Россия, коронавирус: Ўзбекистонлик мигрантлар вакциналашни нега истамайди? Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Россияда мигрантларни эмлаш

Сурат манбаси, official

    • Author, Соҳиба Ҳаёт
    • Role, ББС, Москва

Москвадаги мигрантлар эндиликда пойтахтдаги 25 та поликлиникада COVID-19 га қарши эмланишлари мумкин.

Бугунгача фақат мигрантларни вакциналаш пойтахт бўйича икки жойда - Кўптармоқли миграция маркази ва "Садовод" савдо маркази ҳудуда амалга оширилаётган эди.

Талаб катта эди

Маълумки, Россияда коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашуви ортидан мажбурий вакциналаш жорий қилинган. Ҳукумат қарорига кўра, хизмат кўрсатишга оид барча соҳаларнинг 60 фоизга яқин ходимлари 15 июлга қадар эмланган бўлиши лозим.

Бу соҳаларнинг катта қисмида эса меҳнат муҳожирлари ишлашади.

Статистик маълумотларда Москва шаҳри ва вилоятида жами 2 млн га яқин мигрантлар борлиги айтилади.

Бу икки эмлаш марказида минглаб муҳожирларни вакциналаш узоқ вақт талаб этар ва кунига узунқатор навбатларни ҳосил қилди.

Устига устак, икки пункт ҳам шаҳар марказидан ўнлаб км узоқда, кунига 12 соатли иш тартибида ишловчи мигрантлар учун бориб-келишнинг ўзи бир муаммога айланганди.

Россия Мигрантлар федерацияси президенти Вадим Коженев ҳукуматга муҳожирлар учун эслаш пунктлари сонини ошириш таклифи билан мурожаат қилди.

Мигрантлар масалаларига алоқадор фаоллар эса метро бекатлари ва кўпсонли муҳожирлар ишлайдиган жойларга мобил пунктлар ташкиллаштиришни сўрашди.

Кўптармоқли миграция марказида мигрантларни вакциналаш бўлими очилиши кунида пойтахт мэри Сергей Собянин бу мавзуга батафсил тўхталди.

- Талаб жуда катта эди, ахир, шаҳарда юз минглаб муҳожирлар бор, деди Сергей Собянин.

"Самарасизроқдир, аммо таъсирли"

Спутник Лайт вакцинаси

Сурат манбаси, official

Муҳожирларни эмлаш учун "Спутник Лайт" вакцинаси танланди. Нима учун?

Шаҳар мэри буни шундай изоҳлади:

- Аввало "Спутник V" билан москваликларни эмлашимиз керак. Мигрантлар чегаралар бўйлаб, жамоалар ўртасида, минтақаларда ва бошқа ерларда ҳаракатланиш учун жуда динамик потенциалга эга. Уларни эмлашнинг нормал циклини таъминлаш жуда қийин. "Спутник Лайт" эмлаш лозим бўлганларга дарҳол таъсир кўрсатади, - деди Собянин.

Шунингдек, шаҳар раҳбари мазкур вакцинанинг сифати ҳақида ҳам қўшимча қилди.

- Бу балки "Спутник V"га нисбатан самарасизроқ бўлиши мумкин, аммо барибир ҳар қандай ҳолатда ҳам бу ўзининг ижобий таъсирига эга, - деди пойтахт мэри.

Пулини иш берувчи тўлайди

Россия

Сурат манбаси, official

Москвада вакцина олиш мигрантлар учун пулли этиб белгиланди. Вакциналаш хизмати ҳақи 1300 рубль.

Муҳожирлар вакцина олишдан аввал шифокор кўригидан ўтиш лозим. Аксилкўрсатмалар бўлмаган тақдирда эмлашга тавсия берилади.

Расман ишловчи мигрантлар учун пулни иш берувчи тўлайди ва сертификат ҳам раҳбариятга берилади. Расман ишламайдиган муҳожирлар эса ўз ҳисобларидан эмланишади. Бунинг учун тўловдан ташқари паспорт ва унинг нотариал таржимаси, патент сўралади.

Сўровнома натижаси қандай?

Эмлаш маркази

Сурат манбаси, official

Москвада пулли бўлса-да мигрантларни вакциналаш тизими йўлга қўйилди, аммо баъзи мигрантлар бепул бўлган тақдирда ҳам вакцина олмаймиз, дейишмоқда.

Биз бу каби фикрларни юрист Зарнигор Омониллаеванинг Телеграм каналида ўзбекистонлик муҳожирлар орасида ўтказилган сўровномасида ўқидик.

"Вакцина оласизми?" деган сўровномада 500 га яқин муҳожирлар иштирок этган.

- 29 фоиз киши албатта вакцина олишини билдирган. 34 фоиз киши эса ҳеч қачон эмланмаслик жавобини белгилашган. Қолганлар эса иккиланаётганлар. Кўпчилик эмлашни исташмаса-да, ижобий жавоб билан унинг фарқи бор-йўғи 5 фоиз. Бу аксар мигрантларнинг вазиятни тўғри тушунаётганини кўрсатади - дейди Зарнигор Омониллаева.

Мигрантлар нима учун вакцина олишни исташмайди?

Буни мигрантлар фикрини ўрганган юрист-блогер қуйидагича изоҳлайди.

- Аввало, ишончнинг йўқлигида. Одамлар на вакцинага, на унинг ишлаб чиқарувчи мамлакатига ишонишмайди (гап Россияда ишлаб чиқарилган вакциналар ҳақида бораяпти). Вакциналар ҳақида ҳар хил салбий фикрлар кўп, мутахассислар бунинг нотўғрилиги бўйича ҳеч қандай тушунтириш ишлари олиб боришмаяпти, - дейди таҳлилчи.

Айни кунларда "Садовод" савдо маркази ҳудудида кунига ўртача 700, Кўптармоқли миграция марказида эса кунига 2000 га яқин мигрантлар COVID-19 қарши эмланаяпти.

Москва поликлиникаларида мигрантларнинг вакциналаниши 7 июлдан бошланди.

Россиянинг бошқа ҳудудларида эса вазиятлар турлича. Баъзи мигрантлар поликлиникаларда муаммосиз вакцина олганини ёзишса, баъзилари эмлаш муаммо бўлаётганини айтишмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek