Афғонистон ва Толибон: Очликка энди қизамиқ ҳам қўшилган Afg‘oniston dunyo yangiliklar

- Author, Секундер Кермани
- Role, BBC News, Ғўр, Афғонистон
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
"Ичкарида жой йўқ", деб қичқиради касалхона ходими озиқ-овқат олишга келган, шовқин солаётган оналар ва уларнинг чақалоқлари оломонини четга суришга ҳаракат қилар экан.
"Доим бундай бўлмасди, - деб қичқиради у оломоннинг боши узра биз томонга қараб, - сўнгги тўрт-беш ойда шундай бўляпти... Ўтган йили ҳам ёмон эди, лекин бунчаликмасди."
Афғонистонда уруш тугади, аммо унинг иқтисоди таназзулга юз тутмоқда ва олисдаги Ғўр вилояти марказида жойлашган ушбу касалхона бу инқироз оқибатлари билан курашмоқда.
Алоқадор мавзулар:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Аввалги ҳукуматни қўллаб-қувватлаб келган халқаро ҳамжамият ёрдами Толибон август ойида ҳокимиятни қўлга киритгандан сўнг тўхтаб қолди, мамлакатнинг қарийб 10 миллиард долларлик хорижий заҳиралари эса асосан АҚШ томонидан музлатиб қўйилди.
Афғонистон валютаси қиймати кескин тушди, ишсизлик ва озиқ-овқат нархлари бирдан ошди, банклар нақд пул олишга чекловлар ўрнатди.

Ғўрдаги очлар учун триаж марказидан ташқарида бўлган аёллар учун ҳаёт доим қийин бўлган, аммо ҳозир бу янада қийинроқ.
"Бизда ҳеч вақо йўқ, овқат ҳам. Фарзандларим касал ва дори-дармонларимиз йўқ, - деб ёзғиради бир она. - Нега бизга ёрдам берилмайди?"
Катта шифокорлардан бирининг айтишича, ҳозир касалликлар сони ўтган йилгидан икки баробар ошган.
Кичкина хонада ҳамшира миттигина боланинг таёқдек қўлига ўлчов тасмасини ўрайди. У "қизил"ни кўрсатяпти - бола ҳаддан ташқари оч қолган.

Улар бу ерда ва бутун мамлакат бўйлаб тўйиб овқатланмаслик кескин ўсиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдалар, айниқса, оналар ва чақалоқлар етарли даражада озиқ-овқат олмайди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти яқин ойларда бир миллион бола очликдан ўлиш хавфи остида эканлигидан огоҳлантирди.
Нотўғри овқатланганлар бўлимида улар учун етарли жой йўқ. "Ҳозир бизда иккита чақалоқ ва уларнинг оналари битта тўшакда ётибди, - дейди менга ҳамшира. - Баъзида уч киши."

Кечаси ҳарорат -10 С дан пастга тушиши мумкин, аммо бир неча соат иситишга етарли ўтин бор, холос.
Аввалги ҳукумат даврида касалхонага ҳам катта маблағ ажратилмаган, лекин ҳеч бўлмаганда Соғлиқни сақлаш вазирлиги уларни етарли миқдорда ёқилғи билан таъминлай олган.
Маблағлар кесилганидан кейин, Толибон ҳукуматида улар шунчаки йўқ.
Ҳатто палатадаги иситиш мосламасидаги кичик бир уюм ўтинни ҳам халқаро хайрия ташкилоти берган.
Кимдир қўшимча бир неча дақиқа иссиқлик учун печка ичига бўш дори қутиси ва чипс ўрамини ташлайди.
Ғўр вилоятининг маркази Чағчарон пойтахт Кобулдан автомобилда юрсангиз, тахминан 10 соатлик масофада жойлашган, йўл ҳам асосан тупроқли.
Йўл бўйидаги тоғлар гўзал манзарали, аммо қор одатдагидан камроқ ёғиши гуманитар инқирозни янада кучайтираётган қурғоқчиликдан далолат беради.
Вилоятдаги ягона касалхонага келганимизда, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ёрдами билан ходимлар беш ой ичида биринчи марта маош олаётган экан.
Бироқ ҳозирда дори-дармон таъминоти хавфли даражада пастлаган - фақат тахминан бир ҳафтага етадигани қолган, шунинг учун кўпчилик беморларга уларни энг яқин дорихоналардан ўзлари сотиб олиши тавсия этилади.
"Ҳеч нарсамиз йўқ... дори йўқ, - дейди доктор Сафар, овози ҳаяжон зўридан хириллаб, рецептни кўрсатаркан, - қийналиб кетамиз, баъзида йиғлаймиз.

