунки мен ўз эътиқодимга тўғри келмайдиган ишларни қилдим, жумладан, ҳижоб ўрнига бошимга жинси мато ўраганман. Кета олганимдан жуда мамнунман.
Одамлар танамизни назорат қилмаслиги керак - бу инсон ҳуқуқларининг бузилишидир. Мамлакатда вояга етмаганлар учун жамоат жойларида ҳижоб ўрашни тақиқлаш учун овоз беришми ёки иш жойида уни кийишга қарши қоидаларми ёки аёлдан ҳижоб ёки ҳижоб кийишни талаб қилишми, менимча, бари нотўғри иш.
Мен ўзимни ҳижоб киймайдиган, кейин эса уни кийишга мажбур бўладиган аёл сифатида тасаввур қила олмайман. Мен ҳижоб кийишга қарор қилдим ва қачондир касбим ва ҳижоб ўртасида танловга тўғри келса, мен ҳижобни танлаган бўлардим.
Ранг-баранг гардеробини яширишга мажбур бўлган сиз ва дўстларингиз ҳақида ўйлаганимда, мен сизга бир парчани ўзингиз учун сақлашингизни, уни фақат ўзингиз биладиган жойда, бу кийимни яна кийишингиз мумкин бўлган кун учун сақлашингизни маслаҳат берган бўлардим. Энди бошқа иложи йўқ аёлларга қалбим сиз билан дейман. Биз ҳаммамиз эртанги кунимиз яхшироқ бўлиши учун ибодат қиламиз.
Қочқин бўлиш жуда оғир, баъзида дунё бу ҳолга кўз юмаётгандек туюлади. Аммо буни ҳис қиладиган жуда кўп ҳамдард юраклар борки, улар бир хил маданиятга мансуб бўлмаса ҳам, ўрганиш учун бор кучини сарфлайди.
Мен кетишга қарор қилган оилаларга мурожаат этаман, ватанингизни тарк этаётганингиз йўқ, қаерга борсангиз ҳам, уни ўзингиз билан олиб кетмоқдасиз. Умид қиламанки, сиз учрашадиган одамлар орқали бошқаларни маданиятингиз билан таништиришингиз мумкин.
Мен Афғонистонга фаровонлик қайтишини, у ерда одамларга эркинлик кафолатланишини, аёллар хоҳлаганини кийишини истайман. Биз шу ердамиз, дунё Афғонистонни унутмаган.
Барча эзгу тилаклар билан
Ҳалима

Муаллифлар - Жоржина Пирс, Лара Овен, Кавун Хамуш, Зуҳал Аҳад. Муҳаррир -Валерия Перассо
Расмлар- Жилла Дастмалчи. Қўшимча тасвирлар- Жой Рохас


BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














