Толибон мактаб тақиқини тасдиқлади, таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум қизлар тушкун video Afg'oniston Tolibon Qizlar Ta'lim

drawing of high school girls in the classroom, one at the whiteboard, one reading from her notebook

Сурат манбаси, Tabassom Mohammadi

    • Author, Ҳюго Уилямс ва Али Ҳамадоний
    • Role, BBC World Service
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Афғонистондаги ўспирин қизлар Би-би-сига ўзларининг умидсизликлари тобора ортиб бораётганини айтадилар, боиси, мана Толибон қудратга келганидан кейин уч ойдан кўп вақт ўтса ҳамки, қизлар ҳамон мактабдан четлатилганларича қолмоқдалар.

"Сабоқ ололмаслик худди ўлим жазосига ўхшайди", дейди 15 яшар Мина. У ва синфдошлари қатнаган Бадахшон вилоятидаги мактаби ҳамон ёпиқлигича қолмоқда, қизлар эса умидсизликка чўмганлар.

"Бизнинг уй юмушларидан бошқа ишимиз қолмади. Биз бир жойга музлатиб қўйилганга ўхшаймиз", дейди 16 яшар Лайло. Унинг Таҳор вилоятидаги мактаби ҳам август ойидан кейин эшикларини очгани йўқ.

Би-би-си Афғонистоннинг 13 вилоятида яшайдиган қиз ўқувчилар ва ўқитувчилар билан суҳбатлашди. Бу суҳбатларда улар Толибон қизлар учун мактабларни "имкони борича тез очиш"га ваъда берганига қарамасдан, ҳамон сабоқ ололмаётганларидан норозиликларини изҳор қилдилар.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўқитувчилардан бирининг бизга айтишича, қизлар мактаб дарвозаси ёнида йиғилиб очилишини кутишмоқда

Сурат манбаси, Tabassom Mohammadi

Сурат тагсўзи, Ўқитувчилардан бирининг бизга айтишича, қизлар мактаб дарвозаси ёнида йиғилиб очилишини кутишмоқда

Шу йилнинг июнь ойидан буён маошларини олмаганини айтадиган ўқитувчилар мактабларнинг ёпиқлиги қизларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатганини айтадилар, қизларнинг мактабга қайтолмагани ота-онаси томонидан турмушга бериб юборилишига сабаб бўлди, дейишади.

Ўқитувчилар сўзларига кўра, ҳали вояга етмаган уч қизни эрга бериб юборишган.

Ўзининг ўқувчилари билан Whatsapp орқали боғланиб турган Кобулдаги бир мактаб директори шундай дейди: "Ўқувчилар жуда хафалар, улар руҳий қийналишмоқда. Мен эса уларни юпатишга ҳаракат қиламан, мактаб яқин орада очилиб қолишига умид қилиб туринглар, дейман".

Ўқитувчилар бошланғич мактаблар ўқувчи қизларининг давомати ҳам тушиб кетганидан хавотирдалар. Толибон бошланғич мактаб ёшидаги қизларнинг дарсга қатнашига изн берган, бироқ тобора ортиб бораётган қашшоқлик ва хавфсизлик хавотирлари кўп оилаларни қизларини мактабдан қайтаришларига сабаб бўлмоқда.

Толибон ҳукумати сентябрь ойида ўғил болаларнинг ўрта мактабга қайтишларига буйруқ берди, бироқ қизларни тилга олмади.

Толибон расмийлари қизларнинг мактабга қатнашлари тақиқланганини тасдиқлашдан ўзларини олиб қочиб юрдилар. Бироқ Би-би-си билан интервьюда Маориф вазири ўринбосари лавозимини бажарувчи Абдул Ҳаким Ҳемат кейинги йил янги таълим сиёсати тасдиқланмагунча қизларнинг ўрта мактабга қатнашларига рухсат берилмаслигини тасдиқ этди.

Лекин бунга қарамасдан, жойлардаги Толибон масъуллари билан музокаралардан кейин айрим қизлар мактаблари қайта очилган.

Map highlights seven provinces where some secondary girls' schools have reopened
Сурат тагсўзи, Айрим мактаблар очилган вилоятлар

Афғонистон шимолидаги Балх вилояти Мозори Шариф шаҳридаги мактаб директори бизга ҳеч қандай муаммо йўқлигини, қизлар одатдагидек мактабга қатнаётганларини айтди.