Кўпчилик даволаниш харажатларини қоплашга қийналмоқда. 20 ёшли Гулфироз кесарча йўл билан туққан, энди тузаляпти. Унинг фарзанди Беняҳимнинг аҳволи яхши, аммо оиласи қарзга ботиб қолди.
"Бизда такси учун 10 афғони (9 цент) ҳам йўқ, - дейди унинг қайнонаси Би-би-сига. -Унга гўшт сотиб олишга пулимиз йўқ, фақат сут... Кўп дори сотиб олишга мажбур бўлдик. Танишлардан қарз сўрадик".
Баъзида шифохона ходимлари ўзлари ойлар давомида маош олмаган бўлса ҳам, беморлар учун ёнларидан тўлашади.
Касалхона бошлиғи доктор Парса асосий хизматларни давом эттириш учун қўшимча олти ҳамширага чўнтагидан пул тўлаяпти.
Ғарб ҳукуматлари янги Толибон ҳукумати кучайишидан қўрқиб, молиялашни қайта тиклашдан хавотирда. Аммо доктор Парсанинг айтишича, унинг шифохонаси ёрдамга муҳтож.

"Халқаро ҳамжамиятга айтмоқчиман: бу биз дуч келган энг ёмон ҳолат... илтимос, бизга гуманитар ёрдам юборинг. Ислом Амирлиги [Толибон ҳукумати] билан музокаралар олиб боринг ва валюта захираларини очиб қўйинг."
Касалхона ходимлари нафақат тўйиб овқатланмаслик, балки қиш яқинлашар экан, оғир пневмония ҳолатларига ҳам гувоҳ бўлмоқда.
"Бизда ёнилғи, рўмол ёки иссиқ кийим йўқ, - дейди набирасини тез ёрдам бўлимига кузатиб борган кекса бир аёл. - Бизда ҳақиқий ҳаёт йўқ... уй-жойимизни ташлаб кетган қочқинлармиз."
Айнан қизамиқ бўлимида биз шифохона ресурсларининг етишмаслиги оқибатларини яққол кўрамиз.
Касалхона кўплаб юқумли касалликлар билан курашмоқда - эмлаш кампаниялари яқинда Ковид сабабли, Толибон ҳокимиятга келишидан олдин эса қуролли тўқнашувлар сабабли тўхтаб қолганди.
Биз бу ерга келишимиз арафасида шифокорлар етарлича кислород билан таъминлай олмагани учун бир гўдак вафот этди.
"Бизга цилиндрларда соф кислород керак эди... улар қиммат", дейди яна бир шифокор, доктор Мусо.
Битта цилиндр тахминан 50 доллар туради. Афғонистондаги ҳаёт ва ўлим ўртасидаги фарқ шу.

Дарҳақиқат, қизамиқ бўлимининг орқасида бир неча ўнлаб бўш цилиндрлар бор. Касалхонада кислород ишлаб чиқарадиган қурилма бор, лекин уни ишга тушириш учун электр қуввати йўқ.
Айни дамда бутун шаҳарда электр энергияси йўқ, айрим одамларнинг уйларидаги шахсий қуёш панелларидан ташқари. Шаҳар авваллари иссиқлик электр станцияси билан қувватланарди, лекин уни ёқишга пул йўқ. Касалхонанинг ўз генераторлари бор, лекин улар етарли эмас.
Доктор Хатера туғруқ бўлимига масъул ва бутун касалхонага масъул бўлган доктор Парснинг рафиқаси. Сўнгги йигирма йил ичида миллиардлаб долларлик халқаро ёрдамга қарамай, у узоқ вақтдан бери керак бўлган, аммо ҳеч қачон берилмаган ускуналар ва ресурсларни санайди.
Энди вазият бундан ҳам ёмонроқ. Халқаро Қизил Хоч қўмитаси келгуси олти ой ичида фавқулодда ёрдам кўрсатиш ниятида.
Доктор Парса миннатдор, лекин келажакдан қаттиқ хавотирда.
"Агар биз халқаро ёрдам олмасак ва бу ҳолат давом этаверса, шифохона ёпилишидан қўрқаман. Бу вилоятдаги соғлиқни сақлаш хизматининг тугаши бўлади", дея огоҳлантиради у.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















