Ўликлар билан яшаётган тириклар - ҳаётда шунақаси ҳам бўлади dunyo odamlar yangiliklar

Сурат манбаси, COURTESY UNIVERSITY OF TARAPACÁ
- Author, Жейн Чемберс
- Role, Африка, Чили
"Баъзи одамларга қабристон устида яшаш ғалати кўриниши мумкин, аммо биз шунга ўрганганмиз", дейди Чилининг порт шаҳри Арикада яшовчи Ана Мария Ньето.
Арика Перу билан чегарада жойлашган бўлиб, дунёдаги энг қуруқ саҳро бўлмиш Атакама саҳросининг қум барханлари устига қурилган.
Аммо бу соҳилдаги шаҳарга 16 асрда асос солинишидан анча аввал бу ер Чинчорро халқининг ватани эди.
Уларнинг маданияти асраб келаётганлари юзлаб мумияланган жасадлар - мумиялар БМТнинг маданият ташкилоти Юнеско томонидан Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилганда ОАВ янгиликларидан ўрин олди.
Чинчорро мумиялари илк марта 1917 йилда соҳилда сақланган майитларни топган немис археологи Макс Уле томонидан ҳужжатлаштирилган. Аммо уларнинг ёшини аниқлаш учун ўн йиллаб керак бўлди.
Ниҳоят радиоуглерод таҳлил орқали мумиялар ёши 7000 йил экани аниқланди - Миср мумияларидан икки минг йилга қадимийроқ.
Алоқадор мавзулар:
Чинчорро маданияти

Сурат манбаси, COURTESY UNIVERSITY OF TARAPACÁ
Милоддан аввалги 7000 йилдан 1500 йилгача керамик маданиятгача бўлган давр.
- Ўтроқ балиқчилик ва овчи термачилар;
- Ҳозирги шимолий Чили ва жанубий Перуда мавжуд бўлган;
- Майитларини мукаммал ва эсда қоладиган шаклда мумиялаган;
- Мумиялаш ўлганларнинг хотирасини тирикдек сақлаш йўли сифатида бошлангани айтилади;
Бу эса Чинчорро мумиялари жасадни сунъий мумиялашни маълум бўлган энг қадимий археологик далилга айлантирди.
Чинчорро бўйича эксперт антрополог Бернардо Ариасанинг айтишича, улар мумиялашни махсус амалга оширган. Гарчи бу ерларда табиий сақланган жасадлар ҳам бўлса да, улар бу усул билан жасадларни қуруқ иқлимда сақлаб қолишни кўзлаганлар.
Жасад тешилади, ички органлар чиқариб ташланади, тери шилиб олингач, бўшлиқлар қурийди, деб тушунтиради Арриаса.
Чинчорролар жасадни қамиш билан тикиб қўйишдан аввал уни табиий толалар ва чўплар билан тўлдирган.
Улар яна мумиянинг бошига қалин қора жун ёпиштиришган, юзига лой суртиб, кўз ва оғзини ниқоб билан ёпган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат манбаси, EYE UBIQUITOUS
Ниҳоят, тана турли минераллар, охра, марганец ва темир оксидидан олинган пигментлар ёрдамида қизил ёки қора рангга бўялган.
Чинчорронинг мумиялаш усуллари мисрликларникидан сезиларли фарқ қилган, дейди жаноб Арриаса.
Мисрликлар нафақат ёғ ва матодан фойдаланган, балки мумиялаш элитанинг ўлган аъзоларининг имтиёзи бўлган, Чинчорролар эса мавқеидан қатъи назар, аёл, эркак, чақалоқлар, ҳатто эмбрионларни ҳам мумиялаган.
Ўликлар билан яшаш
Ўтган асрда Арикада ва бошқа жойларда юзлаб мумиялар топилган. Маҳаллий аҳоли улар билан ёнма ён яшашга ўрганган, кўпинча бу қолдиқлар устида яшайди.
Уй қураётганда инсон жасади бўлакларини топиб олиш ёки итлари искаб мумия қисмларини тортиб чиқаришига маҳаллий аҳоли авлодлар давомида кўп гувоҳ бўлган. Аммо узоқ вақт бу қолдиқлар аҳамиятини тушунишмаган.
"Баъзида аҳоли бизга болалар одам бош чаноғини тўп қилиб тепиб юргани, мумиянинг кийимларини ечиб олгани ҳақида гапириб беришарди. Аммо ҳозир улар бирор нима топса, бизга хабар беради ва жасадга тегмайди", дейди археолог Жанинна Кампос Фуэнтес.
Маҳаллий аҳоли вакиллари Ана Мариа Ньето ва Паула Пиментел Юнеско Чинчорро маданияти аҳамиятини тан олганини эшитиб қанчалик ҳаяжонга тушгани ҳақида гапиради.

Сурат манбаси, IVAN ASTUDILLO
Бу аёллар икки жойдаги қазув ишларига раҳбарлик қилади ва маҳаллий Тарапака университети олимлари билан яқин ҳамкорликда маҳаллий аҳолига Чинчорро маданияти аҳамиятини тушунтиришга, қимматбаҳо жойларни сақлаб қолишга кўмак бермоқда.
Ойнаванд муҳофазаланган жойларда Чинчорро қолдиқлари териб қўйилган, ҳудуддаги музейда янги интерактив бўлимлар очилиши режаланмоқда. Мақсад маҳаллий аҳолини бу ерларга ташриф буюрувчиларга гидлик қилишга ўргатишдир.
Ҳозир 300дан ортиқ Чинчорро мумияларининг оз қисмигина кўргазмага қўйилган. Уларнинг аксарияти Сан Мигел де Азапа археологик музейидадир.
Тарапака университетига қарашли музей Арикадан машинада 30 дақиқалик масофада жойлашган бўлиб, у ерда мумиялаш жараёнининг жуда таъсирли манзараси намойиш қилинади.
Кўпроқ мумияларларни жойлаштириш учун жойнинг ўзида каттароқ музей очиш режаланган, аммо улар яхши сақланиши учун қўшимча маблағ ҳам керак.
Жаноб Арриаса ва археолог Жаннина Кампос, Арика ва унинг атрофидаги тепаликлар кашф қилинишини кутиб ётган хазинага бой эканига ишонади. Аммо уларни топиш учун янада кўпроқ ресурс керак.
Мэр Херардо Эспиндола Рохас мумияларнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилиши кўпроқ туристлар ва қўшимча маблағ жалб қилинишини осонлаштиради деб умид қилмоқда.

Сурат манбаси, FELIPE TOBAR ALDUANTE
Аммо у ҳар бир ишни пухта ўйлаб қилиш, ҳудудга зарар бермаслик, маҳаллий аҳоли билан ишлаш керак дейди.
"Одамлар обидаларнинг устида яшайдиган Римдан фарқли ўлароқ, Арика аҳли инсон қолдиқлари устида яшайди ва биз мумияларни муҳофаза қилишимиз керак."
Шаҳарсозлик қонунлари қабул қилинган, қаерда қурилиш бўлса, бебаҳо қолдиқларга зарар етмаслиги учун археологлар ҳам ўша ерда ҳозир бўлади.
Мэр Эспиндола сайёҳлик агентликлари ва халқаро корпорациялар фойда олиш учун сайёҳлик манзилларини сотиб олган Чилидаги бошқа ҳудудларидан фарқли ўлароқ Арика мероси маҳаллий аҳолида қолиши ва уларга фойда келтириши керак деб қатъий ишонади.
Ана Мариа Ньето мумияларнинг машҳур бўлиши ҳаммага наф келтиришини айтади.
"Бу бир шаҳарча, аммо дўстона шаҳарча. Биз бутун дунёдан олимлар ва сайёҳлар келишини ва Чинчорро маданиятини ўрганишини истаймиз. Биз шу маданият билан яшаб келамиз."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