Лекин Мозори Шарифдаги бошқа бир ўқувчи эса кўчада қизларга қуролланган Толибон аскарлари яқинлашганини, "сочингиз ва юзингиз кўринмасин" деб буюрганини айтди. Бунинг оқибатида синфидаги қизларнинг учдан бири дарсга келмай қўйган.

"Биз юрагимизни қўлимизга олиб кўчага чиқамиз. Одамлар кулмайдилар. Вазият тинч эмас. Биз қўрқув ичидамиз", деб айтди ўқувчи қиз.

"Ўқиш бошланса тайёр турсин" деб мактаб формамни тайёрлаб қўйиб кутаяпман, дейди Лайло

Сурат манбаси, Tabassom Mohammadi

Сурат тагсўзи, "Ўқиш бошланса тайёр турсин" деб мактаб формамни тайёрлаб қўйиб кутаяпман, дейди Лайло

Бошқа вилоятлардаги мактаб директорлари ўзларининг ўқув даргоҳларини очишганини, бироқ эртаси куни маҳаллий расмийлар ёпишга буйруқ берганларини айтдилар.

Негалигини тушунтиришмаган.

Қизлар эса ҳар куни мактаб дарвозаси олдида йиғиладилар, мактаблари қачон очилишини сўрайдилар.

Ҳамшира ёки шифокор бўлиш орзусидаги Лайло мактаб учун зарур барча кийим ва жиҳозларини тоза сақлаб бир хонага қўйганини, ҳеч кимни уларга тегишига рухсат бермаётганини, яна мактаби очилишини сабрсизлик билан кутаётганини айтади.

"Мактаб кийимим, китобларим, рўмол ва пойабзалим янги, ҳалигача кийилмаганини кўриб хафа бўлиб кетаман. Мен ҳеч ҳам уйда ўтиришни хоҳламагандим", дейди Лайло.

Мина мактабининг бахтиёр онларини хотирлайди
Сурат тагсўзи, Мина мактабининг бахтиёр онларини хотирлайди

Жарроҳ бўлиш орзусидаги Мина энди таҳсил олишга қайтмасам керак деб ўйлайди.

У мактаб ҳовлисида дугоналарини билан йиғилишларини, суҳбатлашиб кулишларини, синфхоналарга киришдан олдин миллий мадҳияни куйлаганларини мактабининг яхши хотиралари сифатида ёдга олади.

"Ўша пайтларни эсласам, хафа бўлиб кетаман, келажагимдан умидсизликка тушаман", дейди у.

Жаноб Ҳемат сўзларига кўра, ҳозирги вазият ҳукумат қизларнинг мактбага қайтишлари учун "хавфсиз муҳит барпо этгунча" вақтинчалик.

У қиз ва ўғил болалар синфларини ажратиш зарурлигини таъкидлади, бу нарса бутун Афғонистонга хос ҳолатдир.

Толибон ҳокимиятни эгаллаган 1996 йилдан 2001 йилгача қизлар ва аёлларнинг мактаб ва университетларга қатнашларини тақиқлаган эди.

Бу йилги мактаб ёпилиши аллақачон қизларимиз ҳаётига таъсир қилди, деди Ғазни вилоятидаги бир мактаб директори.

"Толибон ҳокимиятга келганидан бери ёши 15 ва ундан кичик камида уч қизимизни турмушга беришди", деди у. Ўқитувчининг хавотирича, "уйида бекор ўтириб нима қилади" деб ўйлайдиган тобора кўп сондаги ота-оналар ҳам қизларини эрта турмушга чиқариб юборишлари мумкин.

ЮНИСЕФ ташкилоти Афғонистонда яна вояга етмаган қизларни эрга бериш ҳоллари кўпайганидан хавотир изҳор этди.

Ғўр вилоятидаги бир мактаб раҳбарининг сўзларига кўра, ўзининг ўқувчилари юзма-юз келган бошқа муаммолар билан солиштирганда мактабларнинг ёпилиши "ҳеч нарса эмас".

"Ўйлашимча, бу йил ўқувчиларимизнинг кўп ўлади. Уларнинг ейишга нони, қишда уйини иситадиган нарсаси йўқ. Сиз бу қашшоқликни тасаввур қилолмаймиз", деди ўқитувчи.

*Интервью берганларнинг номлари ўзгартирилди, шахсларини яшириш мақсадида иллюстрациялардан фойдаланилди

Би-би-си Афғон хизмати материалларидан фойдаланилди

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek