Россияда вазият портлаш даражасига етдими? Ўзбекистон ва мигрантлар Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, SERGEY KARPUKHIN/TASS
Россия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонлик турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати саналади. Айрим етакчи маҳаллий экспертларга кўра, коронавируснинг ҳозирги тўлқини Россияда энг оғири бўлади.
Биргина расмий статисканинг ўзига таянилса ҳам, Россияда сўнгги тўрт кун ичида коронавирусга чалиниш рекорд даражада ошган.
Кеча, якшанба куни кундалик кўрсаткич расман 30 мингдан ошган, бир кунда 34303 та янги ҳолат қайд этилган.
Бу Россиянинг қарийб икки йиллик пандемия тарихидаги энг юқори кўрсаткич бўлган.
Мамлакат масъулларининг ўзлари ҳам бунақаси мамлакат тарихида кузатилмагани, бўлмаганини эътироф этишган.
Коронавирус билан боғлиқ аҳвол, айниқса, пойтахт Москва, Москва вилояти ва Санк-Петербургда оғир экани айтилади.
Мустақил экспертлар, ҳатто шунда ҳам, россиялик масъуллар келтираётган расмий рақамларга ишонқирамай қарашади.
Россия, коронавирус ва ўзбекистонликлар

Сурат манбаси, EPA/YURI KOCHETKOV/TASS
Россияда меҳнат муҳожирлигида банд энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари айнан мамлакатнинг худди шу уч ҳудуди ҳисобига тўғри келади.
Россия жорий пайтда дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган бешта давлатидан биттаси бўлади.
Мамлакатда шу пайтгача ковидга чалинганларнинг жами сони 8 миллион кишига яқинлашган.
Уларнинг чорак миллионга яқини ҳаётдан кўз юмган.
Коронавирусдан ўлаётганлар сони ҳам кунига минг кишига яқинлашган.
Шанба куни эса кундалик ўлим кўрсаткичлари ҳатто бундан ҳам ортган, ковиддан бир кунда 1002 киши ўлган.
Россия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.
Глобал коронавирус пандемиясига қадар уларнинг сони расман икки миллиондан ортган, норасмий ҳисоб-китобларда эса, бундан бир неча баробар юқори экани ҳам айтилган.
Айнан пандемия боис сўнгги икки йил ичида улардан юз минглаби ортга - Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлишган.
Аммо коронавирус билан боғлиқ аҳволнинг кескин ёмонлашиши катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари ишлаш учун яна Россияга қайтаётган бир пайтга тўғри келган.
Россияда ковидга чалинаётган ва ундан вафот этаётганларнинг аниқ қанчаси Ўзбекистон фуқаролари экани маълум эмас.
Ҳар икки томон ҳам бунга оид тўлиқ ва муфассал маълумотларни ҳалича расман очиқлашмаган.
Ўзбекистон томонининг Россиянинг йирик шаҳарларидаги бугунги ҳолат юзасидан ўз фуқароларига огоҳлик мурожаати билан чиққани ҳам ҳалича кўзга ташланмайди.
Россия аҳолисининг сони 146 миллион кишини ташкил қилади.
Пандемияга қадар уларнинг 10 миллиондан ошиқроғи меҳнат муҳожирлари ҳисобига тўғри келган.
Сабаб ва оқибат

Сурат манбаси, DMITRY ROGULIN/TASS
Россияда коронавирус билан боғлиқ вазият сентябрь ойида ёмонлашишни бошлаган, октябрга келиб янада оғирлашган.
Масъуллар сўнгги вазият сабабини вакцинация жараёнининг секин кечаётгани билан изоҳлашган.
Улар бу хусусда охир бир неча ой ичида жиддий ташвиш билдириб келишган.
Худди шу каби бир вазиятда Россиянинг айрим минтақалари тўлиқ карантинга қайтишган.
Бошқалари эса, яна айрим чеклов чораларини қайта тиклашган, аллақачон уларни кучайтиришга ҳам киришишган.
Москва ва Россиянинг бошқа минтақаларида ҳам коронавирусга қарши эмлаш мажбурий қилинган ва қилинмоқда.
Одамларни турли йўллар билан бунга рағбатлантиришгача боришгани кўрилган.
Россия дунёнинг коронавирусга қарши бешта вакцина яратиб, уларни расман қайддан ўтказган саноқли давлатларидан бири бўлади.
Россияда тарқалаётган коронавирус турлари геномининг таҳлили апрель ойидан буён "дельта"сининг бошқаларини сиқиб чиқараётганини кўрсатган.
Россия тўлиқ карантинга қайтиш эҳтимолини ҳозирча назардан соқит этмоқда.
Айрим маҳаллий экспертлар ўзларининг эътироф этишларича эса, коронавируснинг жорий тўлқини Россияда энг оғири бўлади.
Жумладан, инфекционист Евгений Тимаковнинг ТАСС ахборот агентлигига айтишича, ковид билан боғлиқ ҳозирги вазият фақат декабрь ойи ўрталарига борибгина барқарорлашиши мумкин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















